ҚУРЪОН ТАРТИЛИ
1460
16-04-2020, 15:16
1 489
Ўқиш режими
+
-
ҚУРЪОН ТАРТИЛИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
“Қуръони Карим” Аллоҳ таолонинг сўзи бўлиб, уни тўғри ўқиш, тўғри тушуниш, унга тўғри амал қилиш ҳамма замонларда муҳим ишлардандир.
Маълумки, Қуръон Карим тиловатини тартил билан ўқиш вожиб амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا яъни, “Қуръонни тартил билан ўқи” (Муззаммил сураси, 4–оят).
Ривоят қилинади, Умму Салама розияллоҳу анҳо Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларини ҳарфма – ҳарф таърифлаганлар. Имом Термизий: “Бу ҳасан саҳиҳ ҳадис”, деганлар.
Муовия ибн Қурра Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни “Фатҳ” сурасини ўзларини туялари устида ўқиб кетаётганларини кўрганман. У зот қироатларини такрор–такрор қилиб ўқиётган эдилар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Мен Қуръондан бир сурани тартил ила ўқишни унинг ҳаммасини тартилсиз ўқишдан афзал кўраман”.
Имом Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан сўралди: “Икки кишидан бири “Бақара”, “Оли Имрон” сураларини, наригиси эса фақат ”Бақара” сурасини ўқиди. Ваҳоланки, икковилари ҳам бир вақтнинг ўзида, бир жойда бошлаганлар. Қай бири афзал?” У киши: “Фақат “Бақара” сурасин ўқиган кишининг иши афзал”, деб жавоб берганлар. Бу ривоятда тартил ила, ҳарфларини дона–дона қилиб ўқиш афзал экани айтилмоқда.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга бир киши: “Мен бир ракаатда муфассални ўқийман, деди. У зот: “Шер ўқигандек тез ўқишми бу?! Шундай қавмлар келадики, улар Қуръонни ўқийдилар–у, лекин томоқларидан уёғига ўтмайди. Бироқ, қалбга етиб борса, манфаат беради”, деб айтдилар”.
Уламолар айтадилар: “Қуръони каримни тадаббур ила ўқиш учун тартил лозим. Хусусан, маъносини тушунмайдиган ажамларга (араблардан бошқа миллатлар) шарт. Бунда Қуръонга нисбатан эҳтироми юксак бўлади ва қалбига таъсир қилади”.
А.БОЙҚОБИЛОВ - Қарши шаҳар бош имоми
“АТ-ТИБЁН” ва “ФИ ОДОБИ ҲАМАЛА АЛ-ҚУРЪОН” китобларидан таржима қилинди