"САЪД ибн Абу- ВАҚҚОС" МАСЖИДИ
“ Саъд ибн Абу Ваққос ” масжиди Шаҳрисабз туман Дўнг қишлоғида жойлашган. У туман маркази Шаҳрисабз шаҳридан 14 км масофада узоқликдадир. Дўнг қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида шундай дейилади: “ Дўнгқишлоқ- Шаҳрисабз туманидаги қишлоқ. Таркибида: дўнг+қишлоқ. Дўнг-баланд, юқори, ёнидаги бошқа қишлоқлар жойлашган ўрнига нисбатан баландроқ жойда бунёд қилингани сабабли Дўнг қишлоқ деб аталган. Жойлашган ўрнига нисбатланган. Ён-атрофидаги қишлоқларнинг ўрни нисбатан пастроқ[1]”. Мана қишлоқдаги масжидга қишлоқ аҳолиси томонидан “Саъд Абу Ваққос” деб номи берилади. Маълумки, “Саъд Абу Ваққос” тарихий шахс. У ҳақда “Ислом Энциклопедия” сида: “ Саъд ибн Абу Ваққос, тўлиқ исми Молик ибн Ваҳб ибн Абдуманноф Қурайший ал-Заҳрий ( тахминан 600( ҳижрий 23)-675, Мадина)-саҳоба, маккалик илк мусулмонлардан. Ашараи Мубашшарадан, Муҳаммад (с.а.в.)ниг қўриқчиларидан бири. Қурайш қабиласидан, Муҳаммад (с.а.в.)нинг оналари Омина каби Бану Заҳра уруғидан бўлган. Мадинага кўчиб борган муҳожирлардан. Муҳаммад (с.а.в.)нинг барча ғазотларида қатнашиб, у кишининг ҳурматларига сазовор бўлган. Ғоят жасур, мард инсон, моҳир мерган ҳисобланган. Исломдан олдин камон ва ўқ-ёй ясаш билан шуғулланган. Мадина ташқарисидаги уйида 75 ёшида вафот этади. Васиятига биноан, Бадр жангида кийган ва 55 йилдан бери асраб келгани –жундан тўқилган бир жуббаси билан кафанланган, Бақиъ қабристонига дафн этилган [2]” дейилади. “ Саъд ибн Абу Ваққос ” масжиди Мустақилликнинг дастлабки йилларида халқ ҳашари билан қурилди. Масжид биноси тўғри тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг бўйи эни 10Х 9 метрни ташкил қилади. Масжид биносининг девори синчли. Масжид томи текис ёпилган. Масжид биносининг атрофи айвон. Масжид ҳовлисида катта чинор бор. 1993 йилда масжид биносига қўшимча бино қурилган.
1998 йилда “ Саъд Абу Ваққос” масжиди Ўзбекистон Адлия Вазирлиги томонидан қайта рўйхатга олинди. 2016 йилда масжиднинг таҳорат хонаси қайта қурилди.
2018 йилда “ Саъд ибн Абу Ваққос ” масжиди биноси таъмирланди. 2020 масжидга янги пешайвон қурилиши бошланди. Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келаяпти.
Р. Акбаров.
[1] Нафсов. Т. Қашқадаё қишлоқномаси. Т. Муҳаррир .2009. 96-бет. [2] Ислом энциклопедия”. Т. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. 2017.. 412-бет.