БУГУННИНГ ДОЛЗАРБ МУАммОСИ ЁХУД ҲАЁТ КЕМАСИНИ ТЕШАЁТГАНЛАР.
Бугунги куннинг энг долзарб муаммоси албатта, “Каронавирус COVID-19” пандемияси десак, асло муболаға қилмаган бўламиз. Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларидаги бош мавзуси ҳам ушбу касаллик, ушбу дарддан қутилиш чоралари, кунлик вазият ва бошқаларни ўқишимиз, кўришимиз мумкин. Дунё мамлакатларини қамраб олаётган ушбу дарднинг давоси топилмагани боис, энг мақбул ва самарали йўл “уйда қолиш”, яъни карантин бўлиб, бу эса ҳар жиҳатдан энг самарали йўл бўлиб, ушбу касалликни енгиш, кенг тарқалишини олдини олиш бўйича ҳам тажрибада синалган услуб ҳисобланади.
Карантин даврини оила даврасида ўтказиб ўзи, фарзандлари, ватани учун, қолаверса охирати учун кони фойда бўладиган амалларни йўлга қўйиш мумкин ва албатта ақли расо, бугуннинг шароитини тўғри баҳолаган, эртасини ўйлаган ҳар бир инсон фойдали ишлар билан шуғилланмоқда. Лекин, орамизда айрим шундай инсонлар ҳам борки, қилаётган ишлари на ўзлари, на оила-фарзандлари ва на охирати учун фойдали ишни қилмоқдалар.
Ана шундай инсонларга қарата бир гап айтиш мумкин: “Фойданг тегмас экан, лоақал зараринг ҳам тегмасин барака топкур”. Йиғилишиб чилим чекиш, турли улфатчиликлар қилиш, уйда қолиб бекорчиликдан ичкиликка ружуъ қўйиш кабилар, Яратганнинг ғазабини келтириши турган гап. Бугун ҳар бир инсон, айниқса ўзини мусулмон санаганлар тавба тазарру, дуо, Аллоҳни кўп зикр қилиш, савобли амалларни кўпайтириши лозим ва лобуд ишдир. Ҳукуматимиз томонидан, қолаверса диний уламоларимиз томонидан бу тўғрисида қанча тушунтириш ишлари олиб борилмасин, орамизда айрим “ношукурлар”нинг учраб тургани яна бир мусибат.
Бу касаллик бир минтақа ёки бир юртга хос эмас, балки унинг оқибатлари, зарарлари бутун дунёга ўзини таъсирини ўтказаётганини кўриб турибмиз. Шу боис, унга қарши кураш ҳам оммавий бўлмаса кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Бу борада муҳтарам Юртбошимиз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Сўзимизнинг исботи учун қуйидаги ҳадисни яхшилаб ўрганмоғимиз лозим бўлади.
“Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди – чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкан”, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар, ҳаммалари ҳалок булурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар”
Имом Бухорий ривоят қилган.
Демак, ушбу дардни тезроқ орамиздан кўтарилишига бепарво, лоқайд бўлаётган кишилар, инсонлар учун энг бебаҳо бойлик бўлмиш саломатлик ҳамда тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етмасдан ношукр бўлганлар - ҳаёт кемасини тагидан тешиб ғарқ этишга ҳаракат қилаётган жоҳиллардир.
Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс доимо сергак ва огоҳ бўлиши, бугунлик кунда ҳукуматимиз томонидан қўйилаётган талабларга қатъий амал қилмоғи қилмоғи зарурдир. Агарда ушбу балога биргаликда курашсак, карантин талабларига амал қилсак, Аллоҳ хоҳласа тез кунларда ушбу дарддан халос бўламиз.
Олимов Луқмонхон
Китоб тумани бош имом хатиби