1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РЎЗАНИНГ ҲУКМЛАРИ

21-04-2020, 18:24 884 Ўқиш режими + -

Рўзанинг ҳукмлари

Рамазон рўзаси Аллоҳ ўзининг мўмин бандаларига фарз қилган ва савобининг чегараси бўлмаган улуғ ибодатларидан бири. Ҳақиқий иймон эгалари Аллоҳнинг буйруқларидан бирор ҳикмат ёки фойда қидирмасдан, Аллоҳнинг буйруғи деб, адо этаверадилар. Рамазон рўзаси ҳам ана шундай адо этиладиган ибодатдир.
Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган. Аниқроғи, иккинчи ҳижрий сананинг Шаъбон ойида, ҳижратдан ўн саккиз ой ўтгандан сўнг ва қибла Каъбаи муаззамага бурилгандан кейин фарз қилинган.
Ислом умммати доимо Рамазон рўзаси фарз эканига иттифоқ қилиб келган.
Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.
Рўзанинг шартлари  икки қисмга бўлинади:
1.    Зиммага вожиб бўлиш шартлари. Улар тўрттадир:
–    Мусулмон бўлиш (кофирнинг зиммасига рўза фарз эмас);
–    Оқил бўлиш (мажнуннинг зиммасига рўза фарз эмас);
–    Балоғатга етган бўлиш (балоғатга етмаганларнинг зиммасига фарз эмас);
–    Рўзанинг фарзлигини билиш;
2.    Адо қилиш учун вожиб бўлган шартлари иккитадир:
–    Саломат бўлиш; 
–    Муқим бўлиш;
Баъзилар ҳайз ва нифосдан пок бўлишни ҳам қўшганлар. Шунга биноан учта бўлади.
Рўзанинг фарзлари  учдир. 1) Рўза тутмоқ учун ният қилмоқ; 2) Ўзини субҳи содиқдан кун ботгунча емоқ-ичмоқдан сақламоқ; 3) Ушбу вақт ичида ўзини жимоъ қилмоқ – жинсий яқинликдан сақламоқдир.
Рўза тутишда, шунингдек, бошқа барча асосий ибодатларда ният қилиш шарт ҳисобланади. Ният бўлмаса, ибодат ҳам бўлмайди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам Имом Бухорий ривоятида: “Амаллар ниятга боғлиқдир” демишлар. Бинобарин, ният рўзада ҳам фарз амаллардан бири ҳисобланади.
Аслида, ният дегани қалбда бўладиган нарсадир. Қалбда, дилда қилинган ниятгина ҳисобга ўтади. “Тонг отгандан то кун ботгунча Рамазон ойи рўзасини тутмоқни ният қилдим”  каби сўзларни дилда ўтказиб ва тилда айтиб, ният қилади. Зотан, бизнинг фиқҳий китобларимизда тил билан ният қилиш ҳам суннатдир, дейилган. (“Оламгирийя”, “Кофий”, “Ниҳоя”, “Наҳр”).
“Инша Аллоҳ, эртага рўза тутишни ният қилдим” деса, нияти ният бўлади, у рўзадорга айланади. Чунки, бу ерда “инша Аллоҳ” сўзи Аллоҳдан тавфиқ ва ёрдам сўраш маъносидадир.
Шуни билмоқ керакки, рўза дегани бир кунлик ибодатдир. Демак, ҳар бир куннинг рўзаси учун алоҳида ният қилинади. Чунки, ҳар бир куннинг рўзаси алоҳида фарздир. Бу намоз ракъатларига ўхшамайди. Намозда бир ракъатни бузса, ҳамма ракъатлар бузилиб кетган ҳисобланади.
 Яна ният давомий (истимрор) бўлиши керак. Саҳарликда эрта ният қилиб олсаю, кейин саҳар бўлгунча еб-ичса, нияти бузилмайди. Демак, саҳарликни тугатаётганда ният қилиш шарт эмас. 
Бола Рамазоннинг ўртасида балоғатга етиб қолса, мусофир ўз шаҳрига келса, ҳайз кўрган аёл ундан пок бўлса, ўшандан бошлаб, рўза фарз бўлаверади. Боладан бошқасига ўтказиб юборган рўзасининг қазоси ҳам лозим бўлади.
Рамазон ойи рўзасини иймон ва сабр тоқат ила тутувчи ҳар бир мусулмон рўзасида камчилик ёки нуқсонга йўл қўймасликка, рўзанинг савобларидан тўлиқ баҳраманд бўлишга ҳаракат қилади. Бунинг учун эса рўзани бузувчи амаллар ва ҳолатлар нималардан иборат эканлигини билиш жуда муҳим.
Рўзанинг бузилиши қуйидаги уч ҳолдан бирида содир бўлиши мумкин:
1. Эсдан чиқариш;
2. Хато қилиш;
3. Қасддан.
Рўза тутгани ёдида бўлмай еб-ичиб қўйган ёки уни бузадиган бошқа амалга қўл урган кишининг рўзаси бузилмайди. Агар рўзали экани эсига тушганидан сўнг рўзани бузувчи нарсани (масалан, еб-ичишни) давом эттирмаса. Давом эттирса, рўзаси бузилади ва каффорат лозим бўлади.
Рўза тутган киши хато қилса, масалан, таҳорат олаётганида сув томоғига кетиб қолса ёхуд қуёш ботмай туриб рўзасини очиб қўйса, рўзаси бузилади ва кейин шу кунги рўзасининг қазосини тутиши керак бўлади.
Рамазон рўзасини қасддан еб-ичиш ёки жимоъ қилиш сабабли бузган кишига каффорат лозим бўлади. Кетма-кет икки ой рўза тутиш рўза каффорати ҳисобланади. Бу муддат ичида бир кун бўлса ҳам рўзасини бузиб қўйса, бошқатдан икки ой рўза тутиши лозим. Бунга қурби етмаган киши олтмиш мискинни фитр садақаси миқдорида овқатлантириши ёки ҳар бирига унинг қийматини бериши керак.
Рўза тутган одам баданини ёғласа, сурма қўйса, қон олдирса, хотинини ўпса, тишлари орасида қолган нўхатдан кичик овқат қолдиқларини, тупуги ва сўлагини ютса, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда қусса, мисвок ишлатса, бурнини тортса, бирор нарсанинг таъмини кўриб, туфлаб ташласа, ғусл қилса, томоғига чанг, пашша ё тутун кирса, рўзаси очилмайди. Аммо ўзи тутунни сўриб ютса, қандай тутун бўлишидан қатъи назар, рўзаси очилади.
Рўзали киши ҳуқна (клизма) қилдирса, қулоғи ё бурнига томизган дори қорни ёки димоғига етса, ўзини зўрлаб, оғзини тўлдириб қусса, оғзига ёмғир ё қор кирса, аёлини қучиб ўпганида маний чиқса, рўзаси очилади ва қазоси вожиб бўлади.
Туз еса, фақат қазо рўза вожиб бўлади. Аммо туз еб юриш одати бор одам бўлса қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади, деган фатволар мавжуд. Бинобарин, бунда эҳтиёткорлик лозим бўлади
Бировнинг мажбур қилиши сабабли ёки рўзалиги эсида бўла туриб, эҳтиётсизлик билан (масалан таҳорат ёки ғусл қилаётганида) томоқдан сув ўтиб кетса, қазонинг ўзи вожиб, каффорат лозим эмас.
Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса, рўзаси очилади. Каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради (“Фатовойи Оламгирия”, “Қозихон”).
 

Муҳаммади Қораев 
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби