1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РЎЗАГА ОИД МАСАЛАЛАР

22-04-2020, 11:19 1 155 Ўқиш режими + -
 
 
Рўзага оид масалалар – 1

Биринчи қисм
 
 
1.     Оғзи тўла қусса, каффоратсиз рўза қазосининг ўзини тутиб беради. Борди-ю, қусқи уни қайтаришга кучи етмайдиган даражада куч билан келса, рўза очилмайди (“Мухтасар”) 
 
2.     Ҳуқна (клизма) қилдириш, бурун билан дорини димоққа тортиб ютиш, қулоққа ёғ томизиш кабилар билан рўза очилади ва каффоратсиз қазо вожиб бўлади. Агар рўзадорнинг қулоғига сув кириб кетса, рўзаси очилмайди  (“Фатовойи Оламгирия”).
 
3.     Ҳозирги оқ сақич (жевачкалар) таркибида турли хил модда ва ширинликлар мавжуд. Шунинг учун ҳозирги сақичларни (жевачкаларни) чайнаб, тупигини ютса, рўзаси очилади.
 
4.     Узрсиз таом тузини тотиб кўриш, бозордан мева сотиб олаётганда танлаш учун тотиб кўриш макруҳ ишлардандир. Узрли бўлса макруҳ эмас. Масалан: эрининг хулқи ёмонлигидан таомнинг тузини тотиб кўришга мажбур бўлса, хўжайининг уришишидан қўрқиб, бозор меваларини тотиб кўриб харид қилса, макруҳ эмас. Шунингдек, ёш болага овқатни чайнаб берадиган одам йўқлигидан рўзадор бўла туриб, ўзи чайнаб бериши узр ҳисоблангани учун макруҳ саналмайди (“Фатовойи Оламгирия”).
 
5.     Рўзадор одамнинг кундуз куни (узрсиз) чўмилиши, бошидан сув қуйиши, сувга тушиб ўтириши, хўл кийимга ўралиб олиши айрим уламолар наздида макруҳ саналган. Абу Юсуф эса, бу каби ишлар макруҳ эмас, деб фатво берган (“Фатовойи Оламгирия”).
 
Ўзбекистон мусулмонлари  идораси фатво ҳайъати
 
Рўзага оид масалалар – 2
 
 
 
Савол:
– Бу йил рўза тутаяпман. Аммо биринчи ўринда озиш учун рўза тутаман, дегандим. Яқинда дугонам бунақа ният билан тутилган рўза қабул бўлмайди, деди. Шу ростми?
 
Моҳидил, Наманган вилояти
 
Жавоб:
 
– Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини имон келтириб, савоб умидида тутса, аввал қилган гуноҳи кечирилади», дедилар.
 
Ҳадиснинг маъноси: «Аллоҳнинг ваъда қилган савобига ишониб, риё ва бошқа мақсадда эмас, балки Аллоҳнинг мукофотидан умид қилиб тутсагина гуноҳи кечирилади», дейилади. («Фатҳул борий» китобидан).
 
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам рўза ҳақида шундай дедилар: «Одам боласининг барча амалига (савоб) кўпайтириб берилади. Бир яхши амалга ўн баробардан етти юз баробаргача савоб бор. Аллоҳ азза ва жалла: «Фақат рўза ундай эмас. Унинг мукофотини Ўзим бераман. Ахир бандам шаҳватини, таомини Мен учун тарк қиляпти», деб айтади. Рўзадор учун икки хурсандчилик бор: бири ифтор вақтида, иккинчи хурсандчилик эса Роббисининг ҳузурига борганда. Шу сабабли сиз энг аввало рўзанинг савобидан умид қилиб рўза тутинг.
 Савол:
– Баъзан киши рўзалигини унутиб, билмай овқат еб қўйиши ёки сув ичиб қўйиши мумкин. Бунда рўза бузиладими?
 
Муслима, Бухоро вилояти
 
 Жавоб:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар қай бирингиз унутиб еб-ичиб қўйса, рўзасини камолига етказаверсин. Уни Аллоҳ едириб-ичирибди». Яъни, ким рўзалигини унутиб, ул-бул нарса еб ёки ичиб қўйса, кўнгли хижил бўлмасин ва рўзасини тутишда давом этсин. Демак, уни Аллоҳ таоло меҳмон қилибди.
 
 Савол:
 
– Баъзан саҳарликка ухлаб қоламан, аммо кечқурун эртага рўза тутаман, деб ният қилиб ётаман. Саҳарликка ухлаб қолганимда ҳам рўза ҳисобланаманми?
 
Мадина, Тошкент
 
Жавоб: 
– Рамазон ойида ниятни кечаси қилишни эсидан чиқариб қўйган бўлса, кундузи завол (қуёшнинг оғиши, куннинг иккинчи ярми)гача ният қилса бўлаверади (Ҳидоя).
 
Ният рўзанинг фарзларидан бири бўлиб, унинг аввали вақти саҳарликк ва охирги вақти заволгача ҳисобланади. Саҳарликдан олдин, ҳатто баъзи қавлларда (Фатҳ ул-Қадийр) ифторликдан кейин ҳам эртанги куннинг рўзаси учун ният қилса бўлаверади. Лекин завол вақтидан кейин ният қилиб бўлмайди (Мухтасар ал-Виқоя).
 
– Рамазон ойида бирон кишининг тоби қочиб қолса, унга укол қилиш мумкинми? Баъзилар укол рўзани очмас эмиш, дейдилар. Илтимос шу тўғрисида маълумот берсангиз.
 
Акмал, Тошкент
  
Жавоб:
– Аллоҳ таоло бандаларини фойдасини кўзлаб, ҳар бир ибодатга енгиллик бериб қўйган. Жумладан, рўза тутувчига ҳам агар у сафарда ёки касал бўлса, бошқа кунлари рўза тутиб бериши айтилган. Рўза тутувчи киши соғлиғига жиддий хавф бўлмаса, укол вақтини ифторликдан кейин ёки саҳарликдан олдин қилдириб олган маъқул. Лекин рўза тутганда соғлиғи ёмонлашгани туфайли укол олмаса, ҳаёти хавф остида бўлса, укол олиб, рўзасини қазосини Рамазон тугагандан кейин тутиб беради. Энг мақбул бўлган йўл шудир.
 
  
Фатво ҳайъати
 
 
Рўзага оид масалалар-3
 

 

 
 
 1.                Оғиз сўлагини ташқарига чиқармай ютиб юборса рўзаси очилмайди. Сўлакни оғзидан ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”). 
2.                Оғзини сув билан чайгандан кейин қолган сув юқини сўлагига қўшиб ичига ютиб юборса, шунингдек, димоғига келган бурун суюқлигини томоғига тортиб юборса, рўзаси очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”, “Муҳит”).
 
3.                Рўзадор тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ютса, улар нўхотдан катта бўлмаса, рўзаси очилмайди. Аммо тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, нўхотдан кичик бўлса ҳам рўзаси очилади. Каффорат вожиб бўлиш бўлмаслигида ихтилофли фатволар мавжуд. Вожиб бўлмаслигига фақиҳ Абу Лайс Самарқандийдан ривоят бор (“Фатовойи Оламгирия”).
 
4.                 Рўзадорнинг томоғига чанг, тутун, пашша, чивин каби нарсалар кирса, рўзаси очилмайди. Шунингдек, рўзадор кундузи эҳтилом бўлиб қолса ҳам рўзаси очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”, “Мухтасар”).
 
5.                Рўзадорнинг бир икки томчи кўз ёши ёки юзидан оққан тер оғзига кириб, томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилмайди. Аммо бу миқдордан зиёд бўлиб, оғзида кўпгина шўрликни сезса рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”). \
 
6.                 Баданнинг табиий майда тешикчаларидан (икки махраждан бошқа) кирган сув каби нарсалар билан рўза очилмайди. Кўзига дори томизганда гарчи томоғида унинг таъми, мазаси билинса ҳам рўза очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).
 
7.                 Газлама тўқувчи рўзадор иш жараёнида бўялган ип толаларини оғзига солганида кўкми, қизилми, сариқми ёки бошқа рангларми оғзига юқиб, сўлакларига аралашиб томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилади (“Фатовойи Оламгирия”).
 
8.                 Рўзадорнинг тиши қонаб, у қонни ютиб юборса, каффоратсиз қазонинг ўзини тутади. Тиш милкидан чиққан қонни сўлак билан бирга қўшиб ютиб юборса, қон билан сўлакдан қайси бири ортиқ ёки кам миқдорда бўлишига қаралади. Агар қон ортиқ бўлса ёки сўлак билан баробар бўлса, рўза очилади. Борди-ю сўлак ортиқ бўлса, рўза очилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).
 
9.                 Фитр садақаси вожиб бўлган киши уни ўз вақтида адо эта олмаса, зиммасидан соқит бўлмайди. Уни барибир адо этиши лозим бўлади (“Ҳидоя”).
 
Фатво ҳайъати
 
 
Рўзага оид масалалар-4
 

 

 
 
 
Шайхи фоний саналувчи эркак ва аёллар рўза тутмасдан ҳар бир кун учун бир мискин таоми миқдорида фидя тўлайдилар. «Шайхи фоний» деб кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган кексаларга айтилади. Фидяни рамазон ойининг бошида ёки охирида бериш мумкин.
«Оламгирия», «Ҳидоя», «ал-Баҳр»
 
Касаллик ёки сафар туфайли рўза тутмай юрган киши соғаймай ёки уйга қайтмай туриб вафот этиб қолса, зиммасидан қазо соқит бўлади. Лекин шунда ҳам ўлими олдидан меросхўрларига фидя беришни васият қилган бўлса, уни ижро этиш жоиз. Қолдирган меросининг учдан бири ҳисобидан фидя ажратилади. Аммо касал соғайгандан кейин ёки мусофир уйига қайтгандан кейин қазо қилган рўза кунлари миқдорича яшаса, қазоларини ўзи тутади. Агар тутмасдан ўша миқдордаги кунларни ўтказиб юборгандан кейин ўлим тўшагида ётиб қолса, фидя беришни меросхўрларига васият қилиб қўйиши вожибдир. Фидя ҳар бир кун учун 2 кг буғдой ёки 4 кг арпа ёки уларнинг қиймати миқдоридаги пул маблағи. Агар васият қилмаган бўлса-ю, варасалар (меросхўрлар)ўзларича фидя берсалар ҳам жоиз. Аммо вожиб эмас. Фидя ўрнига бошқаларнинг рўза тутиб бериши жоиз эмас.
«Оламгирия», «Бадое», «Ҳидоя», «Қозихон»
 
Қазо рўза тутишнинг ниятини тонг отгандан кейин қилса, дуруст эмас. Лекин нафл рўза деб ният қилса, имом Насафий (р.ҳ.) сўзларига кўра, жоиз. Агар шундай ният қилгандан кейин рўзасини очиб юборса, қазосини тутиб бериши вожибдир.
«Оламгирия», «Хулоса»
Рамазон ойида тутолмай қолган қазо рўзалари зиммасида туриб, нафл рўза тутиши макруҳ эмас.
«Оламгирия», «Меърож»
Қасддан рўза тутмаган куни ногоҳ хизмат сафарига чиқиб кетган бўлса, каффорат зиммасидан соқит бўлмайди. Зеро, сафар кейин маълум бўлди.
«Оламгирия», «Муҳит»
Бемор киши ҳалок бўлишидан ёки касали кучайиб кетишидан қўрқса, рўза тутмаслиги мумкин. Кейин қазосини тутиб беради. Ҳатто соғлом ҳолатдаги одам ҳам агар рўза тутса, касал бўлиб қолишини билса, тутмаслиги жоиз.
«Оламгирия», «Муҳит», «Мухтасар», «Табйин»
 
Агар рўза тутса, очлик ва ташналикдан ҳалок бўлиши ёки ақлдан озишининг хавфи бўлса, шунингдек, ҳавонинг юқори ҳароратида қурилиш ишларида ишлашликка подшоҳлик томонидан буюрилган бўлса ва бундай шароитда рўза тутиш ҳалокатга ёки ақлдан озишликка олиб келиши мумкин бўлса, буларнинг ҳар бири рўза тутмасликка узр бўлади. Кейин каффоратсиз қазосини тутиб берилаверади.
«Оламгирия», «Фатҳул-Қадир»
 
Рўзага оид масалалар – 5
 

 

 
Рўзадорлиги эсида йўқ кишининг овқатланаётганини кўриб қолган одам қарайди – агар унинг кечгача рўзасини бемалол тута олишига кўзи етса, рўзани эслатади. Акс ҳолда макруҳ иш қилган бўлади. Борди-ю, у кекса одам бўлиб, чамасида кечгача рўзасини етказа олмайдиган бўлса, рўзани эслатмаслиги жоиз.
«Оламгирия», «Заҳирия»
 
Бировнинг мажбур қилиши сабабли ёки рўзалиги эсида бўла туриб, эҳтиётсизлик билан (хатаан) рўзасини очиб қўйса, қазонинг ўзи вожиб, каффорат лозим эмас.
«Оламгирия», «Қозихон», «Мухтасар»
 
Эҳтиётсизлик деганда, масалан, таҳорат ёки ғусл қилаётганда томоғидан сув ўтиб кетиши каби ҳолатлар тушунилади. Агар рўзадорлиги эсида йўқ бўлса, рўзаси очилмайди.
 
Одатда ейилмайдиган – тош, тупроқ, данак, пахта, ҳашак, қоғоз каби нарсаларни ютиб юборса, рўзаси очилади. Лекин каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради.
 
Тишлари орасида қолган таом қолдиқларини ютса, улар нухатдан катта бўлмаса, рўзаси очилмайди. Аммо оғзидан ташқарига чиқариб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, нухатдан кичик бўлса ҳам рўзаси очилади. Каффорат вожиб бўлиш-бўлмаслигида ихтилофли фатволар мавжуд. Вожиб бўлмаслигига Абуллайс Самарқандий (р.ҳ.)дан ривоят бор.
«Оламгирия», «Хулоса»

Давоми келгуси саҳифада...

Ўзбекистон мусулмонлари  идораси фатво ҳайъати
 
Манба: muslim.uz