1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚУРЪОН ОЙИ МУБОРАК!

22-04-2020, 14:36 974 Ўқиш режими + -

Қуръон ойи муборак!

Рамазон ойларнинг султонидир. Бу улуғ ва фазилатли ой бошқаларидан ажралиб туради. Рамазоннинг бошқа ойларга нисбатан фазилатлари ниҳоятда кўп. Шулардан бири бу ойда Қуръони Карим нозил бўлган. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилган:  “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят).
Яна бир бошқа оятда шундай дейилган: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик”. (Қадр сураси, 1-оят).
Рамазон ойи  раҳмат, барака, тақво, сабр, Қуръон тиловат қилиш ойи саналади. Рамазон ойида Қуръонни хатм қилиш шу умматнинг суннатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳар Рамазон ойида Қуръонни хатм қилиб Жаброил алайҳиссаломга ўқиб берар эдилар. Ул зотдан кейин саҳобалар ҳам, тобеинлар ҳам бу суннатга содиқлик ила амал қилдилар ва кейинги умматга ҳам шу одатни қолдирдилар.
Нўъмон ибн Башир р. а. ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръ­он тиловатидир”, дедилар.
Айюб ибн Мусодан ривоят қилинди: “Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан эшитдим, у шундай деди: “Мен Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана бор. Ҳасана эса ўн баравардир. Мен “алиф, лам, мим” битта ҳарф демайман. Балки, “алиф” бир ҳарф, “лам” бир ҳарф, “мим” бир ҳарф!” дедилар”, деяётганини эшитганман”.
Рўза ва Қуръон қиёмат куни соҳибини шафоат қилади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай дейилган: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй, Роббим, мен унга кундуз куни таом ва шаҳватларни ман қилдим, унга менинг шафоатимни қабул қилгин”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечасида уйқудан ман қилдим, унга шафоатимни қабул қилгин”, дейди. У зот: “Уларнинг шафоатлари қабул қилинади”, дедилар”. 
Одатий кунларда ҳам Қуръон хатми якунланиб, хатм дуоси қилинадиган куни рўза тутиш суннат ҳисобланади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Қуръонни хатм қиладиган куни рўза тутиб, оиласи даврасида дуо қилганини имом Табароний ривоят қилган. Ана энди тўлиқ рўзадор ҳолатда Қуръон тиловатининг фазилатини ўйлаб кўринг.
Энг аввало, Қуръон ўқувчи киши ихлосли бўлиши, Қуръон одоб­ларига тўлиқ амал қилиши лозим. Тиловат асносида ўзини Аллоҳ таолога муножот қилаётгандек тутиши ва Аллоҳни кўриб тур­гандек ҳолатда бўлишини уламолар тавсия этади. Гарчи у кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло уни кўриб турувчидир.
Қуръонга қараб ўқиш ёддан ўқишдан кўра афзалдир. 
Қуръон қироати учун энг афзал вақт намоз ичида ўқиш, тунда ўқиш ва туннинг охирги ярмида ўқишдир. Шом билан хуфтон орасида ҳамда тонгда ўқиса ҳам яхши бўлади.
Кунлардан арафа куни, жума, душанба ва пайшанба кунлари Қуръон ўқиш афзал ҳисобланади.
Ўн кунликлардан Рамазоннинг охирги ўн кунлиги, Зулҳижжа ойи­нинг биринчи ўн кунлигида ўқиш лозим.
Ойлардан энг афзали Рамазон ҳисобланади. Зеро, Рамазон ойи бежизга Қуръон ойи, деб аталмаган.
Энг афзали Қуръон қироатини жума куни бошлаб, келаси пайшанба кечаси хатм қилиш мақсадга мувофиқдир. Чунки Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу доим шундай қилган.
Қуръонни бир хатм қилиш мусулмонлар учун беқиёс фойда келтирувчи мисоли тижоратдир. Бу тижоратнинг фойдаси кўпайса кўпаядики, аммо асло камаймайди касодга ҳам учрамайди. 
Қуръонни бир ўқиб ё эшитиб тамомига етказиб хатм қилган кишининг қалбига Аллоҳ хотиржамлик беради. Ўзини руҳан енгил ҳис қила бошлайди. Ояти муборакда шундай дейилган: “Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?” (Раъд сураси, 28 оят).
Қуръон ўқиган инсонларни Аллоҳ зикр қилади. Раббимиз Қуръонда “Мени зикр қилинглар, сизларни ҳам зикр қиламан” деб айтган. Шундай экан Қуръон ила Раббисини хотирлаган мўмин даргоҳи илоҳийда номи зикр этилади.
Уламолар шуни алоҳида таъкидлайдики, Қуръонни кўп тиловат қилган одамнинг дунёқараши кенг, фикри тиниқ, фаросати ўткир бўлади. Инсон Аллоҳнинг каломини ўқиб, маъноларида тафаккур қилар экан Аллоҳ унинг қалб кўзларини очиб тафаккурини кенгайтириб қўяди.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-азкор” номли асарида айтади: “Тириклар дуосининг ўтганларга манфаати бор, амалларнинг савоби ҳам етиб боради, деб уламолар ижмоъ қилганлар”.
Қуръон ўқилган жойдан шайтон ва унинг малайлари безиб қочади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бақара сураси ўқилган уйдан шайтон қочади”.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўз каломи—Қуръони каримга муҳаббатли қилсин. Юртимиз узра бўлаётган хатми қуръонлар баракотли бўлсин. Жамики муборак ой давомида Қуръон  тиловатида бардавом бўлаётган азизларимиздан Аллоҳ рози бўлсин! 
 
 
Муҳаммади ҚОРАЕВ    
Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби