1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ФАЖР СУРАСИ

22-04-2020, 14:58 11 200 Ўқиш режими + -
ФАЖР СУРАСИ

Маккада нозил бўлган. 30 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг биринчи ояти ўзига ном қилиб олинган.
Бу сура Макка мушриклари мусулмонларни азоблаб, динга қаршилик қилиб, Аллоҳнинг айтганига юрмай турган бир пайтда нозил бўлган.Аллоҳ таоло суранинг аввалида бир неча нарсалар билан қасам ичиб, сўнгра қиёмат куни албатта бўлишлигини ва унда ҳар бир киши бу дунёда қилганига яраша мукофот ёки жазо олишини айтади. Макка мушрикларига улардан аввал ҳам Од, Самуд, Фирьавн қавмларига ўхшашлар ўтиб, осийлик қилганлари учун охир-оқибатда азобга дучор бўлганларини, уларнинг куч-қуввати, молу мулки вақти келганда ҳеч қандай фойда бермаганлигини эслатади.
Шу билан бирга ҳамма нарсани, қадр-қийматни молу мулк билан ўлчашлик ҳам хато эканини айтади. Молу мулк инсонга синов учун берилишини ёки берилмай қолишини таькидлайди. Ҳамма қиёматда  ўз қилмишига яраша мукофот ёки жазо олиши муқаррардир.
Мазкур маьноларнинг сурада келиш тартиби қуйидагича:
Суранинг бошида фажр, ўн кеча, жуфту тоқ нарсалар ва юрилган тун билан қасам ичилади.
Сўнгра Од, Самуд ва Фирьавн қиссалари ўзига хос услуб ва суранинг сиёқига мос равишда эслатилиб уларнинг оқибатидан ўрнак олишга чақирилади.
Кейин эса, Аллоҳ таоло инсонга уни синаш учун неьмат берса у ўзини қандоқ тутиши баён қилинади.
Суранинг охирида эса қиёмат кунининг даҳшатлари, ундаги баьзи воқеалар, у кунда кофир инсоннинг ҳоли нима бўладию, мўмин инсоннинг ҳоли нима бўлади-қисқа иборалар ила васф қилинади.
 
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
 
1. Фажр билан қасам.
Фажр–эрта тонгдир. Тун қоронғулигини дастлаб ёриб чиққан ёруғлик «фажр» дейилади. Фажр ҳамАллоҳ таолонинг ажойиботларидан, унинг гўзаллиги, барча жонзотларга кўрсатадиган таьсири васфига тил ожиз.Аллоҳ таоло Ўз каломида фажр ила бежиз қасам ичмаган. Инсон ҳар фажрда Аллоҳнинг чексиз қудратини эслаши лозим.
 
2. Ва ўн кеча билан қасам.
Бу ўн кечадан мурод–Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги кечалари эканлиги барча тафсирчиларимиз томонидан таькидланган. Ўша муборак ўн кечанинг кундузларида мўмин-мусулмонлар ҳаж амаллари билан машғул бўладилар. Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги йилнинг энг афзал кунларидир. «Саҳиҳи Бухорий» китобида зикр қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Аллоҳ таоло учун ўша кунлардаги амали солиҳдан кўра маҳбуброғи йўқдир», деганлар. Саҳобаи киромлар:
«Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам-а?», деб сўрашганда У зот: 
«Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам. Илло бир киши ҳам жони, ҳам моли билан чиқса-ю, ундан бирор нарсаси қайтмаса», деганлар.
Баьзи бир уламоларимиз, ушбу оятдаги ўн кечадан мурод Рамазон ойининг охирги ўн кечаси, уларда Лайлатул қадр кечаси ҳам бор, деганлар.
 
3. Жуфту тоқ билан қасам.
Ушбу ояти каримадаги жуфтдан мурод, дунёдаги барча махлуқотлардир. Чунки, бу дунёда жонзот бўлсин, жамоат бўлсин, ҳамма нарса жуфт қилиб яратилгандир. Ҳатто, кўзга кўринмас қаҳрабо оқими ҳам мусбат ва манфийдан иборатдир.
Ояти каримадаги тоқдан мурод дунёдаги барча махлуқотларнинг Холиқи–Аллоҳ таолодир. Демак, ушбу оятда Аллоҳ ҳам Ўзи билан, ҳам барча махлуқотлари билан қасам ичмоқда.
 
4. Ва юрилган тун билан қасам.
Тунда ва унинг юришида ҳам қанчадан-қанча ажойиботлар, Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далил ва ҳужжатлар бор. Аллоҳ таоло тун билан ва унинг юриши ила бежиз қасам ичаётгани йўқ.
 
5. Мана шуларда ақл эгаси учун (қаноатлантирувчи) қасам бордир?!
Ушбу оятдаги савол юқоридаги оятларда қасам ичилган нарсалар улуғ, эьтиборга лойиқ нарсалар эканлиги қўшимча равишда таькидлаш учун берилган саволдир. Яьни, булар ақлини ишлатган кишилар учун катта бир ишдир. Кимнинг ақли бўлса,Аллоҳ таоло қасам ичган нарсаларда ажойиботлар, Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далил ва ҳужжатлар борлигини англаб олади.
Бошқа суралардаги каби, бу жойда мазкур қасамлар нима учун ичилгани очиқ айтилмайди. Араб тилининг олиймақом услубларида шундоқ услуб ҳам бор. Нима учун қасам ичилгани эса, келгуси оятлар маьносидан билиб олинади. Улардан эса Аллоҳ таоло аввал ўтган кофир қавмларни азобга дучор қилгани зикр этилади. Шундан келиб чиқиб, юқоридаги қасамларнинг жавоби тақдиран: «Ушбу нарсаларнинг Роббиси албатта кофирларни азоблайди», бўлади.
 
6.  Сенинг Роббинг Одга қандай (муомала) қилганинни билмадингми?
7. Баланд устунли «Ирам»га?
8. Унинг мисли бошқа диёрларда халқ қилинмаганга?
Яьни, эй Ҳабибим, Муҳаммад, сен Роббинг баланд устунли Ирам шаҳрининг аҳолиси, Од қабиласини, бошқа юртларда куч-қувватда мисли йўқ қабилани, нима қилгани билгандирсан?
Ҳа, Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми бўлмиш Од қавми қиссаси ўша пайтда Арабистон ярим ороли аҳолисига, жумладан, Макка аҳлига ҳам маьлум ва машҳур эди. Чунки, бу ҳодисалар уларга яқин жойларда бўлиб ўтганлигидан яхши билинар, авлоддан-авлодга нақл қилиниб келинар эди. Шунинг учун ҳам ушбу «Фажр» сурасида мазкур услубдаги савол берилмоқда. Энди биз ҳам қисса билан қисқача танишиб олайлик.
Од қабиласи қумли саҳроли ерда, қоматларига мос баланд-баланд устунли чодирлардан ясалган шаҳарда истиқомат қилганлар. Қабила аьзолари ниҳоятда бақувват, девқомат, серсавлат одамлар бўлган. Лекин жуссалари катта бўлса ҳам, ақллари қисқа, фикр юритиш доиралари жуда тор бўлган. Улар тошлардан ясалган бут-санамларга сиғинганлар. Аллоҳ таоло уларга ўз ичларидан Ҳуд алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборган. У киши қавмларини Аллоҳнинг ибодатига чақирган, лекин қавм, ота-боболаримиздан қолган нарсани тарк этмаймиз, деб ўз эьтиқодларида турганлар. Улар Ҳуд алайҳиссаломни «Мажнунсан» деганлар. Ҳуд Пайғамбар уларга Аллоҳнинг айтганини қилмаслик оқибати ёмон бўлишини тушунтирганлар. Лекин қабила аҳли ўз билганларидан қолмаганлар. Шунда Аллоҳнинг ғазаби бошланган ва ёмғир ёғмай қўйган. Шундан сўнггина қабила аҳли Ҳуд алайҳиссалом ҳузурларига келиб, нима учун қурғоқчилик бўлаяпти, деб сўраганлар. У зот, Аллоҳнинг айтганини қилмаганингиз учун шундай бўляпти, тавба қилинглар, ҳали ҳам кеч эмас, деб жавоб бераганлар. Қавм бўлса, у кишини масхара қилиб кулиб, фисқу фужур қилаверганлар. Бир куни ҳаммаёқни қора булут қоплаган. Ҳуд Пайғамбар қавм учун фалокат яқинлашаётганини айтганлар. Улар бўлса: Йўқ, бу булут бизга ёмғирни келтиради,–деганлар. Аммо бирдан жуда ҳам совуқ шамол турган, ҳамма нарсани совуқ урган. Одамлар мустаҳкам чодирларига кириб олганлар. Қаттиқ эсаётган совуқ шамол чодирларни ҳам йиртиб юборган, ҳатто бадан териларини ҳам шикастлаб, тери тешикчаларидан кирган совуқ ва кучли шамол уларнинг тана аьзоларини қўпориб юборган. Шу зайлда эсаётган кучли совуқ шамол етти кечаю саккиз кундуз давом этган. Шамол ҳеч нарсани қўймай, барча нарсани ва барча жонзотни ҳалок этган. Қавм қанчалик жуссаси бақувват, кучли бўлишига қарамай, ҳеч нарса қила олмаган.
 
9. Ва водийда харсанг тошларни кесиб (иморат ясаган) Самудни.
Роббинг нима қилганини билмадингми?
Самуд қавми ва уларнинг Пайғамбари Солиҳ алайҳиссалом қиссаси аввалги суралар тафсирида айтилган. Ушбу ояти каримада Самуд қавмининг кучли-қувватли эканлигига далолат қилувчи сифатларидан бири, ўз юртлари, Водил Қурода тошларни йўниб уйлар ясаганлари зикр қилинмоқда. Улар тоғдаги тошларни турган жойида йўниб, тоғ ичига ўйиб кириб, ажойиб уйлар, қасрлар ясаганлар, ўша уйларнинг асарлари ҳозиргача бор. Аммо шунчалар кучли, устамон бўлсалар ҳам Аллоҳ уларни гуноҳлари туфайли ҳалок қилган.
 
10. Ва кўп аскарлари бор Фирьавнни. 
Роббинг нима қилганини билмадингми?
Фирьавн қиссаси ҳам аввал айтиб ўтилди.
Ушбу ояти карима эса, Фирьавннинг асосий кучи, аскарлари зикр қилинмоқда. У ўз лашкарларига жуда ҳам ишонар, аскар билан хоҳлаган ишни қилса бўлади, деган фикрда эди. Аммо, Аллоҳ таоло уни аскарига қўшиб ҳалок қилди.
 
11. Улар турли ўлкаларда туғёнга кетган эдилар.
Яьни, Од қавми, Самуд қавми ва Фирьавнлар турли юртларда ҳадларидан ошиб туғёнга кетган эдилар.
 
12. Улар у(ўлка)ларда бузғунчиликни кўпайтирган эдилар.
Ана ўша туғёнга кетганлар қадамлари етган ўлкаларда кўп бузғунчиликлар: куфр, ширк, зулм, жабр, гуноҳ, исён ва бошқаларни қилдилар. Шунинг учун ҳам улар Роббил оламиннинг азобига мустаҳиқ бўлдилар.
 
13. Бас, Роббинг уларнинг бошига турли азобларни қуйди.
Ҳа, ўша нобакор, туғёнга кетганларнинг устидан Аллоҳ Ўз азобини худди сув қуйгандек қуйди. Од қавми устидан совуқ шамол азобини қуйди. Самуд қавми устидан қаттиқ овоз азобини қўйди. Фирьавн ва унинг қавми устидан ғарқ қилиш азобини қўйди.
 
14. Албатта, Роббинг кузатиб турувчидир.
У ким нима қилаётганини ўта аниқлик билан кузатиб туради. Кузатиб туриб туғёнга кетган, ҳаддидан ошган ва зулм қилганларнинг жазосини беради.
Юқоридаги оятларда бойлигига, мансабига, қувватига ишонганларнинг оқибати нима бўлганини эслатиб бўлгач, энди келаси оятларда бойлик нима-ю камбағаллик нима, уларнинг инсон нафсига таьсири қандоқ бўлади–шуларнинг баёни келади.
 
15. Бас, қачон инсонни Роббиси синаш учун икром қилса ва неьмат берса, «мени Роббим икром қилди», дейдир.
16. Бас, қачон Роббиси синаш учун ризқини тор қилиб қўйса, у «Роббим мени хорлади», дейдир.
Кишиларда бойлик ва камбағаллик ҳақида нотўғри тушунча бор. У ҳам бўлса бойликни Аллоҳ тарафидан иззат-икром, Аллоҳ розилигининг аломати, яхши кўргани учун мол-дунё берди, деб эьтиқод қиладилар. 
Аксинча, камбағалликни эса Аллоҳ тарафидан хўрлаш, хуш кўрмаганлик аломати, деб тасаввур қиладилар. Аслида эса ундоқ эмас.Аллоҳ таоло молу дунё, бойликни яхши кўрган бандасига ҳам, ёмон кўрган бандасига ҳам бераверади, шунингдек, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ризқини тор қилиб қўйиши мумкин. Бойлик Аллоҳ тарафидан бўлган иззат-икром эмас, балки имтиҳон–синовдир, шунингдек камбағаллик ҳам. Синовдан мақсад эса Аллоҳнинг итоати: банда бой бўлса, шукр қилиб, бойликни Аллоҳ кўрсатган йўлга сарфлайдими, йўқми? Ёки камбағал бўлса, сабр қиладими, йўқми? Шунинг учун ҳам кейинги оятни «Каллаа» деб рад билан бошлаяпти.
 
17. Йўқ! Балки Сизлар етимларни икром қилмайсизлар.
Йўқ! Сизларнинг бу фикрингиз нотўғри. Аллоҳ берган неьматни синов, деб билмасдан, мен ўзим зўр бўлганим учун икромлаб берди, дейишингиз нотўғри. Ана шундай нотўғри фикрда бўлганингиз учун ҳам етимларни икром қилмайсизлар. Уларга Аллоҳ сизга берган неьматдаги ҳақларини бермайсизлар. Ҳолбуки, ўша неьматда етимнинг ҳам ҳаққи бор эди. Агар етимга ундан ўзига тегишли ҳаққини берганингизда синовдан яхши ўтган бўлар эдингиз. Сиз эса синовдан ўта олмадингиз. Шунингдек...
 
18. Бир-бирларингизни мискинларга таом беришга ундамайсизлар.
Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўзингизга берилган неьматни синов эмас, шахсингизга икром, деб керилганингиздандир. Аллоҳ таоло сизга ўша неьматни шукр қилармикин, мен кўрсатган йўлларга сарф қилармикин, мискинларга ҳақларини берармикин, деб синаш учун берган эди. Сиз эса, Аллоҳ мени синаш учун бу неьматни берди, агар Аллоҳ хоҳласа, мени мискин қилиб, мискинни неьматлантириб қўяр эди, демадингиз. Мискинга Аллоҳ сизга омонат учун берган неьматдан бермадингиз, ҳаттоки бир-бирингизни унга таом беришга ҳам ундамадингиз. Бу ҳам етмаганидек сизлар...
 
19. Ва меросни шиддатла ейсизлар.
Сиз молу дунёга шунчалик ўчсизки, Аллоҳ берган неьматга тўймай, бировларнинг ҳаққи бўлмиш меросни ҳам шиддатла-харис бўлиб ейсиз. Бу нарса бировнинг ҳаққи, бу мен учун ҳаром, демайсиз. Чунки, сиз...
 
20. Ва молни кўп яхши кўрасизлар.
Чунки, сизнинг вужудингизни молу дунё муҳаббати қамраб олган. Қалбингизда молу-дунё муҳаббатидан бошқа нарса йўқ. Кўзингиз молу дунёдан бошқа нарсани кўрмайди. Қулоғингиз молу дунёга оид гапдан бошқа гапни эшитмайди.
Аллоҳ таоло бойликка берилганларнинг ёмон ишларини фош қилгандан сўнг, қўрқитувчи оятларни келтиради. Шоядки, булар тавба қилиб, тўғри йўлга тушсалар.
 
21. Йўқ! Вақтики, ер зилзилага тушиб парча-парча бўлиб кетса.
Йўқ! Бундоқ нотўғри фикр ва ишлардан қайтсинлар! Хом хаёл бўлмасинлар. Ҳали ҳар бир инсонни олдинда оғир синовлар, даҳшатли ҳодисалар, ғаройиб воқеалар кутяпти. Ана шунда кўрадилар иш қандоқ бўлишини. 
«Вақтики, ер зилзилага тушиб парча-парча бўлиб кетса», кўрадилар нима бўлишини.
 
22. Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келсалар.
Кўрадилар нима бўлишини. Яьни, эй Муҳаммад қиёмат куни Роббинг бандалар орасида ажрим ҳукмини чиқариш учун келганда ва фаришталар саф-саф бўлиб Роббингнинг кофирларни азоблаш учун чиқарган амрини ижро этиш учун келганларида кўрадилар, ўша динни инкор қилиб, ўзини катта тутаётган бой-бадавлатлар.
«ат-Тасҳийл ли улумил танзийл» китобида ушбу ояти карима тафсирида ал-Мунзир ибн Саьийд розияллоҳу анҳудан қуйидагилар келтирилади: «Бунинг маьноси ўша ерда халойиққа У У зотнинг зоҳир бўлиши. Ушбу ва шунга ўхшаш оятларга ҳеч қандай кайфиятсиз ва ўхшатишсиз иймон келтириш вожиб».
Худди ана шу эҳтиёт маьносида бир қисм муфассирларимиз «Роббинг ва фаришталар саф-саф бўлиб келсалар» оятини Роббингнинг амри келса, деб таьвийл қилганлар.
Келгуси оятда инсонни келажакда кутаётган оғир синов ва ҳодисалар ҳақидаги гаплар давом этади.
 
23. Ва ўша кунда жаҳаннамни келтирса, ўша кунда инсон эслайдир. Лекин бу эслашдан энди  не фойда.
Яьни, ўша, юқорида зикр этилган ҳодисалар воқеь бўладиган кунда–қиёмат кунида–жаҳаннамни келтирса, дейилмоқда. Қиёмат куни жаҳаннамнинг келтирилиши Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масьуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагича васф қилинади: «Ўша кунда жаҳаннамни етмиш мингта тутқичининг ҳар биридан етмиш минг фаришта тутиб судраб келтирадилар».
Ўша кунда инсон ўзининг бу дунёда қилган куфр-нифоқларини, исёну гуноҳларини эслайди. Афсус-надомат қилади. Аммо, кейинги пушмон-ўзига душман. Энди эслаш билан нима фойда кўрар эди. Ана ўшанда...
 
24. У, афсуски, охират ҳаётимга ҳам бирор нарса тақдим қилсам бўлар экан, дейдир.
Бўлар иш бўлиб бўлгандан кейин кўзи очилади. Афсус–надомат фойда бермайдиган пайтда афсус–надомат қилади. Ўша кунда кўз очилишидан ҳам, афсус надомат қилишдан ҳам ҳеч фойда йўқ. Чунки,
 
25. Бас, ўша кунда Аллоҳнинг азобига ўхшаш азобла ҳеч ким азобламайдир.
26. Ва Унинг боғлашига ўхшаш ҳеч ким боғламайдир.
Ёмонликнинг оқибати шу, қиёматда Аллоҳнинг ўзи уларни қўл-оёғидан боғлайди, демак чиқиб кетишга ҳеч умид йўқ. Аллоҳнинг ўзи азобни беради, демак унда ҳам ҳеч қандай енгиллик йўқ. Қиёмат даҳшати, жаҳаннам даҳшати ва ундаги мисли йўқ азоб-уқубат даҳшати жараёнида ҳавои нафс аҳли солиҳларнинг ҳоли-аҳволига интилиб, билишни ҳам хоҳлаб қолади. Шунда уларнинг ҳолини баён қилувчи оятлар келади.
Юқорида зикр этилган ҳодисалар бўлиб, кофир ва осийлар боғланиб-кишанланиб, ашаддий азобга солиниб турилган бир пайтда мўмин-мусулмонларнинг руҳларига қуйидаги хитоб қилинади:
 
27. Эй, хотиржам нафс!  
28. Роббингга  сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт!
29. Бас, бандаларим ичига киргин!
30. Ва жаннатимга киргин!
Демак, қиёмат куни азоб-уқубатни кўриб, ёмонлар афсус, надомат қилиб, бу дунёда, қиёмат куни учун ҳам бирор нарса қилиб қўйсам бўлар экан, деб хору зор бўлиб турганда,Аллоҳ таоло мўмин жонларга Ўзи хитоб қилиб, қилган амали солиҳларинг учун берган мукофотларимга рози бўлиб, яхши бандаларимга қўшилиб жаннатимга киргин, дер экан. Бу эса улкан бахтдир.
Муоз ибн Жабал исмли саҳобий хуфтон намозига имом бўлиб узундан-узун қироат қилибдилар. Қавмлардан бир йигит намозни бузиб, ўзи бир четда намозини тезда ўқиб чиқиб кетибди. Йигитнинг қилмишини Муозга айтишган экан, «мунофиқ» дебдилар. Бу ҳодиса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилганда, у зот йигитдан: 
«Нима учун ундоқ қилдинг?», деб сўрабдилар. Шунда йигит: 
«Эй Аллоҳнинг Расули, у билан намоз ўқисам, жуда ҳам чўзиб юборди, шунинг учун ажраб ўзим бир четда намозимни ўқиб олдим, бориб туямни боқдим», деб жавоб берибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Эй Муоз, фитначимисан, «Саббиҳисма Роббика» билан «Ваш-Шамси ваззуҳаҳа» ёки «Вал фажри» билан «Валлайли»ни ўқисанг бўлмасмиди», деган эканлар. 
 
Тафсири Ҳилол
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф