1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РАМАЗОН ФАТВОЛАРИ

23-04-2020, 09:26 881 Ўқиш режими + -
Рамазон фатволари
 
Рўзага оид масалалар – 6
 
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Кундузи ухлаётган рўзадор уйқусираб, сув ичиб қўйса, рўзаси очилади. Каффоратсиз, фақат қазосини тутиб беради.
«Оламгирия», «Қозихон»
 
Тиш орасидаги бир дона кунжутни ютиб юборса, кичик бўлгани учун рўзаси очилмайди. Аммо уни оғзидан чиқариб, сўнгра яна қайта оғзига солиб ютса, рўзаси очилади. Каффорат вожиб бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф бор. Агар тиш орасидаги бир дона кунжутни чайнаса, рўзаси очилмайди. Лекин чайнаб ютганида томоғида унинг мазасини сезса, рўзаси очилади. Бошқа ҳар қандай таом, дон ёки бошқа чайналган оз нарсалар шу қоидага қиёс қилинаверади.
«Оламгирия», «Мухтасар», «Қозихон», «Фатҳул-Қадир»
 
Оғиз сўлагини ташқарига чиқармай ютса, рўзаси очилмайди. Ташқарига чиқариб олиб, сўнгра қайта оғзига солиб ютса, рўзаси очилади.
«Оламгирия», «Заҳирия»
 
Оғзини сув билан чайгандан кейин қолган сув юқини оғиз сўлагига қўшиб ютиб юборса, шунингдек, димоғига келган бурун мишиғини (манқасини) томоғига тортиб юборса, рўзаси очилмайди.
«Оламгирия», «Муҳит»
 
Қонни ютиб юборса, рўзаси очилади. Каффорат вожиб бўлмайди, қазосини тутади. Тишларнинг милкидан чиққан қонни сўлак билан қўшиб ютиб юборса, қон билан сўлакдан қайси бири ортиқ ёки кам миқдорда бўлишига қаралади. Агар қон ортиқ бўлса ёки сўлак билан баробар бўлса, рўза очилади. Борди-ю, сўлак ортиқ бўлса, очилмайди.
«Оламгирия», «Заҳирия»
 
 
Рўзага оид масалалар – 7
 
Нафл рўзани тутишга кириши билан уни очиб юбормасдан қуёш ботгунга қадар етказишлик вожиб бўлади. Агар ўз ихтиёри билан ёки бошқа сабаб билан рўзаси очилиб кетса, қазосини тутиб бериш вожибдур. Масалан, нафл рўза тутган аёл кундузи ҳайз кўриб қолса, рўзаси очилиб кетгани учун ўша куннинг қазоси ҳам вожиб бўлади.
«Оламгирия», «Ҳидоя», «Ниҳоя»
 
Қазо рўза тутишнинг ниятини тонг отгандан кейин қилса, дуруст эмас. Лекин нафл рўза деб ният қилса, имом Насафий (рҳ.) сўзларига кўра, жоиз. Агар шундай ният қилгандан кейин рўзасини очиб юборса, қазосини тутиб бериши вожибдир.
«Оламгирия», «Хулоса»
Рамазон ойи тугаб, ҳайит кунининг тонги ёришиши билан фитр садақасини бериш вожиб бўлади. У икки кг бугдой ёки майиз ёки 4 кг хурмо ёки арпа деб белгиланган. Фитр садақаси закот нисоби миқдорида бойлиги бўлган мусулмонлар зиммасига вожибдир. Бунда закотдаги каби бойлигининг ўсиб туриши (нумувв) шарт эмас. Демак, нисобга эга, лекин закот бериш вожиб бўлмаган кишилар ҳам фитр садақасини беришлари керак. Уни ўз ҳисобидан ва балоғатга етмаган фақир фарзандлари номидан беради. Хотини, катта ёшдаги фарзандлари ва бой фарзанди учун бермайди. Балки улар ўзи беради. Фитр садақасини берувчи одам садақа қабул қилмайди, зиммасига қурбонлик ва яқин қариндошларининг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Фитр садақасини ҳайит куни бера олмаган одамнинг зиммасидан у соқит бўлмайди, балки кейинроқ бўлса ҳам адо этади.
«Мухтасарул-виқоя»
 
Рўзага оид масалалар – 8
 
Адо этилиши фарз қилинган рўзалар ўн уч хилдир. Улардан еттитаси кун ора эмас, пайдар-пай тутилиши вожиб. Улар рамазон рўзаси, хун каффорати, «зиҳор» каффорати, қасам каффорати, рамазон рўзаси каффорати, муайян назр ва муайян қасам рўзалари. Олти хил рўзада пайдар-пай тутиш вожиб эмас. Улар – рамазон рўзасининг қазоси, ҳаж ибодатидаги «мутъа» рўзаси, ҳажда сочини муайян вақтидан олдин олдиргани учун тутиладиган рўза, ҳажда ов қилиб қўйгани учун тутиладиган рўза, мутлақ (тайинсиз) назр рўзаси ва қасам рўзаси. Рамазон ойида қазо бўлган рўза кунларини пайдар-пай тутиш-тутмаслиги ихтиёрий бўлса-да, пайдар-пай тутгани яхши. Бунда зиммасидаги қарзини тезроқ адо этган бўлади.
«Оламгирия», «ал-Баҳр», «ас-Сирож»
 
Лайлатул-қадр кечаси Абу Ҳанифа (рҳ.) наздида рамазон ойида кечади. Лекин муайян бир кечада эмас. Баъзан олдин, баъзан кейинроқ келаверади. Абу Юсуф билан Имом Муҳаммад (рҳ.)лар наздида ҳар йили муайян бир кечада келади. Лайлатул-қадр кечасини топиб, ундан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилиш мустаҳаб амаллардандир.
«Оламгирия», «Меърож», «Фатҳул-Қадир»
ИЗОҲ: Имом Бағавий ўзининг тафсирида ёзишига кўра, Рамазон ойининг нечанчи кечаси Лайлатул-қадр экани Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Лекин саҳобалар Расул (а.с.)дан уни аниқлаб беришларини сўрайверганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, деб, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири бу муборак кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27-кеча деган хулосага келганлар. 
 
580-ФАТВО
 
Рамазон ойи тугаб, ҳайит кунининг тонги ёришиши билан фитр садақасини бериш вожиб бўлади. У икки кг бугдой ёки майиз ёки 4 кг хурмо ёки арпа деб белгиланган. Фитр садақаси закот нисоби миқдорида бойлиги бўлган мусулмонлар зиммасига вожибдир. Бунда закотдаги каби бойлигининг ўсиб туриши (нумувв) шарт эмас. Демак, нисобга эга, лекин закот бериш вожиб бўлмаган кишилар ҳам фитр садақасини беришлари керак. Уни ўз ҳисобидан ва балоғатга етмаган фақир фарзандлари номидан беради. Хотини, катта ёшдаги фарзандлари ва бой фарзанди учун бермайди. Балки улар ўзи беради. Фитр садақасини берувчи одам садақа қабул қилмайди, зиммасига қурбонлик ва яқин қариндошларининг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Фитр садақасини ҳайит куни бера олмаган одамнинг зиммасидан у соқит бўлмайди, балки кейинроқ бўлса ҳам адо этади.
«Мухтасарул-виқоя»
 
Аёллар рўзасига оид фатволар
 
Савол: Аёл киши ҳайз кунларида рўза тутса бўладими?
 
Жавоб: Аёллар ҳайз ва нифос чоғида рўза тутишлари жоиз эмас. Поклангандан кейин қазоси тутиб берилади. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Бизга ўша ҳолат етганда рўзанинг қазосини тутишга буюрилар эдик, намознинг қазосини ўқишга эса буюрилмас эдик».
Ушбу ҳадисга кўра ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўзанинг қазосини тутадилар, лекин намознинг қазосини ўқимайдилар.
 
Савол: Аёл киши рўза тутаётганда ҳайз қони келиб қолса нима қилади?
 
Жавоб: Аёл киши рўза тутаётганда ҳайз қони келиб қолса ўз-ўзидан рўзаси очилади ва зиммасига қазосини тутиб бериш лозим бўлади.
                                                                                                      
Савол: Рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, ҳайз қонини кечиктирса бўладими?
 
Жавоб: Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиш жоиз бўлади. Қонни тўхтатиб туриш борасида шаръий қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.
 
Савол: Рўзаси туфайли эмизикли аёлнинг сути камайса ёки тўхтаб қолса, рўзани тутмаса бўладими?
 
Жавоб: Агар бола сут ўрнини босадиган нарсаларни истеъмол қилаверса ёки бошқа аёлнинг сутини эмаверса, онага рўзани тўхтатиш жоиз эмас. Бундай шароит топилмаса, рўза тутишни кейинроққа қолдирса бўлади.
Ҳомиладор ёки эмизикли аёллар рўза туфайли ўз соғликлари ёки болаларининг соғлигига хавф сезсалар, рўза тутмайдилар, қазосини тутадилар. Уларга каффорат вожиб бўлмайди.
 
 
Савол: Аёл киши қолдирган рўзаларини кетма-кет тутиши шартми?
 
Жавоб: Узри сабабли қолдирилган рўзанинг қазоси фарз бўлиб, уни имкон қадар тезроқ тутиб бериш лозим. Лекин кетма-кет бўлиши шарт эмас. Фуқаҳоларнинг кўпчилиги қазо рўзани орада қолдирмасдан, кетма-кет тутишнинг мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган. Лекин бу нарса шарт қилинмаган.
 
Аёллар рўзаси
 
Рўзанинг фарз бўлиш шартлари – ислом динида бўлиш, ақл, балоғат, соғлиқ, ўз юртида бўлиб, сафарга чиқмаган бўлиш, ният, ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Ният аслида дил билан бўлади. Лекин тил билан ҳам айтиш суннатдир.
«Оламгирия», «Кофий», «Ниҳоя», «ан-Наҳр ал-фоиқ»
 
Ҳайз ва нифосдаги аёллар рўза тутмайдилар. Лекин кейин қазосини тутадилар. Агар аёл одати бўйича ҳайзи келадиган куни қасддан рўза тутмаса ва ўша куни ҳайзи келмаса, ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади.
«Оламгирия», «Заҳирия»
 
Ҳайз ва нифосдаги аёллар, бемор ва мусофирлар ўзларини рўзадорлардек кўрсатиб, рўза тутмаганликларини одамлардан сир тутишлари лозим эмас.
«Оламгирия», «Хулоса»
 
Нафл рўзани тутишга киришиш билан уни очиб юбормасдан қуёш ботгунга қадар тутиш вожиб бўлади. Агар ўз ихтиёри билан ёки бошқа сабаб билан рўзаси очилиб кетса, қазосини тутиб бериш вожибдур. Масалан, нафл рўза тутган аёл кундузи ҳайз кўриб қолса, рўзаси очилиб кетгани учун ўша куннинг қазоси ҳам вожиб бўлади.
«Оламгирия», «Ҳидоя», «Ниҳоя»
 
Рўзадорлиги эсидан чиқиб, бирор овқат еб қўйса ё ичимлик ёки дори ичиб қўйса ёхуд жинсий алоқа қилиб қўйса, рўзаси очилмайди. Аммо шу ишлардан бирортасини қасддан қилса, рўзаси очилади. Кейин у ҳар бир куннинг қазоси билан бирга каффорат сифатида муттасил равишда 60 кун рўза тутиб беради ёки 60 та оч киши (мискин) қорнини тўйғизади. Рўзадор аёлини жинсий алоқага мажбурлаган бўлса, ўзи бир кун қазо ва 60 кун каффорат, аёли бир кун қазо рўзасини тутадилар. Аёли розилик берган бўлса, у ҳам 60 кун каффорат рўзасини тутади.
“Оламгирия”, “Ҳидоя”
 
Газлама тўқувчиси иш жараёнида бўялган ип толаларини оғзига солганида кўкми, қизилми, сариқми, бошқа рангми оғзига юқиб, сўлакларига аралашиб томоғидан ўтиб кетса, рўзаси очилади.
«Оламгирия», «Хулоса»
 
Таом тузини узрсиз тотиб кўриш, бозордан мева сотиб олаётганда танлаш учун тотиб кўриш макруҳ ишлардандир. Узрли бўлса, макруҳ эмас. Масалан, эрининг хулқи ёмонлигидан таомнинг тузини тотиб кўришга мажбур бўлса, хўжайиннинг урушишидан қўрқиб, бозор меваларини тотиб кўриб харид қилса, макруҳ эмас. Шунингдек, ёш болага овқатни чайнаб берадиган одам йўқлигидан рўзадор бўла туриб, ўзи чайнаб бериши узр ҳисоблангани учун макруҳ саналмайди.
«Оламгирия», «ан-Наҳр ал-фоиқ»
 
Нафл рўзани аёл киши эридан берухсат тутиши жоиз эмас.
«Оламгирия», «Муҳит»
 
 
 
Аёллар учун рамазонга оид савол-жавоблар
 
 
  1. Ўзининг ака-укасига, опа-синглисига закот берса бўладими?
 
 Бўлади. Закотни фақат ўзининг ота, она, бобо, бувиларига ва ўзининг зурриёди ўғил-қиз, набираларига бериб бўлмайди.
 
2.     Аёл киши ўзи тақиб юрган битта ёки ундан кўпроқ тилла буюмларга ҳам закот берадими?
 
Ҳанафий мазҳабида аёлларнинг тақинчоқларидан, агар улардаги тилла миқдори нисобга етса, закот чиқарилади. Бунда тақинчоқларнинг сони эмас, вазни эътиборга олинади. Тақинчоқлардаги тилла миқдори 85 граммга етса, улардан закот берилади. Яъни мазкур тилла миқдорининг икки ярим фоизи қиймати закот сифатида берилади.
 
3.     Рўза тутган аёл овқатнинг тузини торса бўладими?
 
Аёл киши баъзан овқатнинг тузини тотиб кўришига тўғри келади. Баъзан, у-бу емиш сотиб олишда ҳам таъмини тотиб кўрмаса бўлмайди. Бундай ҳолларда, томоқдан ўтмаслик шарти билан емакнинг таъми ёки тузини тотиб кўрса бўлади.
 
4.     Ҳайз ёки нифосли аёллар рўзани нима қилади?
 
Ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўза тутмайдилар. Аёллар Рамазонда ҳайзли ёки нифосли бўлиб қолсалар, покланганларида қазосини тутиб берадилар. Бундай ҳолатдаги аёллар ифтордошларига кўрсатмасдан еб-ичишлари исломий одоблардандир.
 
5.     Ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутадими?
 
Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ўзларини ё фарзандларининг соғликларига зарар бўлмаса, рўза тутишлари мумкин. Аммо касалланиб қолишдан ёки боланинг саломатлигига таъсир қилишидан хавотирланишса, рўза тутишмайди. Кўзи ёриганидан кейин ёки эмизиш даври тугагач бир кунига бир кун қазо тутиб беришади
 
 
Манба:  muslim.uz