ОИЛА МУҚАДДАСДИР
1559
25-04-2020, 12:07
1 795
Ўқиш режими
+
-
ОИЛА МУҚАДДАСДИР
Биринчи қисм
(Сўзбоши ўрнида)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Бандаларининг ҳалол ва пок яшашини кўзлаб, улар фойдасига «Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради...» (Наҳл, 72) деган ояти каримани нозил қилган, марҳамати чексиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
Башарият ҳидоятчиси, инсоният муаллими, улуғ мураббий, намунали оила бошлиғи, умматнинг ҳақ йўлда барқарор бўлишида беқиёс ҳисса қўшган ва: «Уйланинглар, кўпайишинглар, чунки мен қиёмат кунида умматимнинг кўплиги билан фахрланаман», деб марҳамат этган зот Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чексиз салавотлар бўлсин!
Ислом динининг бизгача етиб келишида беминнат ва фидокорона хизмат қилган саҳобалар, уламолар ва солиҳ амаллар қилиб ўтган аждодларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!
Азалдан жамият ва турли диний таълимотларда оила муқаддас саналиб, оилавий муносабатларга алоҳида эътибор қаратилган. Оила қуриш Исломдан олдин ҳам бўлган, лекин оилада эрнинг ва аёлнинг ҳуқуқлари ва масъулиятларини том маънода Ислом дини кўрсатиб берди. Сарвари олам Муҳаммад (алайҳиссалом) аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини белгилаб беришда фақат Ислом умматигагина эмас, балки кишилик жамиятига ибрат ва намуна бўлиб келмоқдалар. Ислом келганидан кейин ҳам аёл билан эркак тенг ҳуқуқли деб жар солган айрим тузумлар аёлларни эркаклар билан баб-баравар жисмоний меҳнат қилишга чорлаганлар. Натижада, эркак билан нафақат ҳуқуқда, балки жисмоний меҳнатда ҳам тенглаштирилган аёлларни, ҳатто ҳомиладорлик пайтида ҳам қурилиш, йўлсозлик, конларда турли оғир жи смоний ишларга мажбурлаш яқин тарихимизда оддий таомил бўлган эди.
Минг шукр, истиқлолдан кейин аёл қадри ва шаъни тикланди. Аёллар жамиятда ўз ўрни, мавқеи ва сўзига эга бўлди. Бу асосий қонун – Конституциямизда кафолатлаб қўйилди. Унда бундай дейилади: «Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга» (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 14-боб, 63-модда).
Шунингдек, муҳтарам Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги «Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори, Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 1 июлда қабул қилинган «2009–2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш,
соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги Қонуни ҳаёт учун, келажак авлод учун нечоғли зарур экани ўз тасдиғини топди.
Муқаддас динимиз таълимотида фарзанд Аллоҳ таоло инсонга берган энг улуғ неъматлардан бўлиши баробарида, у омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар унинг қадрига етишлари, шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни, унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари ва охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғил-қиз, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим бўлади. Аллоҳ
таоло марҳамат қилади:
«Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)» (Таҳрим, 6).
Ислом таълимоти кишилик жамиятида ўз ўрнини топиб, унинг дунёвий ва диний ҳаётида амалий татбиқини топган илк саодат асридан бошлаб ёш авлод тарбиясига катта аҳамият бериб келади. Бу таълимот ва унинг йўл-йўриқлари жамият асоси, уммат истиқболи саналган ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларини таъминлайди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб айтадилар: «Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир» (Термизий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда:
«Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди» (Термизий ривояти), дейилади.
Буюк ҳамюртимиз Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб, бундай деган эди: «Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст
бўлади».
Муҳтарам Президентимиз нутқларидан бирида фарзандлар тарбияси ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишида одоб-ахлоқнинг ўрни катта эканини таъкидлаб, жумладан, бундай деганлар: “Ёшларимизга бугуннинг ўзида алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Улар нафақат ишончимиз ва келажагимиз, ёшлар – бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир. Яъни эртанги кун кутганимиздек бўлиши учун бугуннинг ўзида ёшлар тарбиясига
жиддий эътибор қаратишимиз зарур” .
Мамлакатимиз мустақиллигини қўлга киритган йилдан бошлаб болалар ва ўсмирларнинг жисмонан соғлому бақувват, руҳан ва маънан етук инсон бўлиб улғайишлари учун каттаэътибор қаратилаётгани ҳаммамизга маълум.. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан 2005 йил «Оналар ва болалар йили», 2008 йил «Ёшлар йили», 2010 йил эса «Баркамол авлод йили» деб эълон қилинди ва уларга тааллуқан ишлаб чиқилган Давлат дастурлари доирасидакатта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида болаларнинг, айниқса, ўсмирларнинг соғлом ўсиб-улғайиши, илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун катта эътибор қаратилаётгани ҳаммамизга маълум. Бу борада жамоат ташкилотларининг ҳам ўрни каттадир. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Соғлом авлод учун», «Болалар», «Меҳр нури», «Сен ёлғиз эмассан», «Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш», «Меҳр-шафқат ва саломатлик» ҳамда «Мактаб таълими» каби жамғармаларнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Шубҳасиз, оила, маҳалла, мактаб болалар тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимизни чиройли одоб-ахлоқ, яхши таълим-тарбияли инсонлар қилиб вояга етказиш давлат миқёсидаги долзарб масала эканини ҳар биримиз яхши тушунамиз. Мустақил давлатимиз тарихида 2010 йил «Баркамол авлод йили» деб аталишининг ҳам чуқур рамзий маъноси бор. Элу юрт келажаги бўлган ёш авлод ҳар жиҳатдан баркамол бўлиши лозим.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳадисларида бундай марҳамат этилади: «Фарзандларингиздан шаръан буюрилган ишларни қилишни ва қайтарилган нарсалардан сақланишни талаб этинглар, шу ишларинг уларни дўзахдан сақлаганларинг бўлади» (Ибн Жарир ривояти).
Маълумки, баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг барқарорлиги, ундаги соғлом муҳит энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Юртбошимиз: «Аввало биз, яъни, халқимиз ва
давлатимиз, ҳар қайси инсон, ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган бўлмайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида нима туришини ўйлаб кўрайлик. Табиийки, барча эзгу ниятларимизнинг марказида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради. Айнан мана шундай ҳар томонлама етук авлодгина бугун ҳаёт олдимизга қўяётган ўта мураккаб, оғир синов ва қийинчиликларни
енгиш, биз кўзлаган юксак марраларни эгаллашнинг энг асосий шарти эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз», – деб таъкидлаб ўтганлар.
Бу борада амалга оширилган тадбирлар, амалий ишлар натижасида фарзандларимиз барча соҳада муваффақиятларга эришмоқдалар. Шу билан бирга, ёшлар тарбиясининг муаммоли жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Лоқайдлик, эътиборсизлик туфайли, Юртбошимиз таъбири билан
айтсак, “маънавий бўшлиқ” пайдо бўлган жойларда илдиз отган бу муаммоларни бартараф этиш бугуннинг талабидир. Кўпдан бери оилада фарзанд тарбияси тўғрисида асар ёзишни дилимга тугиб юрар эдим. Чунки жамиятнинг негизи бўлмиш оила, фарзанд тарбияси тўғрисида давраларда турли саволлар беришади. Шу саволларга жавоб бериш асносида уларни ён дафтаримга ҳам қайд
қилиб борар эдим. Одатимга мувофиқ ён дафтаримни варақлаб кўрсам, китобга мавзу бўладиган анча-мунча маълумотлар йиғилиб қолибди. Аллоҳ инояти билан, шулар асосида «Оилада фарзанд тарбияси» номли уч жилддан иборат китоблар ёзилди. Улар билан яқиндан танишиб чиққан ўқувчиларнинг фикр ва таклифларини ҳисобга олиб, яна муҳими, фарзанд тарбиясининг турли жиҳатларини қамраб олиш ниятида бир-бирининг изчил давоми бўлган бу
китобларни жамлаб нашр этишни лозим кўрдик.
Ушбу китобда жамиятнинг энг муҳим бўлаги ҳисобланган оила, оила мустаҳкамлиги никоҳ воситасида юзага келиши, кўп асрлар мобайнида халқимиз орасида риоя қилиниб келинаётган шаръий никоҳ асли умуминсоний қадриятлар асосида оилани мустаҳкамлашга қаратилгани, бунинг натижасида оилада барқарорлик ва соғлом турмуш тарзи ҳукм суриши, бу эса ўз навбатида, жамият ва давлат тараққиётининг асоси эканига асосий эътибор қаратилган.
Шунингдек, нозик тарбия ҳисобланган жинсий-ахлоқий тавсияларни ўсмирларга ўз вақтида бериш кераклиги, акс ҳолда фарзанд бу каби масалаларни нотўғри йўллар орқали ўрганиб,
ўзига ва бошқаларга зарар етказиши ҳақида зарур маълумотлар келтирилган.
Ҳозирги пайтда дунёдаги мустамлакачи кучлар маънавий бўшлиқдан фойдаланиб, юртимиз ёшлари онгига маънавиятимиз ва ахлоқимизга бутунлай ёт бўлган энг хатарли иллатларни, “оммавий маданият”ни сингдириши, агар олди олинмаса, катта фитналарга сабаб бўлиши аниқ. Ёшларни худбин ва лоқайд кимсаларга айлантириш, ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни тарғиб қилиш, бир жинслилар никоҳи, зино, гиёҳвандлик, бузуқлик, нима қилиб бўлса ҳам,
қандай йўл билан бўлса ҳам фақат бойлик орттиришга интилиш, оилани тан олмаслик, кўнгил истаган ишларни қилиш орқали “эркин бўлиш” каби зарарли иллатларни ёйишни асосий мақсад қилиб олган бу жирканч “маданият” жамият маънавий ҳаётини издан чиқаради,
ёшлар ахлоқига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Бундан бир аср муқаддам атоқли маърифатпарвар олим Абдурауф Фитрат: “Ким бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади”, деган эди.
Бугун инсоният ғоявий урушлар, маънавий зиддиятлар, зўравон ғояларнинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган шиддатли замонда яшаяпти. Ҳозир зулм, истибдод ва бузғунчилик, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан ҳам хатарли тус олмоқда. Ёшларимиз бундай шароитларда ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлиши, дўст ким, душман кимлигини яхши ажрата олиши, ғанимлар фитнасига учмаслиги, ёвуз кучлар қўлида қўғирчоққа айланиб, юртдошлари ҳаётига зомин бўлмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва
фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳақимиз йўқ. Ушбу китобда ана шундай ғаламисларнинг кирдикорлари ва уларга қарши кураш воситалари ҳам баён қилинган.
Қодир Аллоҳдан эзгу ният билан бошланган ҳаракатимиз юртимиз ёшларини оқилу баркамол этиб тарбиялашда манфаатли бўлишини сўраб қоламан.
Ушбу китобни ўқиб, маънан бир фойда кўрсангиз, Улуғ Аллоҳдан, камчиликка дуч келсангиз, камина ходимингиздан, деб биласиз. Дуоларингизда эл қатори каминани ва меҳрибон ота-онамни ҳам унутмассиз, деган умиддаман.
Муаллиф
ИСЛОМДА ОИЛАНИНГ ЎРНИ
Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфт яратилган: ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий ва ҳоказо. Моҳиятан уларнинг ҳар бири иккинчисига ҳар жиҳатдан эҳтиёжлидир. Мавжудотлар ҳаётда мана шу жуфтлик билангина барқарор бўладилар. Ушбу жуфтликни инсон мисолида оладиган бўлсак, эр киши турмушда
фақат ўз жинсининг жуфти бўлган аёли билан таскин ва роҳат топиши мумкин. Ёлғиз ҳолда ўз саодатини ҳис қила олмайди. Аллоҳ тақдир қилган ҳаёти жуфтисиз барқарор бўлмайди.
Қуръони каримда бундай дейилади:
«Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик» (Зориёт, 49).
Аллоҳнинг ҳикматини қаранг, мавжудотларнинг энг олийси – одамзодни ҳам ўз жуфти билан бир-бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, туриш-турмушда, феъл-атворда, муносабатда, фикрлашда фарқли ва айни пайтда бир-бирини тўлдирадиган қилиб яратган.
Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди...» (Наҳл, 72).
Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув яшашлари, насл давомийлигини таъминлаб, умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг улуғ санъати ва ҳикматига
далолатдир.
Динимизда оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати
эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.
Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бу борада ривоят қилинган ҳадисларнинг бирида:
«Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин», дейилган (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий,
Насоий).
Дарҳақиқат, Аллоҳ инсонни, у эркак ёки аёл бўлсин, нафсий рағбат билан яратган. Айни пайтда ушбу рағбатни ҳалол-пок йўл билан қондиришни буюриб, никоҳни жорий қилган.
Албатта, ҳар қандай инсон болоғат ёшига етгач, ундаги яширин нафсоний рағбат авж ола бошлайди. Аллоҳдан қўрқиб, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) кўрсатмаларига амал қиламан деган банда, агар моддий ва бошқа имкониятлари мавжуд бўлса, никоҳланиш
орқали бунинг олдини олади. Нафс рағбатини ҳаромга юриб қондириш йўли бўлган зинодан ўзини сақлайди.
Бошқа бир ҳадисда эса: «Тўртта яхши иш бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланишдир», деб марҳамат қилинади
(Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) яна шундай ҳадис бор: «Ким уйланган бўлса, динининг ярмини мукаммал қилибди, қолган ярмида Аллоҳга тақво қилаверсин»
(Табароний, Байҳақий, Ҳоким ривояти).
Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг
муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан холи тинч ва обод бўлиши, аввало, ушбу кичик жамиятнинг тинчлигига боғлиқ. Оила тинчлик-хотиржамлиги ва саодатини таъминлаш оиладаги ҳар бир шахснинг ўз масъулиятини
ҳис қилиши ва бажариши билан барқарор бўлади. Бундай масъулиятни эса, эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи никоҳгина жорий қилиши ва мустаҳкамлаши мумкин.
Пайғамбар (алайҳиссалом) бир ҳадисларида: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким
суннатимдан воз кечса, у мендан эмас (яъни, умматимдан эмас)”, деганлар.
Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) суннатлари экан, мусулмон киши оила қуришни пайсалга солмай, уни шаръий никоҳ асосида амалга ошириши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром
ишлардан тийилади.
«Никоҳ» сўзи луғатда «яқинлик», «боғланиш» маъноларини англатади. Никоҳ ақди (битими) битимларнинг энг яхшисидир. Шаръий истилоҳда эса, ақд қилишларига шаръий тўсиқ бўлмаган аёл билан эркакнинг бир-бирларидан лаззат олишларини ҳалол йўлга солувчи битимдир.
Ҳар бир мусулмон уйланишнинг шаръий ҳукмларини ҳам билиши зарур. Кишининг жинсий қуввати ҳамда оила масъулиятини адо эта олишига кўра, шариатда уйланишнинг ҳукми беш хил:
1. Маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор, фақат уйланиш билан зинодан сақлана оладиган кишиларга уйланиш фарздир.
2. Маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор, уйланмаса, зинога кетиш хавфи бўлган кишиларга уйланиш вожибдир.
3. Маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор, жинсий муносабатга лаёқатли кишиларга уйланиш суннатдир.
4. Маҳр ва аёл нафақасини топиб беришидан ҳамда жинсий ожизлигидан хавфсираган кишиларга уйланиш макруҳдир.
5. Маҳр ва аёл нафақасига қодир бўлмаган, жинсий лаёқати йўқлиги аниқ кишиларга уйланиш ҳаромдир.
Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан ҳисобланган «Дуррул Мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да зикр этилганидай: «Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан
сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди».
Никоҳ шариатга мувофиқ бўлишининг учта асосий шарти бор:
1. «Ижоб ва қабул», яъни, икки тарафнинг биридан таклиф, иккинчисидан эса уни
қабул қилиш. Ижоб ва қабул очиқ сўзлар билан изҳор қилиниши керак.
2. Никоҳ чоғида икки эркак гувоҳнинг ҳозир бўлиши.Гувоҳларсиз қилинган никоҳ
ҳисобга ўтмайди.
3. Маҳр белгиланиши, яъни, эр хотинга берадиган совғанинг миқдори ёки кўриниши аниқлаб олиниши керак.
Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб давлатимиз кўплаб хайрли тадбирларни амалга оширмоқда. Ана шундай хайрли ва манфаатли ишлардан бири оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан
ўтказишдир. Бу ишнинг янги қурилган оила дуч келиши эҳтимол бўлган кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олишда ҳамда дунёга келадиган зурриётга, қолаверса, уларнинг яқинларига ҳам жуда катта фойдаси бор.
Исломда оила ва никоҳ масаласига жуда жиддий қаралади. Оиланинг мустаҳкам бўлиши учун никоҳнинг қўшимча шарти сифатида кафоатга ҳам амал қилинади.
“Кафоат” деганда, никоҳланаётган томонларнинг ижтимоий, моддий ва маънавий жиҳатдан бир-бирига тенг, мос бўлиши тушунилади. Халқимизнинг «Тенг – тенги билан» деган мақоли бежиз эмас. Никоҳдаги тенглик икки томоннинг насл-насаби,
дини, бойлиги, касб-ҳунари ва эътиқоди каби нарсаларда намоён бўлади. Бугунги воқеликка эътибор қаратадиган бўлсак, неча асрлар олдин Ислом ҳуқуқида жорий қилинган тенглик масаласи оила мустаҳкамлиги учун нақадар муҳим омил эканига гувоҳ бўламиз. Зеро, ота-онаси бағридан чиқиб, ўзи учун шу пайтгача мутлақо бегона
саналган янги оилага кўникиб кетиши учун тушган хонадони билан ота-онаси хонадони ўртасида ижтимоий ва маънавий нуқтаи назардан тенглик бўлса, келиннинг янги ҳаётга мослашуви осонроқ кечади.
Оила жамиятнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб, у қатъий қонун-қоидаларга бўйсунади. Насл бардавом бўлиши, жамиятнинг таназзулга учрамаслиги учун Аллоҳ таоло оилани ўз ҳимоясига олган. Оила таназзулининг олдини олиш мақсадида зино қатъий ҳаром қилинди.
Жамиятнинг келажаги порлоқ, катта имкониятларга эга бўлиши учун, аввало, унинг ажралмас негизи – оилаларнинг маънан соғломлиги талаб қилинади. Бу эса қуйидаги
шартларга риоя қилинишига боғлиқ:
1. Оиланинг бир-бирига муносиб одамлардан ташкил топиши.
2. Эр-хотин орасидаги ўзаро ҳурмат ва тотувлик.
3. Эркак киши ўзининг оила устуни экани ҳамда раҳбарлик масъулиятини ҳис этиши ва бунга амал қилиб яшаши.
4. Аёл кишининг оила ички ҳолатларига масъуллиги.
5. Ота-она фарзандларининг риоясини қилиб, уларга адолатли бўлишлари.
6. Фарзандларнинг ота-оналарига яхшилик қилишлари.
Ана шу шартларга риоя қилинса, оилада соғлом муҳит вужудга келиб, тарбия топаётган фарзандлар одоб-ахлоқли, эл-юртга хизмат қиладиган инсонлар бўлиб вояга етадилар.
Ушбу китобимиз омма учун мўлжалланганини инобатга олиб, оилада соғлом муҳитни шакллантиришда зарур бўлган шартларга батафсилроқ тўхталишни лозим топдик:
1. Оила бир-бирига муносиб одамлардан ташкил топиши керак, чунки фиқҳ
китобларида айтилгани каби, никоҳда тенгликнинг жуда катта аҳамияти бор. Чунки эр-хотин орасида бойлик, илм ва ҳоказоларда катта фарқ бўлса, улар бир-бирларини тушунишда қийинчиликларга дуч келишади. Шу боис, шариат тенглик, яъни кафоатни жорий қилди. Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Аёллар фақат ўз тенгларига никоҳ қилинади” (Имом Байҳақий).
Барча мазҳаб уламолари кафоат–тенглик борасидаги далилларни ўрганиб чиқишиб, унинг етишмаслиги никоҳга тўсқинлиқ қилмаса-да, никоҳда бўлиши лозим шартлардан эканига иттифоқ қилганлар.
2. Эр ва хотин бир-бирларини ҳурмат қилишлари ва оила ишларида бир-бирларига ёрдамчи бўлишлари лозим. Маълумки, эр кишининг куни кўчада, ишхонада ўтади.
Ишлари яхши бўлса, кайфияти ҳам шунга яраша бўлади. Борди-ю, ишлари юришмай қолса, ташвишланади, руҳан тушкунликка тушади. Бундай ҳолатда аёл кишининг донолиги иш бериши керак, яъни эрининг кайфиятини чиройли сўзи, ширин муомаласи билан кўтариши зарур. Аёл бетобланиб ё бошқа бирор сабаб билан уй ишларини адо
этолмай қолганида, эр киши хотинига уй юмушларида ёрдамлашиб юборса, оилада барқарорлик, тотувлик вужудга келади.
Инсон – иссиқ жон, баъзан касал бўлиб қолиши бор. Шундай вазиятда эр-хотин бир-бирларига кўмак бериб, кўнглини олиши лозим. Хотини касал бўлиб қолганида унга эътибор қаратмаслик ёки касаллигини гапириб, дилига озор бериш эркак кишига муносиб иш эмас. Шунингдек, айрим оилаларда кузатиладиган, аёли касал бўлиб қолса,
ота-онасиникига олиб бориб қўйиб, тузалганидан кейин уйга олиб келиш ҳолатлари эркаклик ғурурига мутлақо иснод ҳисобланиб, бу нарса оқибатда оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатади. Оиладаги ҳар қандай вазиятда эр-хотин бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари керак. Шунда меҳр-шафқат пайдо бўлади.
Фарзандлари ҳар бир ишни улардан ўрганиб боради. «Қуш уясида кўрганини қилади», деган ҳикматли гап бекорга айтилмаган.
Қадимги уламоларимиз ўз ижтиҳодларидан келиб чиқиб, “хотин касал бўлганида, уни даволатиш ва табибга бериладиган ҳақ эрнинг зиммасига вожиб бўлмайди”, деган фикрни айтишган. Лекин замонамиз уламоларидан суриялик машҳур олим Ваҳба аз-Зуҳайлий ўзларининг “Ал-Фиқҳул исламий ва адиллатуҳу” деб номланган китобларида ушбу фикрларни изоҳлаб, бундай дейди: “Назаримда, даволаниш ўтмишда асосий эҳтиёж бўлмаган. Чунки саломатлик ва парҳез кўрсатмаларига амал қилган инсон кўп ҳолларда даволанишга муҳтож бўлмайди. Фуқаҳоларнинг ижтиҳодлари ўз асрларидаги мавжуд урф-одатларга асосланган. Аммо ҳозирга келиб, даволанишга бўлган эҳтиёж, худди таомланиш ва озиқланишга бўлганидек, балки ундан ҳам муҳимроқ эҳтиёжга айланиб қолди. Зеро, бемор одам кўп ҳолларда даволанишни барча нарсадан устун қўяди. Киши алам ва оғриқдан қийналиб, ўлим хавфини солиб турган дарддан шикоят қилатуриб, яна бирор нарсани бемалол танаввул қилиши мумкинми?! Шу сабабли ҳам мен бугунги кунда даволаниш нафақаси, худди бошқа зарурий нафақалар сингари эрнинг зиммасига вожиб бўлишини айтаман. Бу фарзандлар учун лозим бўлган даволаниш нафақаси уламоларнинг ижмоъсига биноан отанинг зиммасига вожиб бўлишига ўхшайди. Эр аёлидан соғ-саломатлигида фойдаланиб, касаллик ҳолатида даволаниши учун ота-онасининг уйига олиб бориб қўйиши Аллоҳ таолонинг “улар билан тотув турмуш қурингиз”деган оятига мутлақо зиддир” (Нисо, 19).
Ҳақиқатан, оила аъзоларининг соғлом бўлиши оила мустаҳкамлигини таъминловчи энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Ақлан ўйлаб кўрилганида ҳам, оилада эрнинг энг яқин кишиси аёлидир. Яқин кишиси ёрдамга муҳтож бўлиб турган бир пайтда, унинг узоқдагиларга яхшилик қилиши ёки аёлининг яқин кишиси ўзи бўлгани ҳолда,
бошқаларнинг ёрдам беришига ташлаб қўйиши чиройли иш саналмайди.
3. Эр-хотин ўзаро тотув яшаши, бир-бирининг эркалик ва инжиқликларини кўтариши лозим. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган:
«Эй имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир. Яна, уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйинг,) балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо, 19).
Жоҳилият даврида бир аёлнинг эри ўлса, унинг ўгай ўғли ёки бошқа бир қариндоши келиб, бева аёл устига чопонини ташлаб қўйиш билан уни мерос қилиб оларди. Сўнгра хоҳласа, ўзи унга маҳрсиз уйланар, хоҳласа, бошқага эрга бериб, маҳрини ўзи олар ёки узоқ вақт эрсиз ушлаб, беванинг қўлидаги биринчи эридан қолган мероси ёки бошқа
бойлиги эвазига уни озод қилар эди. Агар аёл мазкур кишиларнинг чопон ёпишидан олдинроқ уйдан чиқиб кетишга улгурса, шундагина ихтиёри ўз қўлида бўлиб, эрининг ўғли ёки қариндошига мерос бўлиб қолишдан қутуларди. Шундай аёллардан Абу
Қайснинг хотини Кабша исмли бир бева аёл Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб, эрининг ўғлидан шикоят қилади. Мазкур масалага жавоб тариқасида юқорида келтирилган ояти карима нозил бўлган.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан ривоят қилган ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳлига яхшироқ муомала қилувчингизман” (Имом Термизий).
Мана шундай оят ва ҳадислар орқали Ислом илк даврданоқ аёлларнинг оиладаги ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ҳурматини жойига қўйиш билан уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирган. Аёл кишига комил инсон ва чиройли муомалага муносиб шахс сифатида эътибор қаратган.
Энг аввало, аёлларга чиройли муомала кўрсатиш, ширинсўз бўлиш ва ҳар томонлама яхшилик қилиш лозим. Иккинчидан, гарчи уларнинг феъл-атворларида бирор ҳаракат ёқмаган тақдирда ҳам қўполлик қилмасдан, ширинсўзлик билан камчиликларини айтиш,
уни тузатишга кўмаклашиш керак бўлади. Чунки ҳар нарсада Аллоҳ таолонинг биз билмаган, ақлимизга келмаган ҳикматлари бор. Аёлларнинг хулқларида бир эмас, бир неча яхшилик борлиги маълум. Оила саранжом-саришталиги, кийим-кечак ва уйларнинг
озодалиги, таом тайёрлаш борасидаги хизматлари ва энг муҳими, тўғри тарбия берилган, кўзлар қувончи бўлмиш солиҳ фарзандни вояга етказишлари шундай яхшиликлар сирасига киради.
Бу ҳақда ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:
«Мўмин (эр) одам мўмина (хотини)га ғазаб қилмасин. Агар унинг хулқидан бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади» (Имом Бухорий ривояти).
Давоми келгуси саҳифада...