1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

НАЖОТ ТОПИШ УЧУН ТАВБА ҚИЛАЙЛИК!

28-04-2020, 10:39 567 Ўқиш режими + -


НАЖОТ ТОПИШ УЧУН ТАВБА ҚИЛАЙЛИК!
 
          Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришга доим тайёр. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандалари билиб-билмай хатога йўл қўйганларида уларни  тавба қилишга чақирди:
وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда)нажот топсангиз”
Мўмин-мусулмон киши барча гуноҳларга чин тавба қилиши вожиб бўлади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонни чин тавба қилишликка буюрди. Тавба қилган банда Ўзининг ҳузурида қандай неъматланишлигини ҳам ўзи баён қилди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
“Эй, имонкелтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб туради-ган (жаннатдаги) боғларга киритса!” 
Чин тавба – дарҳол гуноҳдан тўхташ, ўтган гуноҳларга пушаймон бўлиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилишдир.
  Агар астойдил тавба қилинса, ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишига умид бор.         Қуръони Каримда гуноҳлардан тавба қилмаган кишиларни “золимлар” деб аталган:
َمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ
 “Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан) зулм қилувчилардир”. 
Аллоҳ таоло ўзининг фазлу карами билан жаҳолат туфайли гуноҳ қилиб, кейин унга афсус-надомат чеккан кишиларнинг гуноҳларини кечиришини маълум қилган.
  Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу: “Кўп тавба қилувчилар билан ҳамсуҳбат бўлинглар. Чунки улар қалби пок, ҳалим кишилар бўлади”, – деганлар. 
     Уламолардан бирлари айтадилар: “Ҳамма нарсада хотиржамлик яхши, лекин уч нарсада яхши эмас: намоз вақти келганда, маййитни дафн қилишда ва гуноҳдан тавба қилишда”, – дедилар.
         Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизга тавбанинг биринчи қадами бўлган истиғфорнинг турли кўринишларини ўргатганлар ва уларнинг орасида биттасини “истиғфорнинг улуғи” деб атаганлар:
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
سيِّدُ الاسْتِغْفار أَنْ يقُول الْعبْدُ: اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي، لا إِلَه إِلاَّ أَنْتَ خَلَقْتَني وأَنَا عَبْدُكَ، وأَنَا على عهْدِكَ ووعْدِكَ ما اسْتَطَعْتُ، أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ ما صنَعْتُ، أَبوءُ لَكَ بِنِعْمتِكَ علَيَّ، وأَبُوءُ بذَنْبي فَاغْفِرْ
لي، فَإِنَّهُ لا يغْفِرُ الذُّنُوبِ إِلاَّ أَنْتَ. منْ قَالَهَا مِنَ النَّهَارِ مُوقِناً بِهَا، فَمـاتَ مِنْ يوْمِهِ قَبْل أَنْ يُمْسِيَ، فَهُو مِنْ أَهْلِ الجنَّةِ، ومَنْ قَالَهَا مِنَ اللَّيْلِ وهُو مُوقِنٌ بها فَمَاتَ قَبل أَنْ يُصْبِح، فهُو مِنْ أَهْلِ الجنَّةِ
 
“Истиғфорнинг улуғи банда: “Эй, Аллоҳ! Сен Раббимсан, 
Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен мени яратгансан, мен сенинг бандангман. Тоқатим етганича сенга берган аҳдим ва ваъдамда турибман. Қилган амалларимнинг ёмонлигидан сендан паноҳ сўрайман. Менга берган неъматларинг ва гуноҳларимни эътироф этаман. Мени кечиргин, чунки сендан бошқа кечирувчи йўқ”, – дейишидир. Ким у гапни кундуз куни ишонч билан айтса ва кечгача вафот этса, жаннат аҳлидан бўлади. Ким шу гапни кечаси ишонч билан айтса ва тонг отгунча вафот этса, жаннат аҳлидан бўлади”  (Имом Бухорий ривояти)
 
Мавзуимизнинг хулосаси ўрнида шуни айтишлигимиз лозим бўладики, ҳар бир банда учун тавба қилишлиги зарурий амалдир. Зеро, ҳакимлардан бирлари шундай деганлар: “Тавба инсон учун балиққа сув қанчалик зарур бўлса, шунчалик зарурдир. Сувсиз балиқ ҳалок бўлгани каби, инсон тавбасиз ҳалок бўлади”. 
 Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг биз гуноҳкор умматларига бошқа амалларда бўлгани каби, тавбада ҳам доимо бардавом бўлишимиз учун ўзлари намуна бўлиб, муборак ҳадисларида шундай баён қилганлар. 
يَا أَيُّهَا النَّاسُ تُوبُوا إِلَى اللهِ فَإِنِّي أَتُوبُ فِي الْيَوْمِ مِائَةَ مَرَّةٍ
“Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан” дедилар. (Имом Бухорий ривояти)
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавба қилишлари ва истиғфор айтишлари гуноҳ сабабидан эмас. Чунки у зот саллоллоҳу алайҳи васаллам каттаю кичик гуноҳлардан покдирлар. Лекин   пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам камтарлик  қилиб,  Аллоҳ таолонинг азаматига лойиқ бандачилик қилолмадим деб ҳисоблаганлари учун тавбақилганлар. Яна бу ҳадисда умматларини тавба ва истиғфорга қизиқтириш ҳам бор.      Дарҳақиқат,гуноҳлардан пок зот бир кунда юз марта тавба қилган бўлсалар, биз каби бугун гуноҳлар ботқоғидан ҳали қутилиш йўлини  ахтаришга ўзларида вақт топаолмай турган Расулуллоҳнинг  осий умматлари қачон тавба қиламиз? Аллоҳ таолонинг бу юборган балолари бизларни тавба қилишлигимиз учун юборилгандир. Бугун оила аҳлимиз билан содир этган хатоларимизга яна қайтмаслик учун чин тавба қилайлик, шунда Меҳрибон Роббимиз бошимиздан бу балоларни тезда даф қилса!   
 
Бекзод НАРҚУЛОВ

Чироқчи туман бош имом хатиби: