Қарши тумани « Акбар халифа эшон ибн Мухтор » масжиди
« Акбар халифа эшон ибн Мухтор» масжиди Қарши туман Потрон қишлоғидадир. Потрон қишлоғи Қарши туман маркази Бешкент шаҳридан 3 км ғарбда жойлашган. Қишлоқнинг номи форс тилидаги сўз бўлиб, у ўзбек тилидаги « оталар» деган маънони англатади. Бу ҳақда « Патрон қишлоғи тарихи » китобида: « Падарон > Патрон – антропотопоним яъни “ Етти туғ ота” лар шаъни, тахаллусидан юзага келган ариқнинг номидир. Патрон > Падарон, уни падар+он тарзида морфемага ажратиш мумкин. Падар сўзи форсча-ўзбекча луғатда: “ Падар-ота ( раҳбар)” деб берилади. Падар форс-тожик сўз бўлиб, унга –он кўплик аффикси қўшилган. Падар сўзига “он” кўплик аффиксини қўшилишига сабаб “ Етти туғ ота” етти сонида яъни кўплик ҳолатида эканлиги билан изоҳланади. Падар+(он) яъни (етти) оталар деган маънони англатади ” дейилади.
Масжид шу қишлоқда кўп йиллар имомчилик қилган, халқ орасида “ Халфа эшон ” номи билан танилган Акбархон Мухторов ( 1899-1981) номи билан аталади. Акбархон Мухторов имомлик фаолияти учун шўролар даврида кўп таъзиқларга учраган. Шу сабабли қишлоқ халқининг таклифига кўра 1998 йилда масжидга унинг номи берилди.
Масжид 1998 йил 8 август куни К-16 Қашқадарё вилоят адлия томонидан рўйхатга олинган. Қарши туман ҳокимлигинининг қарори билан масжидга ер майдони ажратилган. Масжиднинг банкда ўз ҳисоб рақами бор.
“ Акбар халифа эшон ибн Мухтор” масжиди XVI-XVII асрларга тааллуқли меъморий ёдгорликдир. Масжид мурабба тарҳлидир. Унинг бўйи ва эни 9 метр, 60 сантиметрдан ташкил топган. Масжид деворининг 1 метрдан саҳал кўпроқ қисми пишиқ ғиштдан терилиб, унинг қолган қисми эса хом ғиштдан барпо қилинган. Масжид ўртасида бўйи ва эни 1 метр 60 сантиметрдан иборат бўлган пишиқ ғиштдан терилган устун бор. Ана шу устуннинг юқорига қараб терилган тўртта равоқларига масжиднинг тўртта гумбази туташтирилган. Масжиднинг тўртта гумбази пишиқ ғиштдан терилган. Масжид юртимизда “ Чор (тўрт)гумбаз” ли масжидлар қуриш кенг тус олган давр меъморчилигининг намунасидир.
Масжиднинг бино бўлиш тарихи ҳақида гапирганда, шу қишлоқда дафн қилинган “ Етти туғ ота ” номи билан танилган шайх Мир Саййид Фатҳулло ҳазратларининг номларини тилга олиш зарур. Мир Саййид Фатҳулло пайғамбаримиз (с.а.в) авлодларидан бўлиб, у зот 16 асрда яшаб ўтган. У зотнинг насаби ва авлоди баён қилинган шажара бугунги кунларда қишлоқда сақланади. У шажарада: « Мир Саййид Фатҳуллоҳ Байтуллони тавоф қилишни кўнгилларига келтирдилар ва аҳли-биродарлари билан видолашиб, эҳром боғладилар. Макка шаҳридаги Байтуллоҳни тавоф қилиб уммулбилод бўлган Балх шаҳрига келдилар. Мир Саййид Фатҳуллоҳ ҳазрати Порсо валининг Файзул-анвор номлик мозорларига келиб, шу ерда истиқомат қилиб қолдилар ва ул зотга насибангиз Насафда деган буйруқ бўлди. Бузруквор тоғалари амри, азиз арвоҳлар башорати билан (Мир Саййид Фатҳулло)га Насаф (вилояти) га тобеъ, Кўҳнабоғ мавзуи ( Потрон қишлоғи)га (бориш) маълум қилинди. Ул жаноб бу ерга келиб, хонақоҳ бино қилдилар ва шу ерда истиқомат қилишни ихтиёр қилдилар. Алҳол ( айни чоғда) ул жаноб хонақоҳнинг шарқий томонида дафн қилинганлар” дейилади.
Маълумки, хонақоҳ деб масжиднинг намоз ўқиладиган кенг хонаси тушунилади. Бу ҳақда “ Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да : Хонақоҳ- форсча хилватхона, узлат; дарвешлар макони. Масжиднинг намоз ўқиладиган, одатда кенг ва катта хонаси. Маҳалла, қишлоқ масжидларининг томи гумбазли ёки текис бўлган қишки қисми” дейилади. Ана шу хонақоҳ асосида масжид бунёд этилиб, у замонлар ўтиши билан бир неча марта таъмирланган.
Мустақиллик йилларида масжид қайта таъмирланди. Бу таъмирланишида Қарши Усмонов, Анвар Раҳимовларнинг ҳиссаси катта бўлди. Масжид ёнидаги қўшимча хоналар Раҳматулло Ўрақов томонидан қуриб берилди. Қадимда масжид ёнида азон айтиладиган мезона бор эди. У вақт ўтиши биноан яроқсиз бўлиб қолди. Шу сабабли Хурсандмомо томонидан масжид ёнида янги баландлиги 13 метрлик мезона қурилди.
Масжид ёнида қўшимча хоналар мавжуд. Масжидда кутубхона, таҳоратхона, ғуслхона, ҳожатхона бор. Масжидниг ҳовлиси ва боғида гуллар ва манзарали дарахтлар экилган.
Ҳозирги кун « Акбар халифа эшон ибн Мухтор» масжиди қишлоқ халқининг диний эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилмоқда.
[1] Рустамов. А. Каримов. Қ. Умаров. З. Форсча-ўзбекча ўқув луғати. Т. Ўқитувчи. 1975. 54-бет.
2 Акбаров р. Патрон қишлоғи тарихи. Қарши. Насаф нашриёти. 2013. 22-бет.
3Акбаров Р. Шамсиддинов Н. Етти туғ ота шажараси. Т. Тошкент Ислом университети. 2015.
4 Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Т. “ Ўзбек миллий энциклопедия ”. Давлат илмий нашриёти. 2008. 412-бет.