1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РАМАЗОН – ҚУРЪОН ОЙИ

28-04-2020, 15:03 992 Ўқиш режими + -

Рамазон – Қуръон ойи 
 
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
 
Қуръон Карим одамзотни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга, куфрдан иймонга, торликдан кенгликка, маҳзунликдан хурсандчиликка, безовталикдан хотиржамликка олиб чиқадиган Аллоҳнинг каломидир. Унинг фазли билан бошқа сўзларнинг фазли Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек: “Аллоҳнинг сўзи билан банданинг сўзи орасидаги фазлнинг фарқичаликдир”. 
Нисо сурасининг 174- оятида Қуръон ҳақида шундай дейилган: "Сизларга равшан нур (Қуръон)ни нозил этдик".
 
Ушбу оятда айтилганидек, Қуръон нурдир. Ким унга эргашса, Қуръон унинг йўлини ёритиб боради. Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Қуръон бу дунёда мўминга нур ва қиёмат кунида савобга муҳтож бўладиган пайтда заҳира бўлиши айтилган: Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бир куни мен: "Ё Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?", дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларингнинг бошидир", дедилар. Мен: "Ё Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг", дедим. Шунда у зот: "Сен Қуръон тиловатини ўзингга лозим тут. Зеро у сен учун ерда нур ва осмонда заҳира бўлади", дедилар". (Ибн Ҳиббон ривояти). 
Қуръон муборак китобдир. Ким уни тиловат қилса, ундаги буйруқ ва наҳийларга амал қилса, ҳаёти барокатли бўлади. Анъом сурасининг 155-оятида бу ҳақда шундай дейилган: "Биз нозил қилган бу Китоб муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар".
 
 
         Қуръон раҳмат ва шифодир. Исро сурасининг 82-оятида бу ҳақда шундай дейилган: "(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят) ларни нозил қилурмиз".
 
         Қуръон ҳам моддий, ҳам маънавий дардларга шифо бўлиб, Аллоҳнинг бандаларига берган буюк раҳматидир. Қуръон қалбдаги кирларни кеткизиб, уни мусаффо ҳолатга келтиради. "Шуъабул иймон" китобида Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадис бу фикрни қўллаб-қувватлайди: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бу қалблар худди темир занглаганидек, занглаб қолади", дедилар. Саҳобалар: "Унинг зангини кетказадиган нарса нима?", деб сўрашди. У зот: "Қуръон тиловати", деб жавоб бердилар". (Байҳақий ривояти) 
Нақадар буюк неъмат! Ҳамма ҳисоб-китобим нима бўлар экан, деб хавотирга тушиб терга ботиб турганда, дунё ҳаётида Аллоҳнинг розилигини истаб Қуръон ўқиган киши ҳамма ҳавас қиладиган даражада хотиржам ҳолда жаннатга киришини кутиб, хушбўйликлар узра роҳатланиб ўтиради. Қуръон ўқиб юрган киши бу умматнинг энг шарафлиси ҳисобланади. Чунки у Аллоҳнинг каломини ёд олгани учун Аллоҳнинг ўзи уни азиз қилиб қўяди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қорилар ва тун соҳиблари (яъни таҳажжуд ўқийдиганлар) умматимнинг шарафлиларидир", дедилар". (Байҳақий ривояти). 
Қуръон қиёмат кунида: "Аллоҳим, бу бандангни мағфират қил. Чунки у мени ёд олган ва ҳар доим тиловат қилиб юрган. Кечқурунлари бедор бўлиб мени қироат қилган", деб шафоат қилади. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилган: Абу Усома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръонни тиловат қилинглар. Чунки Қиёмат куни ўқиган эгасига у шафоатчи бўлиб келади", дедилар. (Имом Муслим ривояти) 

Қуръон ўқиш ва ёд олишнинг ажр-савоби жуда катта. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондан бир ёки икки оят ўқишни энг қиммат баҳо туяга эга бўлишдан афзал қўйганлар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган: Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Биз суффадалигимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (ҳузуримизга) чиқиб: "Сизлардан қайси бирингиз ҳар куни Бутҳон ёки Ақиқ номли ерга бориб, у ердан икки катта ўркачли туяни, гуноҳга ботмаган ҳолда ва қариндошлардан алоқани узмаган ҳолда олиб келишини яхши кўради", деганларида, биз: "Ей Аллоҳнинг расули, ундай бўлишини яхши кўрамиз", деб айтдик. Шунда у зот: "Сизлардан бирингиз масжидга бориб, у ерда Қуръон ўрганиб ёки Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан икки оят ўқиш икки туядан яхшироқдир. Уч оят ўқиши уч туядан яхшироқдир. Тўрт оят ўқиши тўртта туядан яхшироқдир. Яъни оятларнинг ададлари туя ададларидан яхшироқдир", дедилар". (Имом Муслим ривояти) Ушбу ҳадисда биргина оят эвазига бериладиган ажрнинг нақадар улкан бўлиши айтиб ўтилмоқда. 
Шу ўринда бир нарсани ҳам таъкидлаб қўйиш лозим. Кимдир бу ҳадисни ўқиб, бир оятга бир туя эканда, деб бериладиган ажрни паст деб билмасин. Авваламбор ҳозирги кунда ҳам туялар жуда қиммат, бундан ташқари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида минишга энг қиммат ва обрўли улов туя бўлган. Шунинг учун у зот туяни мисол қилганлар. Агар ўша туяни ҳозирги кундаги энг қимматбаҳо уловларга таққослайдиган бўлсак, бир оятга бериладиган ажрнинг нақадар улкан бўлишини яхши ҳис қиламиз. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бунинг учун бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн баробарга кўпайтирилур. "Алиф. Лаам. Мийм – бир ҳарф" демайман. Балки "Алиф" бир ҳарф, "Лаам" бир ҳарф, "Мийм" бир ҳарф", дедилар".(Имом Термизий ривояти) 
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ машҳур "Тафсиру қуръанил азим" китобида Қуръондаги ҳарфлар адади борасида Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзини келтирган: "Ҳисобимизга қараганда Қуръони каримдаги сураларнинг ҳарфи уч юз йигирма минг ўн бешта ҳарфдан иборат". Ҳозирги техника ривожланган даврда баъзи мутахасислар Қуръондаги ҳарфлар сонини электрон асбоблар ёрдамида ҳисоблаб, берган маълумотига кўра Қуръонда 322604 та ҳарф бор. Ушбу рақамни ҳадисда айтилганидек ўнга кўпайтирсак 3226040 та (уч милион икки юз йигирма олти минг қирқ) ҳасанага тенг бўлади. Демак ким Қуръонни бир марта хатм қилса, уч милион икки юз йигирма олти минг қирқта савобга эга бўлади. Энди тасаввур қилиб кўринг, ҳар ойда Қуръонни бир марта хатм қилган киши эрта қиёмат кунида номаи аъмолини кўрганда сон-саноқсиз ажрларни кўриб хурсанд бўлиши табиийдир. Ким Қуръон ўқиса ва уни башқаларга ўргатса, бу умматнинг энг яхшиси бўлади. Зеро, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ҳам ўргатадиганларингиздир", дедилар". (Имом Бухорий ривояти). Қуръон ёдлаган киши қанча кўп сурани ёдлаган бўлса, жаннатда даражаси шунча баланд бўлади. Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Қуръонни ёдлаган кишига: "Қироат қилиб кўтарилавер. Дуёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундай тартил қил. Албатта, сенинг (жаннатдаги) манзилинг охирги қироат қилган оятингача кўтарилиб бориб оят тугашида тўхтайди", дейилади". (Абу Довуд ривояти). Демак ким жаннатда олий даражада бўлишни истаса, Қуръон сураларидан кўпроқ ёдласин. Қуръон ўз соҳибини дўзахга киришдан сақлайди. Шунинг учун Абу Умома розияллоҳу анҳу: "Қуръонни ёдланглар. Чунки қалбида Қуръони бор одамни Аллоҳ дўзах олови билан азобламайди", деганлар. 
 

Барчамизга маълумки юртимизда муборак Рамазон ойи шукуҳи кезмоқда. Рамазон – Қуръон ойи. Бу ойда Аллоҳнинг каломи нозил этилган. “Биз Рамазон ойида Қуръони каримни нозил қилдик”. Демак Рамазон – бу Қуръон ойи. Қуръони каримнинг икки хил маъноси бор: биринчиси, “ўқимоқ”, иккинчиси “жамламоқ”. Ўқимоқдан мурод каломуллоҳни ўқишлик билан банда ибодат даражасига кўтарилади. Жамлаш эса Одам алайҳиссаломдан Пайғамбаримиз алайҳиссаломгача юборилган ҳамма динларнинг ҳикматини, қаймоғини жамлаган таълимотлар йиғиндиси ҳисобланади. Бундан ташқари, бу ойнинг баракаси Қуръони каримнинг нозил этилиши бўлса, Қадр кечасида у Лавҳул маҳфуздан Ер осмонига битта китоб шаклида нозил қилинган ва 23 йил мобайнида Аллоҳнинг иродаси ила бу таълимот пайғамбаримиз алайҳиссаломга етказилган. 
Қуръоннинг ҳақи, уни бир йилда камида икки марта хатм қилишликдир. Бу одат пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан мерос бўлиб қолган. Бу китоб уйларнинг бурчагига осиб қўйиш ёки жавонларни безаш учун эмас, балки уни ўқиб, айтганларига риоя қилиш учун керак. 
Мана, яқин икки йил олдин Ўзбекистонда ажойиб байрам ўтказилди – Қуръон мусобақаси. Мана шу мусобақа бизга Қуръони каримни ўқишга, ўрганишга ва ёшларимизга кўпроқ тарғиб қилишга жуда катта малака ҳосил қилиб берди. Чунки халқимиз Қуръонга мухлис халқ ҳисобланади. Мусобақада ёш-ёш ўғил-қизларнинг ўқишлари кўпчиликка ибрат бўлди. Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак. Каломуллоҳ бизга Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъмат, бойлик ҳисобланади. 
Имом Аъзамнинг энг катта шогирдларидан бўлмиш Ҳазрат Абу Юсуф Аббосийлар давлатида энг катта қози бўлиб турганларида эр-хотин бир масала билан ёнларига келибди. “Биз анча вақт фарзанд кўрмаганмиз. Бу Аллоҳимнинг синови эди. Аллоҳдан сабр билан фарзанд сўраб, охири қизлик бўлганмиз. Тирноққа зор бўлиб юрганимизда агар фарзандли бўлсак, уни уйлаётган ёки узатаётганимизда сепига дунёнинг бойлигини қўямиз, деб ният қилгандик. Мана, қизимизга совчилар келяпти, бизда эса бунча бойлик йўқ, атаган назримизни қилолмаяпмиз”, дейишибди улар. Ҳазрат Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ўйланиб туриб, шундай дебдилар: “Уйингизда Аллоҳнинг китоби - Қуръони карим борми?”. “Ҳа, бор”. “Шуни қизингизнинг сепига қўйинг. Бу китоб сиз айтаётган дунёнинг бойлиги эмас, бу охиратнинг ҳам бойлиги. Бу билан қизингизнинг сепига нафақат дунё бойлиги, балки охират бойлигини ҳам қўйган бўласиз”дедилар. 
Яратган эгам барчамизни Ўзининг китоби бўлмиш муборак Қуръони каримни ўқиб-ўрганиб ўз хаётимизга татбиқ қилишимизни насиб айласин!

Бозоров Абдуғани
 
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси