Ақоид матнлари
Учинчи қисм
«АЛ-АҚИДАТУТ-ТАҲОВИЯ» РИСОЛАСИ
Муаллифи— Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Таҳовий. 238
ҳижрий/858 милодий йилда Мисрнинг Таҳо номли қишлоғида туғилиб, 321
ҳижрий/933 милодий йилда Қоҳирада вафот этганлар. Ҳанафий
мужтаҳидларининг энг йирикларидан. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тарих
ва бошқа фанларда замонасининг пешвоси бўлганлар.
«АҚИЙДА» РИСОЛАСИ
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила
Ҳамду сано оламлар Парвардигорига хосдир!
Ушбу рисолада биз Имом Аъзам, Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад(Аллоҳ улардан рози бўлсин) каби машҳур соҳиб мазҳаб фуқаҳоларимиз эътиқод қилган«Аҳли Сунна вал-Жамоа» ақидаларини баён этамиз. Аллоҳнинг тавҳиди тўғрисида унинг тавфиқи билан чин дилдан эътиқод қилган ҳолда қуйидагиларни айтамиз ва уларга ишонамиз:
Аллоҳ бирдир, Унинг шериги йўқдир, Унинг тенги ва тимсоли йўқдир, Уни енгадиган ва ожиз қолдирадиган бирор куч йўқдир, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У қадимдирки, ибтидосиз ва доимийдирки, интиҳосиз. У фоний эмас ва асло йўқ бўлмас. Барча иш фақат унинг ирода-хоҳиши билан бўлур. Унинг моҳиятига ақл етмас. Унинг ҳикматини ҳеч бир кимса фаҳм этмас.
У одамларга ўхшамас. Тирикдир— ўлмас, қойимдирки, ухламас. У яратувчидир, лекин Ўзи беҳожат. Ризқ берувчидир, лекин Ўзи ҳақ олмас. У ўлдирувчидир, лекин қўрқмас. Яна тирилтирувчидир, лекин бемашаққат. Барча сифатлари ҳеч нимани яратмай туриб ҳам мавжуд бўлган. Яратгандан кейин Унга бирор сифат қўшилиб қолган эмас. Азалий бўлган сифатлари
абадий боқий қолур. Холиқлик сифатини оламни халқ этганидан кейин олгани йўқ. У Парвардигордир, лекин ўзи парваришга муҳтож эмасдир. Ўзи Холиқдир, махлуқ эмас. Ўзи жон ато этган махлуқларини ўлганларидан кейин қайта тирилтиргай, лекин бу сифати тирилтирмай туриб ҳам мавжуд эди. У ҳамма нарсага қодир, ҳамма нарса Унга муҳтождир. Ҳамма иш Унга осондир. Бирор нарсага зор эмасдир. Унинг ўхшаши, тенги йўқдир. У эшитувчи ва
кўринувчидир. Барча махлуқотни ўз илми билан билиб яратган ва уларни ўлчов ва муддат билан белгилаб қўйган. Уларни яратмай туриб ҳам ҳеч нарса Унга махфий эмас эди.
Одамларни яратмай туриб нима ишларни қилишини билган. Билиб туриб уларни итоат қилишга буюрган, итоатсизликдан қайтарган. Ҳамма нарса Унинг тақдири, хоҳиши билан бўлур. Унинг хоҳиши ҳамиша устундир. Одамларнинг хоҳиши Унинг хоҳишига боғлиқдир. Яъни У нимани хоҳласа бўлади, хоҳламагани бўлмайди. Хоҳлаган бандасини ўз хоҳиши билан гуноҳ-маъсиятлардан сақлаб, ҳидоят йўлига солиб қўяди. Хоҳлаган бандасини ўз адли билан адашган ҳолича қўйиб, ёрдамсиз қолдиради. Ҳамма Унинг ё фазлига ёки адлига учраб туради. Унинг на акси бор ва на тенги. Унинг қазо ва тақдирини ҳеч ким тўса олмайди. Унинг ҳукми қатъий ва
амри ҳамиша ғолибдир. Буларнинг ҳаммасига имон келтирамиз.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг танлаган қули ва охирги пайғамбаридир. Ул зотдан кейин қилинган ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ёлғондир. Ул ҳазрат барча жин ва Одам авлодларига юборилган ҳақиқий пайғамбардирлар.
Қуръон— бу Аллоҳнинг сўзидир. Унинг ҳузуридан Расулуллоҳга ваҳий орқали сўзма-сўз нозил қилинган. Буни барча мўъминлар ҳақ деб ишонмоқлари шартдир. Аллоҳнинг каломи инсон каломидек эмас. Кимики уни эшитганда инсон сўзи деб эътиқод қилса, диндан чиқиб кофир бўлур. Бу ҳақда Аллоҳнинг ўзи Қуръони каримда хабар бериб: «Ундай шахсни Сақар дўзахига солурман», — деган. Демак, Қуръон— бу инсоннинг сўзи эмас, балки инсонни ҳам яратган Холиқнинг каломи экан. Кимики Аллоҳни таърифлаганда, Уни инсонга ўхшатса, кофир бўлиб қолади. Бунга ибрат назари билан боқмоқ кофирлар эътиқодидан ҳазар қилмоқ ва Унинг барча сифатлари инсон сифатларига ўхшамайди, деб билмоқ зарурдир.
Жаннат аҳли Аллоҳнинг дийдорини кўрурлар, лекин макон ва кайфиятсиз. Бунга ушбу оят далилдурки: «Ушбу кун баъзи кишиларнинг юзлари Парвардигорига қараган ҳолда хурсанддурлар». Бунинг тафсири ва ҳақиқати Аллоҳнинг иродаси ва илмига ҳаволадир. Ҳадиси шарифларда Аллоҳнинг дийдорини кўриш хусусида келган хабарларга бешак ишонамиз, лекин ўзимизча таъвил ёки шарҳ қилмаймиз.
Аллоҳга ва Унинг расулига таслим қилган ва билмаган илмини ўз билувчисига топширган киши ҳақиқий эҳтиёткор мўъмин ҳисобланади. Исломнинг қадами ҳам Холиққа таслим этиш ва бўйинсуниш билан саботли бўлади. Билиш мумкин бўлмаган нарсани биламан, деб беҳуда уриниш турли шубҳа ва хаёлотларга олиб келади. Натижада ундай одам ҳақиқий тавҳиддан узоқлашиб куфр билан имон ўртасида сарсон бўлиб қолади. Яъни васвасага гирифтор бўлиб—ишонувчи мўъминми ёки ишонмайдиган мункирми— дилига шак тушиб қолади.
Жаннатда Аллоҳни кўриш кайфийяти хаёл ёки фикр билан белгиланмайди, балки фақат кўришликни ҳақ деб билиб, қандай ва қанақа деган саволлардан эҳтиёт бўлмоқлик зарур бўлади. Зеро, Парвардигоримиз ваҳдоният, яъни ягоналик сифати билан сифатланган. Бундай сифат бирорта бошқа зотда йўқдир. У чегара, аъзо, асбоб ва махлуқотдек ҳар олти томон
билан сифатланмайди.
Меърож воқеасини ҳақ деб эътиқод қиламиз. Аллоҳ таоло Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни бир кеча уйғоқлик ҳолларида осмонга олиб чиқиб, Ўзи хоҳлаган аломатларни кўрсатгани ҳақиқатдир. Бу борада оят ва ҳадислар ворид бўлган. Қиёмат куни Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини Аллоҳнинг марҳамати билан Ҳавзи Кавсар суви билан меҳмон қилишларини ҳам ҳақ деб эътиқод қиламиз.
Пайғамбаримизнинг гуноҳкор умматларига шафоат қилиб, мағфират сўрашлари ҳам ҳақдир.
Аллоҳ таолонинг Одам алайҳиссалом ва унинг зурриётидан аҳд-паймон олгани, яъни «Мийсоқ» ҳам ҳақдир.
Аллоҳ таоло қиёматда қанча одам жаннатга, қанча одам дўзахга киришини азалдан билган. Ўша ададнинг миқдори асло кам ёки зиёда бўлмайди.
Бандалар дунёга келиб нима ишлар қилишини ҳам Аллоҳ таоло азалдан билган. Ҳар бир инсонни тақдирига мувофиқ иш қилиб борадиган қилиб қўйган. Барча ишлар оқибати ва натижасига қараб баҳоланади.
Тақдирда бахтли деб ёзиб қўйилган одам ҳақиқий бахтлидир. Шунингдек, тақдирда бахтсиз ёки бадбахт деб ёзиб қўйилган инсон ҳақиқий бахтсиздир. Тақдир эса инсонлардан сир тутилади, у фақат Аллоҳгагина маълумдир. Уни ҳатто, Аллоҳга яқин бўлган фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам билмайдилар. Тақдир тўғрисида чуқур хаёл юргизиш ёки баҳслашиш беҳуда ишдир, балки туғёндир. Бундан жуда ҳазар қилиш зарур. Уни Аллоҳ таоло ўзига хос илм қилиб, бандаларини тақдир тўғрисида фикр юритишдан ман этади. Бир ояти каримада: «Аллоҳ ўзининг қиладиган ишларидан ҳеч кимга ҳисобот бермайди, балки одамлар Унга ҳисобот берурлар», дейилади. Кимики: «Нега Аллоҳ бундай қилади ёки нега ундай қилмади?» деса, Тақдир ҳукмини рад этган бўлиб, имондан ажраб қолади.
Қалби чин имон нури билан мунаввар бўлган, Аллоҳга яқин бандаларга керакли маълумотлар шулардан иборат. Пухта илмли деб ҳам шундай ақидага эга бўлганларга айтамиз. Зеро, илм икки хил бўлади. Биринчиси ҳаммага зоҳир ва ошкора илм, иккинчиси ғайбий пинҳона илм. Зоҳирий илмларни инкор этиш ёки ғайбий илмларни билишни даъво этиш куфр ҳисобланади. Зоҳирий мавжуд маълумотларни қабул этиш ва ғайбий илмлар даъвосини тарк этиш билангина имон собит туради.
Аллоҳнинг ҳузуридаги барча нарсалар тақдири ёзилган Лавҳ ва Қаламнинг ҳақлигига ҳам имон келтирамиз. Ҳамма халқ бир бўлиб, Лавҳи маҳфуздаги«бўлади» деб қўйилган ишни бўлдирмасликка уринсалар ҳам асло қўлларидан келмайди. Шунингдек, «бўлмайди» деб ёзиб қўйилган ишни ҳам бўлдира олмайдилар. Қиёматгача бўладиган ишларни қалам ёзиб битирган ва сиёҳи қуриб битган. Бир банда хато иш қилган бўлса, демак, у тақдир бўйича шундай қилиш керак бўлган, тўғри иш қилган бўлса ҳам худди шундай.
Ҳар бир банда шуни яхши билмоғи керакки, Аллоҳ таоло барча бўладиган ишларни олдиндан билган ва шу илмига биноан қатъий тақдирини белгилаб қўйгандир. Унинг тақдирини ўзгартириб қўядиган бирор куч йўқ. Яратган еру осмонларида бирор нуқсон ёки ортиқчалик йўқ. Ояти каримада воридким: «У ҳар бир нарсани ўзига муносиб аниқ ўлчови билан
яратди». Яна бир бошқа оятда: «Аллоҳнинг барча иши пухта ўлчов биландир» дейилади.
Бас, кимики азал тақдирида Аллоҳнинг душмани деб ёзилиб қолган бўлса, дили Аллоҳ учун эримайдиган тошбағир бўлса, ўзининг ноқис ақли билан ғайбий нарсаларни билишни даъво қилса ва бу ишлари билан ёлғончи номига сазовор бўлиб осий бўлса, унинг ҳолига вой!
Давоми бор...
Aqoid matnlari
www.ziyouz.com кутубхонаси