1445 йил 12 Шаввол | 2024 йил 20 апрель, Шанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:32
Sunrise
05:53
Dhuhr
12:36
Asr
17:21
Maghrib
19:19
Isha
20:41


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЬЛАА СУРАСИ

30-04-2020, 16:27 608 Ўқиш режими + -
АЬЛАА СУРАСИ

Маккада нозил бўлган. 19 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи унинг биринчи оятдаги «Аьлаа» сўзидан олинган. «Аьлаа» сўзи араб тилида «олий қадар», «энг юқори» маьносида бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифати олияларидан биридир.
«Аьлаа» сураси Маккий суралардан бўлиб,Аллоҳ таолонинг зоти олийси ва баьзи сифатларини, Унинг қудрати ва ваҳдониятига далилларни, ваҳийни, Қурьоннинг яхшиларга манфаат берадиган мавиьза эканлигини ва ўхшаш масалаларни муолажа қилади.
Бу сураи карима  энг аввал нозил бўлган суралардан биридир. Ваҳий нозил бўлиши янгилик бўлган пайтида Пайғамбар алайҳиссалом Қурьони Карим оятларини унутиб қўйишдан хавфлари бўлган. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўз маҳбубига оятларни унуттирмасликни Ўз зиммасига олганини билдиради ва бундай хавфни унутишга даьват қилади. 
«Аьлаа» сурасида Аллоҳнинг ягоналиги хақида сўз юритилади. Пайғамбар алайҳиссаломга ҳақиқат йўли кўрсатилади. Аллоҳнинг кўрсатмасига амал қилмаганларнинг оқибати нима бўлади-ю, амал қилганларнинг аҳволи нечук бўлади, баён қилинади. 
«Аьлаа» сураси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони поклаш, Унинг Холиқлигига, қудратига ва ваҳдониятига далолат қилувчи баьзи ишларини зикр қилиш билан бошланади.
Сўнгра ваҳий ва Қурьон ҳақида сўз юритилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бу улуғ китобни унуттирмаслик ва ёдлашни осон қилишга ваьда берилади.
Ундан кейин ушбу Қурьон ила одамларни эслатиш, ўшанда мўминлар ундан фойда олиши таькидланади.
Ниҳоят, сураи карима хотимасида, ким ўз нафсини гуноҳ ва ёмонликлардан покласа, ютуққа эришиши ҳақида сўз юритилади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
 
1. Олий қадар бўлган Роббинг исмини поклаб ёд эт. 
Ушбу ояти каримадаги хитоб аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали ҳар бир мўмин, мусулмонга қаратилгандир. Яьни, Роббингни Унинг олий зотига лойиқ бўлмаган барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб ёд эт. Ҳар бир мўмин-мусулмон ушбу амри илоҳийни ҳам бошқа илоҳий фармонлар қатори амалга оширмоқлари лозимдир. Улар Аллоҳ таолони барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб, Аллоҳ Ўзи қандоқ амр этган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандоқ ўргатган бўлсалар-шундоқ ёд этишлари лозим. Биз «поклаб ёд этиш», деб ишлатаётган иборамиз арабчада «тасбиҳ» масдаридан олинган иборалар билан ифода этилади. Бизнинг Исломий адабиётимизда ҳам «тасбиш айтиш» бирикмаси маьлум ва машҳур. Тасбиҳ айтиш ҳам улуғ ва савобли ишлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ушбу оятни ўқисалар, «Субҳана Роббиял Аьлаа», дер эканлар. Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан кейинги қилинадиган зикрни ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳи» дейиш билан бошлаганлар ва мўмин мусулмонларни ҳам шундоқ қилишга чоралаганлар.
Шунингдек, мана шу оят тушганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Бу оятни саждада айтинглар»,–деганлар. Шунинг учун намозхон саждада турганда «Субҳана Роббиял аьлаа»,–дейди.
 
2. У яратган ва мутаносиб қилган Зотдир. 
Яьни, Ўша олий сифат соҳиби бўлган Роббинг барча нарсаларни мутаносиб қилиб яратгандир.
Дунёдаги махлуқотларнинг ҳар бирига назар солинса, Аллоҳнинг қудратига, ҳар бир нарсани дақиқлигича илоҳий ҳикмат ила маҳорат билан мутаносиб қилиб яратганига қойил қолмасдан илож йўқ. 
Инсон ўзига назар солса, ҳар бир аьзоси энг муносиб ҳажмда, жойда, шаклда эканини билади. Бирортаси озгина ўзгарса, мувозанат бузилади, ўз вазифасини адо этолмай қолади. Бошқа махлуқотлар ҳам худди шундай. 
Аллоҳ таоло дунёдаги барча нарсаларни яратган Зотдир. Яратганда ҳам мутаносиб қилиб, яхшилаб, мўьтадил қилиб, улардан кўзланган манфаатларга мос қилиб яратгандир. Ҳар бир инсон ёки ҳайвоннинг ҳазм қилиш, нафас олиш аьзолари ва уларнинг фаолиятини олиб кўринг. Шунингдек, кўриш ёки эшитиш жиҳозларини олиб кўринг. Умуман, ҳар бир жонзотнинг қайси бир аьзосини алоҳида тадаббур ила тафаккур қилиб кўрилса,Аллоҳ таолонинг холиқлигига тан бермай илож йўқ.
 
3. У ўлчов билан қилган ва ҳидоятга бошлаган Зотдир. 
Ҳар бир нарса, ҳатто, ақлсиз бўлса ҳам, Аллоҳ берган ҳидоят орқали бу дунёда ўз ўрнини топади, вазифасини бажаради. Асаларилар ва чумолилар ҳаёти ҳақидаги илмий мақолаларни ўқиб, ўйлаб кўришнинг ўзи кифоя. Шунингдек, ўсимликлар ҳақида ҳам маьлумот билганлар Аллоҳга яна ҳам яқин бўладилар.
 
4. У ўт-ўланни чиқарган Зотдир.
Бу ҳамАллоҳ таолонинг қудратига далилдир. Бу ишни ҳамАллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот қила олмайди.
 
5. Бас, уни қорайган хашак қилган Зотдир. 
Бу дунё ҳаёти ҳам шундоқ: инсон ҳам униб чиқади, ўсиб, улғаяди ва ниҳоят, қариб-қартаяди, қуриб, ҳалок бўлади. Қуйидаги оятлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоблар бўлиб, Аллоҳ таоло у зотга берган хусусиятларидан баьзиларини эслатиб ўтади.
 
6. Биз сенга (Қурьонни) қироат қилдирамиз, бас, сен уни эсдан чиқармассан. 
Бу сура юқорида айтганимиздек, энг аввал тушган суралардан бўлиб, мазкур оят унинг улкан мўьжизаларидан биридир. Чунки ўқиш-ёзишни билмаган Муҳаммад алайҳиссаломга улкан Қурьонни эсдан чиқармасликка ваьда бериляпти. Ҳақиқатда, йигирма уч йил давомида Жиброил алайҳиссалом келтирган узун-узун ояту сураларни Муҳаммад алайҳиссалом ҳеч қачон ёддан чиқармадилар. Бу ҳам бўлса, Аллоҳнинг инояти ва берган ваьдасига вафоси. Аллоҳдан ўзга ҳеч ким аввалдан бундоқ ваьда бера олмайди, шарманда бўлишдан қўрқади.
 
7. Магарам Аллоҳ хоҳлаганини. Албатта, У ошкорни ҳам, махфий нарсаларни ҳам биладир.
Яьни, мабодо Қурьондан бирор нарсани унитадиган бўлсанг ҳам фақатгина Аллоҳ хоҳлаган нарсанигина унитасан. Бундан Қурьонга заррача ҳҳам футур етмаслиги келиб чиқади. Чунки Алллоҳ таолонинг Ўзи доимий иноятида сақлаб туришни зиммасига олгандан кейин Қурьони каримнинг бирор ҳарфига ҳам зарар етмаслиги таьйиндир. Чунки
«Албатта, У ошкорни ҳам, махфий нарсаларни ҳам биладир».
Шундоқ бўлгандан кейин Ўз каломига ўзгариш ёки футур ерганини билмай қолармиди. Аллоҳ таолонинг Қурьони Каримни соқлаши воқеьликда ҳам аён бўлиб келмоқда. Мусулмонлар авлоддан авлодга Каломи илоҳийни омонат ила бир–бирларига ўргатиб, бир ҳарфига ҳам ўзгартиш киритмай сақлаб келмоқдалар.
 
8. Ва сени осон йўлга муяссар қиламиз.
Яьни, Сени эй Пайғамбарим, Ислом шариати йўлига йўллаб қўямиз. Сени Қурьонни унитмасликнинг, уни ўрганишнинг ва унга амал қилишнинг осон йўлига муяссар қилурмиз.
Ҳақиқатда, Ислом осонлик-енгиллик динидир. Ислом инсоннинг тоқатидан ташқарини таклиф қилмайди. Инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида унга енгиллик яратади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки нарсадан бирини танлашлари керак бўлса, доим енгил-осонини танлаганлар. Шунингдек таом, кийим, юриш-туриш, муомала ва бошқа барча нарсаларда такаллуфсиз, қийинчиликсиз, содда, осон тарафи ихтиёр қилинган. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда «Аллоҳ сизларга осонликни хоҳлайди, қийинчиликларни хоҳламайди», дейди. Афсуски, баьзи кишилар бу асосларни тушунмай, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийноққа қўядилар.
 
9. Бас, агар эслатиш манфаат берса, эслатгин.
Ушбу ояти карима Исломга даьват қилиш, кишиларга ваьз-насиҳат қилиш ишдаги улкан қоидадир.
Аллоҳ таоло бу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, агар эслатиш, ваьз-насиҳат фойда берсагина, бу ишни қилишни амр этмоқда. Шундан фойдага кўз етмаса, у ишни қилмаслик кераклиги келиб чиқади. Баьзи вақтларда ноўрин қилинган ваьз-насиҳат зарар келтириши ҳам мумкин.
Машҳур тафсирчиларимиздан Исмоил ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳи ушбу ояти карима тафсирида қуйидагиларни ёзганлар: «Мана шу ердан илм тарқатиш одоби олинади. У илмни илм аҳлидан бошқанинг ҳузурига қўйилмайди. Инчунин Али розияллоҳу анҳу ҳам, агар сен бир қавмга уларнинг ақли етмайдиган гапни гапирсанг, албатта, баьзиларини фитнага учратасан, деганлар. Яна у киши, одамларга билган нарсаларини гапиринг, деганлар».
Одамларни динга даьват қилиш, уларга ваьз насиҳат қилиш ҳам катта илм ҳамда улкан масьулиятдир. Бу ўта нозик ишни етук олимлар амалга оширмоқлари лозим. Ким кўринган ўзини динга даьват бобига ураверса, иш кутилмаган бурилиб кетиши ҳеч гап эмас. Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига ушбу оятда бераётган таьлими бежиз эмас. 
Кейинги келадиган оятларда эслатмани ким қабул қилиб эслайдию, ким ундан четда қолиб эсламайди ва уларнинг оқибати нима бўлиши ҳақида сўз кетади.
 
10. Албатта, У зотдан қўрққан эсга оладир.
Ҳа, агар қайси бир бандада Яратгандан заррача қўрқиш бўлса, у илоҳий-диний эслатмага қулоқ осади. Демак, диний дарс, ваьз-насиҳат, китоб ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларга ўзини урган одамда Аллоҳдан қўрқиш ҳисси бор, ундан яхшилик кутилади.
 
11. Ва бадбахтгина ундан четда бўладир.
Ҳа, фақат бадбахт бандагина ваьз-насиҳатдан, эслатмадан четда бўлади. Бинобарин, ваьз-насиҳат, диний дарс, китоб ва шунга ўхшаш нарсаларга ўзини урмаган кимса бадбахт эканлиги билиб олинаверади.
Кейинги икки оятда ваьз-насиҳат, эслатмадан четда бўлган бадбахтнинг охиратдаги ҳоли васф қилинади.
 
12. У катта оловга кирадир.
13. Сўнгра унинг ичида ўлмай ҳам, тирилмай ҳам қоладир.
Бу дегани, мазкур бадбахт азобда бардавом бўлади, дегани. Чунки ўлса, азобдан қутулиб кетади. Ҳақиқий тирик бўлса ҳам, ҳаётдан манфаатдор бўлиши керак.
Демак, бу дунёда ваьз-насиҳат ва эслатмадан четда бўлган бадбахт у дунёда охиратнинг катта оловига киради ва ўша олов ичида ўлиб-ўлмай, тирилиб-тирилмай доимий азоб-уқубат ичида қолади. Албатта, эслатмадан четда бўлгани учун, иймон, Ислом, амал-ибодатдан узоқда бўлгани учун шундай бўлади. Аммо ўша бадбахтнинг ҳоли тамоман бошқача тарзда; энг яхши ҳолатларда бўлиши ҳам мумкин эди. Бунинг учун эса, ваьз-насиҳат ва эслатмадан четда бўлмаслик ва қуйидаги оятларда зикр қилинадиган ишларни қилиши керак эди.
 
14. Батаҳқиқ, ким пок бўлса, ютуқ топадир. 
15. Ва Роббиси исмини зикр қилса ва намоз ўқиса ҳамдир.
Ҳа, охиратда ютуққа эришиш учун, катта оловга кириб куймаслик учун, ўша олов ичида на ўлмай ва на тирилмай ашаддий азобда қолмаслик учун ҳар бир банда бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳлардан пок бўлиши, ўз Роббисини зикр қилиб, намоз ўқиши шарт.
Аммо кўпчилик одамлар аксинча, хато қилиб, ўзларини умуман бошқача тутадилар. Келаси оятларда Аллоҳ таоло ана ўшаларга хитоб қилиб, уларнинг хатоларини юзларига солади.
 
16. Балки, сизлар бу дунё ҳаётини устун қўясизлар.
Эй одамлар, сизлар беш кунлик ҳаёти дунёни охиратдан устун қўясизлар. Бу дунё ҳаёти ғамини еб, охиратни унутасизлар. Бу дунёнинг ҳою ҳавосига ўзингизни уриб, охиратга тайёргарлик кўрмайсизлар.
 
17. Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир.
Ҳолбуки, сиз яхши кўраётган бу дунёдан кўра охират яхшироқдир. Бу дунёнинг неьматларидан у дунёнинг неьматлари мислсиз равишда яхшироқдир. Бу дунё фонийдир, охират боқийдир. Бас, шундоқ экан, нима учун яхшини қўйиб, яхши эмасга ўзингизни урасиз?! Нима учун боқийни қўйиб фонийга ишқибоз бўласиз?! Билиб қўйинг:
 
18. Албатта, бу аввалги саҳифаларда бордир.
19. Иброҳим ва Мусо саҳифаларидадир.
Яьни, Қурьондан аввал туширилган илоҳий китобларда ҳам музкур маьно  мавжуд.
Саҳобийлардан бири, Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади: 
«...Ё Аллоҳнинг Расули, Сизга Аллоҳ Иброҳим ва Мусо саҳифаларидаги нарсадан ҳам бирор нарса туширдими?»–деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Абу Зарр «...Инна ҳаза лафис суҳуфил уула суҳуфи Иброҳийма ва Муса»ни ўқи», дедилар. Мен: 
«Эй Аллоҳнинг Расули, Иброҳимнинг саҳифаларида нима бўлган?», дедим. У зот:
«Барчаси зарбулмасал бўлган... Оқил киши замонини таниган бўлмоғи, тилини тиймоғлиги шарт. Кимки каломини амалидан ҳисобласа, каломи оз бўлади..»
Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Мусонинг саҳифаларида нималар бўлган?» деб сўрадим. У зот айтдилар: 
«Ҳаммаси ибрат бўлган, қазои қадарга ишониб туриб ғазабланган одамдан, охиратда ҳисоб-китоб бўлишини билиб туриб амал қилмаган одамдан ажабланаман..»
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аьлаа» сураси ўз ичига кўплаб илмлар ва яхшиликларни олгани учун уни яхши кўришлари ҳақида ривоятлар бор.
Ҳадиси шарифда Оиша онамиздан Пайғамбар алайҳиссаломнинг витр намозлари ҳақида сўрашганда, у киши биринчи ракатда «Саббиҳисма Роббикал аьлаа»ни, иккинчи ракатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқишларини айтганлар.



Тафсири Ҳилол
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф