ТОРИҚ СУРАСИ
Маккада нозил бўлган. 17 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятидаги «ат-Ториқи» сўзидан олингандир. «Ториқ» сўзи араб тилида «қаттиқ уриш» маьносида ишлатилади. Араблар болғани митроқа-(қаттиқ урувчи асбоб)деб атайдилар. «Ториқ» сўзи асосан кечаси эшик қоқиб, чақириб келувчига нисбатан ишлатилади. Сураи каримадаги «Ториқ» лафзи айнан шу маьнода, «кечаси келувчи» маьносида ишлатилган.
Бошқа Маккий суралар қатори Ториқ сурасида ҳам Ислом ақидасига тааллуқли баьзи ишлар муолажа қилинади.
Ториқ сурасида инсон ўлганидан сўнг ўз Парвардигори билан учрашиши ва Қурьон Аллоҳнинг каломи эканлиги, унга ҳеч нарса зарар етказа олмаслиги ҳақида сўз кетади. Инсонга хитоб қилиниб, уни ўзига бир назар солишга чақирилади. Аслида инсон шаҳват пайтида ажраб чиқадиган арзимаган сув эди. Лекин Аллоҳ уни ўйлаб-тафаккур қиладиган жонли-ақлли зотга айлантирди. Шундай нарсага қодир Аллоҳ ўлган одамни тирилтира олмайдими? Дунёдаги барча нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўлади.
Ушбу сураи карима осмон билан ва кечаси пайдо бўлувчи юлдуз билан қасам ичиш ила бошланиб, ҳар бир жонга муҳофиз фаришта бириктирилгани алоҳида таькидланади.
Сўнгра эса, Аллоҳ таоло ўлган инсонни қайта тирилтира олишга қодир зот эканини тасдиқловчи ҳужжат ва далиллар келтирилади.
Кейин бир кун келиб барча сирлар фош бўлиши, ана ўшанда кофир ва осийларда на бир қувват ва на бир ёрдамчи бўлмаслиги таькидланади.
Шундан сўнг осмону ер билан қасам ичиб, Қурьони Карим фосил қилувчи калом эканлиги, ҳазил эмаслиги таькидланади.
Сураи кариманинг сўнгида эса кофирларга таҳдид оятлари келади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
1. Осмон билан қасам ва ториқ билан қасам.
Араб тилида кечаси келувчи нарсага «ториқ» дейилишини аввал ҳам айтиб ўтилди. Масалан: араблар кечаси эшикни тақиллатган кишини ҳам «ториқ» деб аташади. Бу оятдаги ториқдан мақсад нималиги кейинги оятда ойдинлашади.
2. Ториқ нималигини сенга не билдирди?
Яьни, ториқ нималигини каердан ҳам билар эдинг. Аллоҳ билдирмаса, сенга ториқ нималигии ким ҳам билдирар эди. Билиб қўй!
3. У нур сочиб турувчи юлдуздир.
Арабчада нур сочиб турувчи юлдузга «соқиб», дейилади. Аслида бу сўз бир нарсани тешиб ўтувчи нарсага нисбатан ишлатилади. Юлдузлар нури билан қоронғуликни тешиб ўтгани учун улар ҳам «соқиб» деб аталади.
Демак, Ториқнинг бу оятлардаги маьноси юлдуз экан. Аввал айтиб ўтганимиздек, кечаси келувчига ҳам ториқ дейилади. Бу икки маьно, яьни, юлдуз ва кечаси келувчи маьнолари қандоқ умумлашиши мумкин? Қадимгилар юлдуз кечаси кўзга кўрингани учун уни кечаси келувчи ҳам дейиш мумкин, деганлар. Ҳозирда эса ҳақиқатда ҳам юлдузнинг юриши, лекин у биздан жуда ҳам узоқда бўлгани учун жойида турганга ўхшаб кўриниши илмий равишда собит бўлди. Бу эса Қурьони Каримнинг илмий мўьжизаларидан биридир.
Юлдузни «соқиб»-«тешиб ўтувчи»-деб васф қилиниши ҳам шунга ўхшайди. Қадимги тафсирчиларимиз, юлдуз нури кечанинг қоронғулигини тешиб ўтгани учун соқиб, деб васф қилинган, дейишган. Ҳозир эса илмий равишда юлдуз юрганда, ўзини ўраб турувчи газлар қопламини тешиб ўтиши, юлдуз ўтган жойда унинг ортидан ҳавода газлардан холи туйнук қолиши ҳаммага маьлум. Бу ҳам юлдузни бундан ўн беш аср илгари соқиб-тешиб ўтувчи-деб таьрифлаган Қурьони Каримнинг илмий мўьжизасидир.
Аллоҳ таоло Қурьони Каримда юлдуз билан қасам ичиш ила унга эьтиборни жалб қилди. Ҳатто, Қурьони Карим сураларидан бири «Ториқ»-юлдуз номини олди. Шу билан Қурьони Карим юлдузлар аҳамиятга молик нарса эканини таькидловчи биринчи масдар бўлди. Бунинг ҳикмати эса кейинчалик, илм ривожланиши ила равшан бўлди. Юз милионлаб юлдузлар борлиги маьлум бўлди.
Аллоҳ таоло кечаси ва осмонда нур сочувчи нарсалар билан қасам ичиб таькидлаётганидан кейин келадиган хабар жуда муҳимлигини шундан билиб оламиз. У нима экан?
4. Ҳеч бир жон йўқки, унинг ҳифз қилиб турувчиси бўлмаса.
Яьни, ҳар бир одамни сақловчи фариштаси бор.
Ўша сақловчи уни турли бало-офатлардан муҳофаза қилиб туради. Шу билан бирга қилган яхши-ёмон ҳар бир ишини ҳам ҳифз қилиб-ёдлаб, ҳисоб-китоб қилиб туради. Бас, шундоқ экан, ҳар бир жон ўзини билмоғи, тўғри йўлда юрмоғи лозим. Инсон боласи ҳеч қачон ўзидан кетиб ҳовлиқмаслиги керак. У ҳовлиқишдан олдин ўзининг нимадан пайдо бўлганига бир назар солсин.
5. Инсон нимадан яралганига назар солсин.
6. У отилиб чиқувчи сувдан яралгандир.
7. У (сув) сулб (орқа умуртқа) ва тароиб (кўкрак суяги) орасидан чиқадир.
Қадимдан иушбу оятлар тиловат қилинганда, инсон сулб ва тароиб, яьни умуртқа поғона билан кўкрак суяги орасидан чиқадиган маний, деб аталадиган жирканч, арзимаган бир сувдан яратилади, деб кетаверилган. Лекин, илм бир оз ривожлангандан кейин маний жинсий аьзоларга бевосита боғлиқ тухумлардан чиқиши мулоҳаза қилинди. Унда Қурьондаги гаплар ноилмий экан, деган хулоса чиқаришга тўғри келиб қолади. Баьзи бир шошилган саводсизлар шундоқ дегандирлар ҳам. Аммо, илм яна ҳам ривожланиб ўз маромига етганда, Қурьоннинг бу ояти карималари илмий мўьжиза эканлиги аён бўлди. Илмий текширишлар эркак кишининг манийси икки тухумидаги маний йўлларида ҳосил бўлиши аён бўлди. Икки тухум эса озуқани икки томир орқали олади. Ўша томирлардан бири-ички маний томири, иккинчиси-иккинчиси ташқи маний томири.
Ушбу икки томир юрак ўқ томирининг чап томонидан ажраб чиққан бўлиб, бири умуртқа поғона орқали, иккинчиси кўкрак суяги орқали тухумларга етиб келади.
Демак, фақат чаласаводларгина Қурьонни ноилмий, дер эканлар. Ҳақиқий илм эгалари эса, Қурьоннинг илмий мўьжизаси олдида бош эгадилар.
Бу оятлар инсонга асли арзимаган, ҳатто, ўзи ҳам ҳазар қиладиган бир сув-маний эканлигини эсга соляпти. Яьни, эй инсон боласи, ҳовлиқиб ғурурланиб кетма, аслинг нимадан эканлигини ҳам унутма. Сени бир хақир сувдан яратган Аллоҳ бошқа нарсаларга ҳам қодир, шу жумладан...
8. Албатта у Зот уни қайта тирилтиришга қодирдир.
9. Сирлар фош бўладиган кундадир.
Ушбу оятлардаги сирлар фош бўладиган кундан мурод қиёмат кунидир. Дарҳақиқат, қиёмат куни бу дунёда очилмай қолган барча сирлар ҳам очилади. Бу дунёда бир ишни қилиб қўйиб, мен қилганим йўқ, деб сир сақлаб, ўзини оқлаб қутулиб кетиш мумкиндир. Аммо, охиратда ҳеч нарсани сир сақлаб бўлмайди. Ана ўшандоқ кунда Қодир Аллоҳ ўзи сулб ва тароиб орасидан чиқадиган арзимаган, жирканч сувдан пайдо бўлиб, кейин ғурурга кетиб, ҳовлиққан инсонни қайта тирилтириб сирларини фош қилишга ва жаҳаннам ўтида куйдириб, ишини расво қилишга қодирдир.
10. Бас (ўшанда) у(инсон)да қувват ҳам, нусрат берувчи ҳам бўлмайдир.
У пайтда унда қувват нима қилади? Ҳолдан тойиб, ҳеч нарсага ярамай, шалвираб қолади-ку. У пайтда унга ким ёрдамчи бўла олади? Аллоҳнинг Ўзи азобига олиб турса, ёрдамчи топилармиди?
Қурьони Каримда келаётган бу хабарларга баьзи бирлар шубҳа билан қараши тўғримикин? Ҳақиқатда шундай бўлармикин, деган саволлар ҳеч бўлмаса кўнглингиздан ўтиши мумкин. Буларни ҳаммасини Аллоҳ рад қилиб, Аллоҳ қасам билан таькидлаб айтадики...
11. Қайтувчи соҳиби бўлган осмон билан қасам.
Ушбу ояти каримадаги «қайтувчи»дан мурод ёмғир, деганлар муфассирларимиз. Чунки, ёмғир ердан чиққан сув буғларининг яна ерга қайтиб тушишидир. Шу маьнода осмонни қайтарувчи эгаси, яьни, ёмғир эгаси, деб аталмоқда ва уни шу сифатига қўшиб қасам ичилмоқда. Дарҳақиқат, осмоннинг қайтувчи эгаси бўлиши алоҳида диққат-эьтиборга, аҳамиятга сазовор бир ишдир. Ёмғир бўлсин, қор бўлсин ёки бошқа нарса бўлсин ердан осмонга чиқиб, яна ерга қайтиб тушадиган нарсаларда кўплаб ҳикмат ва ибратлар ҳамда Аллоҳнинг қудратига далил ва оятлар бордир. Буни, айниқса, табиий илм соҳиблари яхши биладилар.
12. Ёриб чиқувчи эгаси бўлган ер билан қасам.
Ёриб чиқувчидан мурод набототдир. Бунда ўлгандан сўнг қайта тирилишга ҳам ишора бор. Ўсимлик умри тугаб қуригандан сўнг йўқ бўлади. Вақти келиб, ёмғир ёғса, йўқ бўлган ўсимликлар уруғидан ўзига ўхшаш ўсимлик униб чиқади.
Худди шунга ўхшаб қиёмат куни ёмғир ёққанда, барча ўликлар «ажабуз занаб» деб номаланадиган, уламолар ҳеч қандай нарсадан таьсирланмай тураверишини кашф этган уруғдан униб чиқадилар. Демак, ер ва унинг ёриб чиқувчи эгаси бўлиши ҳам бежиз эмас. Қурьонда ўша нарса билан уларга эьтибор тортилган ва мусулмонлар бу оятлардан таьсирланиб, ер ва уни ёриб чиқувчи нарсаларга оид илмларга асос солганлар ва уларда пешқадам бўлганлар. Энг муҳими, бу нарсаларни халқ қилувчи Зотнинг қудратига тан бериб, унга иймон келтириб, Унинг динида собит қадам бўлганлар.
Ушбу оятларда мазкур нарсалар билан қасам ичишдан асл мақсад эса Қурьони Каримнинг ҳақ эканини таькидлашдир.
13. Албатта у (Қурьон) ажратувчи сўздир.
14. Ва у ҳазил эмасдир.
Қурьони Каримнинг «ажратувчи сўз» эканлиги улкан ҳақиқатдир. У ҳар бир нарсани ажратиб-ажратиб берган. Жумладан, ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан, фойдани зарардан, ҳалолни ҳаромдан, савобни гуноҳдан, мўминни кофирдан, мухлисни мунофиқдан ва бошқа керакли ҳамма нарсаларни ажратиб берувчидир. Қурьоннинг ажратиши илоҳий ажратишдир. Унинг ажратишидан бошқаси нотўғри ва беҳуда ажратишдир.
Шу билан бирга Қурьони Карим ҳазил эмасдир. Унда бирорта ҳам бефойда, каммаьно, беҳикмат сўз йўқ. Қурьони Каримдаги ҳар бир сўз ўта жиддий, ўта фойдали, ўта пурмаьно ва ўта ҳикматлидир. Лекин кофирлар мазкур сифатга эга бўлган Қурьонга иймон келтирмайдилар, унга амал қилмайдилар. Балки, аксинча...
15. Албатта улар ҳийла қиладир.
16. Ва Мен ҳам ҳийла қилурман.
Яьни, ҳийласига яраша жазо берурман.
Ақида бўйича Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога доимо баркамоллик сифатлари берилади. Нуқсон ва камчиликлардан поклаб ёд қилинади. Аллоҳнинг мисли–ўхшаши йўқдир. Инсонга берилаётган сифатларни, макр-ҳийла сифатларини ҳеч қачон Аллоҳга, бандасига ишлатган ҳолда ишлатиб бўлмайди. Мазкур оятда Аллоҳга нисбатан ҳийла-макрнинг ишлатилиши араб тили қоидаларида «Мушокала» деб аталади ва макр-ҳийла қилувчига қилган макри ва ҳийласига яраша жазо беришни билдиради.
17. Бас, кофирларга муҳлат бер. Ҳа, уларга озгина муҳлат бер.
Яьни, уларга азоб келмаётганидан шошилма, ҳаммасининг вақти, соати бор. Улар вақтинча ўйнаб-кулиб, айшу ишрат қилишлари мумкин, лекин барибир қочиб қутула олмайдилар.
Тафсири Ҳилол
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф