1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БУРУЖ СУРАСИ

30-04-2020, 16:30 6 456 Ўқиш режими + -
БУРУЖ СУРАСИ


Маккада нозил бўлган. 22 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг исми унинг биринчи оятидаги «Зотил Буружи» сўзидан олинган. «Буруж», буржнинг жаьми бўлиб, луғатда «кўтарилиш», «зоҳир бўлиш» маьноларини англатади, истеьмолда эса бир туркум юлдузларга ҳам айтилади.
«Буруж» сураси ҳам бошқа Маккий сураларга ўхшаб Ислом ақидаси ҳақиқатларини муолажа қилади.
Бу сура душманлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ва мусулмонларни диндан қайтариш мақсадида қаттиқ азобга дучор қилганларида тушган. Бу сурада Аллоҳ душманларни огоҳлантириб, оқибатлари ёмон бўлишини эслатади.
Мўминларни эса сабрга чақиради. Улардан аввал ўтган диндорлар ҳам кўп азоб-уқубатларга дучор бўлганликларини айтади.
«Асҳабул ухдуд» қиссасини ўрнак учун келтиради.
Кофирлар Фирьавн ёки Самуд қавми каби кучли, аскарлари кўп бўлса ҳам, мағлубиятга учрашини эслатади.
Охиратда эса мўминлар жаннатда, уларнинг душманлари дўзахда бўлади.
«Буруж» сураси буржлар эгаси бўлмиш осмон ила, ваьда қилинган кун-қиёмат ила ва гувоҳу гувоҳлик берилганлар ила қасам ичиш билан бошланади.
Кейин эса, ухдуд эгаларининг қиссаси ва уларга нисбатан қилинган таҳдид зикр қилинади.
Сўнгра Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларига озор берганлардан ўч олишга қодир эканлиги баён этилади. Шунингдек, Фирьавн ва унинг лашкари қиссаси келтирилади. 
Ва ниҳоят Қурьони Каримни васф қилиш ила сура каримага хотима ясалади.
 
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
 
1. Буржлар эгаси бўлган осмон билан қасам.
Бурж деганда юлдузларнинг маьлум бир туркумига айтилишини аввал ҳам айтиб ўтилди. Мисол учун: Саратон буржи, Асад буржи ёки Мезон ва ҳоказо.
Ушбу оятда осмон билан қасам ичиб қўявермай, уни буржлар эгаси эканлигини зикр қилиш ҳам маьнони кучайтиради. Аллоҳ фақат осмонни яратган қудратли Зот эмас, балки, унда юлдузларни ҳам яратиб уларга буржлар ҳам қилган Зотлиги эслатилади. Бу эса, ўз навбатида, ўқувчи ва тингловчида ўшандоқ ажойиб нарсаларни яратган Холиқнинг қудрати чексиз эканлигини ўзига хос сифатда эслатади. Ана ўша нарсаларни яратишга қодир Зот кофирлардан ўч олишга ҳам қодирлигини таькидлайди.
 
2. Ва ваьда қилинган кун билан қасам.
Ушбу оятдаги «ваьда қилинган кун» дан мурод қиёмат кунидир. Чунки қиёмат куни бўлишиниАллоҳ таоло барча халойиққа ваьда қилгандир. Бу ояти каримада ўша олдиндан ваьда қилинган қиёмат куни билан Аллоҳ таолонинг қасам ичиши эса, унинг қоим бўлишини яна ҳам қаттиқроқ таькидлайди.
 
3. Гувоҳлик берувчи ва гувоҳлик берилган билан қасам.
Яьни, қиёмат куни гувоҳлик берувчилар–ўша ерда ҳозир бўлган халойиқ ва бошқалар. Гувоҳлик берилганлар эса–ўша кунда бўлиб ўтган воқеалар.
Ушбу оятдаги шоҳид-гувоҳлик берувчи ва машҳуд-гувоҳлик берилган ҳақида бошқа таьвиллар ҳам бор. Уларнинг баьзиларидан, шоҳид–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, машҳуд У зотнинг умматлари, дейилади. Иккинчи бир таьвилда эса, шоҳид-анбиё алайҳиссаломлар ва машҳуд уларнинг умматлари, дейилган. Учинчи бир таьвилда эса, шоҳид уммати Муҳаммадия, машҳуд бошқа умматлар, дейилган. Албатта, бу гапларнинг ҳаммаси бошқа оят ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баьзи ҳадисларига суянган ҳолда айтилган ва барчалари бир–бирларининг маьноларини тўлдириб келади.
 
4. «Ухдуд» эгаларига лаьнат бўлсин.
«Ухдуд»–ерда ковланган узун-узун чуқурдир. Ухдуд эгалари кофирлар бўлиб, мўминларни Аллоҳга ишонганлари учун олов ёниб турган ухдудларга–чуқурларга ташлаб азоблаб ўлдирганлар. Ухдуд нима эканлигини кейинги оят тушунтиради.
 
5. У ёқилғиси кўп, қаттиқ исиган оловдир.
6. У(кофир)лар  ўша(чуқур)лар атрофида ўтирибдирлар.
7. Ва улар мўминларга қилаётган нарсаларига ўзлари гувоҳдирлар.
Тафсирчиларимиз бу оятлар тафсирида қуйидаги қиссани келтирадилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Суҳайбдан ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтибдилар: «Сизлардан аввал ўтган умматлардан бирида бир подшоҳ ўтган. Унинг сеҳргари бор экан. Сеҳргар қариганда, подшоҳга: 
«Мен қариб ажалим яқинлашиб қолди, менга бирорта ёш йигитлардан берсангиз, сеҳримни ўргатиб қўйсам», дебди. Подшоҳ унга бир йигитни берибди ва сеҳргар унга сеҳр ўргата бошлабди. Сеҳргар билан подшоҳ орасида бир роҳиб (диний олим) ҳам бор экан. Йигит ўша роҳиб ҳузурига келиб, унинг сўзларини эшитиб ажабланибди. Сеҳргарнинг олдига кеч қолиб борса: 
«Нимага кеч қолдинг?», деб урар экан. Уйига кеч қолиб борса, уйидагилар ҳам: 
«Нимага кеч қолдинг?»–деб урар эканлар. Йигит бу ҳақда роҳибга шикоят қилса, у сеҳргар урмоқчи бўлса, уйимдагилар тутиб қолишди, дегин. Уйингдагилар, нега кеч қолдинг деса, сеҳргар тутиб қолди дегин, деб ўргатибди. Кунлардан бирида йигит йўлда кетаётса, улкан, даҳшатли бир ҳайвон кўчани тўсиб одамларни ўтказмай қўйганини кўрибди. Шунда йигит, сеҳргарнинг иши Аллоҳга мақбулми, роҳибникими–биладиган кун келди, деб хаёлидан ўтказибди. Бир тошни олиб: 
«Эй Худоё, агар роҳибнинг иши сенга сеҳргарнинг ишидан кўра маьқулроқ бўлса, мана шу ҳайвонни ўлдиргин, одамлар ўтиб кетсин», деб тошни отса, ҳайвон ўлибди ва одамлар ўтиб кетибди. Гапни роҳибга айтган экан: 
«Эй болам, сен мендан афзалсан, келажакда балоларга гирифтор бўласан, ўшанда менинг сиримни бировга айтмагин», дебди. Йигит кўр, пес ва бошқа дардларни даволайдиган бўлибди. Подшоҳнинг бир дўсти кўр бўлиб қолибди. Йигитга кўп ҳадялар бериб: 
«Менга шифо бер», дебди. Йигит:
«Шифони мен эмас, Аллоҳ беради, агар иймон келтирсанг, дуо қиламан, сенга шифо беради», дебди. Сўнг у киши кўзи тузалиб, подшоҳнинг олдига бориб ўтирибди. Подшоҳ ундан: 
«Э фалончи, кўзингни ким қайтариб берди», деб сўрабди. 
«Роббим»,  деб жавоб берибди у. Подшоҳ: 
«Менми?», деб савол қилибди. У бўлса:
«Менинг ҳам, сенинг ҳам Роббимиз Аллоҳ», деб жавоб қилибди. Подшоҳ:
«Мендан ўзга ҳам Роббинг борми?» деб таькидлаб сўрабди. Дўсти:
«Ҳа бор, менинг Роббим ҳам, сенинг Роббинг ҳам Аллоҳ», деб жавоб берибди. Сўраб-сўраб охири йигитни топибди ва унга: 
«Эй болам, сеҳринг кучли бўлиб, кўр, пес ва бошқа касалларни даволайдиган бўлибсан», дебди. Йигит: 
«Мен ҳеч кимга шифо бермайман, шифони Аллоҳ беради», деб тушунтирибди. Подшоҳ: 
«Менми?» деб сўрабди. Йигит: 
«Йўқ!» деб жавоб қилибди. Подшоҳ:
«Мендан бошқа ҳам Роббинг борми?» деб сўрабди. Йигит: 
«Менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳ», деб жавоб берибди. Йигитни азоблаб, охири роҳиб ҳақидаги маьлумотни олишибди. Роҳибни келтириб, динингдан қайт, деган экан, кўнмабди. Бошидан арра солиб арралаб иккига бўлиб ташлашибди. Сўнг кўр бўлган кишига, динингдан қайт, дейишибди. У ҳам кўнмабди, уни ҳам арралаб иккига бўлиб ташлашибди. Йигитга ҳам: 
«Динингдан қайт», дебдилар. У ҳам:
«Йўқ», деб жавоб қилгач, подшоҳ бир гуруҳ одамларига: 
«Йигитни тоғ чўққисига олиб чиқинглар, динидан қайтса қайтди, бўлмаса чўққидан ташлаб юборинглар», деб буюрибди. Йигитни чўққига олиб чиқишганда: 
«Эй бор Худоё, ўзинг билиб мени булардан қутқаргин», деб дуо қилибди. Тоғ силкиниб ҳаммалари чўққидан қулаб ҳалок бўлишибди. Йигит подшоҳ ҳузурига қайтибди. Подшоҳ ундан:
«Шерикларингга нима бўлди», деб сўрабди. Йигит: 
«Аллоҳ мени улардан қутқарди», деб жавоб берибди. Яна бир гуруҳ одамларга йигитни топшириб, подшоҳ: 
«Буни денгизга олиб боринглар, диндан қайтса қайтди, бўлмаса чўктириб юборинглар», деб буюрибди. Денгизда йигит: 
«Ё бор Худоё, Ўзинг мени булардан қутқаргин», деб дуо қилибди. Подшоҳнинг барча одамлари ғарқ бўлиб, йигит яна подшоҳнинг олдига борибди.
«Шерикларингга нима бўлди?» деб сўрабди подшоҳ. 
«Аллоҳ мени улардан қутқарди», деб жавоб қилибди йигит ва подшоҳга:
«Менинг айтганимни қилмагунинггача мени ўлдира олмайсан, агар айтганимни қилсанг, ўлдиришинг мумкин», дебти. Подшоҳ: 
«Гапингни айт», деб буюрибди. Шунда йигит: 
«Ҳамма одамларни бир жойга тўплайсан, мени дарахт шохига осасан, ўқдонимдан бир ўқ оласан, сўнг «Йигитнинг Роббиси Аллоҳнинг номи билан», деб камондан отасан, шундагина мени ўлдиришинг мумкин», деб ўргатибди. Подшоҳ йигитнинг айтганини қилибди, ўқни камонга қўйиб туриб: 
«Йигитнинг Роббиси, Аллоҳнинг номи билан», деб отган экан, ўқ йигитнинг кўксига тегибди. Йигит ўқ теккан жойини ушлаб туриб вафот этибди. Тўпланган одамлар, йигитнинг Роббисига иймон келтирдик, дейишибди. Подшоҳнинг аьёнлари, мана энди сен қўрққан нарса содир бўлди, одамлар ҳаммаси иймонга келди, дейишибди. Шунда подшоҳ фармони билан «ухдуд» чуқурлар қазилибди ва ўтлар ёқилибди, динидан қайтганларни қўйиб, қайтмаганларнинг барчасини оловли чуқурларга ташлашибди. Одамлар ўзини тортиб орқага ташлашиб турган экан, эмизукли боласи бор бир аёлни ҳам ўтга ташлаш учун келтиришибди, у ҳам ўзини олиб қочмоқчи бўлган экан, гўдак тилга кириб, сабр қилинг онажон, сиз ҳақ йўлдасиз, дебди».
Бу қиссани Имом Муслим ва Имом Насаий ҳам ўз китобларида ривоят қилганлар.
Инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида диндорларга қарши қилинган қатағонлар, жабр-зулмлар ва азоб- уқубатларни кўрган. Ана ўшалардан баьзиларини Қурьони Карим ўзининг баьзи сураларида келтирган. Ушбу, «Буруж» сурасида ҳам унинг сиёқига мослаб қисқа қилиб «Асҳоби Ухдуд»нинг қиссаси келтирилмоқда. Унда кофирлар мўминларни оловга тўлдирилган узун-узун чуқурга ташлаб куйдириб, ўзлари устида томоша қилиб турганлиги васф қилинмоқда. Ушбу оятлар нозил бўлаётган бир пайтда оз сонли мусулмонлар Макка мушрикларининг алвон азобларига дучор бўлаётган бир пайт эди. Ушбу оятлар албатта, мусулмонларга ибрат ва сабр-бардошга даьватдир. Қурьони Каримдаги ўтган умматларнинг иймон ва куфр орасидаги давомли курашининг тарихини яхшилаб ўрганган муфассирларимиз ушбу оятларда келган қисса ҳақида ўта ибратли бир фикрни айтганлар. Уларнинг айтишларича, Қурьони Каримдаги иймон билан куфр ўртасидаги бардавом курашни васф қилувчи барча қиссалар иймоннинг ғолиб бўлиши ва куфрнинг мағлуб бўлиши билан тугайди. Аҳли иймонлар аҳли куфрларга қарши сабр-матонат билан курашадилар, жабр-зулм ва азоб-уқубатларни енгиб, бу дунёнинг ўзида иймон-эьтиқодлари ва жидди-жиҳодлари самарасини кўрадилар. Аҳли куфрлар эса бу дунёнинг ўзида шармандаи шаримсор бўлиб, мағлубиятга учрайдилар.
Фақатгина «Асҳобул ухдуд» қиссасида бу иш юзага чиқмайди. Унда мўминларнинг ғалабаси, кофирларнинг мағлубияти зикр қилинмайди. Бундан, оз бўлса ҳам, баьзи вақтларда иймон билан куфрнинг орасидаги курашнинг ҳақиқий натижаси охиратга қолиши мумкин экан, деган хулоса чиқади. Шунинг учун ҳам баьзи мусулмонлар ўз иймонлари ва жиҳодлари самарасини бу дунёда кўрмай кетсалар, хафа бўлмаслик керак, у дунёда албатта кўрадилар. Баьзи кофирлар ўз куфрлари ва гуноҳлари жазосини бу дунёда тортмай кетсалар ҳам, хафа бўлмаслик керак, у дунёда албатта тортадилар.
Модомики, қадимдан кофирлар мўминларга тазйиқ ўтказиб, уларга зулм қилиб, азоблаб, қамаб, ўлдириб келаётган эканлар, улар бу ишни нима учун қилаётганларини ўрганиш керак. Бечора мўминлар нима учун бунча азобланади? Кофирлар мўминлардан қандай айб топдиларки, уларни бунчалик тазйиққа олиб, азоблайдилар? Жумладан ушбу қиссадаги зикри келаётган кофирлар мўминлардан нима айб топдиларки, уларни ўтга ташлаб куйдирадилар?
 Бу саволнинг жавоби келаси оятда келади. 
 
8. Ва (улар) мўминлардан Азиз, Ҳамид Аллоҳга бўлган иймондан бошқа «айб» топа олмадилар.
Ҳа, кофирлар доимо мўминлардан уларнингАллоҳ таолога бўлган иймонларидан ўзга ҳеч бир айб топа олмаганлар.Аллоҳ таолога бўлган иймон доимо мўминларнинг кофирлар олдидаги айби бўлиб келган. Лекин мўминлар иймон келтирган Аллоҳ Азиз сифатига эгадир. Шунинг учун ҳам У Ўз иззати ила мўмин бандаларига ёрдам беради, уларни охир, оқибат ғолиб қилади. Бу иш учун мўминлар Ўзи Ҳамид-мақталган бўлмишАллоҳ таолога яна ҳамд-мақтов айтадилар. Келаси оятда Аллоҳнинг васфи давом этади.
 
9. У шундай зотки, осмонлару ернинг мулки Унга хосдир ва Аллоҳ ҳар бир нарсага Ўзи гувоҳдир.
Кофирлар мўминларни иймонли бўлганлари учун азобларга дучор қилиб катта хато қиладилар. Ўша мўминлар иймон келтирган Аллоҳ осмонлару ердаги барча нарсаларнинг молики бўлган Зотдир. Дунёдаги ҳамма нарса Унинг хос мулкидир. У нимани хоҳласа, шуни қилади. Унинг иродасига ҳеч ким зид чиқа олмайди. У мўмин бандаларини азоблаётган золимларни хоҳлаган лаҳзада ҳалок қилиши мумкин. Мабодо бу дунёда кофирларни жазоламаса ҳам 
«Аллоҳ ҳар бир нарсага Ўзи гувоҳдир».
Ҳамма нарсани кўриб, билиб, ҳисоб-китоб қилиб турадир. Жумладан, кофирлар мўминларга нисбатан нима ёмонликлар қилаётганларини ҳам кўриб, билиб, ҳисоб-китоб қилиб турадир. Худди ана шу ҳисоб-китоб асосида қиёмат куни кофирларнинг жазосини берадир.
Мўминларга азоб, озор берганларнинг қандоқ азобланишини келгуси оят васф қилади.
 
10. Албатта, мўмин ва мўминаларни фитна қилиб, сўнгра тавба қилмаганларга, ана ўшаларга жаҳаннам азоби ва куйдирувчи азоб бор.
Мўминларни фитнага солганлар вақти борида тавба қилиб, ўзларини ўнглаб олсалар, ишлари ҳам ўнгланиши мумкин. Аммо тавба қилмасалар, мабодо бу дунё азобига учрамасалар ҳам, албатта, охиратда жаҳаннам азобига, ҳақ жаҳаннамнинг куйдирувчи азобига дучор бўлишлари турган гап.
Охиратда кофирларнинг ҳоли ана шундоқ аянчли бўлади. Аммо бу дунёда ўша кофирлар томонидан хорланган мўминларнинг ҳоли эса тамоман бошқача бўлади. Ўша ҳолат келаси оятда васф қилинади.
 
11. Албатта, иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннат бор. Бу эса ниҳоятда улкан ютуқдир.
Демак, охиратда остидан анҳорлар оқиб турган боғу бўстон жаннатга кириш, улкан ютуққа эришиш учун иймон келтириш билан бирга амали солиҳ ҳам қилиш керак экан. Ҳар қандай яхшиликка осонлик билан эришиб бўлмайди, гул тиконсиз бўлмайди. Жаннат ҳам тиконлар билан ўралгандир. Унга кириш учун тиконнинг заҳрини татиб кўриш керак. Иймон йўлида чекиладиган машаққатлар оз эмас. Аммо ушбу сурада зикр қилинган кофирлар томонидан иймон учун етказиладиган машаққатларнинг ўзи ҳам иймон йўли гул тўшалган йўл эмаслигини кўрсатиб турибди.
Шунингдек, амали солиҳ қилиш ҳам ўз-ўзидан бўлмайди. Ҳа, иймон йўли осон, гул тўшалган йўл бўлса, ҳамма ўзини унга уриб, ҳақиқий мўмин билан мунофиқни ажратиб бўлмай қолар эди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Ўз бандалари иймонини синовга солиб туришни ирода қилгандир. Иймон йўлидаги қийинчиликларга чидаб, унда собит туриб, амали солиҳ қилганларни эса, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга киритишга ва улкан ютуққа эриштиришга ваьда қилган.
Кейинги оятларда Аллоҳ таоло Ўзининг ва мўмин бандаларнинг душманларидан шиддатли интиқом олишга қодир эканлигига далиллар келтиради.
 
12. Албатта, Роббингнинг чангали жуда ҳам шиддатли, қаттиқдир.
Унинг шиддатли ва қаттиқ чангалига тушган соғ қолмайди. У кимни чангали ила тутса, ҳалокатга учратади. Мўминларга озор ва азоб берувчилар билиб қўйсинлар, улар Қодир Аллоҳнинг шиддатли ва қаттиқ чангалидан қочиб қутила олмаслар.
 
13. Албатта, У Ўзи бошлайдир ва  қайтарадир.
Албатта, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳамма нарсани аввал бошдан йўқдан бор қилиб яратган зотдир. Шу жумладан, мазкур мўминларга машаққат торттирувчи золимларни ҳам. Шунингдек,Аллоҳ таолонинг Ўзи, бошқа зот эмас, ҳаммани ўлгандан кейин қайта тирилтирувчи ҳамдир. Шу жумладан, мўминларга озор ва азоб берувчи жабрчи ва золимларни ҳам. Ким бу ишни қилса, ҳеч бўлмаганда қиёматдаАллоҳ таолонинг шиддатли ва қаттиқ чангалига тушиши муқаррар эканини ўйлаб қўйсин. Ҳа,Аллоҳ таоло ана шундоқ зотдир. 
Аммо, шу билан бир вақтда...
 
14. Ва У мағфират қилувчи,  муҳаббати зўр зотдир.
Ҳа, Аллоҳ таолонинг бу сифатлари ҳам мавжуддир. Гуноҳкорлар тавба қилса, жумладан, мўминларга озор ва азоб берганлар тавба қилсалар,Аллоҳ таоло Ўзининг Ғафур сифати ила уларни мағфират қилур. Мўмин бандаларини эса, доимо мағфирати ила қамраб олур. Уларни Аллоҳ таоло Ўзининг Вадуд сифати ила доимо Ўз муҳаббатига сазовор қилиб турадир.
 
15. У Арш эгаси ҳамда қадри улуғ зотдир.
Ҳа, Аллоҳ таоло буюк нарса бўлмиш Аршнинг ҳам эгасидир. Бу жойда Аршни зикр қилишАллоҳ таолонинг нақадар улуғ зот эканини бандаларга сездириш учундир. Чунки, Арш Аллоҳ томонидан халқ қилинган нарсаларнинг энг улуғидир. Арш Аллоҳ таолонинг етти осмондан ҳам кенг бўлган бир нарсасидир. Аршни бу хилда яратилиши уни яратган Холиқнинг қудратига далилдир. Шунчалар қудратга молик бўлган улуғ зот, албатта, Ўзининг мўмин бандаларига зулм қилган золимларни осонликла азоблаши турган гап.
Чунки,
 
16. У нимани хоҳласа, қила олувчи зотдир. 
Шу жумладан, қийноқда, азоб, уқубатда қолган мўминларга ҳам хоҳлаган лаҳзада ёрдам, нусрат бериши ҳеч гап эмас. Лекин Аллоҳ уларни синовдан ўтказади. Юнус сурасининг 30-оятида: «Албатта биз сизларни синаб кўрамиз, токи сизлардан мужоҳидлар ким-у, сабрлилар кимлигини билишимиз учун»,–дейди. Шундан сўнг келаси оятларда жуда қисқа ишора билан ўтган кофир қавмларнинг оқибати нима бўлганини эслатиб ўтади ва шу билан кофирларга яна бир бор танбеҳ ва мўминларга тасалли беради.
 
17. Сенга аскарларнинг хабари келдими?
18. Фирьавн ва Самуднинг.
Фирьавн қиссаси машҳур. Миср подшоҳи Бани Исроилни қийнаб азоблаган, ўғил болаларни ўлдириб, қиз болаларни қолдирган, охири худолик даьвосини қилган, Аллоҳ унга ва қавмига Мусо ва Ҳорунлар алайҳумоссаломларни Пайғамбар қилиб юборганда, иймон келтирганларни ва Пайғамбарни ўлдирмоқчи бўлган, шунда Аллоҳ уни аскарига қўшиб денгизга ғарқ қилиб, ҳалок қилган. 
Самуд бўлса, Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми. Улар Мадина билан Шом орасидаги тоғли диёрда яшаганлар. Тоғлардан тошларни тешиб, уйлар, қасрлар қурганлар. Аллоҳ уларга Солиҳ алайҳиссаломни Пайғамбар этиб юборса, кўпчилиги иймон келтирмай, мўьжиза сўраганлар. Шунда Аллоҳ харсанг тошдан мўьжиза этиб, бир болали туяни чиқариб берган. Ўша ердаги сувни бир кун туя, бир кун бошқалар ичиши, қавм туяга озор бермаслигига амр бўлган. Лекин кофирлар осий бўлиб туя билан боласини ўлдирганлар. Солиҳ Пайғамбар хафа бўлиб уч кундан сўнг азоб келишини айтиб, ўзига эргашган оз сонли мўминлар билан диёрни тарк қиладилар. Уч кун ўтгандан сўнг тонг чоғида қаттиқ овоз келиб, ҳамма жонзотни ҳалок қилади. Мана куфрнинг оқибати нима билан тугашини кўриб қўйинг.
 
19. Балки кофирлар ёлғонга чиқаришадир?
Ҳа, кофирлар ўзлари ибрат олишлари керак бўлган нарсаларни ёлғонга чиқаришади. Аллоҳнинг улуғлик, қудрат, чангали шиддатли эканлигига оид сифатларини ҳам ёлғонга чиқарадилар. Ўтган кофир, фосиқ қавмларни ҳалокатга учраганликлари ҳақидаги қиссаларни ҳам ёлғонга чиқарадилар.
 
20. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ортидан иҳота қилиб турувчидир.
Аллоҳ уларнинг каттаю кичик ҳар бир ишини, гапу сўзини қамраб, иҳота қилиб туради. Заррача нарса ҳам Унинг қамровидан чиқмайди. Кофирлар ўзларича хомхаёл қилиб юрибдилар. Тасдиқлаб, иймон келтиришлари лозим бўлган нарсаларни ёлғонга чиқариб юрибдилар. Жумладан, Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қурьонни ҳам ёлғонга чиқармоқдалар.
 
21. Йўқ!!! У Қурьони Мажиддур.
Йўқ! Уларнинг ўзлари ёлғончидирлар! Аллоҳнинг каломини ёлғон, дейишдан қайтсинлар! Аллоҳнинг каломи ёлғон эмас! 
«У Қурьони Мажиддур». 
Улуғ китобдир. Шарафда ва қадр-қийматда интиҳосига етган олий мақом китобдир.
 
22. У Лавҳул Маҳфуздадир. 
Лавҳул Маҳфуз Аллоҳни ҳузурида бўлиб, унга ҳеч қандай ўзгариш кириши мумкин эмас. Қурьон шундай улуғ ўзгариш киришидан сақланган бўлса, қандай қилиб кофирлар уни ёлғонга чиқарадилар? Ёки у ҳақда шак-шубҳа қиладилар. 
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайрадан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом хуфтон намозида (Алҳамдудан сўнг) «Вассамаи ватториқи» ва «Вассамаи затил буружи» сураларини ўқир эканлар.



Тафсири Ҳилол
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф