ИНШИҚОҚ СУРАСИ
Маккада нозил бўлган. 25 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг «Изассамааун иншаққот» оятидан олинган. «Иншиқоқ» сўзи арабчада «ёрилиш» маьносини ифода қилади. Мазкур оятда эса қиёмат куни осмон ёрилиши ҳақида сўз кетмоқда.
«Иншиқоқ» сураси ҳам бошқа Маккий суралар қатори Ислом ақидаси асосларини муолажа қилади. Хусусан, бу сураи каримада қиёмат масаласига алоҳида эьтибор берилади. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Ким қиёмат кунига ўз кўзи билан очиқ-ойдин назар солмоқчи бўлса, «Изашшамсу куввирот», «Изассамааун фатарот» ва «Изассамааун иншаққот» сураларини қироат қилсин», деганлар. Келинг, қиёматга ўз кўзимиз билан очиқ-ойдин назар солиб кўрайлик-чи?
Сура аввалида қиёмат куни борлиқда содир бўладиган улкан ўзгаришлар ҳақида сўз кетади. Сўнгра инсон хоҳласа-хоҳламаса, Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб бериши, агар бу дунёда яхши ўтган бўлса, амаллар китобини ўнг тарафидан олиб осонлик билан жаннатга кириши, бу дунёда ёмонлик билан ўтган бўлса, амаллар китобини орқасидан олиб дўзахга тушиши, у ерда ўлиб азобдан қутулмоқчи бўлса, ўлмасдан абадий азобда қолиши ҳақида сўз кетади.
Шунингдек, «Иншиқоқ» сурасида кофиру мушрикларнинг Қурьони Каримга нисбатан тутган мавқифлари ҳам зикр қилиниб, бир неча нарсалар ила қасам ичиб, улар, албатта, қиёмат кунида шиддатли азобларга дучор бўлишлари таькидланади.
Суранинг охирида оят ва далилларни очиқ-ойдин кўриб туриб Аллоҳга иймон келтирмаган кимсалар охиратда аламли азоблар тортишлари хабари берилади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Вақтики, осмон ёрилса.
Албатта, осмоннинг бу ёрилиши қиёматдаги ёрилишидир. Қиёматнинг даҳшатидан шундоқ улкан ва мустаҳкам осмон ҳам ёрилиб кетади.
Аслида осмон унча-мунча нарсага ёриладиган нарса эмас. У жуда ҳам улкан ва жуда ҳам мустаҳкам нарса. Унинг ёрилиши маҳол эди. Аммо...
2. У(осмон) ўз Роббисига қулоқ осди, бўйсунди ва шундоқ бўлиши керак эди.
Осмон шунчалар улкан бўлса ҳам, шунчалар юксак бўлса ҳам, шунчалар мустаҳкам бўлса ҳам ўз Роббисига қулоқ осди, амрига, лаббай, деб жавоб берди ва бўйсунди. Шунинг учун ҳам парча-парча бўлиб ёрилди. Аслида шундай бўлиши керак эди. Ҳар бир махлуқ ўз Роббиси–Аллоҳга қулоқ осиши, амрига бўйсуниши лозим эди. Шу жумладан, Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан бири бўлмиш осмон ҳам Аллоҳга қулоқ осиб, бўйсуниши лозим эди, шундоқ бўлди. Бу дунёдаги Аллоҳнинг махлуқотлари ичида Унга қулоқ осмайдиган ва бўйсунмайдиган биргина махлуқ бор, у ҳам бўлса кофир инсон.
3. Ва вақтики, ер чўзилса.
Албатта ернинг бу чўзилиши қиёмат кунидаги чўзилишдир. Ўша даҳшатли кунда ер ҳозирги ҳолатини йўқотиб чўзилиб кетар экан. Унинг устидаги тоғлар ҳам йўқолиб, чўзиқ ҳолга келар экан. Ер тоғсиз, чуқурликсиз ва бошқа нарсаларсиз, теп-текис чўзиқ бир ҳолатга келар экан.
4. Ва ўз ичидаги нарсаларни отиб чиқариб, холи қолса.
Қиёмат куни ер чўзилиши билан бир вақтда ўз ичидаги нарсаларни ташқарига отиб холи қолар экан. Ҳа, қиёмат куни ер ўз ичидаги конларни, маьданларни ва энг муҳими, ўликларни ташқарига отиб холи-бўш қолади. Ҳамма нарса теп-текис чўзиқ ер устида намоён бўлиб туради.
Аслида ер унча-мунчага чўзилиб, устидаги тоғлари ва бошқа нарсаларни йўқотиб, ичидаги барча нарсаларни чиқариб, холи бўлиши мумкин эмас. Ер улкан нарса бўлиб, шар шаклидаги, ҳамда баланд тоғлари, чуқур уммонлари бор, бу дунёдаги жуда кўп нарсаларни ўз домига тортиб беркитувчи бир нарсадир. Ер юзида бирор каттароқ ҳодиса бўлиши ҳам амри маҳол эди. Унинг ўз ичидаги барча нарсаларни ташқарига отиб, холи бўлиб қолиши ҳам амри маҳол эди. Аммо...
5. У(ер) ўз Роббисига қулоқ осди, бўйсунди ва шундоқ бўлиши керак эди.
Ер шунчалар катта бўлса ҳам, ўз шар шаклида бўлса ҳам, мустаҳкам бўлса ҳам, ўз Роббисига қулоқ осди, амрига, лаббай, деб жавоб берди ва бўйсунди. Шунинг учун ҳам теп-текис ҳолга келди, ичидаги нарсаларни ташқарига отиб, холи бўлди. Аслида шундай бўлиши керак ҳам эди. Бу дунёдаги ҳар бир махлуқ ўз Роббиси–Аллоҳга қулоқ осиши, Унинг амрига бўйсиуниши лозим эди. Шу жумладан, Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан бир махлуқ бўлмиш ер ҳам Аллоҳга қулоқ осиб бўйсуниш лозим эди, шундоқ бўлди. Ҳа, бу дунёдаги барча махлуқотлар Аллоҳнинг амрига сўзсиз бўйсунадилар. Аллоҳнинг бу дунёдаги махлуқотлари ичида Унга қулоқ осмайдиган, бўйсунмайдиган биргина махлуқ бор, у ҳам бўлса кофир инсон.
Мазкур оятларда қиёмат кунидан баьзи кўринишлар васф қилинди, осмоннинг, ернинг ҳолати қандоқ бўлиши, осмон ёрилиб, ер чўзилиб ўз ичидаги ўликлар, конлар ва бошқа нарсаларнинг отилиб чиқиши баён қилинди. Энди эса инсон ҳаётининг ер юзидаги ҳақиқати ва оқибати ҳақида сўз юритилади.
6. Эй инсон! Албатта сен Роббингга йўлиққунингча, ҳаракату уринишда бўласан ва охири унга йўлиқасан ҳам.
Инсон ўз ҳаётида турли қийинчиликларга дуч келади. Ҳаёт матоҳларидан, лаззатларидан баҳраманд бўламан, деб ўзини ҳар тарафга уради, лекин бари бир борадиган жойи битта–у ҳам бўлса Роббил оламин ҳузуридир. Демак, ўша борадиган ягона жойни кўз олдига қўйиб ҳаракат қилиши лозим бўлади.
Ана ўша бир куни келиб ўз Роббисига мулоқот бўлишини кўз олдига қўйиб, иймон келтириб, ибодату тақво билан яшаб ўтган бандаларнинг ҳам охири Аллоҳга йўлиққанда қандоқ бўлиши келгуси уч оятда васф қилинади.
7. Аммо кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса.
8. Тезда, осонгина ҳисоб қилинур.
9. Ва аҳли ҳузурига хурсанд ҳолда қайтиб борур.
Бу ишлар қиёмат куни бўлади. Маҳшарда ҳамма тўпланганда одамларга номаи амаллари берилади. Кимки бу дунёда мўмин мусулмон бўлиб тоат-ибодат, тақводорлик билан ўтган бўлса, уларнинг номаи аьмоли ўнг тарафдан берилади. Шунинг ўзи яхшилик аломати. Уларнинг ҳисоб-китоби осонгина-кўрсатиб ўтиш йўли билан бўлиб, улар жаннатдаги аҳллар ҳузурига хурсанд бўлб қайтадилар.
Ушбу оятларда васф қилинган китоби ўнг тарафидан берилган банданинг осонгина ҳисоб-китоб қилиниши унинг номаи аьмолини ўзига шундоқ кўрсатиб қўйиш билангина бўлади. Чунки, ҳисоб-китоб олдиндан маьлум бўлади. Қиёмат куни қайта ҳисоб-китоб қилишнинг ўзи ҳам азоб бўлади.
Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Муслимлар қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ҳисоб қилинса, азоб қилинади», дедилар.
Шунда Ойша розияллоҳу анҳо:
«Аллоҳ азза ва жалла, «Бас, тезда, «осонгина ҳисоб қилинур», деган эмасми?» дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана ўша, кўрсатишдир. Лекин кимнинг ҳисоби тортишилса, азобланади», дедилар.
Осонгина ҳисоб қилиш эса қуйидаги ҳадиси шарифда айтилгандай бўлади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки елкасини унинг устига қўяди ва унга, бундоқ, бундоқ қилганмисан, деб гуноҳларини санайди. Сўнгра унга ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса, сени мағфират қиламан, дейди».
Келаси оятларда эса қарши тараф, китоби ўнг қўлдан берилмаганлар ҳоли баён қилинади.
10. Ва аммо кимнинг китоби орқа тарафдан берилса...
Бошқа оятда «чап тарафдан берилади», дейилган, демак умумлашганда ёмонларнинг номаи амаллари қиёмат куни орқаларидан ва чап тарафларидан берилар экан. Бу эса бадбахтлик, дўзахийлик аломати эканини қуйидаги оятлар баён этади.
11. У тезда ўзига ҳалокатни чақирур.
Яьни, номаи аьмоли чап ва орқа тарафдан олгандан сўнг, тезроқ ҳалок бўлсам, ўлсаму бўлажак азоб-уқубатлардан қутулсам, деб орзу қилади.
«У, эй ҳалокат, тезроқ кел, менга! Эй ўлим, тезроқ кел, менга!», деб дод солади. Аммо унинг бу орзуси амалга ошмайди.
12. Ва у қизиб турган дўзахга кирур.
Кирганда ҳам ўлиб эмас, тириклайин киради. У ўша қизиб турган дўзахда роса жизғанак бўлиб куяди. Куяверади, куяверади. Абадий равишда куяверади. Ҳеч ўлмайди. Тинмай дўзах азобини тотаверади.
13. Чунки, у (бу дунёда) ўз аҳли билан хурсанд бўлиб ўтган эди.
Охиратни ҳеч ҳам ўйламаган эди. Фақат айшу ишрат, кўнгилхуши пайидан бўлган эди. Ғофил бўлиб, ўз аҳли ила беш кунлик дунёнинг матоҳига эришиш учун ҳаракат қилган эди. Шунинг учун энди қизиб турган дўзахда азобланмоқда.
14. Чунки, у ҳеч қачон орқага қайтмасликни ўйлаган эди.
Яьни, у ўлгандан сўнг қайта тирилмайман, деб хаёл қилар эди. Унинг қиёмат қоим бўлишига иймони йўқ эди. Охиратда ҳисоб-китоб бўлишини, ҳар банданинг китоби қўлига берилишини, бу дунёда куфр, бетавфиқлик ва исён билан ўтганлар қизиб турган дўзахга киритилишини ҳеч ўйламай, ўз аҳли билан ўзича шоду-хуррам бўлиб юрган эди.
15. Ҳа! Албатта, Роббиси уни доим кўриб турувчи эди.
Ҳа, Роббиси уни албатта қайта тирилтиради. Ҳа, Роббиси унинг албатта қилмишига яраша жазосини беради. Чунки:
«Роббиси уни доим кўриб турувчи эди».
Ҳар бир ишини билиб, ҳисоб-китобини қилиб турувчи эди. Энди ана ўша кўргани, билгани ва ҳисоб-китоб қилганига мувофиқ ҳеч қолдирмай жазосини беради.
Ғурурга кетган, адашиб Роббисини, қиёмат кунини унутган ғофил инсонга Аллоҳ таоло келгуси оятларда Ўзининг илоҳий қудрати кўринишларини ваьз-насиҳат учун келтиради.
Шу билан бирга ўша нарсалар ила қасам ичиб кофир ва осийлар қимат куни қийноқларини кетма-кет бошидан кечиришларини таькидлайди.
16. Шафақ билан қасамки.
Шафақ қуёш ботгандан кейин уфқда пайдо бўладиган қизилликдир. Ана ўша қизиллик наҳорнинг тугаши ва кечанинг бошланиши аломатидир. Шафаққа эьтибор билан назар солган инсонАллоҳ таолонинг табиатидан улкан қудратига тан беради. Зотан, Аллоҳ таолонинг ушбу оятда шафақ ила қасам ичиши ҳам бежиз эмас.
17. Кечаси ва У ўраб олган нарсалар билан қасамки.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло кечаси билан ва у ўраб, жамлаб олган нарсалар билан қасам ичмоқда. Кечаси ҳамма махлуқотлар сокин бўлади. Кундузи тарқалиб юрган барча жонзотлар жамланади. Тун ўз зулмати ила ҳамма нарсани ўраб олади. Демак,Аллоҳ таоло барча нарсалар ила қасам ичмоқда.
18. Ва тўлин ой билан қасамки.
Ойнинг тўлин бўлиши ҳамАллоҳ таолонинг чексиз қудрати аломатларидан бир аломат. Ойнинг тўлин бўлиши ила унинг ерга ва ердаги нарсаларга таьсири ўзгача бўлади. Шу билан бирга тўлин ой ўзига назар солган инсон қалбида ўзига хос ажиб ҳис қолдиради.
19. Албатта, сизлар табақама-табақа минасизлар.
Яьни, қиёмат куни қийноқларни бирин-кетин бошингиздан кечирасизлар.
Қадимги тафсирчиларимиз «Тобақан ан тобақин»ни қиёмат қийноқлари даражалари–қаватлари деб тушунганлар. Лекин бошқача фикрдагилар ҳам бор, жумладан Имом Табарий Ҳасан ал-Басрий ва Абул Олиялардан қилган ривоятларида улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Маьсуд мазкур жумла тафсирида: «Осмонга бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтиб минасизлар», деган эканлар. Шунга ўхшаш фикрларга суяниб ва оятларга илмий ёндашиб, ҳозирги уламоларимиз мана шу оятни фазо кемаларида инсоннинг осмонга чиқишига ишорат, деб айтишади.
Бас, қиёмат куни қийноқларига кетма-кет миниш ҳақ экан, одамларга нима бўлган...
20. Нима бўлган уларга, иймон келтирмаслар?!
Нима бўлган уларга, Аллоҳга иймон келтирмайдилар?!
Нима бўлган уларга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмайдилар?!
Нима бўлган уларга, Қурьонга иймон келтирмайдилар?!
Нима бўлган уларга, қайта тирилишга иймон келтирмайдилар?!
Нима бўлган уларга, қиёматга иймон келтирмайдилар?!
Нима бўлган уларга...?!
21. Ва агар уларга Қурьон ўқилса, сажда қилмаслар.
Нима бўлган уларгаки, олдиларида Қурьон ўқилса, унга қулоқ осмайдилар ва сажда қилишга ундовчи оятлар келса, сажда қилмайдилар?
Бу оят Қурьони Шарифдаги ўн тўрт сажда оятларидан биридир. Мусхафларда бу оятлар белги қўйилиб, сажда қилишлик вожиблиги эслатилади. Кимки бу оятларни ўқиса ёки эшитса, саждаи тиловат қилмоғи вожиб бўлади. Ўқиб ёки эшитиб туриб сажда қилмаган одам гуноҳкор бўлади.
22. Балки кофирлар ёлғонга чиқарурлар.
Маьлумки, Қурьони Карим услуби оз сўз билан кўп маьно ифода қилиш. Буни шу оятдан кўрса ҳам бўлади.
«Кофирлар ёлғонга чиқарурлар»,–дейди, нимани экани айтилмайди. Нимани эканлигини жумланинг келишидан, ҳолатидан билиб ўзимиз тушунаверамиз. Демак–кофирлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарликларини, Қурьонни ва дин эьтиқод қилишга амр қилган бошқа нарсаларни ёлғонга чиқарадилар.
23. Улар қалбларида нимани сақлаётганларини Аллоҳнинг Ўзи биладир.
Бандалар қалбларида нима эьтиқод ва ният қилаётганлариниАллоҳ таолонинг Ўзи жуда яхши биладир. Жумладан юқоридаги оятларда васфлари келган набокор қавмлар қалбларида Аллоҳга, Пайғамбарга, Қурьонга, Исломга, Қиёматга, Жаннатга, Дўзахга ва бошқа нарсаларга нисбатан нималар сақлаётганини ҳам жуда яхши билади. Ана ўша билими асосида вақти–соати келганда ҳисоб–китоб қилади.
24. Уларга аламли азобнинг «башоратини» бер.
Иймон келтирмаганлари, уларга Қурьон ўқилганда сажда қилмаганлари, Аллоҳ иймон келтиришга амр қилган нарсаларни ёлғонга чиқарганлари учун уларга қиёматда аламли азоблар бўлишининг «башоратини» бергин.
25. Магар иймон келтирганларга ва яхши амаллар қилганларга миннатсиз, узлуксиз ажрлар бор.
Ҳа, бу дунёда иймон келтириб, амали солиҳлар қилиб ўтган бандаларга Аллоҳ таоло у дунёда жаннатни, ундаги миннатсиз нозу неьматларни ҳамда узлуксиз савобу ажрларни беради.
Тафсири ҲилолШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф