МУТАФФИФуН СУРАСИ
Маккада нозил бўлган. 36 оятдан иборат.
Ушбу сураи кариманинг номи «Мутаффифун» ўзининг биринчи оятидан олингандир. «Мутаффифун» сўзини бизнинг тилимизга ушбу сураи карима маьносини эьтиборга олганда «ўлчовдан уриб қолувчилар» деб таржима қилиш мумкин. «Мутаффифун» сўзини асл ўзаги «тафиф» бўлиб «озгина нарса» маьносини англатади. Савдо, олди-берди пайтида ўлчовдан уриб қолувчи ҳам оз-оздан уриб қолади. Агар у ўлчовда кўп уриб қолса, харидор билиб қолиши мумкин.
Сураи кариманинг «Мутаффифун», ўлчовдан уриб қолувчилар–деб номланишидан ҳам унда ушбу қабиҳ ва ҳаром иш ҳақида сўз кетиши билиниб турибди.
«Мутаффифун» сураси Маккада, Ислом даьватининг дастлабки даврида нозил бўлганини эьтиборга оладиган бўлсак, ўша даврдаги нозил бўлган оятларда иймон-эьтиқод, тавҳид, қиёмат, жаннат, дўзах, Қурьон ва Пайғамбарлик каби масалалар билан бир қаторда баьзи бир ижтимоий муомалалар ҳам муолажа қилингани маьлум бўлади.
«Мутаффифун» сураси бошқа Маккий сураларга ўхшаб ақида масаласини муолажа қилади.
Сурага асл исм қилиб олинган ўлчовдан уриб қолиш масаласини ҳам ақида масаласи асосида муолажа қилади. Торозидан уриб қолувчиларни охиратдан қўрқмаганлари учун шу ишни қилишликда айблайди.
Сўнгра бадбахт фожирлар ва уларнинг қиёмат куни нималарга дучор бўлишлари васф қилинади.
Кейин эса аброрлар ва уларнинг охиратдаги бахтли ҳоллари васф қилинади.
Сураи кариманинг хотимасида эса бу дунёда кофир ва фожирлар мўмин ва тақийлар устидан масхара қилиб кулишлари, охиратда эса ҳолат аксинча бўлиши эслатилади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Вайл бўлсин, ўлчовдан уриб қолувчиларга.
«Вайл» сўзининг икки хил маьноси бор, бири «Вой бўлсин», иккинчиси–«Вайл» дўзахнинг номларидан бири, яьни ўлчовдан уриб қолувчиларга «Вайл дўзахи» бўлсин, дегани.
Бизнингча, икки маьно бир-бирини тўлдириб келади: Вайлга тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам Вайлга тушади.
Демак, Ислом ўзининг дастлабки кунларидан бошлаб оз бўлса ҳам, бировнинг ҳақини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ уруш очган. У ўлчовдан оз-оз уриб қолувчиларни ҳам дўзахга тушиб ҳоли вой бўлишини эьлон қилган. Қурьони Карим бу масалани ушбу сураи каримадан бошқа сураларда ҳам кўтарган. Хусусан, Шуьайб алайҳиссалом қиссасида у Зот қавмларининг энг катта айби ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш эканлиги такрор-такрор таькидланган. Аллоҳ таоло мазкур айби учун ўша қавмни ҳалок қилгани ҳам ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда такрорланган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар ўз ҳадиси шарифларида ояти карималарнинг маьноларини таькидлаганлар. Жумладан, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом ал-Ҳоким ва Табаронийлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ўлчовдан уриб қолмаслар. Магар набототдан ман қилинурлар ва қаҳатчилик ила тутилурлар»,-деганлар. Бу–ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш билан машғул бўлган қавмнинг юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўлурлар, дейилганидир.
Биринчи оятда ўлчовдан уриб қолувчиларга бериладиган жазо эьлон қилиб бўлинганидан сўнг, энди келадиган оятларда улар мазкур қабиҳ ишни қандоқ шаклда олиб боришлари васф қилинади.
2. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.
3. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар.
Ҳа, ўлчовда уриб қолувчилар асосан олибсотар савдогарлар бўладилар. Улар ҳалол-поклик билан савдогарликларини қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлур эдилар. Кўп фойда топур эдилар. Аммо улар очкўз-еб тўймас шахсларга айланиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушган фойдани еб ҳам тўймасдан ўлчовдан уриб қолиб-ялаб тўймоқчи бўладилар.
Улар кишилардан нарса ўлчаб олаётганларида заррача ҳам камайтирмасдан, иложи бўлса бир оз ортиқ ўлчаб олишга уринадилар. Ўзлари бировга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса, камайтириб берадилар. Ана ўшалар шу йўл билан фойда кўрмоқчи бўладилар. Кишиларга сездирмай, осон йўл билан молу мулк касб қилмоқчи бўладилар. Эҳтимол, улар бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларнинг жазосини тортмай қутилиб кетадилар. Аммо...
4. Ана шулар албатта қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?
Қайта тирилтирилганларида ҳам,
5. Улуғ бир кунда.
Қайта тирилтирилурлар.
6. У кунда одамлар оламлар Роббиси ҳузурида тик турарлар.
Ҳа, барча халойиқ албатта қайта тирилтириладиган кун–Улуғ Кундир. У кунда одамлар Роббил оламин ҳузурида тик туриб бу дунёда қилган заррача амали ҳақида ҳам ҳисоб-китоб берурлар. Ана шунда бу дунёда ўлчовдан уриб қолганлар нима қиладилар. «Нима учун, фалон куни, пистончининг ҳаққидан бунча нарсани ўлчов пайтида уриб қолдинг?», деб сўралса, нима деб жавоб беришларини ўйлаб кўрмайдиларми?! Ана ўшанда Вайл-дўзахга тушиб, ҳолларига вой бўлишини ўйлаб кўрмайдиларми?!
Юқоридаги оятларда савдода кишилар ҳаққидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилди. Тарозими, метрми ёки бошқача ўлчовми, бари бир–улар кишилардан нарса олаётганларида тўлиқ, балки ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда кам берадилар. Улар бу ишни қиёматдан қўрқмаганидан қиладилар. Шунинг учун ҳам келаси оятларда, иш улар ўйлаганича эмас, балки бошқача бўлиши, ҳар бир нарсанинг аниқ ҳисоб-китоби борлиги баён қилинади.
7. Йўқ! Албатта фожирларларнинг китоби «сижжин»дадир.
Йўқ!!! Ундоқ қилмасинлар! Бу йўлларидан қайтсинлар! Ўзларини ўнгласинлар! Ва билиб олсинларки, албатта, улар каби фожирларнинг китоби охиратда, мазкур одамлар Роббил оламин ҳузурида тик туриб ҳисоб берадиган Улуғ кунда «сижжин»да бўлади.
8. «Сижжин» қандай нарса эканини сенга нима билдирди?!
Яьни, сен сижжин нима эканини қаердан ҳам билардинг, унинг моҳияти шундоқ каттаки, сен уни идрок эта олмайсан. Билиб қўй!
9. У(Сижжин) ёзилган китобдур.
«Сижжин» луғатда «ўта тор» маьносини англатади. Ушбу оятнинг таьрифидан эса, у фожир одамнинг бу дунёда қилган каттаю кичик амаллари ёзиб юрилган «номаи аьмол»–китоби эканлигини билиб оламиз. У китобда бирор нарса, ҳатто зарра миқдорда бўлса ҳам, ёзилмай қолмайди. Унга ёзилган нарса эса, асло ўчирилмайди. Ҳаммаси тўлалигича қиёмат куни банданинг ўзига кўрсатилади. Ана ўшанинг асосида банда ҳисоб-китобга тутилади. Қиёмат куни фожирларнинг номаи амаллари «сижжин»да бўлар экан. Уларнинг ўзлари тор дўзахга асфаласофилин бўлганлари учун, уларнинг китоблари ҳам ана шундоқ васфга эга бўлар, ана шундоқ жойга қўйилар экан. Бундан барча кофир, фожир ва осийлар керакли хулоса чиқариб, фурсатнинг борида ўзларини ўнглаб олишлари керак. Қиёматдан қўрқиб, унга иймон келтириб, унга тайёргарлик кўриб яшасинлар. Ўша кунни ёлғонга чиқарсалар бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло келаси оятда:
10. Ўша кунда ёлғонга чиқарувчиларга вайл бўлсин!
деб турибди. Ҳа, Аллоҳ таолонинг гапи рост, Қиёмат кунининг содир бўлишида, Ўша куннинг албатта бўлишида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ана ўша кунда уни ёлғонга чиқарувчиларга «Вайл» дўзахи ва ҳолларига вой бўлади. Улар нимани ёлғонга чиқарадилар, дейсизми?
11. Улар жазо (қиёмат) кунини ёлғонга чиқарурлар.
Ҳа, улар ҳаммага қилганига яраша жазо бериладиган қиёмат кунини ёлғонга чиқарадилар, унинг бўлишига ишонмайдилар, бинобарин ҳавойи нафслари кўйига кириб бу дунёни фисқу фужур, исёну гуноҳ, турли ёмонлик ва бетавфиқликлар билан ўтказган бўладилар. Зотан:
12. У куни ҳаддан ошувчи ва ўта гуноҳкорлардан бошқалар ёлғонга чиқармаслар.
Ҳа, қиёмат Кунини фақат ҳаддан ошган тажовузкорларгина ёлғонга чиқарадилар. Ҳа, қиёмат кунини фақат ўта гуноҳкорларгина ёлғонга чиқарадилар. Улар Аллоҳ Ўз шариати ила белгилаб қўйган ҳаддан чиқишга журьат этганларидан қиёмат кунини ҳам ёлғонга чиқарадилар.
Улар ўта гуноҳкор бўлиб, ҳар бир гуноҳни тап тортмай қилишга журьат этганларидан қиёмат Кунини ёлғонга чиқаришга ҳам журьат этадилар. Ундоқ одамларнинг бу ҳолга етишларининг асосий сабаби эса...
13. Қачон унга оятларимиз тиловат қилинса, «авалгиларнинг афсоналари», дер.
Уларнинг ҳалокатларининг бошланиши шу ерда.Аллоҳ таоло барчани ҳидоятга бошлаш учун Ўз оятларини–Қурьон сифатида нозил қилди. Қурьон оятлари уларга тиловат қилиб берилди. Улар Аллоҳнинг оятларини тингладилар. Аслида Қурьон оятини тинглаганидан кейин унга иймон келтириб, амал қилиши керак эди. Мазкур ёлғонга чиқарувчилар эса уни ўтганларнинг афсонаси, деб туҳмат қилди. Афсона–асли йўқ, хаёлда тўқиб олинган сафсата, деганидир. Ҳолбуки, Аллоҳнинг каломи ҳурмат қилинмоғи, тўғри баҳоланмоғи, иймон келтирилмоғи ва дастури амал қилиб олинмоғи керак эди. Аллоҳнинг каломига шунчалар ҳурматсизлик қилган нобакор ҳаддан ошиши, ўта гуноҳкор бўлиши турган гап. Оқибат эса маьлум.
Ҳа, қиёмат кунини ёлғонга чиқарувчилар уларга Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинса, бу-ўтганларнинг афсоналари, дерлар.
14. Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир.
Йўқ!!! Улар бизнинг оятларимизни ўтганларнинг афсонаси, дейишдан қайтсинлар. Иш улар айтгандек эмас. Айб Қурьонда эмас. Балки, уларнинг қилган гуноҳлари туфайли қалбларини моғор босиб қолган. Шу сабабли қалблари Аллоҳнинг оятлари тиловатини эшитсалар ҳам таьсирланмайдиган бўлиб қолган. Демак, айб Қурьонда эмас, айб уларнинг моғор босган қалбларида.
Ҳа, инсон гуноҳ ишларни қилаверса, қалбини моғор босиб, ҳеч нарса таьсир қилмайдиган бўлиб қолади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадиси шариф ворид бўлган: «Мўмин киши гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтса, истиғфор айтса, қалби покланади, агар гуноҳни зиёда қилса, қалбидаги қора ҳам зиёда бўлади. Мана шу Қурьондаги «Каллаа бал рона ала қулибиҳим», деганидир».
15. Йўқ!!! Албатта улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар.
Йўқ!!! Улар бизнинг оятларимизни, ўтганларнинг афсонаси, дейишдан қайтсинлар. Иш улар айтгандек эмас. Агар вақт борида ўзларини ўнглаб олмасалар, улар албатта қиёмат куни Роббиларини кўришдан тўсиладилар. Аллоҳ таоло ўша кунда мўмин-мусулмон, тақводор бандаларга ўз жамолини кўрсатади, бу ўша бандалар бахт-саодатининг олий нуқтаси бўлади. Худди ўша қиёмат куни Аллоҳ таоло кофир ва фожир кимсалардан ўз жамолини тўсади, бу ўша бандалар бадбахтликларининг энг паст ва даҳшатли нуқтаси бўлади.
16. Сўнгра улар, албатта, жаҳиймга кирувчилардир.
17. Сўнгра, мана бу, сизлар ёлғонга чиқариб юрган нарса, дейилур.
Бу дунёда гуноҳ қилиб, қалбини моғор босиб, Аллоҳнинг оятларини ўтганларнинг афсоналари, деб қараш оқибатида ҳаддан ошувчи ва ўта гуноҳкор бўлиб, Қиёмат кунини ёлғонга чиқарувчи бўлганлари учун Аллоҳнинг жамолини кўришдан тўсилганларидан сўнгра жаҳиймга киритиладилар. Уларни дўзахга оддийгина киритиб қўймасдан, уларга таьна сўзлари ҳам айтилади.
«Мана бу-дўзах сизлар у дунёда ёлғонга чиқарган нарса, киринг унга», дейилади.
Бу дунёда қиёматни ёлғонга чиқариб юрганларнинг ҳоли ана шундоқ бўлади.
Шу ергача фужжор–гуноҳкор бандаларнинг қиёмат кунидаги ҳоллари баён қилинди. Бу дунёда қиёматга, ҳисоб-китобга ишонмай, фисқу фужур билан машғул бўлиб юришнинг оқибати нима бўлишининг васфи қилинди. Энди унинг акси–яхшилик қилувчи бандалар ҳоли баёнига киришилади.
18. Йўқ!!! Албатта, аброрларнинг китоби «Иллиййун»да дур.
Йўқ! Қиёматни ёлғонга чиқарувчилар бўлмағур гапни айтадилар. Қиёмат албатта қоим бўлади. У кунда аввал айтиб ўтилганидек фожирлар азобларга дучор бўладилар. Аброрларнинг китоблари эса «иллийун»да бўлади.
19. «Иллиййун» қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?!
Яьни, сен «Иллиййун» нима эканини қаердан ҳам билар эдинг, унинг моҳиятини шундоқ каттаки, сен уни идрок эта олмайсан. Билиб қўй!
20. У ёзилган китобдур.
«Иллиййун» луғатда «улув»-«олийлик»-сўзидан олинган бўлиб «энг олийлик» маьносини билдиради. Ушбу оятнинг таьрифидан эса, у аброр одамнинг бу дунёда қилган каттаю кичик амалларини ёзиб юрилган «номаи аьмол»-китоби эканини билиб оламиз.
«Иллиййун» жаннатнинг энг олий-юқори даражасидир. Демак, аброр-яхши бандаларнинг амаллари ёзилган китоблари ўзлари абадий қоладиган жой–жаннатда туради. Уларнинг яхшилик аломати эканлигига яна бир белги бор!
21. Унга муқарраб(фаришта)лар шоҳид бўлурлар.
Ҳа, тақводор мўмин бандаларнинг номаи аьмол китобларини олий мақом жойга қўйиш билан кифояланиб қолмасдан, унгаАллоҳ таолога муқарраб фаришталар гувоҳ ҳам бўладилар. Номаи аьмол китоблари ана шундоқ эҳтиромга сазовор бўлганидан кейин...
22. Албатта, аброрлар жаннати наьимдадурлар.
23. Пардали баланд сўрилар устида назар солиб турурлар.
24. Уларнинг чеҳраларидан жаннат равнақини билиб оласан.
Яьни, кўзинг уларга тушиши билан чеҳраларидан фаровонликда юрганлари кўриниб туради. Чунки, қиёмат кунининг шиддатли даҳшатларидан ўтиб фожирларнинг номаи аьмол китоби ҳам, ўзи ҳам «сижжийн»-дўзахнинг энг тор жойи, энг қаьрида эканлигини кўриб туриб, ўзининг номаи аьмол китоби ҳам, ўзи ҳам жаннатнинг энг олий мақомида кўриш саодати уларнинг юзида балқиб турмай, кимнинг юзида балқисин. Жаннатда қўйилган баланд, атрофи гўзал пардалар билан ўралган сўриларда ясталган ҳолда ўзи учун Аллоҳ томонидан берилган сонсиз-саноқсиз, битмас-туганмас, васфига ҳар қандай сўз ожиз нозу неьматларга мамнуният ила назар солиб турган тақводор мўминнинг чеҳрасидан фаровонлик, бахт-саодат аломати балқимай, кимнинг чеҳрасида балқисин. Ҳа, жаннатдаги бандаларнинг битмас-туганмас бахт-саодатда эканликларини ҳар қандай шахс бир кўришда билиб олади, уларнинг ҳолини биров тушунтиришига ёки ўзлари айтиб беришга ҳожат йўқ. Аммо, бу дунёда иймон-эьтиқод, тақво ва ибодат ила ўтган бандаларнинг жаннатдаги роҳат-фароғатлари бу билан тугаб қолмайди...
25. Улар муҳрланган, ниҳоятда пок, шаробдан ичурлар.
26. У(шароб)нинг хотимаси миск-дандир. Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар.
Аҳли жаннат роҳат-фароғатларининг олий нуқтаси жаннат шароби ичиш ила бўлади. Мазкур шароб, «раҳийқ» ўта пок, ҳеч нарса аралашмаган бўлади. Фужжорлар бу дунёда ичган ҳар турли ҳаром-ҳариш ва ифлос нарсалар аралашган бўлмайди. Жаннат шароби муҳрланган бўлади. Унинг муҳрини фақат ичадиган жаннатининг ўзигина очади. Бу дунёдаги фужжорларнинг шаробига ўхшаб, турли нарсалар ичига тушиб қолиши, бировлардан ортиб қолган бўлиши мумкин эмас. Бунинг устига:
«У(шароб)нинг хотимаси миск-дандир».
Уни ичиб тугатилиши билан ҳаммаёқни миски анбар ҳиди тутиб кетади. Бу дунёда фожирлар хамрни ичиб тугатганда ўта аччиқ таьм ва нохуш ҳид чиққанга асло ўхшамайди.
«Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар».
Ҳа, охиратда жаннат деган жойда ана шундоқ нозу неьматлар, роҳатлар мавжуд. Бандалар ўша нарсаларга эришиш учун мусобақа қилишлари лозим. Бунинг учун эса, иймон келтириб, ибодат ва амали солиҳ қилиш керак.
Бу дунёда одамлар турли нарсаларда бир-биридан ўтиш учун мусобақа қилишади, ким ўзарга уринишади. Аслида эса юқорида зикр қилинган олий мақомга эришиш учун мусобақа қилиш лозимдир.
Ушбу келгуси икки оятда аброр бандалар жаннатда ичадиган шаробнинг васфи давом этади.
27. У шаробнинг аралашмаси «тасним»дандир.
«Тасним» нималигини келаси оят тушунтиради.
28. У(Тасним) бир булоқдирки, ундан муқарраблар ичарлар.
Одатда шаробга, у қандай бўлишидан қатьий назар бирор нарса аралаштириб ичилса, ўзига яраша таьм ва завқ берар экан. Жаннатда аброр бандалар ичадиган шаробга «тасним» аралаштирилар экан. «Тасним» эса жаннатдаги маьлум шароб булоғи бўлиб, у муқаррабларга аталган булоқ экан.
Муқарраблар энг олий мартабали жаннатилар бўлиб, уларга аталган жаннат неьматлари алоҳида, олий навли бўлади. Жумладан, уларга аталган шароб «тасним» булоғининг шароби бўлиб, бу шароб жаннатнинг энг шарафли шароби бўлади.
Аброр бандалар ичадиган шаробнинг яна ҳам яхши қилиш учун «Таснийм»дан аралаштириб берилади.
Аброрларнинг жаннатдаги олий ҳолатларини васф қилиб бўлгандан сўнг, Қурьони Карим ўша аброрларнинг бу дунёда фожиру фосиқлардан кўрган озорлари, истеҳзо ва масхаралари ҳақида сўз юритади.
29. Албатта гуноҳ–жиноят қилганлар иймон келтирганлар устидан кулар эдилар.
Ҳа, кофир бўлиб жиноят қилганлар беш кунлик дунёда иймон келтириб мусулмон бўлиб яшаганлар устидан кулар эдилар. Улар мўмин-мусулмонларнинг ҳар бир нарсасидан кулар эдилар.
Жиноят қилганлар мўминларнинг ақидасидан кулар эдилар. Улар мўминларнинг Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига, қиёматига, жаннати ва дўзахига, қазои қадарига ишонишларига кулар эдилар. Асли йўқ хурофотга ишонишмоқда, дер эдилар.
Жинояткор динсизлар мўминларнинг ибодат қилиётганлари: намоз ўқиб, рўза тутганларида уларни масхара қилиб устларидан кулар эдилар. Ановилар беҳудага ётиб-туриб, оч қолиб ва казо-казо қилиб аҳмоқ бўляптилар, деб истеҳзо қилар эдилар.
Шунга ўхшаш бошқа соҳа ва амалларда ҳам кофирлар мўминлар устидан масхара қилиб кулар эдилар.
30. Агар мўминлар уларнинг ёнидан ўтсалар, масхаралаб ишора қилар эдилар.
Яьни, кофирлар бор жойдан мўминлар ўтса, кофирлар кўзини қисиб ё бошқа аьзолари билан турли ишоралар қилиб мўминларни масхара қилардилар.
31. Агар (кофирлар) ўз аҳллари ҳузурига қайтиб борсалар, ҳузурланиб қайтиб борар эдилар.
Яьни, мўминларга озор бериб, уларни гап-сўз, имо-ишора билан масхара қилиб бўлиб, аҳли-аёли ҳузурига хурсанд бўлиб қайтар эдилар.
Ҳа, кофир ва фожирлар тақводор мўминларни масхара қилиш ила ҳузурланар эдилар. Мўминларнинг кофирлар томонидан масхара қилинишларига асосий сабаб иймонлари ва диндорликлари эди.
32. Ва агар у(мўмин)ларни кўрсалар, «албатта ановилар адашганлар», дер эдилар.
Ҳа, агар кофирлар мўминларни кўрсалар, ўзаро бир-бирларига, анави мўминлар адашганлардир, адашиб ўзларича Аллоҳга, Қурьонга, Муҳаммадга, дўзаху жаннатга, қиёмат бўлишига, савобу иқобга ўхшаш нарсаларга ишонишиб юрибди. Улар адашиб, намоз ўқиш керак, рўза тутиш керак, яхши бўлиш керак, ҳаром емаслик керак, ёмонлик қилмаслик керак, деб юришибди, дейишади. Шунингдек, бошқа ҳар хил гап-сўзларни айтишар эди.
Хўш, кофирларга мўминларни масхара қилиш, улар адашиб юрибди, дейиш ҳуқуқини ким берди?! Уларнинг бу ҳақда бирор ҳужжатлари борми?! Нима учун шунчалар ўзларидан кетишади?
33. Ҳолбуки, улар мўминлар устидан кузатувчи қилиб юборилганлари йўқ-ку!
Аксинча, Аллоҳ таоло мўминларга кофирларни дину диёнатга, амалу ибодатга даьват қилишни амр қилинган-ку! Мўминлар уларга Аллоҳ берган ҳужжат асосида кофирларни кузатиб, тўғри йўлга солишлари керакераку!
Аммо бу дунёнинг ишлари тескари экан, кофирлар мўминлар устидан кулиб турибдилар. Аммо у дунёнинг иши тескари эмас, у дунёда ҳамма нарса ўз ўрнини топади. Қиёмат қоим бўлганда мўминлар ва кофирларнинг ҳоли тамоман бошқача бўлади.
Энди қиёмат куни шу икки тоифанинг–мўминлар ва кофирлар тоифасининг ҳоли нима бўлиши баён қилинади.
34. Энди, бу Кунда иймон келтирганлар кофирлар устидан куларлар.
Қиёмат кунида, охиратда мутлақ адолат билан иш кўрилади. Унда бу дунёдагига ўхшаб ҳақсизликлар бўлмайди. Ҳар бандага бу дунёда қилган амалига қараб заррача ҳам зулм қилмасдан жазо ёки мукофот берилади. Мўминларга бу дунёдаги иймон-эьтиқодлари учун, амал ва ибодатлари учун ҳамда кофирлардан чеккан озорлари учун жаннати наьим ва мақоми олийлар берилади. Кофирларга эса бу дунёдаги куфру фужурлари учун, гуноҳу исёнлари учун ва мўминларга берган озорлари учун жаҳаннамнинг қаьри ва заққум-заҳари берилади.
Ана ўшанда мўминлар кофирлар устидан ҳар қанча кулсалар арзийдиган ҳол вужудга келади ва улар кофирларнинг устидан роса куладилар. Кулганда ҳам...
35. Пардали, баланд сўрилар устида назар солиб турарлар.
Мўминлар дур ва ёқутлар билан безатилган, атрофи гўзал пардалар билан тўсилган сўриларда ястаниб ётиб, дўзах қаьрида алвон азоблар чекаётган кофирларга назар солиб, уларнинг устидан куладилар. Мўминларнинг кофирлар устидан кулишидан бир кўринишни ал-Жомеь фи аҳкомил Қурьон» тафсири соҳиблари Имом ал-Қуртубий қуйидагича васф қиладилар: «Дўзахийлар дўзахда турганларида уларга, чиқинглар, деб дўзахнинг эшиклари очилади. Улар эшикларнинг очилганини кўришлари билан чиқмоқчи бўлиб ўша томон отиладилар. Мўминлар эса баланд сўриларда уларга назар солиб турадилар. Кофирлар дўзах эшигига етиб келишлари билан ёпилиб қолади. Шунда мўминлар улардан куладилар».
36. Кофирлар бу дунёда қилган ишларининг «савобини» олармиканлар?!
Олганда қандоқ. Кофирлар бу дунёда қилган ишларининг «савобини» шундоқ оладиларки, асти қўяверинг. Улар куфр ва исёнларининг «савобини» олишлари ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Улар бу дунёда қилган заррача айбларининг ҳам, хусусан, мўминларнинг масхара қилганлари, уларга озор берганларининг «савобини» роса оладилар.
Тафсири Ҳилол
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф