1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИНФИТОР СУРАСИ

30-04-2020, 16:41 3 831 Ўқиш режими + -

ИНФИТОР СУРАСИ

Маккада нозил бўлган. 19 оятдан иборат.
Ушбу суранинг номи ўзининг биринчи оятидаги «инфаторот» сўзидан олинган бўлиб, «ёрилиш» маьносини англатади.
«Инфитор» сурасида ҳам ўзидан аввалги «Таквир» сурасидаги каби қиёмат ҳақида сўз юритилади. Лекин ўзига хос услубда ва ўзига хос оҳангда сўз юритилади. Бу сура ғурурга кетган инсонга хитоб қилади. Динни, қиёматни ёлғонга чиқармасликка ундайди. Агар бу нарсаларни унутиб қўйса ҳам, унга бириктириб қўйилган фаришталар ҳеч нарсани қолдирмай ёзиб боришини, қиёмат куни эса ҳисоб-китоб бўлишини эслатади. Яхшиларнинг оқибати нима бўлиши ҳам бу сураи каримада ўзига хос равишда зикр қилинади.
«Инфитор» сурасининг аввалида қиёмат куни борлиқда юзага келадиган улкан инқилоб, тўнтариш ва даҳшатлар: осмоннинг ёрилиши, юлдузларнинг сочилиб кетиши, денгизларнинг портлаши, қабрларнинг ичидаги нарсалар сочилиши ва ундан сўнг ҳисоб-китоб бўлиши ҳақида сўз кетади.
Сўнгра эса, сураи карима банданинг ўз Роббисига ношукурлиги ҳақида, Унинг неьматларидан баҳраманд бўлиб туриб, қадрини билмаслиги, неьмат берувчи Зотнинг ҳаққини билмаслиги, Унинг фазли карамини эьтироф қилмаслиги ҳақида сўз юритади.
Шу билан бирга «Инфитор» сурасида ана ўша ношукурликнинг сабаби ҳам баён этилади. Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга у шукр қиляптими, куфрони неьмат қиляптими-ёзиб бориш учун фаришталарни вакил қилиб қўйгани ҳам таькидланади.
Кейин эса, сураи карима охиратда одамлар икки қисмга: аброрларга ва фужжорларга тақсимланиши, аброрлар жаннати наьиймга тушиб, фужжорлар дўзахи жаҳиймга тушишлари ҳақида таькидли хабар беради.
Суранинг хотимасида эса, қиёмат кунининг улуғворлиги ва даҳшати тасвирланади. Одамлар У Кунда ҳамма нарсадан ажраб, қуруқ ўзлари қолишлари, ҳукм эса, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига қолиши ҳақида сўз кетади.
«Инфитор» сураси Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Ким қиёмат кунига ўз кўзи билан очиқ-ойдин назар солмоқчи бўлса, «Изашшамсу куввирот», «Изас самааун фаторот» ва «Изассамааун шаққот» сураларини қироат қилсин»,–деб айтилган суралардан биридир.
Демак, сиз билан биз ҳозир қиёмат кунига ўз кўзимиз билан очиқ-ойдин назар солиш учун ушбу сураи каримани ўрганишни бошлаймиз. Аллоҳ таоло бу сурани ўрганиш орқали қиёмат кунини ўз кўзимиз ила очиқ-ойдин кўрганимиздан кейин дунёда ундан қўрқиб, унга тайёргарлик кўриб ўтадиган бандалардан қилсин. 
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
 
1. Вақтики осмон ёрилса.
Осмоннинг ёрилиши жуда ҳам улкан ва даҳшатли бир ҳодисадир. Олам бино бўлганидан бери мустаҳкамлик ва улуғворлик рамзи бўлиб турган осмон унча-мунчага ёрилмайди. У дунёнинг энг улкан ва энг даҳшатли ҳодисаси учунгина, қиёмат қоим бўлиши учунгина ёрилади. Осмоннинг ана шу ёрилишида малоикалар қиёмат ҳақидаги Аллоҳнинг амрини олиб тушадилар. Бу ҳақда бошқа сурада таькидлаб айтилган.
 
2. Ва вақтики юлдузлар сочилиб кетса.
Юлдузлар ҳамАллоҳ таоло уларни яратганидан бери ўз жойларида, ўз буржларида бардавом турибдилар. Қилчалик жилмаяптилар ва биров уларни жилдириш имконига ҳам эга эмас. Аммо юлдузларни халқ қилган Зот ирода қилган вақт келганда шунчалик улкан жисмли, мунчалар мустаҳкам турган, шунчалик бардавом юлдузлар тутдай сочилиб кетадилар. Албатта, бундоқ бўлиши оддий сабабдан бўлмайди. Балки, мисли ва ўхшаши йўқ, энг буюк ва энг даҳшатли бир сабаб туфайли бўлиши турган гап.
 
3. Ва вақтики денгизлар портлатилса.
Аллоҳ таоло борлиқни яратгандан буён денгизлар ҳам ўзига яраша улуғворлик аломати бўлиб келган. Турли халқлар ўта кенг, катта ва сероб нарсаларни денгизга ўхшатиб келганлар. Денгизларнинг портлаши эса ҳеч кимнинг тасаввурига сиғмайди. Аммо, ўша денгизларнинг Холиқи ирода қилган вақт келганда улар шундоқ портлайдиларки, ҳаммалари бир-бирларига қўшилиб кетадилар ва «Таквир» сурасида айтилганидек, оловланиб ёниб ҳам кетадилар. Албатта, бундоқ улкан ва даҳшатли ҳодиса ўз-ўзидан ёки унча-мунча нарсага бўлмайди. Балки, ўхшаши йўқ, энг буюк ва энг даҳшатли бир сабаб туфайли бўлиши турган гап.
 
4. Ва вақтики қабрлар остин-устин бўлса.
У вақтдаги остин-устин бўладиган қабрлар Одам Атодан тортиб ўша кунгача бўлган барча қабрлардир. Бу таьбир Одам Атодан тортиб то қиёматгача ўтган барча инсонлар қайта тирилишини ифода қилади.
Юқоридаги оятларда қиёмат куни даҳшатлари, осмон, юлдузлар, денгизлар ҳолати қандоқ бўлиши ва ўликлар қабрларидан туриши таькидланади. Хўш, қабрдан тургандан сўнг нима бўлади?
 
5. Ҳар бир жон нимани тақдим қилдию, нимани таьхир қилди биладир.
Чунки ҳисоб-китобда аниқланади. Ўша даҳшатли қиёмат кунида ҳамманинг заррача бўлса ҳам, бу дунёда тақдим қилган яхши амаллари ҳисоблаб ўзига билдирилади. Шунингдек, ўша кунда ҳар бир шахснинг заррача гуноҳи бўлса ҳам, ҳисоблаб ўзига билдирилади.
Қиёмат, ҳисоб-китоб бўлиши ҳақ бўлса, демак, инсон бу дунёда ҳаракат қилиши керак. Шунинг учун Қурьон келаси оятларда ғурурга кетган инсонга хитоб қилади:
 
6. Эй Инсон! Сени нима карамли Роббинг ҳақида   ғурурга кетказди?!
Эй, хатокор Инсон! Сени нима алдаб ғурурга кетказдики, Карим бўлган Роббингга иймон келтирмай, куфр келтирдинг?!
Эй, набокор Инсон! Нима сени ғурурга кетказдики, Улуғ Роббингнинг амрига хилоф қилишга журьат этдинг?!
Эй, ношукур Инсон! Нима сени ғурурга кетказдики, Буюк Роббингнинг эҳсонига исён ила жавоб бердинг?! Ҳолбуки...
 
7. У сени тўла-тўкис ва мўьтадил қилиб яратганди.
Аллоҳ таоло инсонни тўла-тўкис қилиб яратиши-уни нуқсонсиз қилиб, ўзига керак бўлган ҳамма аьзолар билан таьминлаб яратишидир. Дарҳақиқат, инсоннинг тузилишига, унинг аьзоларига диққат билан назар солган ҳар бир шахс бу маьнони дарҳол фаҳмлаб етади. Бу масалани яхшилаб ўрганган мутахассислар эса, инсон вужудида инсон ақли бовар қилмайдиган тўла-тўкислик борлигини тушуниб етиб, Аллоҳга иймон келтиради. Инсоннинг қон айланиш, кўриши, ҳид билиш, фикрлаши, асаби, хотираси ва бошқа томонларини ўрганганлар эса мазкур нарсалардаги тўла-тўкислик ва мутаносибликни кўриб ҳайратга тушади. Шунинг учун ҳам инсон ўрганиш бўйича АҚШдаги катта илмий марказга қирқ йилдан ортиқ раҳбарлик қилган, дунёнинг энг катта илмий мукофотларини олган киши ҳам «Инсон, ана ўша мажҳул» номли китоб ёзди.
ИнсоннингАллоҳ таоло томонидан мўьтадил қомат ва аьзолар ила яратилганлиг ҳақида умуман гапириш ўзи ортиқча иш.
Хўш, Аллоҳ инсонни шундоқ қилиб яратиб қўйибди. Ўша Аллоҳ томонидан тўла-тўкис ва мўьтадил этиб яратилган инсон ҳеч бўлмаса ўзининг тўла-тўкислигидан фойдаланганда Холиқига шукр қилса бўлмайдими?! Ўша инсон ҳеч бўлмаса ўзининг мўьтадиллигидан манфаат топганда ўз Холиқига шукр қилса бўлмайдими?! Аллоҳ таоло ҳақида ғурурга кетишни унга ким қўйибди?!
 
8. Ўзи хоҳлаган суратда сени таркиб қилди.
Ҳақиқатда инсоннинг тузилиши, жисми, ақли, ҳис-туйғулари ва бошқалар битмас-туганмас мўьжиза. Бутун дунё қўшилиб уринганда ҳам бирорта тирноқни ўз ҳолига қайта тиклай олмайди. Инсон ўйлаб кўрса, бу ҳақиқатни тушуниб етади. Ким уни бундоқ қилиб яратди? Ўзини ўзими? Ёки маймунми? Ёки яна бошқа сабаб борми? Йўқ, фақат барча нарсага қодир Роббил оламин шундай қила олади, холос.
 
9. Йўқ!!! Балки, сиз жазони ёлғонга чиқармоқдасиз!!! 
Йўқ!!! Сиз нотўғри қилмоқдасиз!!! Бу қилмишингиздан қайтинг!!!
Балки, аксинча иш қилмоқдасиз!!! Қилиш керак бўлмаган ишни қилмоқдасиз!!!
Сиз жазони, яьни қиёмат кунини ёлғонга чиқармоқдасиз. У кунда ҳар ким қилганига яраша жазосини олишини ёлғонга чиқармоқдасиз.
 
10. Ҳолбуки, сизнинг устингиздан кузатиб турувчилар бордир.
Сизнинг ҳар бирингизга бириктирилган фаришталар бор. Улар сизни доимо муҳофаза қилиб турадилар. Улар сизни ҳар бир ҳаракат ва саканотингизни синчковлик билан кузатиб, муроқаба қилиб турадилар. Шу билан бирга:
 
11. Улар ҳурматли, ёзиб тургувчилардир.
Яьни, мазкур бириктирилган, муҳофаза қилувчи фаришталар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида мукаррам бўлган ва бандаларнинг барча амалларини ёзиб турувчилик сифатига ҳам эгадирлар. Ҳар бир банданинг ўнг томонидаги фаришта яхшиликларини, чап томонидаги фаришта эса ёмонликларини ёзиб боради. Ҳа, зинҳор ғафлатда бўлманглар...
 
12. Улар нима қилаётганингизни биладир. 
Ҳар бир инсонга бириктирилган фаришталар борлиги, улар Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматга эга эканликлари ва бу фаришталар бизнинг барча ишларимизни билиб, ёзиб боришларига иймонимиз фақат яхшиликка чорлаши ва ёмонликлардан қайтариши лозим, чунки...
Қиёмат куни ўша фаришталар заррача нарсани ҳам тарк қилмай ёзиб борган номаи аьмолга қараб ҳукм чиқарилади. Ана ўша номаи аьмол натижасига қараб:
 
13. Албатта, яхшилар жаннатдадир.
Чунки, уларнинг номаи амалларидан бу дунёда қилган яхшиликлари: иймон эьтиқодлари, ибодатлари, амали солиҳлари, ҳусни хулқлари, хайри эҳсонлари ва бошқа савоб ишлари ҳақида муфассал маьлумотлар чиқди. Ана ўша яхшиликлари учун Роббилари–Қиёмат кунининг эгаси –Аллоҳ таоло уларни жаннатга киритиш ила мукофотлади.
 
14. Ва албатта, фожирлар жаҳаннамдадир.
15. Улар у ерга қиёмат куни кирадир.
16. Ва улар ундан ғойиб бўла олмаслар.
Чунки, ўша фожирларнинг номаи амалларидан бу дунёда қилган ёмонликлари: кофирлик ва мушрикликлари, осийликлари, фосиқликлари, зулмлари ва бошқа ёмон ишлари ҳақида батафсил маьлумотлар чиқади.
Ана шунинг учун улар қиёмат куни қаттиқ қизиб турган жаҳаннамга кирурлар. Улар жаҳаннамдан ғойиб бўла олмайдилар: қочиб қутила олмайдилар, тушганларидан кейин қайтиб чиқа олмайдилар.
Эй, Роббиси ҳақида ғурурга кетган набокор инсон!
Эй, қиёматни инкор қилаётган кофир! Қиёмат ана шундоқ кун! Қиёмат куни сен ва сенга ўхшаганлар бошига мазкур мусибатлар албат тушажак.
Сен, эй, ғофил банда, қиёмат куни моҳиятини англаб етасанми ўзи?!
 
17. Ва–жазо куни нима эканини сенга нима билдирди?
18. Сўнг–жазо куни нима эканини сенга нима билдирди?
Араб тилида бундай саволларни истинкор саволи дейилади, яьни эшитувчи бу нарсани билмаслиги ва била олмаслигини таькидлаш учун келтирилади. Ўзимизда ҳам бировга бир нарсани билмайсан, деган фикрни таькидлаброқ айтмоқчи бўлсак, сен буни қаердан билардинг, деймиз. Юқоридаги оятлар ҳам мазкур маьнони англатади. Яьни, қиёмат куни улуғ кун, унинг ҳақиқатини билишга сенга йўл бўлсин, дегани. Саволнинг такрор келиши маьнони янада кучайтиради.
Ана шундоқ истинкор саволидан кейин, бандаларга қиёмат кунининг ҳақиқати ва моҳиятиниАллоҳ таолонинг Ўзи васф қилишга ўтиб, қуйидагини айтмоқда:
 
19. Ўша кунда ҳеч бир жон бошқа бир жон учун бирор нарса қилиш имконига молик эмас. У кунда барча иш Аллоҳнинг Ўзига хос.
Яьни, У кунда ҳеч ким, ҳеч қандай зот орага туша олмайди. Бу менинг қариндошим эди, гуноҳидан ўтилишини сўрайман, каби сўзлар айтилмайди. Чунки ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади.
Бу дунёдаги орага тушишлар у дунёда ишлатилмайди. У ернинг қозиси Аллоҳнинг Ўзи,  У зот пора ҳам олмайди, қариндошчилик ҳам йўқ, ошначилик ҳам йўқ, фақат энг адолатли ҳукм бор. Тайёрланиш керак.



Тафсири Ҳилол
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф