АҚОИД МАТНЛАРИ
БЕШИНЧИ ҚИСМ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Амалларимизни ёзиб борувчи (кироман котибин) фаришталар борлигига ишонамиз. Шунингдек, жон олувчи фаришта(Азроил а.с.)га ишонамиз.
Қабрда баъзи мустаҳиқ кишиларга азоб бўлишини, Мункар ва Накир деган икки фаришта кириб марҳумдан Рабби, дини ва пайғамбари ҳақида савол қилишини ҳақ деб биламиз. Қабр— бу кимгадир жаннат боғларидан бири, кимгадир дўзах қудуқларидан биридир.
Қиёмат куни қайта тирилишимизга, амалларимизга мувофиқ жазо ва мукофот олишимизга, номаи аъмолларимизни ўқишимизга, пулсирот кўприги ва амал тарозисига, ҳозир ҳам мавжуд, йўқ бўлмайдиган жаннат ва дўзахга ишонамиз. Бу икки манзилни ҳаммадан олдин яратиб, уларга муносиб ўз аҳлларини ҳам сўнг халқ этди. Ҳар бир инсон ўзининг борадиган манзилига лойиқ иш қилиб боради.
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бандаларга азал тақдирда битиклидир.
Аллоҳ таоло ҳеч кимни тоқати ва қудрати етмайдиган ишга буюрмайди. Тоқат ва қудрат эса фақат шу ишни бажаришда намоён бўлади. Аммо таклиф соғлом одамга ишни бажармасдан олдин юборилиши мумкин.
Бандаларнинг қилаётган ишларини аслида Аллоҳ яратади. Уларни тоқатлари етмайдиган ишга таклиф қилмайди. Уларнинг қудрати ҳам таклиф этилган нарсагагина етади. Бу қуйидаги калиманинг тафсиридирким, «Ла ҳавла ва қуввата илла биллаҳ»дир. Маъноси: “Қуч ва қувват ёлғиз Аллоҳнинг дастак-ёрдами билангина қўлга киритилади”
Ҳар бир иш Аллоҳнинг хоҳиши, илми, тақдири билангина бўлур. Аллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан устундир. Қазо ва қадари эса барча ҳийла ва тадбирлардан ғолибдир. Аллоҳ ўзи хоҳлаган ишни қила билур. Лекин ҳаргиз зулм қилмас. У ҳар қандай ёмонлик, айбу нуқсондан холидир. «У қилаётган ишидан ҳеч кимга ҳисобот бермас, балки унга ҳисобот
берилур!»(«Анбиё» сураси, 23-оят)
Тирикларнинг марҳумлар учун қиладиган дуолари, садақа ва эҳсонлари фойдадан холи эмасдир. Аллоҳ таоло дуоларни қабул этувчи, ҳожатларни раво кўрувчи зотдир. У ҳамма нарсага моликдир, Унга ҳеч ким молик эмасдир. Оламни бир лаҳза ҳам Аллоҳсиз тасаввур этиб бўлмайди. Кимки ўзини Усиз мустақил деб бир лаҳза тасаввур этса, диндан чиқиб ҳалокат аҳлига мансуб бўлур. Аллоҳ таолонинг ғазаби ва ризоси бор, лекин бандаларидагидек эмас.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча саҳобаларини дўст тутамиз. Дўст тутишда ҳаддан ошиб, шуҳратпарастликка ўтиб кетмаймиз. Улардан ҳеч кимни душман тутмаймиз. Уларни ёмон кўрувчиларни ёмон кўрамиз. Уларга фақат яхши сифатларни нисбат берамиз. Уларга муҳаббат боғлашлик— бу дин, имон, эҳсон белгисидир. Уларни ёмон кўришлик— бу куфр, нифоқ ва туғён аломатидир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг халифалик умматнинг афзали ва пешвоси бўлмиш Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳуга, сўнг Умар Форуққа, сўнг ҳазрати Усмон зун нурайнга, сўнг Ҳазрати Али Муртазо розийаллоҳу анҳумга насиб бўлди. Бу тўрт халифани «Хулафойи рошидин», яъни тўғри йўл тутган пешво халифалар дейилади.
Ўнта саҳобани Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат аҳли, деб башорат берганлар. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Талҳа, Зубайр, Саъд, Саид, Абдураҳмон ибн Авф ва Абу Убайда ибн Жарроҳ(розийаллоҳу анҳум)дирлар.
Кимики Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва аёлларини турли ёмон сўзлардан поклаб, яхши сифатлар билан ёд этса, шунингдек, зурриётларини ҳам турли ношойиста сифатлардан ҳимоя қилиб зикр этса, мунофиқлик иснодидан ўзини пок тутган бўлади.
Саҳобалар ва тобеъинлар аҳли хайр, аҳли фиқҳ, аҳли ривоят, улуғ мартабали зотлардир. Уларни фақат яхшилик билан ёд этиш лозим. Кимики уларга ёмонликни нисбат берса, у ўта адашганлардан бўлур.
Авлиёлардан ҳеч бирини пайғамбарларнинг ҳеч биридан ортиқ санамаймиз, балки бита пайғамбар барча авлиёлардан афзалдир. Авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Бунга ишончли ривоятлар бор.
Қиёмат аломатларига ҳам ишонамиз. Масалан, Дажжолнинг чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари, қуёшнинг ғарб томондан чиқиши, Ер ҳайвонининг чиқиши кабилар.
Фолбинлар сўзини тасдиқ этмаймиз. Қуръон, ҳадис ва ижмои Умматга хилоф гапларни қабул қилмаймиз.
Жамоатни ҳақ ва тўғри деб ҳисоблаймиз. Тафриқани залолат ва азоб деб биламиз.
Аллоҳнинг дини Ерда ҳам, осмонда ҳам бир, яъни ислом динидир. Бу дин ўртаҳол, мукаммал, оммабоп диндир. Мана шулар бизнинг ички ва ташқи ақидамиз ва динимиздир. Шуларга хилоф қилувчиларга биз мухолифмиз.
Аллоҳ таолодан ҳаммамиз учун имонда собит қадамлик, имон билан ўтишлик, турли ботил ақидалардан сақланишлик, Аҳли Сунна вал-Жамоада барқарор бўлишликни сўраймиз.
Барчамизга тавфиқ ато этгай!
Aqoid matnlari
www.ziyouz.com кутубхонаси