АҚОИД МАТНЛАРИ
(Олтинчи қисм)
«АҚОИДИ НАСАФИЯ» РИСОЛАСИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Муаллифи— Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий.
Вафоти537 ҳижрий йил. Юзга яқин китоб ёзган. 550 нафар олимлардан
сабоқ олган ва уларга бағишлаб алоҳида бир китоб битган. Ушбу«Ақоид»
рисоласи тўққиз асрдан бери мотуридия ақидаси бўйича мадрасаларда
қўлланма тарзида фойдаланиб келмоқда.
АҚОИДИ НАСАФИЯ
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи ила
«Аҳли Сунна вал-Жамоа» аталмиш исломий-ақидавий йўналиш уламолариким, уларни «Аҳли ҳақ» ҳам дерлар, шундай демишлар:
Барча мавжуд нарсалар ҳақиқатан воқелик ва моҳиятга эгадир ва уларни билиб олиш ва идрок этиш мумкиндир. Суфастоия оқими бунга хилоф қилурлар ва айтурларки, мавжудотнинг барчаси гарчи бизга бордек кўринса-да, аслида йўқ нарсалар бўлиб, улар хаёлий ва ваҳмий ҳиссиёт маҳсулидан ўзга нарса эмасдир.
Мавжудот ва махлуқотларни билиш ва идрок этиш воситалари учтадир, соғлом сезги аъзолари, ишончли хабар ва ақл.
1. Инсондаги сезги аъзолари. Улар беш хилдир: эшитиш, кўриш, ҳид билиш, таъм сезиш ва бадан орқали сезиш аъзолари. Буларнинг ҳар бири қайси вазифа учун тайин этилган бўлса, ўша билангина чегараланади(яъни кўз билан эшитиб бўлмаганидек, қулоқ билан ҳам кўриб бўлмайди).
2. Ишончли хабар. У икки хилдир:
1. Мутавотир саналган хабар. У шундай хабарки, кўпчилик оғзидан эшитилган бўлиб, улар ўзаро ёлғон гап тарқатишга келишиб олишлари мумкин бўлмаган кишилар бўлиши керак.
Бундан ҳосил бўлган билим«илми зарурий» («қатъий илм») деб аталади. Масалан, ўтган замонларда яшаган подшоҳлар, узоқ масофадаги мамлакатлар борлиги ҳақидаги хабарлар ва ҳокозо,
2. Мўъжиза билан қувватлантирилган пайғамбар хабари. У истидлолий(далилли) илмни пайдо қилади.
Унинг воситаси билан билинадиган илм ишонч ва собитликда мазкур«илми зарурий»га тенглашади.
3. Ақл. У ҳам билим воситасидир. Унинг воситасида дарҳол билинадиган илм ҳам«илми зарурий» деб аталади. Масалан, ҳар бир нарса ўзининг бўлакларидан катталиги дарҳол англашилгани каби. Ақлий далил билан билинадиган илмга эса«иқтисобий» ёки«касбий илм» дейилади. Бирор нарсанинг моҳиятини англаб етишда илҳом билим воситаси бўла олмайди.
Олам ўзининг барча ашёси билан биргаликда ҳодисдир. Яъни қачондир яратилгандир. Зеро, олам мураккаб ва мураккаб бўлмаган мустақил жисмлар ҳамда мустақил бўлмаган, балки бошқа жисмларга суяниб турувчи жисмлардан иборатдир. Мустақил ва мураккаб жисмлар учун мисол сифатида катта ва кичик мавжудотларни ҳамда мустақил бўлмаган сифатларга эса ранглар, таъм ва ҳидларни келтириш мумкин. Яъни қизил олманинг ўзи мустақил, унинг ранги эса ғайри мустақил. Зеро, у олмадан айри ҳолда тура олмайди.
Оламнинг яратувчиси Аллоҳдир. У яккаю ягона, қадим, тирик, қудратли, билимли, эшитувчи, кўрувчи, хоҳловчи, ирода этувчиким, ашёлардаги фоний сифатлар Унда йўқдир. У жисм ҳам, жавҳар ҳам эмас. Яна у тасвирланувчи ҳам, чегараланувчи ҳам, саналувчи ҳам эмас.
У қисмларга бўлинувчи ва бўлаклардан таркиб топган ҳам эмас. У чексиз ва ниҳоясиздир. У қандай, қанақа, нима деб сўралмайди. У бирор маконда қарор олиб турувчи эмас. Унга вақт, замон дахлдор эмас. Бирор нарса Унга ўхшамас. Унинг билим ва қудрат доирасидан ҳеч нарса ташқарига чиқмас.
Унинг мустақил, азалий сифатлари борким, улар Аллоҳнинг Ўзи ҳам эмас, Ўзидан ўзга ҳам эмасдир. Улар: илм, қудрат, ҳаёт, қувват, эшитиш, кўриш, ирода, хоҳиш, яратиш, ризқ бериш, гапириш каби Ўзига хос сифатлардир.
Аллоҳ ўзига хос калом билан сўзлар. Сўзлаш унинг азалий сифатидир. Унинг каломи ҳарфлар ва товушлар жинсидан эмас. Унинг бу сифати сукут ва турли офатлардан холидир.
Аллоҳ шу сифати билан гапирувчидир, у билан буюрувчи, тақиқловчи ва хабар берувчидир.
Қуръон— Аллоҳнинг каломи. У махлуқ(кейин яратилган) эмас. У мусҳафларимизга битилувчи, қалбларимизда ёд олинувчи, тилимизда қироат қилинувчи, қулоқларимиз билан эшитилувчидир. Лекин ўша жойларга кириб ўрнашиб қолувчи эмас.
Таквин(пайдо этиш) Аллоҳнинг азалий сифатидир. У бу сифати билан бутун оламни барча қисмлари билан ўзига муносиб вақтларда яратган. Таквин сифатини бизнинг ақидамиз бўйича Аллоҳга нисбат берилганда«пайдо этилган» деб эмас, балки«пайдо этувчи»деб билиш керак бўлади.
Ирода ҳам Аллоҳнинг азалий мустақил сифатларидан. Аллоҳдан қўрқиш ақлан мумкин.
Нақлий(Қуръон ва ҳадисда мавжуд) далилларга биноан ҳам қатъийдир.
Мўъминларнинг охиратда Аллоҳ таолони кўришлари хусусида қатъий хабарлар эшитилган. Кўриниш бирор маконда ёки бирор муқобил томонда бўлмайди. Шунингдек, кўз нурининг етиб бориши ёки Аллоҳ билан кўрувчи ўртасида қандайдир масофа бўлиши ҳам мумкин эмас.
(Демак, кўриш ҳақ, лекин ҳолати тўғрисида баҳс юритиш мумкин эмас).
Бандаларнинг барча феъл-ҳаракатлари— хоҳ улар қуфр, хоҳ имон бўладими, тоат ёки гуноҳ-маъсият каби ишлардан бўладими— уларни Аллоҳ таоло ўз иродаси, хоҳиши, ҳукми, қазоси ва тақдири билан яратади.
Бандаларда ихтиёрий феъл ва ҳаракатлар бор. Улар сабабли савоб ёки гуноҳ орттирадилар.
Банданинг қилган амалларидан эзгулиси Аллоҳнинг ризоси билан, ёмони эса Унинг розилигидан ташқари ҳолда ижро этилади.
Инсоннинг тоқат ва қудрати унинг бирор ишни бажариши билан белгиланади. Мана шу ҳар қандай ишга сарф қилинадиган куч-қудратнинг ҳақиқатидир. Тоқат сўзи восита ва асбобларнинг соғломлигига қараб ўз тасдиғини топади. Аллоҳнинг таклифи(буйруқ ва тақиқлари) ҳам шу тоқат ва имконият чегарасидан ташқари қилинмайди.
Бирор инсонни биров урганда ҳосил бўладиган оғриқ ёки бирор инсон шишани синдирганда ҳосил бўладиган синиқ ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ҳаммасини Аллоҳ яратади. Бунда банданинг яратиш таъсири йўқдир.
Қатл этилган мурда ҳам ўз ажали билан ўлган ҳисобланади. Ажал— бир.
Ҳаром ҳам ризқ ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўз ризқини— хоҳ у ҳалол бўлсин, хоҳ у ҳаром — тўла истеъмол қилади. Бирор инсон ўз ризқини емади ёки унинг ризқини биров еб қўйди, деб тасаввур қилинмайди.
Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасини залолатга ва хоҳлаган бандасини ҳидоятга йўллаб қўяр.
Банданинг фойдасини кўзлаб иш қилиш Аллоҳнинг зиммасига вожиб эмас.
Қабрда Аллоҳнинг илми ва иродасига кўра кофирларга ва баъзи гуноҳкор мўъминларга азоб берилиши, шунингдек, тоат-ибодатли кишиларга роҳат ато этилиши, Мункар ва Накир исмли фаришталарнинг майит билан савол-жавоб қилишлари нақлий далиллар(оят ва ҳадислар) билан исботланган. Бундан ташқари бу ақл жиҳатидан ҳам мумкин ишлардандир.
Ўлгандан кейин(қиёматда) қайта тирилтириш, амалларини тарозида тортиш, номаи аъмол, савол-жавоб, Ҳавзи Кавсар, Пулсирот, жаннат ва дўзах тўғрисидаги хабарларнинг барчасини ҳақ ва рост, деб билурмиз. Жаннат билан дўзах ҳозир ҳам мавжуд ва уларнинг ўзи ҳам, унга тушганлар ҳам боқий бўлурлар, фонийлик кўрмаслар.
Aqoid matnlari
www.ziyouz.com кутубхонаси