1445 йил 18 Шаввол | 2024 йил 26 апрель, Жума.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
04:21
Sunrise
05:45
Dhuhr
12:35
Asr
17:25
Maghrib
19:25
Isha
20:49


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУХТАСАРУЛ ВИҚОЯ МАТНИ (3-ҚИСМ)

4-05-2020, 11:37 877 Ўқиш режими + -



МУХТАСАРУЛ ВИҚОЯ МАТНИ  

(УЧИНЧИ ҚИСМ)


ФАСЛ

 

Нажаслар боби

            Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм 

   Нарса кўзга кўриниувчи нажасдан – гарчи унинг асоратини сув ила кетказиш машаққатли бўлгани учун кетказилмаса ҳам – сув ёки бошқа суюқ бўлган аритувчи ила унинг айнини кетказиш ила покланади. Асорати кўринмайдиган нажосатни уч маротаба ювиш ва имкони бўлса ҳар ювганда сиқиш ила покланади. Сиқиш имкони бўлмаса, ювиб томчиламайдиган ҳолатга келгунича ташлаб қўйилади, сўнгра яна икки маротаба шу амал қилинади. Манийдан уни ювиш, қуриганини уқалаб ташлаш ила покланади. Махси жисми бор нажасдан ўша ерини ерга ишқалаб ташлаш ила, махсидаги ундан бошқа ҳар қандай нажасни фақатгина ювиб ташлаш ила покланади. Қилич ва шунга ўхшашлар масҳ қилиш ила покланади. Гилам унга бир тўлиқ кеча сув оқизиб қўйиш ила покланади. Ер ва кўкат, ўт-ўлан каби унга ёпишган нарсалар қуриш ва нажосатнинг асорати кетиши ила ўша ерда намоз ўқиш учун пок бўлади, таяммум учун эмас. 

         От, гўшти ейиладиган ҳайвонлар ва гўшти ейилмайдиган қушларнинг тезаги нажосати хафифа бўлиб улар теккан кийимнинг тўртдан биридан ози бўлганда афв қилинади. Гўшти ейиладиган қушларнинг тезаги покдир. Аммо товуқнинг тезаги икки йўлдан чиққан нарса, қон, хамр каби нажосати ғализадир. Нажосати ғализа теккан ерида бир дирҳамдан оз миқдорда бўлганида афв қилинади. Нажосати ғализанинг қуюғида бир дирҳам миқдори бир мисқол (4,25 гр), суюғида бир дирҳам миқдори кафтнинг чуқур ерининг кенглигидадир. Игнанинг учлари каби сачраган бавл ҳеч нарса эмас. Нажосат устига тушган сув ва бунинг акси нажосатдир. Ифлос нарсанинг кули туз конига тушиб кетиб тузга айланиб кетган эшак каби покдир.  

         Астарига нажосат теккан кийим ила намоз ўқиш, бир четига нажас теккан гиламнинг бошқа тарафида намоз ўқиш, сиқилса томмайдиган даражадаги нажосатдан бўлган намлик бор кийимда намоз ўқиш, тезак бор ҳўл лой ила лойланиб сўнгра қуриган нарсанинг устига қўйилган қуруқ кийим ила намоз ўқиш, буғдойни янчиш учун эшаклар тегирмон атрофида айланаётиб буғдойнинг устига бавл қилиб қўйгач айнан қайси жойга бавл қилинганини билинмагани учун буғдойнинг бир тарафи ювилганида ёки бериб юборилганида буғдой пок бўлгани каби бир кийимга нажас теккач қай ерига теккани билинмай таҳминан бир тарафи ювилган кийимда намоз ўқиш – жоиз. 

 

Истинжо ҳукмлари

Тош ва шунга ўхшаш нарсалар ила икки йўлни - уйқу ва елдан бошқа ҳар қандай бетаҳоратликда – пок бўлгунча тозалаш истинжо бўлиб у суннатдир. Истинжо суяк, тезак ва ўнг қўл ила қилинмайди. Истинжодан кейин иккала махражни ювиш одобдир. Агар нажосат махраждан бир дирҳам миқдоридан кўп жойга ўтса, истинжо қилиш вожиб бўлади. Махражни ювишни – икки қўлни ювиб – махражини муболаға ила бўшаштириб бармоқларининг ички тарафи билан тозалайди.  Сўнгра қўлларини ювади. Хожатхонада қиблага олд ва орқа тарфни қилиб ўтириш макруҳдир. 

 

НАМОЗ КИТОБИ

 

Бомдоднинг вақти уфқда энига ёйилган субҳдан қуёш кўрингуничадир. Пешин вақти қуёш заволга кетишидан кўланкасини ҳисобга олмаган ҳолда ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг узунлигига икки баробар бўлгунича, бир ривоятда: “сояси ўзининг узунлигига бир баробар бўлгунича” дейилган. Аср вақти пешин вақти тугашидан қуёш ботгунгача. Шом вақти аср вақти тугашидан шафақ йўқолгунича, шафақ уфқдаги қизиллик бўлиб шунга фатво берилган. Ҳуфтон вақти шом вақти тугаганидан бошланади, витр ҳуфтондан кейин бўлади. Икковининг вақти фажргача (рўзадор оғиз ёпадиган вақтгача) давом этади.

Мустаҳаб вақтлар 

Бомдодни бошлашда қирқ оят ўқиб сўнгра таҳорати бузилганлигини билгач яна қайтариб ўқишга етадиган даражада кунни озроқ ёриштириш,  ёзнинг пешини ва қуёш ўзгармаса асрини кечиктириш, ҳуфтонни кечанинг учдан бирига кечиктириш, уйғонишига ишонган учун витрни кечанинг охирига кечиктириш, қишнинг пешини ва шомини эрталатиш - мустаҳабдир. Булутли кунда аср ва ҳуфтон эрталатилади, улардан бошқа намозлар кечиктирилади.  

Макруҳ вақтлар

Қуёш чиқаётганида, қиёмга келганида ва ботаётганида ўша кунги асрдан бошқа намоз, тиловат саждаси, жаноза намози макруҳ бўлади. Имом хутбага чиққанида, бомдод вақтида унинг суннатидан бошқа, аср ўқилгач шом ўқилгунича фақат нафл намоз макруҳ бўлади. Ким намознинг охирги вақтида унга аҳл бўлиб қолса – ўша вақтда ҳайз кўриб қолганга хилоф ўлароқ – фақат ўша намознинг ўзини қазо қилади.

 

АЗОН ФАСЛИ

 

Азон боби

Азон фарз намозлар ва жумъа учун уларнинг вақтида суннат. Вақтидан аввал азон айтилган бўлса, қайта айтилади. Қиблага юзланиб, тарассул қилиб (калималар орасини ажратиб айтиш), икки бармоғини икки қулоғига тиқиб азон айтади. Лаҳн (калимани маъносидан чиқариб юборадиган камчилик ёки зиёдаликка йўл қўйиш) ва таржиъ (икки шаҳодат калималарининг бирини пастроқ, иккинчисини ундан баландроқ айтиш) қилмайди. Икки “ҳайя”ларда ўнга ва чапга юзини ўгиради. Намозни эълон қилиш бу тариқа комил бўлмаса, мезонада айланиб айтади. Иқома азон каби бўлиб фақат уни тезроқ айтади ва икки маротаба “қод қоматис солаҳ”ни зиёда қилади. Азон ва иқома айтаётганида гапирмайди. Тасвийб (иқома айтаётганини билдириш) ҳар бир намозда яхшидир. Шомдан бошқа намозларда азон ва иқома орасида ўтирилади. Ўтиб кетган бир вақт намоз учун азон ҳам иқома ҳам айтилади. Шунингдек ўтиб кетган кўп вақт намозларнинг аввалгисига ҳам азон ва иқома айтилади, қолганларига азон ва иқома айтади ёки иқоманинг ўзини айтади Бетаҳоратнинг иқомаси азонидан фарқли ўлароқ макруҳ бўлиб иккови ҳам қайта айтилмайди. Азон ҳам, иқома ҳам жунуб киши тарафидан айтилса макруҳ бўлиб иқомадан фарқли ўлароқ аёл кишининг, мажнуннинг ва мастнинг азони каби қайта айтилади. Азон ва иқомани сафарда ва жамоъат масжидида тарк этиш “миср”даги уйидан фарқли ўлароқ макруҳдир. Имом ва қавм “ҳайя ъалас солаҳ”да турадилар. Имом намозга “қод қоматис солаҳ”да киришади.

 

НАМОЗ ШАРТЛАРИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ

 

Намоз шартлари боби

Намоз шартлари: Намозхоннинг бадани бетаҳоратлик ёки нажаслардан пок бўлиши,кийими, намоз ўқийдиган жойи пок бўлиши, авратининг тўсилиши, қиблага юзланиш ва ният. Эркак кишининг аврати киндик тагидан икки тиззанинг тагигача. Чўрининг аврати шулар ва жасадининг олд, орқа томонлари. Ҳур аёлнинг юзи, кафти ва қадамидан бошқа барча ери авратдир. Аъзонинг тўртдан бири очиқ бўлиши намоздан манъ қилади. Болдирнинг ўзи сон каби бир аъзо, закарнинг ўзи, икки кўкрак ва осилиб тушган соч бир аъзо.

         Нажосатни кетказишга ҳеч нарсаси йўқ киши у ила намоз ўқийда ва намозини қайта ўқимайди. Кийимининг тўртдан бири пок бўла туриб кийимсиз намоз ўқиши жоиз эмас. Кийимининг ундан ҳам ози пок бўлса, кийими ила ўқигани афзал. Кийими йўқнинг яланғоч намоз ўқиши жоиз, ўтириб имо ила ўқиши мандубдир. Хавфи бор киши учун юзланишга қудрати бор тарафи қибла бўлади. Қиблани биладиган инсон топилмаса, ўрганиб тахмин қилади. Ўрганиб тахмин қилгани киши қиблага юзланмай ўқиган бўлса ҳам намозни қайта ўқимайди. Ўрганмай, тахмин қилмай намоз ўқиган киши қиблага тўғри қараб ўқиган бўлса ҳам намозни қайта ўқийди. Намоз ўқиётганида қибла ҳақида фикри ўзгарса, намоздаги ҳолида ўгирилади. Имоми ундан орқада эмаслиги аниқ бўлганида имоми юзланган тарафни билмаслиги намозига зарар етказмайди. Аммо имомидан олдинга ўтиб кетгани ёки унга тескари тургани аниқ эканлигини билса, намози бузилади. Такбири таҳримага уланган ҳолда имомга иқтидо қилган бўлса, имомнинг намози ва унга иқтидо қилишни қасд қилади. Ниятини талаффуз қилса афзал. Фарз ва вожиб намозлардан бошқа намозларда мутлоқ намозни ният қилиш дуруст. Фарз ва вожиб намозларда намозни -ракатлари ададига хилоф ўлароқ - ният ила таъйин қилиш шарт қилинган.

 

НАМОЗ СИФАТИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ

Намоз сифати боби

Такбири таҳрима, қиём, фарзнинг икки 

ракатида ва витр, нафлларнинг ҳар ракатида бир оят бўлса ҳам ўқиш намоз фарзларидандир. Бир оят ўқиш ила кифояланган намозхон гуноҳкор бўлади. Икковлари наздларида бир узун оят ёки уч қисқа оят ўқиш фарз. Рукуъ, пешона ва бурун ила сажда қилиш – фатво шунга берилган – намоз фарзларидандир. Ташаҳҳуд миқдорича охирги ўтириш ва ўз феъли ила намоздан чиқиш намоз фарзларидандир. 

  

Намознинг вожиблари

 

“Фотиҳа”ни ўқиш, бир сура зам қилиш, тартибни риоя қилиш, аввалги қаъда (ўтириш), “ташаҳҳуд”ни ўқиш, салом лафзини айтиш, витрнинг қунути, икки ийд намозининг такбирлари, аввалги икки ракатни қироъат учун таъйин қилиш, таъдийлул аркон (қиём, қироъат, рукуъ ва сажда каби намоз фарзларини ва улар орасидаги рукуъдан туриш, саждадан туриш каби амалларни суннатга мувофиқ ҳотиржам бажариш), жаҳрий ўқиладиган намозни жаҳрий ўқиш, махфий ўқиладиган намозни махфий ўқиш.

 

Намознинг суннатлари

Намознинг фарз ва вожиб амалларидан бошқа амаллари суннат ёки мандуб бўлади.


Давоми келгуси саҳифаларда...