РЎЗАГА ОИД НОЗИК САВОЛ ВА ЖАВОБЛАР
(2-ҚИСМ)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
САВОЛ: йўғон ичаги ташқарига чиқиб, қайта жойига солган кишининг рўзаси очиладими?
ЖАВОБ: йўғон ичагини ювиб, қуритмасдан жойигша солса, рўзаси бузилади. Ювгандан сўнг қуритиб бўлгач жойига солса, очилмайди. Шунингдек бачадони чиқиб қоладиган аёллар ҳам.
Йўғон ичаги ташқарига чиқиб қолган киши, уни ювади. Уни қуритишидан аввал жойига киргизса, рўзаси очилади. Қуритиб бўлиб солса очилмайди. Роддул Муҳтор.
САВОЛ: Рўзадор ўзининг аёлини қучоқлаб ўпса ва жинсий аъзосидан бирор нарса чиқса рўзаси бузиладими?
ЖАВОБ: бу каби ҳолатларда жинсий аъзодан чиққан сув мазий дейилади ва бу билан рўза очилмайди. Агар шаҳват билан маний отилиб чиқса рўза очилади.
Рўза очилиб кетишидан қўрқиб туриб ўпиш, ушлаш, қучоқлаш, кийимсиз ҳолда бир-бирларига баданларини теккизиш макруҳдир. Агар қўрқмаса макруҳ эмас. Роддул Муҳтор.
САВОЛ: Рўзани очмайдиган, лекин макруҳ бўлган амаллар қайсилар?
ЖАВОБ:
1. Рўзадор тупугини оғзида тўплаб сўнг ютиб юбориши;
2. Гапираётган, зикр қилаётган, ўқиётган чоғда лаблари ҳўл бўлса сўнг ўша ҳўлликни ютса;
3. Оғзидан оқаётган сўлакни қайтадан ютиб юборса;
4. Оғизни чайгандан сўнг қолган намликни тупуги билан бирга ютиб юборса;
5. Шамоллаш туфайли оққан балғам оғиз ё бурундан ташқарига чиқса, сўнг уни нафас олиб ичкарига тортса. (Лекин ичкарига ютгандан ташқарига чиқариб юборган афзал);
6. Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш (ютиб юборса рўзаси очилади);
7. Узрсиз чайнаш (ютиб юборса рўзаси очилади);
8. Оғиз буруни чайишда ва истинжо қилишда муболаға қилиш;
9. Рўзадор сувни ичида турган ҳолда ел чиқариши;
10. Маний тўкилиб кетиш хавфи бўлса қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шахватни қўзғатадиган ишлар;
11. Кийимсиз ҳолда баданларни бир-бирига текказиш;
12. Лабдан тишлаш, сўриш, ўпиш;
13. Заифлашишга олиб борадиган қон олдириш;
14. Ғийбат ва шу каби ишларни қилиш;
15. Аёлга қараб, ҳаёл суриб маний тўкилса рўза очилмайди, лекин макруҳ;
САВОЛ: Рўзани очмайдиган ва макруҳ бўлмаган амаллар қайсилар?
ЖАВОБ:
1. Сурма қўйиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида сурма қўяр эдилар;
2. Мўйлаб, соқолларига ёғ суртиш;
3. Бадан, бошларга ёғ суртиш;
4. Рўзадор таҳоратдан ташқари оғиз-бурунини чайиши, салқинлаш мақсадида ғусл қилиши, бошидан сув қуйиши, сувнинг ичига тушиб олиши ва нам латтани баданига ёпиб олиши. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздларида макруҳ эмас, фатво ҳам шунгадир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида чанқоқ босгани ва иссиқлик туфайли, бошларидан сув қуяр эдилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо рўзадор ҳолатида латтани намлаб, баданига ўраб олар эдилар. Бу амалларни ибодатга кўмак бўлиши ва фитрий бетоқатликни кетказишлик учун қилишликда зарар йўқ.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бу ишларни макруҳ санаганлар. Лекин макруҳлиги рўзани бузишга олиб борувчилиги эътиборидан эмас, балки ибодатни адо қилишда сабрсизликни изҳор қилганлигидандир.
Бир киши салқинлаш мақсадида сувга шўнғиса, рўза очилмаслигига учала имом ҳам иттифоқ қилганлар;
5. Рўза ҳолатида, заволдан аввал бўлсин ёки кейин, мисвак ишлатиш макруҳ эмас. Имом Аҳмад, Имом Молик, Имом Шофеъий наздларида заволдан кейин мисвак ишлатиш макруҳдир;
6. Рўзадор мушк, атир ҳушбўйликларни ҳидлаши ҳам макруҳ эмас, рўзани ҳам очмайди (исириқ, тутунларни ичига ютиш билан рўза очилади);
7. Заифлаштирмаса қон олдириш;
8. Қасддан ейилмайдиган ва ундан сақланиш қийин бўлган нарсаларни ҳалқумдан ўтиши билан. Масалан: ҳавода учиб юрадиган майда ҳашаротлар, тутун, чанг:
9. Эркаклар сийдикни тўхтатиш, даволаниш мақсадида жинсий аъзосига бирор нарса киргизиб олсалар (аёллар шу каби ишни қилсалар рўзалари очилади);
10. Саҳарликдан сўнг тишнинг ораларида қолган нарса нўхат миқдоридан кичикроқ бўлиб, уни ютиб юборса зарари йўқ. Лекин оғиздан ташқарига чиқариб, сўнг оғизга қайта солиб ютса, рўза очилади. Нўхат миқдорича ё каттароқ бўлса, рўза очилади.
Эсдан чиқариб одатий ёки ғайри одатий ишларни бажаришлик. Масалан: еб-ичиш, яқинлик қилиш ёҳуд клизма қилдириш, қулоғига дори томизиш. (Эсига тушиши билан бу амаллардан тўхталиш зарур).
Қари, заифҳол рўзадор киши эсидан чиқиб овқатланаётган бўлса, уни огоҳлантирилмайди. Агар ёш, қувватга эга бўлса, огоҳлантирилади. У эса огоҳлантирувни эшитгач оғзидаги нарсаларни ютмаслиги, дарҳол ташқарига чиқариб юбориши лозим бўлади. Ютиб юборса, рўзаси очилади. Қазоси вожиб, каффорати хусусида эса уламолар бир неча қавллар айтганлар.
11. Эркагу аёл тушида булғаниши;
12. Жунуб ҳолда субҳи содиқни қарши олиш;
САВОЛ: Рўза тутмасликка бўлган рухсат барча турдаги касалликка доирми?
ЖАВОБ: Бу ҳукм барча турдаги касалликка эмас, балки фақатгина рўза тутишлик зарар қиладиган касалликларга оиддир.
Рўза тутиш зарар қилмайдиган беморлик рўза тутмасликни мубоҳ қилмайди. Шарҳи Мухтасар Таҳовий.
Рўзани очмайдиган амаллар
Рўзани очмайдиган ва макруҳ бўлмаган амаллар
САВОЛ: Иш туфайли рўзани тарк қилса бўладими?
ЖАВОБ: Иш туфайли рўзани тарк қилишга рухсат йўқ. Аммо рўзадорга иш чоғида рўзани очишга шаръий узр пайдо бўлса рўзасини очади. Унинг зиммасига қазо лозим бўлади, каффорот эмас.
Нафақага муҳтож бўлган касб эгаси иш билан шуғулланса рўзани тутмасликни мубоҳ қилувчи зарар етишини билса ҳам бемор бўлмасидан аввал рўза очиши ҳаром саналади. Фатавои Ҳиндия
Лекин бошлиқларга Рамазонда қўл остидагиларга ишни енгиллатишга буйруқ берилган.
Салмон Форсий розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг охирги куни бизларга хутба қилдилар. Айтдилар... Ким Рамазон ойида қўл остидагиларга енгиллик яратиб берса, Аллоҳ уни мағфират қилиб, дўзахдан озод қилади”
Байҳақий ривояти.
САВОЛ: Рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам очишни мубоҳ қилувчи амаллар қайсилар?
ЖАВОБ: Улар тўққизтадир:
1. Беморлик (ҳалок бўлиши, бирор аъзосига талофат етиши, янги касаллик пайдо бўлиши, мавжуд беморлиги зиёдалашиши хавфи бўлса. Юқоридагилар ҳолатларни узр бўлишини шарти-мусулмон, ўз касбини моҳир устаси, адолатли шифокор томонидан тавсия бўлишидир. Ғайри дин, соҳасини устаси бўлмаган, ибодатларга бепарво шифокорларнинг тавсиялари қабул қилинмайди)
Касал ўз жонига ёки бирор аъзосига талофат етишидан хавф қилса бил ижмоъ рўзасини очаверади; Фатавои Ҳиндия
2. Сафар қилиш (мусофир киши рўза тутиш-тутмасликда ихтиёрликдир. Имкони бўлса тутгани афзалдир. Рўза тутмаслиги мумкинлигига шариат томонидан рухсат берилган. Рўза тутганидан сўнг сафарга чиқса, рўзасини очишга рухсат берилмайди. Очиб юборса қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Рўза тутганидан сўнг сафарни ният қилсаю, ўз шаҳридан чиқиб кетишидан аввал еб-ичиб юборса каффорот лозим бўлади.);
3. Мажбурланиш (мажбурлаш икки қисм бўлади: 1) ҳалок қилиш ёки бирор аъзосига талофат еткизиш, қаттиқ уриш; 2) бу даражага етиб бормаган мажбурлаш. Агар саломат ва муқим бир кишини ўлимтик, қон, тўнғиз гўштини ейишга мажбур қилинса, мажбурлаш тури биринчи қисмга оид, яъни ўлдириб юбориш, бирор аъзосига талофат етказиш ёки қаттиқ уриш каби бўлса, унга юқоридаги нарсаларни истеъмоли ҳалол бўлади. Сабр қилиб емасдан ўлиб кетса гуноҳкор бўлади. Биринчи қисмга оид мажбурлаш билан куфр сўзини айтишга, ибодатларни бажармасликка зўрланса, қалби иймонга ҳотиржам бўлиб, куфр сўзнини тилга олса, ибодатларни бажармаса кофир, гуноҳкор бўлмайди, лекин тилга олмаса, ибодатларни бажарса ва натижада вафот этса савобга эга бўлади.
Касал, мусофирлар биринчи қисмга оид мажбурлаш билан рўза тутишга мажбурлансалар рўзаларини очадилар, балки вожиб ҳам бўлади. Ҳаттоки, рўзасини очишдан бош тортиб ўлиб кетсалар гуноҳкор бўладилар)
Агар ўлакса, қон, тўнғиз гўштини ейишга ёки хамр ичишга ортиқча қийнамай зўрласа: қамаб, уриб, кишанлаш каби уларни ейиш ва ичиш ҳалол бўлмайди. Агар қаттиқ зўрласа: ўлдириш, бирор аъзосига талофат етказиш, қаттиқ уриш каби ҳалол бўлади. сабр қиламан, емайман, десаю, ўлиб кетса гуноҳкор бўлади. Шунингдек куфрга шу каби қаттиқ зўрланса қалби иймонга ҳотиржам бўлса куфр лафзини айтишлигига рухсат берилади. Айтмаса, сабр қилса, савоб олади. Рўза, намоз каби Аллоҳнинг ҳақларини бузиш ҳам шунингдекдир. (Роддул Муҳтор)
4. Ҳомиладорлик;
5. Сут эмизиш (ҳомиладор ёки эмизикли аёл ўзининг ёки боласининг жонига нуқсон ёки ҳалокат етиш хавфи бўлса, рўза тутмасликка, тутган бўлса очиб юборишга рухсат берилади. Бу нарсаларни тажриба ёки гумони ғолиб бўлиши ёки мусулмон, ўз ишиши устаси бўлган шифокор тавсияси билан билинади)
Ҳомиладор ё эмизикли аёл ўз жонларига ёки болаларига хавф сезсалар рўзани қазо қиладилар. Уларга каффорот вожиб бўлмайди. Хулосада ҳам шундай келтирилган; Фатавои Ҳиндия
6. Очлик;
7. Чанқоқлик (бу ҳолатлар ҳалокат ёки беморликка олиб борса, рўзани очишлик узр саналади);
8. Қарилик (эркагу аёл ёши улғайиб, рўза тутишга қудрати етмаса, бу ҳолат умрининг охирига давом этса, рўза тутмасдан бадалига фидя тўлашлари лозим бўлади.
Танвирда “Рўзадан ожиз қолган ёши улуғ кишига рўза тутмаслиги жоиз бўлади ва фидя тўлайди”, дейилган. Фатавои Ҳиндия.
Шунингдек сурункали касалликка дучор бўлганлар ҳам.
Саломат бўлишдан умидини узган сурункали касалликка дучор бўлган беморга касаллиги туфайли ҳар кунлик рўзасини эвазига фидя тўлаши вожиб бўлади. Роддул Муҳтор.
Агар юқоридаги кишилар ёзнинг узун кунларида тутолмай, қишнинг қисқа кунларида тутшга қудратлари етса, рўза тутишлари фарз бўлиб, фидя кифоя қилмайди;
9. Сафарбарлик;
Баъзилар ҳайз, нифос, беҳушлик ва жиннилик, нафл рўзаларда зиёфатни ҳам рўза тутмаслик учун узрлар сафига қўшганлар.
САВОЛ: Бир шаҳарда бўла туриб баландда турган киши билан пастда турган кишининг рўзасини очиш вақтида фарқ бўладими?
ЖАВОБ: Рўзани очиш-очмаслик қуёшни ботган-ботмаганлигига боғлиқдир. Тақвимларда ёзилган вақтлар фақатгина пастдаги кишилар учундир. Шунинг учун баланд уйда яшовчилар ёки минора, тоғ каби баланд жойда турганлар пастдаги кишилар билан бир ҳил вақтда оғиз очмайдилар. Балки турган жойларида қуёш ботганига гувоҳ бўлсаларгина оғиз очадилар. Самолётда кетаётганлар ҳам вақт эътиборидан эмас, балки қуёш ботганига қараб оғиз очадилар.
Искандария минораси каби баланд жойда турувчи қуёшни ботганини кўрмасдан ифторлик қилмайди. Ҳолбуки шаҳар аҳлига ундан олдин қуёш ботганлиги учун ифторлик қилиш жоиз бўлган бўлсада. Бомдод намозини ўқиш ва саҳарлик қилишда субҳи содиқ киришлигидаги эътибор ҳам шунингдекдир. Роддул Муҳтор.
САВОЛ: Вафот этганларнинг қазо рўзаларининг фидясини бериш зарурийми?
ЖАВОБ: Намоз ва рўза вақтида бажарилиши лозим бўлган, Аллоҳ таоло тарафидан бандаларига фарз қилинган амаллар жумласидандир. Қолаверса, қиёмат кунида биринчи бўлиб сўраладиган амаллардир. Шундай экан бу амалларни ўз вақтида адосини, вақтида адо қилмаган бўлса қазосини, буни ҳам адо қилмаса вафотидан олдин фидясини беришни яқинларига васият қилиши, яқинлари эса марҳумнинг намоз ва рўзасини қазоларининг фидясини беришлари фарздир. Яқинлари марҳум васият қилмаган бўлса ҳам унинг қазоларини фидясини фақир-мискинларга бериш эҳсонни ўз ўрнига қилиш ҳамда маййитни намоз ва рўзасининг қарзларидан қутултириш бўлади.
Зиммасида Рамазоннинг қазолари бор киши вафот этар чоғида қазоларининг фидясини тўлашни васият қилган бўлса, яқинлари унинг тарафидан ҳар кун учун бир мискинни тўйдирадилар... Ҳанафийлар наздида марҳум фидя тўлашга васият қилиши зарурдир. Шофеъийлар наздида эса васият қилмасада яқинлари унинг фидясини тўлашлари лозимдир. Закотнинг ҳукми ҳам шу кабидир.
Марҳум тарафидан фидяни адо қилишнинг бир неча масалалари бўлиб, ҳар бир кишига уларни билиш зарурдир.
1. Зиммасида намоз ва рўзалариниг қазоси бор кишига вафотидан аввал уларнинг фидясини тўлашликка васият қилиши фарздир. Васият қилмай вафот этса гуноҳкор бўлади.
Вафот этиш билан қазоларни адо қилишдан ожиз қолган чоғда фидяни васият қилиш вожиб бўлади. Роддул Муҳтор.
2. Маййит фидя тўлашга васият қилган бўлса, кафанлаш, қабрга қўйиш, қарзларини тўлашдан кейин қолдирган бор мол-мулк, уй-жойларининг қийматининг учдан биридан маййитнинг фидясини адо қилишлари фарз бўлади. Адо қилмсалар гуноҳкор бўладилар.
Маййитнинг молида тасарруф қила оладиган маййитнинг яқинларига маййит тарафидан унинг намоз ва рўзалари қазоларининг фидясини тўлашлари вожибдир.
Маййитни кафанлаш, қабрга қўйиш, одамлардаги қарзларини узишдан сўнг қолган молининг учдан бир қисмидан фидясини адо қилинади. Роддул Муҳтор.
3. Агар марҳум фидя тўлашга васият қилмаган бўлса ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса меросхўрлар ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўлашлари улкан савоб ҳамда маййитга раҳм-шафқат ифодасидир.
Агар маййит васият қилмаган бўлиб, валийлари ўз ихтиёрлари билан марҳум фидясини тўласалар, инша Аллоҳ жоиз ҳамда яқинлари савобга эга бўладилар. Роддул Муҳтор.
4. Бир кунлик рўзанинг фидяси бир вақт намознинг фидяси каби буғдойдан ярим соъ-1.900 грамм, ҳурмо ва арпадан бир соъ-3.800 граммдир.
Фитр садақасига ўхшаб буғдойдан ярим соъ, ҳурмо ва арпадан бир соъ адо этилади. Роддул Муҳтор
5. Назр рўзаларнинг фидялари ҳам Рамазон рўзасининг фидяси кабидир. Масалан бир киши рўза тутаман, деб назр қилсаю, тута олмай вафот этган бўлса, фидясини тўлайдилар. Ҳар душанба ва пайшанба кунларда рўза тутишни назр қилган одам тутолмай қолгани каби.
Ҳар пайшанба рўза тутаман, деб назр қилса, бирор кун тутолмай қолса, қазоси лозим бўлади. Фатавои Ҳиндия.
6. Маййитнинг фидясини тўлаш чоғида барчасини бир пайтнинг ўзида тўлашга имкон бўлмаса, масалан: уй-жой бору, сотиб фидяни тўлаш ўрнига сотмасдан фидясини тўламоқчи, шунда оз-оздан тўлаш ҳам мумкин. Апке Масаил Ўвр Унке Ҳал.
САВОЛ: Эр аёлини мажбурлаб яқинлик қилса аёлга ҳам каффорот лозим бўладими?
ЖАВОБ: Агар аёл ҳам бошиданоқ ҳохлаб рози бўлса, қазо ҳам каффорот ҳам лозим бўлади. Агар аввалида рози бўлмай, эр яқинликни бошлаб юборганидан кейин рози бўлса қазо лозим бўлиб, каффорот лозим бўлмайди.
Яқинликка рози бўлган аёлга эркак сингари (қазо ва каффорот) лозим бўлади.
Агар эр мажбурлаб яқинлик қилган бўлса унда аёлга каффорот эмас қазо лозим бўлади. Фатавои Ҳиндия.
САВОЛ: Қасддан бир неча рўзасини очиб юборган кишига неча марта каффорот лозим бўлади?
ЖАВОБ: Бир Рамазон ойининг бир неча рўзасини қасддан очган кишига битта каффорот кифоя қилади. Бир неча Рамазон ойининг рўзаларини қасддан очган кишига ҳар бир Рамазон ойи учун алоҳида-алоҳида каффорот тўлаши лозим бўлади.
Бир Рамазон ойининг бир кунида бир неча бор еб юбориб рўзасини қасддан очган киши битта кафоорот тўлаши борасида уламолар иттифоқ қилишган. Агар икки Рамазон ойида шу ишлар содир бўлган бўлса, гарчи кейинги ойнинг каффоротини адо қилаётганда аввалги Рамазоннинг кафоротини адо қилмаган бўлсада, ҳар бир ой учун алоҳида – алоҳида каффорот вожиб бўлади.
Агар бир Рамазон ойининг бир неча кунларида қасддан рўзасини очиб юборган бўлса, биринчисига каффоротини адо қилиб бўлган бўлса икинчисини каффороти лозим бўлиши борасида уламолар иттифоқ қилишган. Агар биринчисига каффорот тўламаган бўлса, у ҳолда бизнинг наздимизда икаласига бир каффорот тўловини бажариши лозим бўлади.
Жавҳаротун Наййироҳ.
Манба: fiqh.uz