МУХТАСАРУЛ ВИҚОЯ МАТНИ
(4-ҚИСМ)
ИМОМ ЖАҲРИЙ ҚИРОАТ ҚИЛИШИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Имом жумъа, икки ийд намозларида, Бомдод, Шом ва Хуфтоннинг аввалги икки ракъатида – адо намозини ўқисин, қазо намозини ўқисин фарқи йўқ - жаҳрий қироат қилади. Бошқа барча намоз ва ракатларда махфий қироат қилади. Якка намозхон намозни вақтида адо этса, ихтиёр ўзида. Агар қазо намозини ўқиса, ичида қироат қилиши вожибдир. Жаҳрий қироат қилишнинг энг пасти ўзидан бошқага эшиттирмоқдир. Махфий қироат қилишнинг энг пасти ўзи эшитадиган бўлишидир. Шуниси тўғридир. Шунингдек ушбу ҳукм нутққа боғлиқ «талоқ», «қул озод қилиш», «истисно» кабиларда ҳам шундайдир. Намоздаги қироатнинг суннати шошиб турилган сафарда “Фотиҳа” билан хоҳлаган сурани, омонликда “Буруж”га ўхшашни қироат қилишдир. Ҳазардаги қироатда Бомдод ва Пешинда “тиволи муфассал”ни, Аср ва Хуфтонда “авсати муфассал”ни, Шомда эса, “қисори муфассал”ни яхши деганлар. “Ҳужурот”дан “Буруж”гача тиволи муфассалдир. Ундан “Лам якун”гача авсати муфассалдир. Ундан Қуръоннинг охиригача қисори муфассалдир. Бирор зарурат бўлганда бақадир ҳол ўқилади. Бир намозга алоҳида бир сурани таъйин қилиш макруҳдир. Муқтадий намозда ҳам, хутбада ҳам жим туриб тинглайди. Аммо имом “Эй иймон келтирганлар! У(Расул)га саловот айтинглар”ни қироат қилса, эшитувчи ичида саловот айтади.
ЖАМОАТ НАМОЗИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ
Жамоат суннати муаккададир. Имомликка ҳақлироғи суннатни билувчироғидир. Сўнгра, қорироғи. Сўнгра, парҳезкорроғи. Сўнг, ёши каттароғи. Агар қул, аъробий, фосиқ, аъмо (кўзи кўр), бидъатчи ёки валади зино имомлик қилса, макруҳдир. Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлишлари ҳам макруҳдир. Агар шундоқ қилсалар, имомлари ўрталарида туради. Ёш аёлнинг жамоатга, шунингдек, кампирнинг Пешин ва Асрга ҳозир бўлиши ҳам макруҳдир. Тоҳаратли таяммумлига, ювган масҳ тортганга, тик турган ўтирганга, имо қилувчи имо қилувчига ва нафл ўқувчи фарз ўқувчига иқтидо қилади. Эркак киши аёлга ёки ёш болага, таҳоратли узрлига, қори уммийга, кийимли яланғочга, имо қилмайдиган имо қиладиганга, фарз ўқувчи нафл ўқувчига ва бир фарзни ўқувчи бошқа фарзни ўқувчига иқтидо қилмайди. Имом намозни ва Бомдоддан бошқада биринчи ракъат қироатини чўзиб юбормайди. Муқтадий бир киши бўлса, унинг ўнг тарафида туради. Биттадан зиёд бўлса, орқасида туради. Аввал эркаклар, кейин болалар, сўнгра хунасалар ва улардан кейин аёллар саф тортадилар. Агар аёл киши такбири таҳрима ва адода шерик бўлган мутлақ намозда эркакка тенг туриб қолганида (у имом бўлмаса) ёки у ўша аёлга имомликни ният қилган бўлса, эркакнинг намози фосид бўлади (бузилади). Агар имомликни ният қилмаган бўлса, аёлнинг намози бузилади.
НАМОЗДА ТОҲАРАТИ КЕТГАН КИШИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ
Намозхоннинг ихтиёрисиз тоҳарати кетса, дарҳол тоҳарат қилиб, намозини охирига етказади. Таҳорат кетиши ташаҳҳуддан кейин бўлган бўлса ҳам. Намозни янгидан бошлаш афзалдир.
НАМОЗДА БИРОР НАРСА БЎЛСА ЎРНИГА ИМОМ ҚЎЙИШ КАЙФИЯТИ
Бундай ҳолатда имом орқасидагини ўз жойига тортиш ила ўзига ўринбосар қўяди. Сўнгра тоҳарат қилади ва имоми намоздан фориғ бўлган бўлса, ўша ерда намозини тамомлайди ёки якка намозхон каби намозни қайта ўқийди. Агар имом фориғ бўлмаган бўлса, намозга қайтади. Муқтадийнинг ҳукми ҳам шундай. Агар намозхон жинни бўлиб қолса, ҳушидан кетса, эҳтилом бўлса, қаҳқаҳа билан кулса, қасдан таҳоратини кетказса, кўп сийдик тегса, боши ёрилиб қон оқса ёки тоҳарати кетганини гумон қилиб масжиддан чиқса ёки масжид ташқарисидаги сафлардан ўтиб кетса-ю сўнгра пок эканлиги зоҳир бўлса, намози фосид бўлади. Агар масжиддан чиқмаган ёки масжид ташқарисидаги сафлардан ўтмаган бўлса, намозини давом эттиради. Агар намозхон ташаҳҳуддан кейин намозни бузувчи амални қилса, намози тамом бўлади. Лекин бу ҳолатда масбуқнинг (намозга кейин келиб қўшилган) намози фосид бўлади. Ташаҳҳуддан кейин таяммумли киши сувни кўриб қолса ёки шунга ўхшаш намозхоннинг имкон доирасида бўлмаган намозни бузувчи нарсалар ориз бўлса, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг наздиларида ўзи қасд қилган феъли ила намоздан чиқиш фарз бўлганлиги учун намози фосид бўлади. Икковларининг наздида, фосид бўлмайди.
НАМОЗНИ БУЗАДИГАН ВА УНДА МАКРУҲ БЎЛГАН НАРСАЛАР ФАСЛИ
Намозни мутлақ калом, қасдан берилган салом ва унга мутлоқ алик олиш, инграш ва шунга ўхшаш овозли нарсалар, охират ишидан бошқа сабаб ила овозли йиғи, узрсиз томоқ қириш, акса уриб “алҳамдулиллаҳ” деганга “ярҳамукаллоҳ” дейиш, каломга зикр билан бўлса ҳам жавоб бериш, имомидан бошқага луқма бериш, Мусҳафга қараб қироат қилиш, нажасга сажда қилиш, одамлардан сўраладиган нарсани Аллоҳдан сўраб дуо қилиш, емоқ, ичмоқ ва кўп амал қилиш намозни фосид қилади. Кўп амал: икки қўлга муҳтож бўлинадиган ёки намозхон кўп деб ҳисоблаган амал ёхуд ўша амални қилувчига назар солувчи “намоз ўқимаяпти” деб гумон қиладиган иш - кўп амалдир.
НАМОЗ МАКРУҲЛАРИ ФАСЛИ
Хушуънинг таркига сабаб бўладиган ҳар қандай ҳолат, қўлини белига қўйиш, сажда қилиш учун бир мартадан ортиқ тошларни текислаш, пешонасига теккан тупроқни артиш, салласининг пешига сажда қилиш, билакларини ерга тираш, сочини турмаклаш, кийимни осилтириш ва шимариш, имомга хос макон қилиш, масжидда туриб меҳробга сажда қилиш бундан мустасно, олдиндаги сафда жой бўла туриб кейинги сафда туриш – макруҳдир. Намозхоннинг кийимида, саждагоҳида, пешонасида - орқа ҳамда ости мустасно - ҳайвон сурати бўлиши макруҳ. Сурат жуда кичик бўлса ёки боши ўчирилган бўлса, майли. Уринган кийимда ва бош яланг - хорликни изҳор қилишдан бошқа ҳолда - намоз ўқиш ёки ўқиладиган нарсани санаш, масжиднинг эшигини қулфлаш, унинг томида жинсий яқинлик ва қазои ҳожат қилиш – макруҳдир. Ичида намозхонаси бор уйда бу нарсалар макруҳ эмас. Шунингдек, масжидни зийнатлаш, намоз ўқимаётган одамнинг орқасига қараб намоз ўқиш, намозда илон ва чаённи ўлдириш ҳам макруҳ эмас. Кичик масжидда намозхоннинг олдидан ўтиш ила гуноҳкор бўлинади. Аммо ундан бошқа жойда саждагоҳига назар солиб ўқиётган намозхоннинг кўзи етадиган жойдан ўтган гуноҳкор бўлади. Агар намозхон дўкон устида ўқиётган бўлса ва олдидан ўтаётган одамнинг барча аъзоси унинг барча аъзоларига тенглашса, ўтувчи гуноҳкор бўлади. Намозхоннинг олдидан ўтишда гуноҳкор бўлиш унинг икки қошидан бирининг тўғрисига санчиб қўйилгувчи бир аршин миқдоридаги ва бармоқ йўғонлигидаги сутраси бўлмагандадир. Имомнинг сутраси барчага кифоя қилади. Уни ўтиш эҳтимоли ва йўл бўлмаганда тарк қилиш жоиздир. Сутра бўлмаганда ва ўтувчи намозхон билан сутрасининг орасидан ўтганда тасбиҳ ва ишора билан қайтарилади.
ВИТР ФАСЛИ
Бир салом билан уч ракъатли Витр ўқиш вожибдир. Учинчи рукуъдан олдин икки қўлини кўтариб такбир айтади ва «қунут» дуосини ўқийди. “Қунуи” доимо витрда ўқилади, бошқа намозда йўқдир. Витрнинг ҳар ракъатида «Фотиҳа»ни ва бир сурани қироат қилади. Иқтидо қилувчи қунутнинг рукуъидан кейин қунут ўқишда имомга эргашади. (Шофеъий мазҳабида ўқилувчи) Бомдоднинг қунутида имомга эргашмайди, сукут сақлайди.
СУННАТ НАМОЗЛАР ҲАҚИДАГИ ФАСЛ
Бомдоддан олдин, Пешин, Шом ва Хуфтондан кейин икки ракъат, яна, Пешин, Жумъадан олдин ва Жумъадан кейин бир салом билан тўрт ракъат намоз ўқиш суннатдир. Асрдан, Хуфтондан олдин тўрт ракъат ва Ҳуфтондан кейин тўрт ракъат намоз ўқиш мустаҳабдир. Кундузи ўқилувчи нафл намозларни бир салом билан тўрт ракъатдан, кечаси ўқилувчи нафл намозларни бир салом билан саккиз ракъатдан ортиқ қилиш - макруҳдир. Кундузи ҳам, кечаси ҳам намозларни тўрт ракъатда бир саломдан ўқиш афзалдир.
Давоми келгуси саҳифаларда...