1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУХТАСАРУЛ ВИҚОЯ МАТНИ (5-ҚИСМ)

6-05-2020, 12:38 1 081 Ўқиш режими + -



МУХТАСАРУЛ ВИҚОЯ МАТНИ (5-ҚИСМ)

 

ТАРОВЕҲ НАМОЗИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ

 

Таровеҳ намози Витрдан олдин ёки кейин суннатдир. Ҳар тўрт ракъатдан кейин ўша тўрт ракъат миқдори дам олиб ўтирилади. Рамазонда бир маротаба хатм қилиш суннатдир. Уни қавмнинг дангасалиги туфайли тарк қилинмас. Рамазондан бошқада ойларда Витрни жамоат ила ўқилмайди.   

 

КУСУФ, ХУСУФ ВА ИСТИСҚО НАМОЗИ ҲАҚИДА ФАСЛ

 Қуёш тутилганда Жумъанинг имоми одамлар билан икки ракъат нафл намоз ўқийди. Иккала ракъатда қироатни махфий ва узун қилади. Намоздан сўнг қуёш очилгунича дуо қилиб туради. Имом ҳозир бўлмаса, хусуфдаги (ой тутилгандаги) каби намозни якка-якка ўқийдилар.  Истисқо қиблага қараган ҳолда дуо қилиш ва истиғфор айтишдан иборатдир. Агар яккаякка намоз ўқисалар - жоиз. Имом ридосининг тескарисини ўгирмайди. Истисқода зиммий иштрок этмайди. 

ФАРЗ НАМОЗГА ЕТИШИШ

Фарз намозга киришгач (ўша намозга) иқомат айтилиб қолса, биринчи ракъатга сажда қилмаган бўлса ёки тўрт ракъатли бўлмаган намозда сажда қилган бўлса, намозини бўлиб имомга иқтидо қилади. Тўрт ракъатли намозда бўлиб биринчи ракъатга сажда қилган бўлса, яна бир ракъат қўшиб намозини тугатади.  Агар тўрт ракъатли намоздан уч ракъатни ўқиган бўлса, уни тамом қилади ва нафлни ният қилиб имомга иқтидо қилади. Аммо Асрда бу ҳолатда иқтидо қилмайди.

Азон айтилган масжиддаги одам ўша намозни ўқишдан аввал чиқиши макруҳдир. Аммо ўзга жамоатнинг намозини қоим қилувчига макруҳ бўлмайди. Шунингдек, Пешин ва Хуфтонни ўқиб бўлганларга токи иқома айтилмас экан масжиддан чиқишлари макруҳ бўлмайди.  Улардан бошқа намозларда (улардан кейин нафл намоз ўқилмаганлиги сабабидан) иқома айтилган бўлса ҳам чиқишлари макруҳ бўлмайди. Бомдоднинг суннатини ўқиса Бомдоднинг фарзига етиша олмайдиган бўлса, суннатни тарк қилади ва иқтидо қилади. Агар фарздан бир ракъатга етадиган бўлса ҳам, суннатини тамом қилади.  Бомдод намози қазо бўлганидагина Бомдоднинг суннатини фарзига қўшиб қазо қилади холос. Икки ҳолатда ҳам Пешиннинг тўрт ракъат суннатини тарк қилиб, иқтидо қилади. Сўнгра унинг қазосини икки ракъат суннатидан аввал ўқийди. Ушбу икки суннат намоздан (Бомдоднинг икки ракъати ва пешиннинг аввалги тўрт ракъати) бошқаларини мутлақо қазо қилмайди.

ҚАЗО НАМОЗЛАРНИ ЎҚИШ ФАСЛИ

 Беш фарз намоз ва Витр намози орасида намозларнинг барчаси ёки бир қанчаси қазо бўлганида уларнинг кетма-кетлик тартибига риоя қилиш - фарздир. Аммо (ўша вақтдаги намоз қазо бўлиши мумкинлиги сабабидан) вақт тор бўлса ёки (намозларни қай тартибда қазо қилганини) унутган бўлса ёки (фарз қазо намозлар сони) олтитадан зиёда бўлса, (тартибни риоя қилиш) мустасно.

САЖДАИ САҲВ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ

 Намозхон намознинг бирор рукнини пайтидан аввал ёки кейин бажарганда ёки рукнни такрор қилганда ёки намознинг бирор вожибини ўзгартирганда ёки унутиш сабабидан тарк қилганда, (ташаҳҳудддан сўнг) бир саломдан кейин икки сажда, ташаҳҳуд ва салом вожиб бўлади.  Рукнни пайтидан аввал қилишга қироатдан аввал рукуъ қилиш, рукнни пайтидан кейин қилишга учинчи ракъатга туришдан олдин ташаҳҳудга зиёда қилиш, рукнни такрор қилишга икки маротаба рукуъ қилиш, бирор вожибни тарк қилишга махфий ўқиладиган намозни жаҳрий ўқиш ва унутиш сабабидан тарк қилишга аввалги қаъдани унутиб тарк қилиш мисол бўлади ва буларнинг барчаси тарки вожиб ҳисобланади.   Муқтадийнинг бирор вожибни унутиб тарк қилиши сабабли унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди, аксинча унинг имомининг бирор вожибни унутиб тарк қилиши ва шунинг сабабидан саждаи саҳв қилиши ила унга вожиб бўлади.   Масбуқ (кейин келиб қўшилган намозхон) имоми билан саждаи саҳв қилади, сўнгра ўзи қолган намозини қазо қилади.  Намозхон аввалги ташаҳҳудга ўтирмай туриб кетганида ўтиришга яқин ҳолатда бўлса, қайтиб ўтиради ва ташаҳҳудни ўқийди, бу ҳолатда унга саждаи саҳв қилиш лозим бўлмайди.    Шундай ҳолатда турганга яқин бўлса, буткул туради ва саждаи саҳв қилади.  Агар намозхон охирги қаъдага ўтирмай туриб кетган бўлиб ҳали сажда қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва саждаи саҳв қилади.  Агар сажда қилган бўлса, фарзи нафлга айланиб қолади. Ҳоҳласа, ўша намозига олтинчи ракъатни қўшади.  Намозхон охирги қаъдага ўтиргандан кейин унутиб туриб кетган бўлиб сажда қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва салом беради.  Агар ўша ракъатда сажда қилса, фарзи тамом бўлади ва олтинчи ракъатни ҳам қўшади, саждаи саҳв ҳам қилади. Унинг учун зиёда бўлган икки ракъат пешиннинг суннатининг ўрнига ўтмайдиган икки ракъат нафл намоз бўлади. Ким унга (имомга) ўша (ортиқча) икки ракъатда иқтидо қилса, иккаловини ўқийди. Агар муқтадий ўша намозни фосид қилиб қўйса, қазо қилиши вожиб бўлади. Нафл намозда саждаи саҳв қилгач нафл намозида давом этмайди. Агар давом этса, намози тўғри бўлаверади.  Саждаи саҳв лозим бўлган ҳолида унутиб салом берган киши (дарров) саждаи саҳв қилса, намозда турган ҳисобида бўлади. Сажда қилмаса, намозда турган ҳисобида бўлмайди.

НАМОЗДАГИ ШАК ҲАҚИДАГИ ФАСЛ

Биринчи маротаба неча ракъат намоз ўқигани ҳақида шакка тушган одам намозни қайтадан бошлайди. Бу каби шак қилиши кўп учраб турса, гумонининг ғолиб тарафини олади. Агар гумонида ғолиб тараф бўлмаса, озини олади. Аммо намозининг охири деб гумон қилган жойида ўтиради. 

 

ТИЛОВАТ САЖДАСИ  ҲАҚИДАГИ ФАСЛ

 

Қуръонда сажда оятлари ҳисобланган ўн тўрт оятдан бирини тиловат қилган ёки эшитган киши учун шартлари намознинг шартлари каби, қўл кўтариш, ташаҳҳуди, саломи бўлмаган ва икки такбир орасида бўлувчи бир сажда вожиб бўлади. Ушбу саждада “сажда тасбеҳ” айтиш бор. Ўн тўрт сажда оятлари қуйидагилар: “Аъроф”, “Раъд”, “Наҳл”, “Бани Исроил” (Исро сураси), “Марям”, “Ҳаж”нинг биринчиси, “Фурқон”, “Намл”, “Алиф лаам мийм Сажда”, “Сод”, “Ҳаа мийм Сажда”, “Нажм”, “Иншаққот” ва “Иқро”.  Имом сажда оятини тиловат қилганда уни намоздан ташқарида эшитган инсон ўша имомга бошқа ракъатда иқтидо қилган бўлса - ўзи ила бирга бўлмаган инсондан сажда оятини эшитган намоз ўқувчи каби - намоздан сўнг сажда қилади.  Сажда ояти ўқилган ракъатда имом унинг сабабидан сажда қилгач намоздан ташқарида сажда оятини эшитган инсон унга иқтидо қилса, тиловат саждасини қилмайди. Аммо, ўша саждадан аввал иқтидо қилса, агар сажда оятини эшитмаган бўлса ҳам, имоми ила сажда қилади.  Муқтадий сажда оятини тиловат қилса, уни намоздан ташқарида бўлиб эшитган инсонгина сажда қилади. Намоз ичида ўқилинган тиловат саждаси намоздан ташқарида қазо қилинмайди. Сажда ояти тиловати кетидан дарров қилинган рукуъ тиловат саждасининг ўрнига ўтади.  Бир ўтиришда ёки намозда битта сажда оятини бир неча бор такрор тиловат қилса ҳам, бир маротаба сажда қилиш кифоядир. Сажда оятини эшитувчининг ўзининг ўтириш ўрни эътиборга олинади. Кийим тўқишдаги дастгоҳ атрофида юриш ва бир шохдан бошқа шохга ўтиш кабилар - ўрнини ўзгартиришдир. Сажда ояти тиловатининг ўзини тарк қилиш - макруҳдир. Бунинг акси макруҳ эмас. Сажда оятига бошқа оятни қўшиб тиловат қилиш - мандубдир. Сажда оятини атрофдагилар эшитмаслиги учун махфий тиловат қилиш (жаҳрий намоз истисно) -  яхшидир.

 

БЕМОРНИНГ НАМОЗИ  ҲАҚИДАГИ ФАСЛ

 

Намоздан аввал ёки унинг мобайнида ориз бўлган беморлик сабабли қиём узрли бўлиб қолса, ўтирган ҳолда рукуъ ва сажда қилиб намоз ўқийди.  Рукуъ ва сажда қиёмга қодир бўлган ҳолида узрли бўлиб қолганида, қодир бўлса ўтириб имо қилиб намоз ўқийди. Қиёмда туриб имо қилмайди. Зеро, ўтириб имо қилиш ундан маҳбуброқдир. Шундай ҳолатда саждасини рукуъидан пастроқ қилади. Сажда қилиш учун бирор нарсани пешонаси томон кўтармайди.   Агар ўтириб ўқишга қодир бўлмаса, қиблага юзланиб ёнбошлаган ҳолда ёки орқаси билан ётиб ўқийди. Орқаси билан ётиб ўқигани авлороқдир. Имо қилиш бош иладир. Агар имо қилиш узрли бўлиб қолса, намозни кейинга суради.  Имо қилиб намоз ўқиётган намоз ичида соғайса, намозини бошидан бошлайди.  Ўтирган ҳолида рукуъ ва сажда ила намоз ўқиётган одам намоз ичида соғайса, қойим ҳолида давом эттиради. Сузиб кетаётган кемада узрсиз ўтириб намоз ўқиса, тўғри бўлади. Шатакка олинган кемада бўлмайди. Аммо, (шатакка олинган кемада қиём ҳолида намоз ўқиш) узрли бўлса, (ўтириб ўқиган намози) тўғри бўлади.  Бир кеча ва бир кундуз жиннилик ҳолатида бўлган ёки беҳуш бўлган одам (ўша вақт мобайнида) ўтган намозларни қазо қилади. Агар (бир кеча ва бир кундуз вақтдан) бирор вақт зиёда бўлса, (ўтган намозларни умуман) қазо қилмайди.

 

Давоми келгуси саҳифаларда...