1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РЎЗАГА ОИД НОЗИК САВОЛ ВА ЖАВОБЛАР (3-ҚИСМ)

6-05-2020, 13:25 1 934 Ўқиш режими + -

 

 

 

РЎЗАГА ОИД НОЗИК САВОЛ ВА ЖАВОБЛАР 
(3-ҚИСМ)


 Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм 


САВОЛ: Икки ой каффорот рўзасини тутаётган киши ўртада бемор бўлиб қолса нима қилади?
 
ЖАВОБ: Беморлиги туфайли каффорот рўзани охиригача тутолмай қолган киши соғайиб кетгач бошидан бошлаб икки ой рўза тутади.

 Каффорот рўзасини тутаётган киши ё аёл қайсидир узр туфайли икки ой ичида бирор кун рўзасини очиб  юборса қайтадан бошлайди. Ҳайз кўриш бундан мустаснодир. Нифос эса мустасно эмас.  Роддул муҳтор.

 
САВОЛ: Рўзани бузиб, қазо ва каффоротни вожиб қиладиган амаллар қайсилар?
 
ЖАВОБ: Рўзани қазоси ҳар қандай ҳолатларда вожиб бўлади, лекин қазо билан бирга каффоротни вожиб бўлиши учун рўза қуйидаги ҳолатларга мувофиқ бузилиши даркор:
–    Суратан (томоғидан бирор нарсанинг ўтиши, икки йўлдан бирига яқинлик қилиниши)
Томоғдан бошқа: бурун, қулоқ, аёлнинг олди, эркагу аёлнинг орқасидан дори ёки шу каби нарса ичкарига кирса, қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди.
Шунингдек олд-орқадан бошқа жойга яқинлик қилиниб, маний тўкилса, қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди.  Агар тўкилмаса қазо ҳам лозим бўлмайди.
–    Маънан (баданга фойдали озуқа ёки даво бўладиган, у билан лаззат ҳосил бўладиган, инсон таъби емоққа мойил бўладиган нарсаларни томоғидан ўтиши.
Озуқа, даво, таъби емоққа мойил бўлмайдиган (тош, кесак, тиш ковагидаги каби) нарсаларни томоғдан ўтишида қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Зеро бунда суратан ейиш топилсада маънан топилмаган ҳисобланади (доимо кесак еб юрувчи эса бундан мустасно);
–    Қасддан (хатодан қилинган эмас)
Таҳорат қилаётганда ё ғусл қилаётганда тўсатдан томоғидан сув ўтиб кетиб қолса, қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Рўзадорлиги эсида йўқ бўлиб, еб-ичиб юборса, ёғаётган ёмғир томчиларини ютиб юборса, қазо ҳам, каффорот ҳам вожиб бўлмайди. ;
–    Ўз розилиги билан (мажбурланган ҳолат бундан мустасно)
Ўзгаларнинг мажбурлаши туфайли рўза очилса қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди;
–    Бирор заруратсиз (зарурий ҳолат бундан мустасно)
Агар рўзани очишликка зарурат пайдо бўлса, қаттиқ чанқоқлик, очлик, беморлик каби қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди.;
–    Рўзани бузганидан кейин орқасидан рўзани очиб юборишни мубоҳ қиладиган амал топилмаслиги.
Агар рўзани очишни мубоҳ қиладиган ҳолат содир бўлса, Масалан:қасддан рўзасини очганидан кейин ҳайз ва нифос келиши, чанқоқ, очлик, бемор бўлиши ҳалок қиладиган ёки бирор аъзога талофат еткизадиган даражага етганда рўзасини очиб юборса  қазо лозим бўлиб, каффорот соқит бўлади.   
–    Рўзани бузишдан аввал мусофир ё бемор бўлмаган бўлсин
Агар мусофир ё бемор бўла туриб рўза тутса-ю, кейин рўзасини очиб юборса, қазо лозим бўлади, каффорот вожиб бўлмайди.
–    Рамазон рўзасини адо қилаётганда рўзасини очиб юборса.
Бошқа бирор бир рўзани бузиш билан каффорот вожиб бўлмайди. Гарчи Рамазоннинг қазо рўзаси бўлса ҳам.
–    Субҳи содиқдан аввал ният қилинган рўзани бузилиши.
Агар субҳи содиқдан сўнг ният қилса-ю, кейинчалик очиб юборса, каффорот вожиб бўлмайди.
–    Рўзани очиш бирор шубҳа туфайли бўлган бўлмасин.
 Агар қуёш ботди, деб ифторлик қилган бўлса, субҳи содиқ кирмади, деб таомланган бўлса, қазо лозим бўлади, каффорот вожиб бўлмайди.

 

САВОЛ: Каффорот рўзасини тутувчилар қандай ният қиладилар?

ЖАВОБ: Каффорот рўзасини тутувчилар субҳи содиқдан аввал ният қилиб олишлари, ниятида қайси каффорот эканини таъйин қилишлари шарт. Ифторлик чоғида қилинган “эртага ҳам каффорот рўзасини тутаман ёки эртага каффорот рўзасини тутишни ният қилдим” каби ният қилиш ҳам эътиборли.  Мисол: “Рамазон рўзасини каффоротини”, ё “Зиҳорнинг каффоротини”, ё “Қасамнинг каффоротини ният қилдим”, дейишлари каби. Умдатул-Фиқҳ

 

САВОЛ: Қазо рўзаларни тутаётганлар қандай ният қиладилар?

ЖАВОБ: Қазо рўзаларни тутаётганлар субҳи содиқдан аввал ният қилиб олишлари, ниятида қайси рўза, қайси куннинг қазосини тутаётганини таъйин қилиши шарт. Ифторлик чоғида қилинган “эртага ҳам қазо тутаман ёки эртага қазо тутишни ният қилдим” каби ният қилиш ҳам эътиборли. Қазоси кўпайиб кетса ёки кунлари эсида бўлмаса “энг аввал зиммамга вожиб бўлган Рамазоннинг қазосини ёки энг охирги зиммамга вожиб бўлган Рамазоннинг қазосини тутишни ният қилдим” деса кифоя қилади.  Умдатул-Фиқҳ

 САВОЛ: Бошқа юртда, масалан, Саудия Арабистонида рўза тутишни тугутган киши ўз юртига келса одамлар рўзадор бўлишса, нима қилади?

 ЖАВОБ: Ўз юртида рўза давом этаётган бўлса, унга ҳам рўза тутиши фарз бўлади.

Бунинг акси, яъни ўз юртида рўзадор бўлиб Саудия Арабистонига борсаю, у ерда ҳайит куни бўлса, улар билан бирга ҳайит қилади. Кейин бир кун қазо тутиб беради.

 Рамазон ҳилолини кўриб рўза тутган киши рўзасини тугатсаю, имом (ҳукми жорий бўлган кишилар) рўза тутаётган бўлса биргаликда рўза тутади. Улар билан биргаликда рўзани тугатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

“(ҳамма биргаликда) Рўза тутаётган кунларингиз рўза, тутмаётган кунларингиз рўза эмас”, деган сўзларининг далили билан.  (Роддул Муҳтор)

 

САВОЛ: нафл рўзани узрсиз очиб юборса бўладими?

ЖАВОБ: рўзани очишни мубоҳ қилувчи узрлар топилмасдан туриб нафл рўзани очиб юборишлик ҳалол бўлмайди. Агар узр билан ёки узрсиз очиб юборса қазосини тутиб бериш вожиб бўлади.

Розий роҳматуллоҳи алайҳ Ҳанафий тарафидан зикр қилиб: узрсиз нафл рўзани очиб юбориш ҳалол бўлмайди, деган.  Фатавои Ҳиндия.

 

Нафл намозга ёки нафл рўзага киришган одам сўнг уни қасддан бузса, қазо қилиб беради. Ҳидоя.

 

САВОЛ: Рамазондан кейинги шаввол ойнинг олти кунлик нафл рўзасини бўлиб-бўлиб тутса бўладими?

ЖАВОБ: бўлиб-бўлиб тутиш мустаҳабдир. Кетма-кет тутса ҳам макруҳ бўлмайди. 

Шавволнинг олти нафл рўзасини бўлиб-бўлиб тутиш мустаҳабдир, ихтиёр қилинган қавлга кўра кетма-кет тутса ҳам макруҳ бўлмайди. Роддул Муҳтор.

 

САВОЛ: Ёлғиз жума куни рўза тутса бўладими?

ЖАВОБ: Ёлғиз жума кунида рўза тутса жоиз. Лекин ундан аввал ёки ундан кейин бир кунни қўшиб қўйиш афзалдир.

 Барча фуқаҳолар наздида душанба ва пайшанба кунги рўзалар мустаҳаб бўлганидек ёлғиз жума кунида рўза тутиш ҳам мустаҳабдир.  Баҳрур Роиқ.

Лекин фақатгина жума кунининг ўзини рўза тутишга хослаб олиш макруҳдир. Зеро  ёлғиз жума кунида рўза тутиш билан жума кунини ўзини рўза тутишга хослаб олиш ўртасида фарқ бор.

 Макруҳотлар жумласидан:

Бошқа кунларни қўшмай фақатгина жума кунида рўза тутиш; зеро жума кунининг ўзида кунини рўза тутиш билан тунин бедолик билан ўтказиш борасида қайтарув ворид бўлган. Ҳалабий Кабир.

 САВОЛ: Нафл рўзани бузиш билан каффорот вожиб бўладими.

ЖАВОБ: Каффорот фақатгина Рамазон ойининг рўзасини бузгандагина лозим бўлади. Бошқа рўзаларда ҳатто Рамазон ойининг қазо рўзасини тутганда ҳам каффорот вожиб бўлмайди.

 Каффорот фақатгина Рамазон ойининг хурмати учун вожиб бўлади. Унинг қазосини бузиб қўйишда ёки бошқа турдаги рўзаларни бузиб қўйишда каффорот вожиб бўлмайди. Роддул Муҳтор.

САВОЛ: Зиммасида қазо рўзаси бор одам нафл рўза тутса бўладими?

ЖАВОБ: Рўза тутса бўлаверади.

 Зиммасида Рамазоннинг қазоси лозим бўлиб турган кишига нафл рўза тутиши макруҳ саналмайди. Фатавои Ҳиндия.

Шунинг учун зиммасида Рамазоннинг қазоси бор киши Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутмоқчи бўлса, қазони қўйиб нафл рўзани тутса макруҳ саналмайди. Ҳамда Шаввол ойида нафл рўза ўрнига қазо рўза тутса нафлнинг савобини олади.

Ҳуфтондан сўнг қазо намозларни ўқиш билан таҳажжуднинг фазлига эришади. Ибн Обидин роҳматуллоҳи алайҳ.

САВОЛ: Аёл киши одат кунларида рўза тутса бўладими?

ЖАВОБ: ҳайз ва нифос чоғида рўза тутишлик жоиз эмас, кейинчалик қазосини тутиб беришади.

 Рўзанинг адоси тўғри бўлишининг шартларидан: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро улардан пок бўлиш саҳобий киромларнинг ижмоси билан рўзанинг адоси тўғри бўлиши учун шартдир. Бадойиъус Санойиъ

Оиша розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиснинг далили билан ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўзанинг қазосини тутиб, намознинг қазосини ўқимайдилар.

“Бизга ўша ҳолат етганда рўзанинг қазосини тутишга буюрилар эдик, намознинг қазосини ўқишга эса буюрилмас эдик”. Мароқил Фалоҳ

 САВОЛ: Аёл киши рўза тутаётганда одат қони келиб қолса нима қилади?

ЖАВОБ: Ўз-ўзидан рўзаси очилиб кетади ва қазосини тутиб бериши зиммасига лозим бўлади.

Ҳайз ва нифос рўзани фосид  қилади. Рўзанинг қазосини вожиб қилади, каффоротни эмас. Фатавои Ҳиндия

 САВОЛ: Рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктирса бўладими?

ЖАВОБ:  Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши жоиз. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтарув йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас.

 САВОЛ: Аёл киши қолдирган рўзаларини кетма-кет тутиб бериши зарурийми?

ЖАВОБ: Узри сабабли қолдирилган рўзанинг қазоси фарз, имкон қадар тезроқ тутиши лозим. Лекин кетма-кет бўлиши шарт эмас.

Фуқаҳоларнинг кўпчилиги қазо рўзани орада қолдирмасдан, кетма-кет тутишнинг мустаҳаб эканлигига иттифоқ қилганлар. Лекин бу нарса шарт қилинмайди.

 

Жавҳаротун Наййироҳ.
 
Манба: fiqh.uz