
МУХТАСАРУЛ ВИҚОЯ МАТНИ (6-ҚИСМ)
МУСОФИРНИНГ НАМОЗИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ
Ўз юртининг уйларидан ўртача юришда уч кун ва уч кечалик бўлган масофани қасд қилиб ажралган инсон - мусофирдир. Ўртача юриш - қуруқликда туянинг ва пиёданинг юриши, денгизда кеманинг шамол мўътадил бўлган ҳолатидаги сузиши ва тоғда унга лойиқ юришдир. Мусофир - ўз юртига киргунича ёки бир шаҳар ёки қишлоқда ярим ой туришни ният қилмагунича ёки кўчманчи бўлиб, диёримиздаги саҳрода ярим ой туришни ният қилмагунича - тўрт ракъатли намозни қаср қилади. Дорул ҳарбда ёки боғийлар қамалида қолган бўлса – ниятсиз ҳолда туриши чўзилган киши каби – намозини қаср қилиб ўқийверади. Аввалги қаъдага ўтиргач кейинги ракъатга турса фарзи тугаган ўзи яхши иш қилмаган бўлади. Зиёда бўлгани нафлга ўтади. Агар аввалги қаъдага ўтирмаса, фарзи ботил бўлади. Мусофирга муқим фарз намоз вақтида ўша намоз учун имом бўлса, мусофир (имомига иқтидо қилиб) намозни тўла ўқийди. Фарз намоз вақти ўтгач ўша намоз учун муқим мусофирга имом бўлмайди. Агар у имом бўлса, мусофирнинг иқтидоси ботил бўлади. Акси бўлганда, муқим намозини тўлиқ қилиб тугатади, мусофир эса (салом кетидан) “намозингизни тўлиқ қилиб олинг, мен мусофирман” дея – айтиши мандуб бўлади - намозини қаср қилади. Аслий ватанни - сафар эмас – (аслий ватан)нинг мисли ботил қилади. Иқома ватанини унинг мисли, сафар ва аслий ватан ботил қилади. Сафар ва унинг зидди (муқимлик) қазо намозни (ракъатлар сонини) ўзгартирмайди. Маъсият сафари рухсатларда бошқа сафарлар кабидир.
ЖУМЪА НАМОЗИ БОБИ
Жумъанинг вожиб бўлиши учун мисрда муқим бўлиш, соғ бўлиш, ҳур бўлиш, эркак бўлиш, балоғатга етган бўлиш, кўз ва оёқнинг саломат бўлиши шарт қилинган. Бу шартларни
ўзида мужассам қилмаган инсон Жумъа намозини ўқиса, жумъа намози у тарафдан фарз сифатида воқеъ бўлади. Жумъани адо қилиш учун жумъа ўқиладиган жой миср ёки унинг четида бўлиши шарт қилинган. Энг катта масжиди ўша шаҳарнинг аҳолисини сиғдира олмайдиган бўлган аҳоли турур жойи - мисрдир. Ўша шаҳарга ёпишган ва унинг ҳожатлари, фойдалари учун таъйин қилинган жой – мисрнинг четидир. Шунингдек султон ёки унинг ўринбосари бўлиши, Пешин намозининг вақти кириши, Пешин намозининг вақтида бир тасбеҳ бўлса ҳам хутба, имомдан ташқари уч кишилик жамоъат бўлиши ва (жумъа ўқилишига) омматан изн берилиши жумъанинг шартларидандир. Имом биринчи саждани қилгач жамоат кетиб қолса, унинг ўзи (жумъа) намозини тамомлайди. Агар ўша саждадан аввал кетиб қолсалар, имом Пешин намозини бошлайди. Жумъага боришга узри борнинг ва бошқаларнинг мисрда Пешинни жамоат бўлиб ўқишлари макруҳдир. Узри йўқнинг Жумъадан аввал Пешин ўқиши ҳам макруҳдир. Пешинни ўқиган одам Жумъага ҳаракат қилганда имом Жумъа намозида бўлса, Пешини ботил бўлади. Жумъага имом ташаҳҳудда ёки саҳв саждасида бўлганида етишган инсон, намозни ўзи мукаммал қилади. Жумъанинг биринчи азони айтилганида одамлар савдо (ва ҳар қандай касб)ни тарк қиладилар ва жумъага борадилар. Имом минбарга чиққач, хутба тугагунича намоз ўқиш ва гапириш ҳаром бўлади. Имом манбарга ўтирганида олдида иккинчи азон айтилади. Одамлар имомнинг (хутбасини) тинглаган ҳолда унга юзланадилар. Имом қоим ва таҳоратли ҳолида орасида бироз ўтириши бор икки хутба ўқийди. Иккала хутба тамом бўлгач, иқома айтилади ва имом одамлар билан икки ракъат намоз ўқийди.
ИККИ ИЙД НАМОЗИ ВА ТАШРИҚ ТАКБИРЛАРИ ФАСЛИ
Фитр куни таомланиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўйланиш, энг яхши кийимларини кийиш ва садақаи фитрини бериш мандубдир. Сўнгра намозгоҳга чиқади. Намозгоҳда ийд намозидан олдин нафл ўқимайди. Вожиблик ва адо этиш шартлари жиҳатидан Ийд намози учун – хутбадан ташқари - Жумъа намозининг шартлари шарт қилинади. Ийд намозининг вақти қуёш кўтарилгандан то заволгача. Биринчи ракъатда санодан кейин ҳар такбирида қўлини кўтарган ҳолда уч марта такбир айтади. Иккинчи ракъатда қироатдан кейин такбир айтади. Узр бўлса, эртасига ўқийди. Ийд намозини имом ўқиб бўлгач ийд намозига етиша олмаган киши уни қазо қилмайди. Қурбонлик ийди Рамазон фитри ийди кабидир. Аммо Қурбонлик ийдида ийд намозини ўқигунича емоқ ва ичмоқдан тийилиш мандубдир. Ийд намозининг йўлида жаҳрий такбир айтади. Узрли ёки узрсиз ҳолда уч кунгача ийд намози ўқилади. Имом ийд хутбасида такбири ташриқ, қурбонлик ва садақаи фитр ҳукмлари ҳақида таълим беради. Арафа куни Арафотда турувчи ҳожилар каби тўпланиб туриш йўқ. Арафа кунинг Бомдодидан ийднинг асригача “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа Иллаллоҳу! Валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ва лиллааҳил ҳамд”ни айтиш – мустаҳаб ҳолатдаги ҳар қандай жамоат ила адо этилган ҳар бир фарз намознинг ортидан (аёлларнинг намоз учун жамоъат бўлишлари мустаҳаб ҳолатдаги жамоъат эмас) мисрда муқим бўлган киши учун, эркакка иқтидо қилган аёл учун ва муқимга иқтидо қилган мусофир учун - вожибдир. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ ва имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳлар “ташриқ такбирларини ташриқ кунларининг охирги Асригача айтилади” деганлар ва шунга амал қилинади. Агар имом такбири ташриқни тарк қилса ҳам, муқтадий уни тарк қилмайди.
ЖАНОЗАЛАР БОБИ
Муҳтазарни (ўлим онларида бўлган инсон) ўнг ёнбоши ила қиблага юзлантириб тқизиш суннатдир. Чалқанча ётқизиш ихтиёр қилинган. Унга шаҳодат калимаси талқин қилинади. Вафот топганда жағи боғланади ва кўзлари юмдирилади. Унинг тахтаси ва кафанига хушбўй нарса тоқ маротаба тутатилади. Сўнгра унинг кийимини ечиб оғзи ва бурни чайилмай жасади ювилади. Тирноғи олинмайди ва сочи таралмайди. Боши, соқолига ҳанут ва сажда қиладиган ерларига Кофур суртилади. Кафаннинг суннати: эркак учун - изор, қамис ва лифофадир. “Салла бўлгани яхши” дейилган; аёл учун – эркакнинг кафанига рўмол ва икки кўкраги устидан боғланадиган латта зиёда қилинади. Эркак учун кифоя қиладиган кафан изор ва лифофадир. Аёл учун кифоя қиладиган кафанда эркакнинг кифоя қиладиган кафанига рўмол зиёда қилинади. Кафаннинг ёйилиб кетиши хавфи бўлса, боғлаб қўйилади. Маййит учун жаноза намози ўқиш фарзи кифоядир. Намознинг сурати: такбир айтиб, сано ўқилади. Сўнгра такбир айтиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади. Сўнгра такбир айтиб, дуо қилинади. Сўнгра такбир айтиб, салом берилади. Фақатгина биринчи такбирда қўл кўтарилади. Имом маййитнинг кўкрак баробарида туради. Жаноза намозида имомликка энг ҳақли киши султондир. Сўнгра қози. Кейин маҳалланинг имоми. Сўнгра маййитнинг валийси. Валийликка ҳақдорлик тартиби асабалар тартиби кабидир. Жаноза намозида бирор кишига имом бўлишга изн бериш саҳиҳдир. Агар жанозани юқорида санаб ўтилган ҳақдорлардан бошқа инсон ўқиган бўлса, хоҳласа, валий намозни қайта ўқийди. Валийдан бошқалар валий ўқиган жаноза намозини қайтариб ўқимайдилар. Жаноза ўқилмасдан дафн қилинган маййитга шишиб кетгани гумон қилинмас экан, (қабри устида) жаноза ўқилади. Уловга минган ҳолда жаноза намози ўқиш жоиз эмас. Масжид ичида жаноза намозини ўқиш макруҳдир. Маййит масжид ташқарисига қўйилган бўлиб одамлар масжид ичида жаноза намозини ўқишлари ҳақида машойихлар ихтилоф қилганлар. Жанозани кўтаришда тўрт киши бўлиши, унинг ўнг тарафининг олдидан, кейин ортидан ўнг елканг ила кўтаришинг, сўнгра худди шундоқ қилиб чап тарафинг ила кўтаришинг суннатдир. Жанозани кўтарганда чайқалтирмаган ҳолда тез юрилади. Унинг ортидан юриш яхшироқдир. Уни ерга қўймасдан олдин ўтириш макруҳдир. Қабрни лаҳад қилиб кавланади ва қабрнинг ичига маййитни қибла томонидан киритилади. Маййитни қўювчи “бисмиллаҳи ва ъалаа миллати Расулиллаҳи” (Аллоҳнинг исми ила ва Расулуллоҳнинг миллатларида) дейди ва маййит қиблага юзлантирилади. Кафаннинг тугуни ечилади ва (хом) ғишт, қамишлар терилади. Эркакникидан фарқли ўлароқ аёл кишининг қабри тўсиб турилади. Лаҳадни пишган ғишт ва қуруқ ёғоч ила ёпиш макруҳдир. Тупроқ солинади ва қабр туянинг ўркачи каби қилинади.
ШАҲИД БОБИ
Шаҳид - таҳоратли, балоғатга етган, зулм ила қатл қилинган, қатл ила мол (дия) вожиб бўлмаган ва (урушда яралангач) узоқ қолмай вафот топган мусулмондир. Ундан кийимидан бошқа нарсалари ечиб олинади. Кафани мукаммал бўлиши учун кийими зиёда ёки ноқис қилинади. Уни ювилмайди ва унга жаноза намози ҳам ўқилмайди. Уни қони ила дафн қилинади. Мисрда ўлдирилган ҳолда топилган ва қотили билинмаган маййит, жароҳатлангач бирор муддат ҳаёт бўлиш, ухлаш, таом ейиш, ичимлик ичиш, даволаниш, чодирга олиб кирилиш, маърака майдонидан тирик ҳолда олиб чиқилиш, ақли жойида бўлган ҳолда тўлиқ бир намоз вақтича ҳаёт бўлиш ёки бирор нарса васият қилиш каби ҳаётдан фойдаланган мусулмон ювилади ва унга жаноза намози ўқилади. Жиноятлар, қўзғолончилик ва қароқчилик қилгани сабабидан қатл қилинганлар ювилади, уларга жаноза ўқилмайди.