1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“ХОЖА ИЛМКОНИ” МАСЖИДИ

7-05-2020, 10:49 1 709 Ўқиш режими + -


“ХОЖА ИЛМКОНИ” МАСЖИДИ


“Хожа Илмкони” масжиди Китоб тумани Хўжа Илмкони  МФЙ,   Хўжа Илмкони қишлоғидадир.  Хўжа Илмкони қишлоғи туман маркази Китоб шаҳридан 12 км масофада жойлашган. 

 Хўжа Илмкони қишлоғи  ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси ” китобида: “ Хўжайикана–Китоб туманидаги қишлоқ. Сўнгги   давр маълумотларида бу номни Хўжаикулли тарзида ёзиш ҳолати пайдо бўлди.  Халқ нутқида Хўжаикана талаффуз шакли ҳам бор. Кана сўзли қишлоқ номлари бир нечта: Искана (Китоб), Зачкана (Шаҳрисабз), Ваткана, Жинжаккана, Зинжаккана. Ҳозирги ўзбек, тожик,  форс ва бошқа эроний тиллардан  хона( уй, уй қисми, овул, қишлоқ, жой) сўзининг қадимий шакли-кана.  Маъноси –ҳовли, қўрғон, работ.  Бу сўзнинг ибодатхона маъноси ҳам бўлган.  Номнинг қадимий шакли Хўжаикана бўлган. Қадимда хўжа сўзи халқ сиғинадиган, муқаддас деб билган жойлар номига қўшилган ва муқаддас, сажда қиладиган жой (чинор, хонақоҳ, қабр,  булоқ, чашма, тош,  ибодатхона) бўлган қўрғон, саждагоҳли қўрғон (ибодатхона). Хўжаилмкони тарзида ёзиш хато. Бу ном қишлоқларга бериш ва ном қўйиш анъаналарига зид. Илм+кон+и сўз ва қўшимчаларининг маъноси қишлоқ номлари бўлиш имкониятидан маҳрум [1]” дейилади.  Мана шу қишлоқда “ Хўжа Имканагий” ҳазратларининг даҳмалари бор. Бу даҳмада иккита қабр мавжуд. Бу қабрларнинг бири “Хўжа Имканагий” ( 1512-1600) ҳазратларига тегишли. “Хўжа Имканагий” ҳазратлари нақшбандия таълимотининг намоёндаларидан биридир.  У зот қабрига қўйилган тош лавҳа кулранг мармардан ясалган бўлиб, унда  насх-сулс хатида қуйидаги  битиклар ёзиб қолдирилган:     

 

هذا المرقدالمنور    السلطان العارفئن برهان المحقيفين   ناصح الملة و الدين و السلاطين مربي الفقر اء  المساكين مرجي الخؤاص و العوام محب الفضلاء و العلماء صاحب الكشف مشايخ العظام المغفوري مرحومي مبروري قطب الاقط مولانا خواجكي امكانكي و هو ابن مولا و خشواري عليه الرحمة و الرضون مرسلين مولانا سنة  1008     

 

 “Бу орифлар султони, ҳақиқатга етганларнинг ҳужжати, миллат, дин ва султонларнинг насиҳатгўйи, фақирлар ва мискинлар мураббийи,  хос ва авом мурожаат қилувчи, фозиллар ва олимларнинг суюклиси, кашф эгаси, улуғ шайхлар, мағфур, марҳум, яхши ишлар қилувчи, қутблар қутби,  ҳазрат мавлоно хожагий(Имканагий)нинг  мунаввар қабр тошидир. У эса Мавлоно Дарвеш Вахшиворнинг ўғли, уларга Аллоҳнинг раҳмати ва розилиги бўлсин. (У эса) мавлоно Ёқуб Чархийнинг издоши (Хожагий). (У) 1008 (1599-1600) йили вафот этган” дейилади. Даҳмадаги иккинчи қабр эса Хўжа Имканагийнинг фарзандлари бўлмиш хожа Абул Қосимнинг қабридир. Қабр тошида “Бу муаттар қабр авлиёлар султони ва яхшилар суянчиғи, олий ҳиммат, ҳаққа етишган ва Тангри карамига эришган, султонлар дўсти, фақирлар мураббийи ва мағфират этилиб, ушбу жойда сокин бўлган художўй марҳум хожа Абул Қосим ибн мавлоно Хожаги алайҳир раҳимникидур. Вафот этган санаси ҳижрий 1022 йил (милодий 1613-1614 йиллар)”, деган ёзув битилган. 

“Хўжа Илмканагий” даҳмаларига яқин жойда 2015 йилда янги масжид қурилди. У масжид “Хўжа Имканагий” ҳазратларининг ва   қишлоқнинг номидан келиб чиқиб “Хожа Илмкони” деб аталди. 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан рўйхатга олиниб, расман фаолият кўрсата бошлади.

“ Хожа Илмкони” масжидининг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклидадир. Унинг бўйи ва эни 9,95Х13,85 метрни ташкил қилади. Масжидниннг ички баландлиги 4,70 метрдир. Масжид девори пишиқ ғиштдан бўлиб, унинг учта кириш эшиги бор. Масжид атрофи айвон қилинган. .   Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида  фаолият кўрсатиб келаяпти.





 

Р. Акбаров. 


[1] Нафсов. Т. Қашқадарё қишлоқномаси.  Т. Муҳаррир .2009.  281-бет.