1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУХТАСАРУЛ ВИҚОЯ МАТНИ (7-ҚИСМ)

8-05-2020, 17:20 526 Ўқиш режими + -
 



МУХТАСАРУЛ ВИҚОЯ МАТНИ (7-ҚИСМ)


ХАВФ НАМОЗИ


Душман хавфи кучли бўлганида имом бир тоифани душман тарафга қўйиб, бошқа тоифа ила икки ракъатли намозда бир ракъат, ундан бошқасида икки ракъат намоз ўқийди. (Имом бириинчи ракъатни тугатганида) намоз ўқиган тоифа намоз ўқимаган тоифанинг ўрнига ўтади. Ва намоз ўқимаган тоифа келади. Имом улар билан қолган намозини ўқийди ва бир ўзи салом беради. Саломдан сўнг иккинчи намоз ўқиган тоифа биринчи тоифанинг ўрнига боради. Биринчи тоифа келиб намозини қироатсиз тамомлайди. Кейин иккинчи тоифа келиб намозини қироат ила тамомлайди.   Хавф ундан ҳам зиёда бўлиб кетса, уловга минган ҳолда, имо билан, қай тарафга қодир бўлсалар, ўша тарафга юзланиб, якка-якка намоз ўқийдилар. Ўша намозни жанг қилиш, юриш ва уловга миниш фосид қилади.

 

КАЪБАНИНГ ИЧИДА НАМОЗ ЎҚИШ


Каъбанинг ичида фарз ва нафл намозлар – орқасини ўз имомининг орқасига қилиб ўқиса ҳам - саҳиҳдир. Аммо орқаси ўз имомининг юзига бўлиб қолса, бўлмайди. Каъбанинг устида намоз ўқиш макруҳдир. Агар имомга Каъбанинг атрофида иқтидо қилсалар ва баъзи намозхонлар Каъбага ўз имомларидан яқин бўлиб қолсалар, имомнинг ёнида бўлмаслик шарти ила, намоз саҳиҳ бўлади.  

ЗАКОТ КИТОБИ


    Закот ҳур, мукаллаф, ўсувчи нисобга тўлиқ эга бўлган мусулмонгагина нисобга бир йил тўлиши, аслий ҳожатидан ва банда нисоб эгасидан талаб қиладиган қарздорликдан ортиқ бўлиши шарти ила фарз бўлади. Ўсиш - қиймат, яйловда боқиш ёки тижорат нияти жиҳатидан бўлади.  Шу сабабдан закот мукотабга ва йўқолган молга, ҳужжатсиз тортиб олинган молга, мусодара қилиб олинган молга ўхшаб тўланиш эҳтимоли оз бўлган қарзнинг муддат кунлари келган молда фарз бўлмайди. Молининг барчасини садақа қилиб юбормас экан закотни бераётганда ёки уни ажратаётганда ният қилиш шарт қилинган.  

ЧОРВАНИНГ ЗАКОТИ


Ҳар беш туяда битта қўй вожибдир. Йигирма бештада битта бинти махоз (бир ёшли), ўттиз олтитада битта бинти лабун (икки ёшли), қирқ олтитада битта ҳиққа (уч ёшли), олтмиш биттада битта жазаъа (тўрт ёшли), етмиш олтитада иккита бинти лабун, тўқсон биттадан то бир юз йигирмагача иккита ҳиққа. Сўнгра ҳар бештада битта қўй ва йигирма бештада бинти махоз ва бир юз элликтада учта ҳиққа.  Сўнгра аввалда бошлаган каби янгитдан ҳисоб бошланади. Ҳар қирқ олтидан элликкача бўлган туяларда бир ҳиққа қўшилади.  Ўттизта молда битта табиъ (бир ёшли эркак бузоқ) ёки табиъа (бир ёшли урғочи бузоқ). Қирқтада битта мусин (уч ёшга энди тўлган эркак бузоқ) ёки мусинна (уч ёшга энди тўлган урғочи бузоқ).  Қирқдан зиёда бўлганда то олтмиштага етгунича ҳисоби олиниб закот ажратилади. Сўнгра ҳар ўттизтада битта табиъ. Ҳар қирқтада битта мусинна. Қирқта қўй ёки эчкида битта қўй ёки эчки. Бир юз йигирма биттада иккита. Икки юз биттада учта, тўрт юзтада тўртта. Сўнг ҳар юзтада битта қўй ёки эчки. 

 

ОТНИНГ ЗАКОТИ


Урғочи ёки аралаш бўлган отларнинг ҳар биридан бир динор ёки қиймати нисоб жиҳатидан олиниб унинг ўндан бирининг тўртдан бири. Чорва закоти фақатгина ўтлаб юрадиган, яъни, йилнинг аксар қисмида ўтлатиб юриш билангина кифояланадиганларда вожиб бўлади.   Чорваларнинг кичиклари катталарига тобеъ бўлсаларгина уларни ҳисобга қўшиб закот берилади. Иш бажарувчи чорваларда закот йўқдир. Закот олишда ўртачасини олиш вожибдир. Ўртачаси мавжуд бўлмаса, закот омили пастроғини олиб туриб устига қўшимча олади ёки юқорисини олиб туриб ортиғини қайтаради. 

 

ТИЛЛО ВА КУМУШНИНГ ЗАКОТИ


Тилланинг нисоби йигирма мисқол (бир мисқол 4,25 гр), кумушники икки юз дирҳам (бир дирҳам 2,975 гр). Ўн дирҳам кумуш етти мисқол оғирликда бўлади. Нисобнинг ўндан бирининг тўртдан бирини – тилла ва кумуш ишлов берилганми, ёмбими фарқи йўқ -  бериш вожиб бўлади.  Нисобга зиёда бўлган, нисобнинг бешдан бирига тенг ёки ортиқ бўлган тилла ва кумушнинг ҳар бир миқдоридан ўша миқдорга мувофиқ ҳисоблаб чиқарилади.  Тилла ва кумушга бирор нарса аралашган бўлса, ғолиблик эътиборга олинади. Агар аралашган нарса ғолиб бўлса, закот чиқариш учун қиймати белгиланади. Зикр қилинганлардан бошқасида закот вожиб бўлмайди. Илло, тижорат нияти бўлган мол меросхўрлик орқали олинмаган ва қиймати тилла ёки кумуш нисоби жиҳатидан нисобга етган бўлса, унда закот вожиб бўлади. Бундай тижорат молининг нисоб қийматини тилла ёки кумуш нисоби ила қиёслаб белгилашда фақирга манфаатлироқ тарафга қиёсланади.

 

ЗАКОТНИНГ ҚИЙМАТИНИ ЎТАШ 


Закотда, садақаи фитрда, каффоротда, ушрда ва назрда қийматни ўташ жоиз. Бир йил тўлгандан кейин ҳалок бўлган молдан ҳалок бўлган қисмининг ҳиссасича зиммадан соқит бўлади.  

Закот нисобдадир, икки нисобнинг орасидаги нарсада эмас. Агар қирқта туядан бир йил тўлгандан кейин ўн бештаси ҳалок бўлса, битта бинти махоз бериш вожиб бўлади

Йил ўртасида кўрилган фойда ўз жинсидан бўлган нисобга қўшилади. Нисобни мукаммал қилиш учун тилло кумушга ва тижорат моллари қиймати ила иккисига қўшилади. Нисобнинг йил ичида нуқсонга учрашининг эътибори йўқ.   Бир ва кўпроқ йиллар закотини олдиндан берса, шунингдек, бир неча нисобнинг закотини олдиндан берса, жоиз.   

УШРЧИНИНГ ҲУКМЛАРИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ


Тожирларнинг закотини олиш учун йўлга ушрчи таъйин қилинади. У мусулмондан ўннинг тўрттан бирини, зиммийдан унинг икки баробарини олади.

Иккови молларига бир йил тўлганини ёки қарздан фориғ эканлигини инкор қилсалар ёки мавжудлиги билинган бошқа ушрчига адо қилганларини ёки фақирга берганларини даъво қилсалар – яйловда боқилувчи чорвалардан бошқасида - қасам ичишлари ила тасдиқ қилинадилар. 

Ҳарбийлар биздан қанча олишлари номаълум бўлса, ҳарбийдан ўндан бир олади. Қанча олишлари маълум бўлиб олинадиган нарса мавжуд молнинг баъзиси бўлса уларнинг оладиган мислича олинади. Улар биздан олмасалар, ундан олинмайди. Зиммийнинг хамридан ушр олинади. Тўнғизидан ва омонатдан олинмайди. Ўз диёридан бир йил ўтмай қайта келаётган ҳарбийдан иккинчи марта ушр олинади.


Давоми келгуси саҳифаларда..