ҲИДОЯТГА ЧОРЛАР ҚУРЪОН
( Шеър илк бор эълон қилинмоқда)
Кўзларга нур жилоланар,
Кўнгил ишқ-ла шайдоланар,
Дилда меҳр ороланар,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Муҳаббат-ла боғланасиз,
Шайдосига айланасиз,
Ҳақ йўлига чоғланасиз,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Каломин дилга жо қилиб,
Кўзларга тўтиё қилиб,
Тунлари илтижо қилиб,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Не савобу, нима гуноҳ?
Қиёматдан бўлинг огоҳ,
Даргоҳидан излаб паноҳ,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Синовлари кўпдир Эгам,
Унга содиқ бўлсак ҳар дам,
Кулфатлар ҳам топар барҳам,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Тутманг фисқу фасод йўлин,
Олманг шайтон ифлос қўлин,
Обод айланг ўнгу сўлин,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Кун ботару, чиқар офтоб,
Дилимизда шуъур, шитоб,
Одамларга айтинг хитоб,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Сўйланг одоб, диёнатдан,
Шарму ҳаё, садоқатдан,
Сақланг ўзни разолатдан,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Ошно бўлинг қаноатга,
Сабр айланг риёзатга,
Етинг нури ҳақиқатга,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Мўминларни сийланг ҳар он,
Мискинларга беринг эҳсон,
Мушкулингиз бўлгай осон,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Тонгда туринг саломига,
Амал қилинг каломига,
Етинг Аллоҳ инъомига,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Гарчи боқий эмас ҳаёт,
Яхшилик-ла кўнгил обод,
Қалбингизга топинг нажот,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Ҳидоятга чорлар Қуръон,
Баҳра олсин рўйи жаҳон,
Дил жаннатдан топсин макон,
Қуръон ўқинг, Қуръон ўқинг.
Зуҳра Ҳамроева
Тил-адабиёт ўқитувчиси