"ШАЙХ ШАМСИДДИН КУЛОЛ" МАСЖИДИ
“Шайх Шамсиддин кулол” масжиди Китоб тумани Оқсув МФЙ Хўжаисфароз қишлоғидадир. Хўжаисфароз қишлоғи туман маркази Китоб шаҳридан 12 км масофада жойлашган. Хўжаисфароз қишлоғи ҳақида “Қашқадарё қишлоқномаси” китобида : “Хўжаиспароз-Китоб туманидаги қишлоқ. Таркиби: хўжа+испароз ( форс тили). Хўжа-муқаддас, қадамжо, сиғиналадиган (жой). Номнинг таркибидаги испароз/испараз/испарас қисмини таркибий бўлакларга ажратиш қийин. Бош қисмидаги ис сўзи искана (Китоб), Исфара (Фарғона), Исфайрамсой(Сирдарёнинг ирмоғи) каби номларнинг бош қисмидаги сўзга ўхшаш, маъноси аниқланмаган. Жой маъносидаги истон сўзининг ўзгарган шакли бўлиши мумкин. Ном охиридаги пароз/параз/парас сўзи суғдча бараз сўзининг ўзгарган шакл, янги суғд тилида бараз(брз)-кичик баландлик. Испараз-кичик баландлик бор жой, яъни қабр ёки қабрсимон мўла бўлган жой. Хўжаиспароз/Хўжаиспароз-муқаддас қабр бўлган жой(даги қишлоқ)[1]” дейилади. Хўжаиспароз қишлоғида Ҳазрати Мавлоно Муҳаммад Дарвеш (қ.с)ларнинг қабри мавжуд. Мавлоно Дарвеш Муҳаммад (қ.с) Хўжа Илмкони қишлоғида дафн қилинган ҳазрат мавлоно Имканагийнинг отасидир. Мавлоно Дарвеш Муҳаммад (қ.с) Нақшбандия тариқатининг намояндаларидан биридир. Мавлоно Муҳаммад Дарвеш (қ.с) ҳазрати Хожа Аҳрор Валий, Шайх Муҳаммад Зоҳиднинг етук шогирдларидан бўлганлар. Кароматлари, мартабалари улуғ бўлган Муҳаммад Дарвеш (қ.с) араб, форс тилларини мукаммал билганлар. Юзлаб валийлар, илм соҳибларига устозлик қилганлар. У зотнинг ёзган асарлари чет эл кутубхоналарида сақланиб келаётганлиги маълум. Мавлоно Дарвеш Муҳаммад (қ.с) 1562 йил Аспароз (Хўжаиспароз) қишлоғида вафот этганлар.
Шўролар даврида Хўжаисфароз қишлоғидаги қадимий масжиднинг фаолияти тўхтаб, унинг биносига қаровсизлик натижасида кўп шикаст етди. 1975 йилда халқ томонидан масжиднинг том қисми таъмирланади.
Масжид Мустақилликнинг дастлабки йилида халқ ҳашари билан таъмирланди. У 1998 йилда Ўзюекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхат олинди.
“Шайх Шамсиддин кулол” масжидининг тарҳи тўртбурчак шаклида бўлиб, унинг бўйи ва эни 12х12 метрни ташкил қилади.
1998-1999 йилларда масжиднинг айвони қайтадан қурилди.
2013 йил масжиднинг гумбаз қисми қайта таъмирланди.
2010 йил масжиднинг таҳоратхонаси таъмирланди. Унда таҳорат қилиш барча қулайликлар яратилган.
Ҳозирги кунда масжидда фуқароларнинг ибодат қилишлари учун барча шароитлар мавжуд. Масжид халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириш йўлида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Р. Акбаров.
[1] Нафсов. Т. Қашқадарё қишлоқномаси. Т. Муҳаррир .2009. 281-бет.