1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУСУЛМОННИНГ ХУЛҚИ (8-ҚИСМ)

11-05-2020, 12:53 710 Ўқиш режими + -



МУСУЛМОННИНГ ХУЛҚИ (8-ҚИСМ)


Р О С Т Г Ў Й Л И К

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

    Албатта, Аллоҳ осмонлар ва ерни хаққи-рост яратган. У инсонлардан эса ўзларининг ҳаётларини ҳақиқат устига қуришларини, рост гапиришларини ва яхши амаллар қилишларини талаб қилган.

Инсоннинг бахтсиз ҳолатга тушиб қолиши унинг ҳақиқатдан йироқ бўлиши, ёлғон гапларга ва хом хаёлга берилиб кетганлигидандир. Инсонни тўғри йўлдан ва ўзига лозим тутиши керак бўлган ҳақиқатдан узоқ қилган нарса ҳам айнан мана шулардир. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ростгўй бўлиш мусулмоннинг хулқи ва юрган йўли учун зарурий асос бўлиб қолган. Исломий жамият бошқалар тўғрисида ҳар хил гумонда бўлмаслик ёлғон гапирмаслик ва шак-шубҳадан йироқ бўлиш асосига қурилган. Чунки ҳар доим ҳақиқат ғолиб бўлиб, шу жиҳатдан доим ҳақиқатга суянмоқ зарур.

Расулуллоҳ алайҳис салом шундай дедилар: “Бировлар хақида гумон-фикрда бўлишдан сақланинглар. Чунки гумон-фикр гапларнинг энг ёлғонидир".

Яна шундай деганлар: «Сени шубхалантирган нарсани тарк қил. Шубхалантирмайдиган нарсани маҳкам ушла, чунки ростгўйлик хотиржамлик ёлғон гапириш эса хатарлидир».

«Ақлларини хурофотлар билан тўла қилиб, гумон-фикрлар ортидан юрадиган ва ёлғон гаплар билан ўзларини ва авлодларини фасод қилган одамларга Қуръон шундай хитоб қилади: 

У(бут)лар  сиз ва ота-боболарингиз қўйган номлардан ўзга ҳеч нарса эмас. Аллоҳ бунга ҳеч ҳужжат туширган эмас. У(мушрик)лар  Роббиларидан ҳидоят келганига қарамай гумон ва ҳавойи нафс хоҳишига эргашарлар, холос.  (Ан-нажм :23).  

Уларда бу ҳақда ҳеч қандай илм йўқ. Гумондан бошқа нарсага эргашмаслар. Албатта, гумон ҳақиқат ўрнига ўтмас.  (Ан-нажм:28).

 

Ислом ҳақиқатни эъзозлагани учун ҳам ёлғончиларни қаттиқ инкор қилади. Оиша онамиз шундай дейдилар: «Расулуллоҳ алайҳис саломга ёлғон гапиришдан ёмонрок ахлоқ бўлмаган. Расулуллоҳ бу ҳолатни бирор одамда кузатиб қолсалар—у одам тавба қилиб ўзини ислоҳга келтирмагунча—у одамни қалбидан чиқариб юборар эдилар».

Албатта, аввалги одамлар яхши ахлоқда бўлишиб, уни тан олишар эдилар. Ёмон ахлоқдаги одам жамиятда дарров ажраб қолар эди. У ёмон ахлоқлари билан ўзини ўнгламагунча жамиятга сиғмас эди. Аммо ёлғон гапириш, ваъдага хилоф қилиш ва алдаш бу мунофиқлик ва диндан узилишдир. Бошқача ибора билан айтганда ёлғончи ва мунофиқларча динга боғланишдир.

Ёлғон гапириш разолатдир. Бу ёлғончининг қалбида фасод қалқиб турганидан хабар бериб туради. Ҳар қандай жойда ёмонлик келтириб, беихтиёр гуноҳ ишларга чорлайди. Натижада инсон нафақат ёлғон гапириши, балки, ундан бошқа гуноҳлар- разилликларга ўралашиб қолади. Бундай разиллик узоқ даволашдан кейин инсон танасидан ариб кетадиган касалликка ухшайди. Бунга қўрқоқлик ва бахиллик мисол бўлиши мумкин.

Албатта, баъзи одамлар жиҳодга қўрқувдан баданлари титраб чиқадилар. Баъзилари эса закотни санаб, қўллари қалтираб беради. Бундан пайдо бўлаётган «табиат» ҳисобсиз мол-дунёни сарф қилишдан, ҳамда осонлик билан ўлимга рўбару бўлишдан пайдо бўлган табиатнинг ўзгачасидир.

Жонни курбон қилинадиган майдонлардаги хатарни ҳис қиладиганларга узрни айтиш мумкин. Лекин одамларни алдаб, ёлғон гапириб яшашга одатланганлар учун узр айтилмайди.

Расулуллоҳ. алайҳис салом айтганлар: “Хиёнат қилиш ва ёлғон гапиришдан ташқари ҳар қандай камчилик мўминнинг табиатида бўлиши мумкин”.

Расулуллоҳ алайҳис салом қуйидаги саволларга шундай жавоб қилган эканлар:

—Мўмин қўрқоқ бўлиши мумкинми?

—Ҳа!

—Бахил бўлиши мумкинми?

—Ҳа!

—Ёлғон гапириши мумкинми?

—Йўқ! Асло мумкин эмас.

Расулуллоҳ алайҳис саломнинг ушбу жавоблари инсондаги заифлик ва ожизлик туйғуларига далолат қилади. Инсонни жиҳоддан ва закотдан тўсадиган нарса ҳам шу. Бу эса инсонни бахил ёки қўрқоқ бўлаверсин, дегани эмас албатта. Шунча тушунтиришлардан кейин ҳам инсон жиҳодни тарк қилиши, закотни бермай қўйиши мумкинми?

Ёлғончиларнинг зарар доираси кенгайгани сари унинг  Аллоҳ даргоҳидаги гуноҳлари ҳам катталашаверади. Масалан, нотўғри хабарларни тарқатувчи матбуот ходими, тескари ташвиқот юргизаётган сиёсий шарҳловчи ҳамда амалдорларга туҳмат қилувчилар шулар жумласидандир.Минбарда туриб меҳнаткаш халққа ёлғон гапираётган раҳбарлар ҳам шулар қабилидандир.

Ҳадисда шундай айтилган: “Уч хил одам жаннатга кирмайди: кекса зоний, ёлғончи имом, мутакаббир камбағал".

 Аллоҳнинг дини устида ёлғон гапириш энг жирканч нарсадир. Бу эса  Аллоҳ ва Расулуллоҳ алайҳис саломнинг айтганларини айтмади, дейиш билан содир бўлади. Бу эса жуда катта расволикдир.

Расулуллоҳ алайҳис салом айтганлар: “Менинг хақимда айтилган ёлғон гап бошқалар ҳақида айтилган ёлғон гапга ўхшамас. Чунки қасддан мен ҳақимда ёлғон гапирган одам жойини дўзахдан хозирлайверсин”.

Баъзи бир нодон кимсалар  Аллоҳ динига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган нарсани тўқиб чиқарадилар. Авом-халқ эса уларни диндан деб ҳисоблайдилар. Шундай хурофот- бидъатлар ҳам ёлғон гапнинг жумласидандир.

Расулуллоҳ алайҳис салом уммати Исломийяга у бидъатларнинг асосларини-билдириб қўйганлар. Ундай оқимларга тобе бўлмай Қуръон оятларига ва салафлар йўлларига тобе бўлишни тайинлаб шундай деганлар: “Охир замон умматларимда сизлар ҳам оталарингиз ҳам эшитмаган нарсаларни оғиз тўлдириб гапирадиган “каззоблар” бўлади. Сизлар улардан нари бўлинглар," уларни ҳам ўзларингиздан нари қилинглар. Улар сизларни фитнага солиб адаштириб қўймасунлар”.

Ислом ростгўйлик фазилати ёш авлодлар қалбларида ҳам бўлишини хоҳлайди. Чунки улар бу ростгўйликда ўсиб улғайишлари, гаплари ва феълларида унга улфат бўлишлари лозим.

Абдуллоҳ бин Омирдан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ алайҳис салом бизнинг уйимизда эдилар. Шунда онам менга: “Кел мана буни сенга бераман”, деди. Расулуллоҳ онамдан нимани бермоқлигини сўрадилар. Онам хурмони беришлигини айтди. Расулуллоҳ алайҳис салом шундай дедилар: «Агар сен ўша хурмони бермасанг, сенга ёлғон гапиришлик гуноҳи ёзилар эди».

Абу Ҳурайра Расулуллоҳ алайҳис саломдан ривоят қилади: «Ким ёш болага, кел, мана бу сенга деб, уни бермаса, шу гапи ёлғондир».

Расулуллоҳ алайҳис салом ота-оналарга ўз фарзандларини ростгўйликни эъзозлайдиган ва ёлғон гапиришдан нари бўладиган ҳолатда тарбият этишларининг таълимини бераётганларига бир қаранг! Лекин ота-оналар ёлғон гапиришни у ҳеч нарса эмас, десалар, болалар эса уни арзимас гуноҳ деб улғайсалар, бу хатарлидир. Ҳолбуки ёлғон гапириш  Аллоҳ наздида катта гуноҳдир.

Фақат-фақат рост гапирилиши учун бу борада қаттиқ кураш олиб борилган ва натижада ҳар қандай шарт-шароитда ҳам ёлғон гапирилмай рост гапирилишига муяссар бўлинди.Асмо бинти Язиддан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳдан, агар кўнглимиз хоҳлаб турган нарсани хоҳламаяпман, деб айтсак шу ҳам ёлғонга ҳисобланадими?”, деб сўрадим. “Ҳар қандай ёлғоннинг каттаси ҳам, кичиги ҳам ёлғон”, деб жавоб бердилар Расулуллоҳ алайҳис салом”.

Ҳақиқатни енгил санаб, ундан четлаб кетишга ҳеч қандай ўрин йўқ.  Аллоҳ ёлғон гапиришнинг ёмон оқибатларини бирма-бир баён қилиб берган.

Баъзан киши бепарволик билан ёлғон гапларни тўқиб ҳазил қилаверади. Тўғри, Ислом қалбнинг рохатланишига тўсқинлик қилмайди. Балки, бу ҳақиқат чегарасидан чиқмаган ҳолда бўлсин дейди. Зеро, ҳар қандай ҳалол ишда ҳаромдан, ҳақиқатда эса ёлғондан узоқ бўлишнинг иложиси бор-ку ахир!

Бу борада Расулуллоҳдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: «Одамларни кулдириш учун ёлғондан гапирадиганларнинг ҳолига вой, ҳолига вой, ҳолига вой!». «Ёлғонни тарк қилиб ҳазил қилган одамнинг жаннат ўртасидаги уйига мен кафилман» “ Ҳазил ва масхарасида ёлғонни тарк қилмаган киши комил иймонли бўлмас».

Ҳозирги вақтда одамлар латифаларда уйдирмаларга берилиб кетаётганларида, дўстларига аския айтиб бераётганларида, шунингдек душманларини масхара қилишларида ёлғон гапиришиб ҳеч қандай ҳаражни сезмаётганликлари аниқ. Ҳолбуки, Ислом буни ҳаром қилган. Зеро, беҳуда-лаҳви гап ёлғон билан бўлади. Бу эса охир-оқибат душманликка олиб келади.

Одамларни мақташ бу ёлғон гапириш учун қурилган йўлдир. Бу борада мусулмонга вожиб бўлган нарса шуки, ўзгаларни мақташ зарурати бўлганида, аввало, мусулмон у одам ҳақида фақат билганини гапириши, билмаганини гапирмаслигидир. Камчиликларини яшириб, мақташни бўрттирмаслиги, мақтовга лойиқ бўлса ҳам ҳақиқатидан ошириб юбориш ҳаромлигини билишидир.

Расулуллоҳ алайҳис салом мадҳ қилувчиларига шундай деганлар: «Насоролар Исони мақтагани каби мени ҳам мақтаманглар. Мен бандаман. Мен тўғримда   Аллоҳнинг бандаси ва расули денглар”.

Баъзилар дунёнинг арзимас матоларини кўзлаб «бўм-бўш» мақтовларни катталарга нисбатан қўлланадиган ашё қилиб олишди. Улар ҳақида узун-узун қасидалар ёзишмоқда. Ҳеч кутилмаган, кузатилмаган сифатлар билан мақташмоқда. Қўрқоқларни ботир, деб золим ҳокимларни одил, деб таърифлашмоқда.

У хислатларни тарк қилмаган ёлғончиларни тарк қилишни Расулуллоҳ алайҳис салом ўз умматларига шундай амр қилганлар!

Абу Ҳурайра айтадилар: «Расулуллоҳ бизларга, маддоҳларнинг юзига тупроқ сочинглар!”, деб буюрган эдилар. Ушбу ҳадисга олимлар шундай изоҳ берганлар: «Улар одамларнинг терисини шилиб олиш мақсадида мақтовни одат қилиб олганлар. Аммо бошқаларга мисол тариқасида қизиқтириш учун айтилса, у мақтовга ҳисобланмайди”.

Мусулмоннинг мақташида муболаға, хушомад бўлиши мумкин эмас. Токи мақталаётган одам: «Ҳа, мен шунақаман!», деб кибр ва фахрга кетиб қолмасин. Бу борада Расулуллоҳ мақташ қандай бўлиши ҳақида шундай деганларини Абу Бакр ривоят қилади: «Бир одам Расулуллоҳ алайҳис салом ҳузурида бировни мақтади. Шунда Расулуллоҳ “ Эҳ, ҳолингга вой! Дўстинг бўйнини уздинг-да!”, деб уч марта такрорладилар. Сўнгра шундай дедилар: “Кимга биродарини мақташ зарурати бўлса, биродарида аниқ билган нарсасини, фалончини шунақа, деб ҳисоблайман, деб гапирсин!”.

Баъзан савдогар ҳам молининг сифати ва қийматини айтишда ёлғон гапириб қўяди. Савдогар катта умидворликда бўлиб, молини қимматроқ сотишни, ҳаридор эса арзонроқ олишни кўзлайди. Бу «менга бўлсин», деган туйғу ҳаммада ва ҳамма жойда бўлган. Ислом эса буни қоралайди.

Расулуллоҳ алайҳис салом савдо-сотиқ тўғрисида қуйидаги ҳадисни айтганлар: «Савдо қилганлар бир- бирлари билан ажрашгунларича савдоларини бузишга ихтиёрлидирлар. Агар рост гапиришиб, молининг айбини очиқ айтсалар, савдоларига барака берилади. Агар ёлғон гапириб молининг айбини беркитсалар, қанчалар фойда топсалар ҳам баракадан маҳрум бўладилар».

«...Савдоларининг баракаси бўлмас. Ёлғондан ичилган қасам савдо моли учун ҳалокат ва ҳунар-касб учун фалокатдир». Харидорлар орасида бозордаги нарх- наводан бехабар яна ҳар қандай гапга ишонаверадиган  соддалари бўлади. Шундай содда одамлар бозорга бориб қолишса сотувчилар улардан фойдаланиб қолиш пайида бўладилар. Сотувчининг иймони ўша содда харидордан фойдаланиб қолмай, молининг айбини беркитмай айтишида ва «мўмай даромад» қилмайин, дейишида синалади.

Расулуллоҳдан савдо-сотиқ ҳақида қуйидаги ҳадислар ворид бўлган: «Биродарингиз сизга ишониб турганида, сизнинг унга ёлғон гапиришингиз катта хиёнатдир».

«Мусулмон молининг айбини билиб уни айтмай сотиши ҳалол эмас».

Ибн абу Авф ривоят қилади: «Бир киши бозорда мусулмонларни жалб этиш учун молини  Аллоҳга қасам ичиб мақтаб сотар эди. Шунда қуйидаги оят нозил бўлди: 

“Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар, албатта, ана ўшаларга охиратда насиба йўқдир, қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва покламас. Уларга аламли азоблар бор”.  (Оли Имрон :77).

 

Гувоҳлик берар чоғда адолат билан бўлмаслик энг хунук ёлғончиликдир. Мусулмон бирон гувоҳлик бериб қолса, ҳақиқат қарор топишидан ўзга нарсага парво қилмайди. Ҳатто бу гувоҳлик мусулмоннинг яхши кўрган ёки энг яхши одами учун бўлса ҳам, улар томонига ён босмайди.

Кенгаш мажлислари ёки лавозимлар учун номзодларни тавсия этиш ҳам гувоҳлик беришнинг бир туридир. Бундай ҳолатларда илми ва омонатдорлигида лойиқ бўлмаган кимсани танлаш адолатсизларча ёлғон гапириш ва кўзбуямачиликнинг айнан ўзидир.

 Аллоҳ шундай дейди: 

Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўьри гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбаьал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавои нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.  (Нисо: 135).

 

Абу Бакр ривоят қилади: « Расулуллоҳ бир куни уч маротаба: “Сизларга энг катта гуноҳларни айтиб берайми?”, дедилар. Бизлар: “Ҳа айтиб беринг”, дедик. У Зот шундай дедилар: « Аллоҳга бирон кимса ёки нарсани шерик қилиш, ота ва онага оқ бўлиш, ноҳақ одам ўлдириб қон тўкиш».

Бу гапларни айтаётганларида асоларига суяниб турган эдилар. Кейин ўтириб олиб, гапларида давом этдилар: “Огоҳ бўлингки, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш». Шуни такрорлайвердилар, бизлар у кишининг ҳолатини кўриб: “Тўхтасалар эди”, дер эдик.

Қаллоблик ҳам ёлғончиликдир. Бу нафақат ёлғончилик балки, унинг ўрнига ботилни тиклашдир. Бу албатта шахсларга ва жамиятга жуда хавфлидир. Шунинг учун Расулуллоҳ ўз умматларига қаллоб бўлмасликларини буюрганлар.

Катта ҳунармандлар ҳам ўзлари маҳкам ушлаб уддасидан ўта олишадиган гапларни қилишлари лозим бўлади. Чунки устидан чиқилмаган қуруқ ваъдалар ва беқарор фикрлар кўп мусулмонлар томонидан содир бўлаётган оддий ишларга айланиб қолгани ачинарлидир. Холбуки, ёлғон ваъдаларни Ислом мунофиқлик дейди.

Расулуллоҳ Пайғамбарлик мушарраф бўлмаган вақтда ҳам ўзларининг гапларини эъзозлар ва бошқаларнинг гапларини ҳурмат қилар эдилар.

Аблуллоҳ бин Абу ал-Ҳамса айтадилар: «Расулуллоҳ алайҳис саломдам бир нарса сотиб олган эдим, пулим етмай қолди. “Жойингизда туриб туринг, ҳозир олиб келиб

бераман”, дедим. Кейин унутиб қўйибман. Уч кундан кейин эслаб қолиб келсам, Расулуллоҳ, ўша жойда турган эканлар. Шунда Расулуллоҳ: “Ҳой йигитча мени қийнаб қўйдингку! Бу ерда сени уч кундан буён кутаман!”, дедилар”.

Расулуллоҳ алайҳис салом Жобир бин Абдуллоҳга: “«Баҳрайн»дан тушадиган ўлжалардан берамиз”, деб ваъда қиладилар. Лекин «Баҳрайн» воқеаси бўлмай туриб Расулуллоҳ вафот этиб кетадилар. «Бахрайн» ўлжалари Абу Бакрнинг халифалик даврларида келтирилади. Шу ўлжаларни тақсимланиш арафасида Абу Бакр: “Расулуллоҳда хаққи борлар ҳузуримизга келсин!» , деб эълон қилганлар.

Гапирилган гап шунчаки гап бўлмай, балки, уни амалга ошириш вожиблиги ва унинг қадр-қимматининг баҳоланишини кўряпсизми?

Ёлғон ваъдалар эса бекорчи гап бўлибгина қолмай, балки, у инсоният манфаатлари учун зарар ва вақтни бекор кетказишликдир!

Ваъдага содиқ бўлиш, у инсон учун кўрк эмас, балки, пайғамбарларда кўрсатилган сиймодир.   Аллоҳ айтади: 

Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у вағдасига содиқ ҳамда Расул ва набий бўлган эди.   (Марям: 54)

 

 У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби наздида рози бўлган эди.

 (Марям: 55).

Буюк сиймоларни намуна қилиб келтириш албатта сизни ваъдага содиқ бўлишнинг даражасини билиб олишга етаклайди. Исмоил (а.с) одамлар орасида ваъдаси ҳаққи рост кимсалардан бўлганлигини  Аллоҳ ўз Китобида қуйидагича ҳикоя қилади: 

Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғ илчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?» деди. У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан», деди.  (Вас-саффат: 102).

 

Инсон ўз хатосининг оқибатидан (хамирдан қил суғургандай) қутулиб кетиши учун ёлғон гапириб узр айтади. Бу эса ақлсизларча иш қилиш ва шармандаликдир. Ундан ташқари бу бир ёмонликдан иккинчи бир ёмонликка ўтишдир. Инсон бунинг ўрнига ўз хатосига иқрор бўлсин. Шояд бўлган воқеани айтиб беришида ёлғон гапирмаслиги қилган ишидан пушаймон бўлишига ва хатоларини кечирилишига сабаб бўлар.

Хақ гап шуки, агар хавф-хатардан қутулиш учун ҳар хил уй-фикрлар келадиган бўлса, мусулмон кимса ёлғон гапиришдан қочиб, хақни гапиришга шижоат қилмоғи вожибдир.

Расулуллоҳ алайҳис салом бу борада шуларни айтган: "Рост гапиришингизда ҳалокатни кўриб турсангиз ҳам рост гапиринг!- Чунки нажот рост гапиришдадир».

«Агар банда ёлғон гапирса, у ёлғоннинг бадбўйлигидан фаришта у бандадан бир мил масофа нари кетади».

Ростгўйлик инсонни ҳар қандай ишларда ростгўй бўлишга ва ҳар қандай ҳолатларда ўзини ўнглашга етаклайди. Ростгўйлик инсоннинг фикри ва қалбида ҳақиқат нурини сочади. Зеро   Аллоҳ шундай дейди: 

 

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўьри сўз сўзланглар. (Аҳзоб:70)

У зот сизнинг амаларингизни солиҳ қиладир ва гуноҳларингизни маьфират қиладир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибдир.   (Аҳзоб:71)

 

Солиҳ амал шубҳасиз, ҳои-ҳаваси ва қинғирлиги бўлмаган амалдир. Чунки бу иймон, ихлос ва ҳақиқат натижаларидандир.                         

Умматнинг ўз вазифалари бор. У вазифалар адо этилиши қай даражадалигини уммат авлодларининг қилаётган амаллари намойиш қилиб туради. Умматнинг солиҳ амаллари кўп бўлса, у уммат ҳаётда илдамдирлар. Аксинча бўлса, уммат йўл четидадир. Бундай ҳолатда ҳар қандай ҳаракат, қўғолон, иддао ва ҳазил «қилча» ҳам ёрдам бермас.

Расулуллоҳ алайҳис салом шундай деганлар: « Рост гапиринглар, чунки ростгўйлик инсонни яхшиликка, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Ҳамма вақт ростгўй бўлган одам  Аллоҳ даргоҳида «ростгўй-сиддиқ» деб ёзилади. Ёлғон гапирманглар, чунки ёлғон инсонни гуноҳга, гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Ҳамма вақт ёлғон гапирган одам  Аллоҳ даргоҳида «ёлғончи-каззоб», деб ёзилади”.

Ёлғон гапириш билан бўлган гуноҳлар инсоннинг табиатини поймол қилиш ҳамда иймонни зое қилиш учун бўлган энг сўнгги босқичдир.

Расулуллоҳ айтганлар: «Агар банда ёлғон гапираверса, унинг қалбида қора нуқта пайдо бўлади. Ва охир оқибат у қора нуқта инсон қалбини қорайтириб юборади. Натижада у банда  Аллоҳ даргоҳида «бу каззоблардан», деб ёзилиб қолади”.

 Аллоҳ ҳам шундай дейди: 

Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир. (Наҳл:105)

Ростгўйлик етаклаган солиҳ амалларга келсак у иродаси мустаҳкам кишиларгина етишлари мумкин бўлган яхшиликлар чўққисидир.

Бунга   Аллоҳнинг қуйидаги оятини мисол қилиб келтирсак кифоя қилар деган умиддамиз: 

 Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик, ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир.    (Бақара: 177)

 

Давоми келгуси саҳифада...

Таржимон:
Р. УСМОНОВ
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили