1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАР

11-05-2020, 15:47 1 316 Ўқиш режими + -


Фиқҳий мазҳаблар

 

       Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм 

“Мазҳаб”    арабча сўз бўлиб “йўл”, “йўналиш”маъноларини билдиради. Саҳобалар ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик мазҳаб:Ҳанафий, Шофеий, Моликий, Ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Бу тўртала мазҳабнинг вужудга келишининг асосий омили- қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб ўз ичига олганидир. Бу ҳақида аллома ибн Ражаб (795/1393)ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқасига эргашганга раддия”номли асарида қуйидаги сўзларни келтирган: ”Кўп мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан биттаси қолганга ўхшайди.  Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини  атрофга кенг ёйилиб мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмо ибн Аффон розияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни битта мусҳафдан яъни, Усмон  мусҳафида  ёзилган хатидан  ўқийдиган бўлди.  Демак, кўплаб мазҳаблар орасида  фақат тўрттасининг  сақланиб қолгани асрлар  давомида инсонларни  турли зиддиятлар ва  ихтилофлардан   ҳимоя этишлар асос булган”. 

            Ўша китобда яна шундай дейилади:  “ Аллох таоло   шариатни сақлаш ва динни  муҳофаза қилиш учун  Ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст  имомларни чиқариб берди.  Уларнинг илму-маърифатда  бир мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ҳукмларини  ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар  бир овоздан эътироф  қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган  бўлди. Бу нарса мўъмин бандалар учун Аллох таолонинг лутфу-карами   ва марҳамати бўлди”. 

            Машхур аллома Абдулҳай Лакнавий  хазратлари ўзларининг  “Мажмуатул фатово”  китобларида   Шох Валиюллох  Дехлавийнинг  қуйидаги сўзларини келтирганлар; “Хиндистон  ва Мавороуннаҳр  юртларида   шофеийларни хам , ҳанбалийларни ҳам,    моликийларни ҳам мазҳаби   тарқалмаган,  бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган.  Шунинг учун ушбу диёрларда  яшовчи   кимсаларга   Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади.  Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада  яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”. 

            Юқоридаги маълумотлардан  хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг  юртимиз  Ўзбекистонда   фақатгина Имоми Аъзам  Абу Ҳанифа раҳматуллохи  алайҳининг мазҳабига амал қилиш  лозим экани маълум бўлмоқда.  Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки,  бир неча асрлардан  бери ота-боболаримиз  мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар. 

Шуни айтишимиз лозимки,  дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан  ҳанафий мазҳабига  амал  қиладилар. Жумладан,  бутун дунё  мусулмонларнинг 92,5 фоизини суннийлар  ташкил этиб, улар мазҳаблар бўйича  қуйидаги   нисбатда бўлинадилар: ҳанафийлар 47 фоизни, шофеийлар 21 фоизни, моликийлар 17 фоизни,   ҳанбалийлар  7,2 фоизни ташкил қилади. Бундан маълум бўладики , хозирги кунда дунё мусулмонларининг   деярли ярми айнан  ҳанафий мазҳабига амал қилиб,  ўз ибодатларини  шу мазҳабга мувофиқ  адо этиб келмоқдалар.  Ҳанафий мазҳаби асосан Марказий Осиё, Покистон, Эрон, Туркия , Авғонистон, Бангладеш,   Ҳиндистон, Россия мусулмонлари   ўртасида, Араб мамлакатларидан Ироқ, Миср, Сурия, Ливия, Яман каби юртларда кенг тарқалган.

Маълумки, аҳли сунна вал жамоадаги  тўрт мазҳабнинг барчасини эътироф этамиз ва ҳурмат қиламиз. “Усулул фиқҳ” китобларида таъкидланганидек, уларнинг фақат биттасига тақлид қиламиз, яъни эргашамиз. Имоми Аъзам  раҳматуллоҳи  алайҳ хижрий 80-йилда таваллуд топганлар. Имоми Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ  хижрий 93 йилда таваллуд топганлар. Имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ  хижрий 150 йилда таваллуд топганлар. Имоми Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ   хижрий 164 йилда таваллуд топганлар.

 Демак энг аввал туғилган , саҳобалар асрида таваллуд топган   Имом – бизнинг имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдир.  У зот Расулуллох  саллоллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига замондош  бўлганлари маълум,  бошқа мазҳаббошилар эса саҳобаларнинг суҳбатларини  топмаганлар.  Шунинг учун улар Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига  устоз деб билганлар.   Мазҳаб бошлиқларидан бири  Имоми Шофеий  Имоми Аъзамни шундай эътироф қиладилар: “Одамлар ҳаммалари ва барча уламолар  Қуръон ва ҳадисни англашда, масъала илмида   гўё  Имоми Аъзам Абу Ҳанифа  қарамоғидаги оила аъзоларидир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан рақобат қилиш даражасига чиққан инсон йўқ”.

Имоми Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ   эса,  Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни улуғлаб, шундай тавсиф  этганлар: “Мен ҳадис илмини билишда, жаноби Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини  етказишда ва   энг саҳиҳ ҳадисларни англаб етишда Имоми Аъзамга ўҳшаган бошқа инсонни  учратмадим”.  Бу зот доимо Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни  ўзларига устоз деб билганлар. 

 

Ҳанафий мазхабининг тарқалиш географияси.

  Ҳанафий мазхаби II хижрий асрдан ер юзининг турли мамлакатларига тарқалиб, дастлаб Аббосийлар давлати, ундан кейин бошқа ўлкалар томонидан қабул қилинди.  Хусусан Ироқ, Эрон, Мовароуннаҳр, Хуросон ва Туркия   ҳудудларида турли даврларда ҳукм юритган Аббосийлар, Сомонийлар,  Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжўқийлар, Хоразмшоҳлар, Мисрда Айюбийлар, Мамлуклар,   Мовароуннаҳрда Темурийлар, Бобурийлар, Шайбонийлар давлатлари ва  Усмонийлар империяси томонидан расмий мазҳаб сифатида қабул қилиниб, барча худудларда  дин ишлари ушбу мазҳаб асосида олиб борилди. 

              Ҳанафийлик – мазҳабининг мўътадиллиги ва  ўзига хос хусусиятлари.

        Мазкур мазҳаб ўзининг  мўътадиллиги ,  ислом динининг  асл мазмун-моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларнинг  осон ҳал қилинишида, баъзида юзага келадиган ҳар хил зиддиятларнинг  бартараф этилишида муҳим  асос бўлиб келмоқда. 

  Абу Ҳанифа (р. а) нинг ва умуман ҳанафий мужтаҳидларининг  ижтиҳоддаги ўзига хослиги шундаки, бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, улар қиёс ва истеҳсонни кўп қўллайдилар.  Хусусан”истеҳсон” тушунчаси остида урфга ҳам алоҳида эътибор қаратадилар. Бу эса ҳаёт тарзида  миллий урф-одатлар асосий ўрин эгаллайдиган  халқларнинг  бир қатор муаммоларини  ҳал этишда муҳим  ҳисобланади. 

             Имоми Аъзам ибодатга доир кўплаб масалаларда динимизнинг руҳига монанд  енгиллик  йўлини тутган.  Қуйида шуларга айрим мисоллар келтириб ўтамиз:

Ҳанафий мазҳабида таҳорат қилишда ният фарз қилинмайди. Агар ният фарз дейилганда, ният қилиш эсидан чиқиб қолган кишининг таҳорати дуруст бўлмас эди;

             Ҳанафий мазҳабида имомга иқтидо қилган кишининг  қироат қилиши фарз эмас, балки имом қироат қилса  иқтидо қилувчилар ҳам  қироат қилган   ҳисобланади. Агар иқтидо қилувчиларга ҳам қироат қилиш фарз дейилганда,  одамлар бир-бирларига, жумладан имомга халақит бериб, намозида чалғиб кетган бўлар эди;

             Ҳанафий мазҳабида руку, рукудан қайтганда ва  сажда холатларида бир нафас тин олиб туриш фарз эмас,  балки вожибдир. Агар фарз дейилганда,   намозда шошилиб,  тин олмаган кишининг ўқиган намози дуруст бўлмас эди. 

Ҳанафий мазҳабида  закотни  Қуръонда баён қилинган саккизта  ўринларнинг   хаммасига бўлиб бериш фарз эмас. Агар саккизтасининг ҳаммасига  закотни бўлиб  бериш фарз бўлганда, закот  берувчиларга машаққат бўлар эди;

  Ҳанафий мазҳабида Рамазон  рўзасининг   ниятини қуёш  заволга келгунига қадар қилиб олса дуруст. Агар тонгача ният қилиш  фарз бўлганида эди, саҳарликка ухлаб қолган кишининг  рўзаси дуруст бўлмас эди; 

Ҳанафий мазҳабида кўзи ожиз кишига  жума намози ва ҳаж ибодати  фарз эмас. Агарфарздейилгандауларгамашаққаттуғдирилганбўларэди;

 Ҳанафий мазҳабида  бир кеча-кундуздан кўп вақт беҳуш  ётган одамнинг  қолдирган намозлари соқит бўлади.   Агар соқит бўлмасдан қазо қилиш фарз дейилганда, бир неча кун беҳуш ётган беморга   машаққат бўлар эди;

 Ҳанафий мазҳабида аёлларнинг  гувохлиги ҳам инобатга олинади.  Масалан, бир эркак ва икки аёлнинг гувоҳлигида никоҳ ақди тузилса бўлади;

  Ҳанафий мазҳабида бирор жиҳозни ясашда  буюртма бериш учун аввалдан  ҳақ тўлаш жоиз бўлади.  Агар жоиз бўлмаганда  кўплаб ҳунарманд  ва буюртмачиларга машаққат бўлар эди;

        Ҳанафий мазҳабида  икки аёлнинг ўртасидан ўтса  таҳорат бузилмайди. Бу эса ҳаж ва умра зиёрати каби бугунгидек одам гавжум   бўладиган ўринларда  зиёратчиларга енгиллик  туғдиради.  Мана шунга ўхшаш кўпгина масъалаларда енгилликлар бор.

     Демак,  мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун  юртимиз мусулмонлари ўз ота-боболари танлаган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига  ихлос ила эргашишлари ўта мухим ва жуда зарурдир.

 


Қарши шахар бош имом хатиби :     

 

Ахмаджон   Бойқобилов