1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РЎЗАГА ОИД НОЗИК САВОЛ ВА ЖАВОБЛАР (5-ҚИСМ)

11-05-2020, 15:49 1 838 Ўқиш режими + -


РЎЗАГА ОИД НОЗИК САВОЛ ВА ЖАВОБЛАР

(5-ҚИСМ)


 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

САВОЛ: Ғайри динларга фидя берса бўладими?

ЖАВОБ: Вожиб бўлган закотлар, садақотлар, каффоротларни бериш жоиз эмас. Нафл садақаларни берса жоиз.

 

САВОЛ: Ғарғара қилиш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ: Ғарғара қилиш макруҳ саналади. Ичкарига сув кетиб қолса рўза очилади.

 

САВОЛ: Ёш болани эркалаб ўпиш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ: Йўқ. Ўпиб эркалаш билан рўза очилмайди.

 

Ўпишда ҳеч қандай зарар йўқдир. (Фатавои Ҳиндия)

 

САВОЛ: Жароҳатларга дори қўйиш билан рўза очиладими?

ЖАВОБ: Икки турдаги жароҳатга дори қўйиш билан рўза очилишига фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.

Бошдаги миягача етиб борадиган, чуқур жароҳат;

Ошқозонга етиб борадиган жароҳат;

Гўёки бу икки жароҳат мия билан ошқозонга бевосита нарса етиб боришига олиб борувчи жароҳатдир.

Ошқозон ва мияга етиб борган чуқур жароҳатга даво қўйса у жойларга етиб борса Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ наздида рўза очилади. Ҳидоя

Булардан бошқа жароҳатлар қандай ҳолатда бўлмасин рўзани очмайди. Чунки бу жароҳатларга қўйилган дорилар ошқозон ва мияга тўғридан-тўғри етиб бормайди.

Агар болдир ичига даво етса ёки пичоқ ё шу каби нарсани санчиб олса, илигигача етиб борса, шак-шубҳасиз рўза очилмайди. Чунки у ичкари аъзо ҳисобланмайди. Шарҳи Муҳаззаб.

 

САВОЛ: Жунуб ҳолатда уйғонган киши саҳарлик вақти тугай деб қолган бўлса биринчи саҳарлик қиладими ёки ғусл қиладими?

ЖАВОБ: Саҳарлик вақти оз қолган бўлса оғиз-бурунни яхшилаб чайиб сўнг саҳарлик қилади. Субҳи содиқ кирганидан кейин ғусл қилаверади. Жунуб ҳолатда рўзани бошлаш рўзадорликка путур етказмайди.

 

САВОЛ: Зиммага вожиб бўлиш шарти билан адо қилиш учун вожиб бўлган шартларни ўртасида нима фарқ бор?

 

ЖАВОБ: кимда зиммага вожиб бўлиш шартларидан бирортаси топилмаса, унга ўша вақтда рўза тутиш ҳам, кейинчалик қазоси ҳам вожиб бўлмайди. Мисол учун балоғатга етмаганга ўша вақтда рўза тутиши ҳам балоғатга етгач эса қазосини тутиб бериш ҳам вожиб бўлмайди. Жинни инсонни мажнун ҳолатида рўза тутиши ҳам соғайгач эса мажнунлик ҳолатидаги рўзаларни қазосини тутиб бериши ҳам вожиб бўлмайди.

Кимдаки зиммага вожиб шартлар топилиб, адо қилиш учун вожиб бўлган шартлардан бирортаси топилмаса, ўша вақтда рўза тутиш вожиб бўлмасада, кейинчалик қазони тутиб бериш вожиб бўлади. Мисол: мусулмон, оқил, балоғатга етган беморга зиммасига рўза тутиш вожиб, лекин беморлик кунларида рўзани адо қилиш вожиб эмас. Соғайгач қазоси вожиб бўлади.

Умдатул-Фиқҳ

 

САВОЛ: Истима кириб укол қабул қилиш натижасида рўза очиладими?

ЖАВОБ:Таблетка қабул қилиш билан рўза очилади. Ёнбошга ёки мушакка укол қилиш билан эса очилмайди.

Рўзани очувчи нарса одатий йўллардан кирувчи нарсалардир (одатий йўллар: оғиз, бурун, қулоқ, олд-орқа жинсий аъзолар. Бундан бошқа жойдан кирган нарсалар рўзани очмайди). Далил: “Бир киши сувда ғусл қилса ва сув билан ичи салқинласа, рўзаси очилмайди”.  Роддул Муҳтор.

 

САВОЛ: Ифторликнинг суннат бўлган дуолари қайси?

ЖАВОБ:

Ибн Аббос розиаллоҳу анҳудандан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик қилиш вақтида “Аллоҳумма лака сумна ва ала ризқика афторна фатақоббал минна. Иннака антас Самийъул-ъАлийм” (Аллоҳим, Сен учун рўза тутдик, берган ризқингдан ифторлик қилдик, бизлардан қабул айла. Албатта, Сен Эшитгувчи ва Билгувчи Зотсан), дердилар”. Сунани Дориқутний.

Ибн Умар розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторлик вақтида “Заҳабаз зомау вабталлатил урууқу ва сабатал ажру инша Аллоҳ” (Чанқоқ кетди, томирлар намланди, инша Аллоҳ савоб ҳосил бўлди), дер эдилар. Сунанул Кубро Байҳақий

 

САВОЛ: Нималар билан ифторлик қилиш суннат?

ЖАВОБ: Пишган хурмо, хурмонинг қоқиси, улар бўлмаса бирор ширинлик, у ҳам бўлмаса оддий сув билан ифторлик қилиш суннат ҳисобланади. Хурмо бўлатуриб бошқа нарсалар билан оғиз очишлик суннатга хилофдир. Ширинлик билан сув турганда ширинлик сувга муқаддам қилинади. Умдатул Фиқҳ.

 Салмон бин Омир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирортангиз оғиз очса, хурмо билан очсин. Агар топа олмаса, сув билан чунки у покловчидир”, дедилар. Табароний ривояти.

 

САВОЛ: Касал ва мусофир Рамазон ойида рўза тутолмасада ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши керакми?

 

ЖАВОБ: Рамазон кунларида бемор бўлган ва сафарга чиққан кишилар рўзадорга ўхшаб ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туришлари лозим бўлмайди. Лекин таомланмоқчи бўлсалар ошкора эмас, балки одамлардан алоҳида, ҳолироқ жойда таомланишлари мумкин бўлади.

Бемор ва мусофирга еб-ичишдан тийилмоқлари вожиб эмас. Лекин (таомланмоқчи бўлсалар) ошкора эмас, балки одамлардан яшириниб таомланишлари керак бўлади. Мароқил Фалоҳ.

 САВОЛ: Касаллиги қайталаниб қолиш хавфи бўлса рўза тутмаса бўладими?

ЖАВОБ: Мусулмон, моҳир табиб маслаҳат берса рўзасини кечиктириб, қазосини тутишлиги лозим бўлади.

 Агар касали зиёда бўлиши ё чўзилиб кетиши хавфи бўлса, бизнинг наздимизда ҳам шунингдекдир (яъни рўзани очса бўлади). Шунда, зиммасига қазо вожиб бўлади. Фатавои Ҳиндия.

 

САВОЛ: Каффорот вожиб бўлишини билмасдан Рамазоннинг рўзасини қасддан бузиб қўйган кишига ҳам каффорот лозим бўладими?

ЖАВОБ: Рамазон рўзасини қасддан бузганга каффорот лозим бўлади. Масалани билмаслиги узр саналмайди. Шунинг учун кетма-кет икки ой рўза тутади. Агар унга қодир бўлмаса, олтмишта мискинни икки маҳал овқатини беради.

 Ким икки йўлнинг бирига қасддан яқинлик қилса, озуқа ёки даво бўладиган нарсани еб-ичиб қўйса унинг зиммасига қазо ва каффорот лозим бўлади. Унда  аввало бир қул озод қилади. Тополмаса икки ой кетма-кет рўза тутиб беради. Унга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйдиради. Жавҳаротун-Наййироҳ, Роддул Муҳтор.

 

САВОЛ: Зиммасига каффорот лозим бўлган киши икки ой кетма-кет рўза тутмай, олтмишта мискинни таомлантирса ҳам бўлаверадими?

ЖАВОБ: рўза тутишга қодир бўла туриб таомлантириш билан каффорот адо бўлмайди.

 Каффоротни адо қилишда аввало, бир қул озод қилиш даркор. Уни топа олмаса, икки ой кетма-кет рўза тутиши лозим. Бунга қодир бўлмаса олтмишта мискинни таомлантиши керак.  Роддул Муҳтор.

 САВОЛ: Каффорот рўзасини тутаётган аёл ҳайз кўриб қолса нима қилади?

ЖАВОБ:  Қасддан рўзасини очиб қўйгани боис икки ой каффоротини тутаётган аёл орада ҳайз кўриб қолса, каффоротни қайтадан бошлаши шарт эмас. Узрлари кетгач давом эттириб кетаверадилар.

Каффорот рўзасини тутаётган киши ё аёл қайсидир узр туфайли икки ой ичида бирор кун рўзасини очиб  юборса қайтадан бошлайди. Ҳайз кўриш бундан мустаснодир. Нифос эса мустасно эмас.  Роддул муҳтор.

 

САВОЛ: Рамазоннинг қазоси ва каффоротини тутаётган киши субҳи содиққача ният қилолмай қолса нима қилади?

ЖАВОБ: Рамазоннинг қазоси ва каффоротини тутаётган киши субҳи содиқ кирмасидан аввал рўза тутишликни ният қилишлари шарт. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса нияти эътиборли бўлмайди. Шунинг учун саҳарликка туролмай қолишидан қўрққан киши қуёш ботганидан кейин эртанги куннинг қазо ва каффоротини тутишни ният қилдим, деса кифоя қилади.  

 

Агар эртага рўза тутаман Инша Аллоҳ, деса нияти дуруст бўлади. Бу гап саҳиҳ қавлдир. Зоҳирийяда ҳам шундай келтирилган.

 Фатавои Ҳиндия.

Манба: fiqh.uz