Рамазон мўмин учун тарбиядир.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таоло бандаларига қайси нарсани фарз қилган бўлса, шубҳасиз у нарсада инсон учун дунё ва охиратда фойдалар ётади. Айниқса, Рамазон ва унда тутиладиган рўзанинг жисмоний фойдалари ҳақида кўплаб маълумотлар бериб борилди. Қуйида сизларга унинг руҳий тарбиявий жиҳатдан фойдалари ҳақида маълумотлар бермоқчимиз:
1. Рўзадаор мўмин киши Аллоҳнинг амрига бўйсўниши ва Унинг қайтариқларидан қайтиши натижасида Аллоҳдан ҳақиқий қўрқишни ва Унинг розилигига етиш ҳақиқатини юзага чиқаради.
2. Аллоҳ таоло рўза тутишни йил ўн икки ой эмас, балки фақат Рамазон ойида фарз қилганлиги, 24 соат давомида эмас, балки, кундуз кунлари фарз қилганлиги, билмай еб ёки ичиб қўйса рўза бузилмаслигини жорий қилиши - бу каби имтиёзларни рўзадор мўмин Аллоҳнинг раҳмати эканлигини англайди.
3. Рўзадор мўмин очлик ва чанқоқликка сабр қилиш юкини ўзига кўтариши, Аллоҳнинг амрларига бўйсўниши ва қайтариқларидан қайтиши мобайнида рўза мусулмонни тарбиялаб уни имтихон қилади.
4. Рўзадор мўминнинг руҳида Аллоҳга бўлган муҳаббати кучайиб боради. Чунки, у Аллоҳнинг Рамазонда унга тайёрлаб қўйган ажру-савобларни, мағфират ва ҳадяларини манбалардан кўраётган бўлади.
5. Рўзадор мўмин садақалар чиқариши, эҳтиёжманд кишиларнинг хожатларини раво қилиши, фарз ва нафл намозларни,Қуръон тиловат ва шунга ўхшаш бошқа ибодатларни адо этиши мобайнида рўза мўминнинг нафсини саховатли қилиб тарбиялайди.
6. Рўзадор мўмин бу ойда ҳар куни рўзани холис Аллоҳ учун тутишга ният қилиб, унга риоя қилиши натижасида бошқа вақтларда ҳам ҳар қандай солиҳ амалларни холис Аллоҳ учун қилишга одатланиб қолади.
7. Рамазонда мўмин киши кўпроқ Қуръон тиловат қилаётгани, тафсирлардан унинг маъноларини кўриб фикрлаётгани, ундаги қиссалар билан яшаётгани натижасида банда билан Қуръон ўртасидаги алоқа зиёдалашиб бораверади.
8. Таровеҳ намози рўзадор мўминга Қуръон тиловати ва дуоларнинг мустажаб бўлиши каби кўпдан кўп ибодатларнинг ажрини олишига сабаб бўлади. Таровеҳ намози банда учун қиёмат кунида нур бўлади.
9. Рўзадорлар бир вақтда рўза тутаётганлари, бир вақтда рўзаларини очаётганлари натижасида Рамазон рўзаси Ислом умматини бир тан бир жон қилиб қўяди.
10. Рамазон рўзасида вақтга риоя қилиш муҳим амал эканлиги боис мўмин киши бошқа диний ва дунёвий амалларда ҳам вақтга қатъий риоя қилишга одатланади.
11. Рамазонда мўмин киши рўзаси нуқсонга учрамаслиги учун ёмон хулқлардан ўзини тийиши ва гўзал хулқларни ўзида касб этиши натижасида бошқа вақтларда ҳам бу гўзал хислатларни ўзида маълум даражада сақлаб қолишига муяссар бўлади.
12. Рамазон рўзаси бой мўмин кишини фақир ва муҳтожларнинг ҳолатини ўз терисида хис қилишига ёрдам беради. Ўзгаларга эҳсон ва кўмак бериш нималигини ўргатади.
13. Рамазон рўзаси сабабидан мўмин кишида Аллоҳга бўлган яхши гумон пайдо бўлади.
14. Рамазонда мўмин киши кўп дуо қилишга одатланади. Чунки, Аллоҳ таоло рўзадорнинг дуосини рад қилмайди.
15. Аллоҳ таоло рўзадор мўминларнинг гуноҳларини мағфират қилади ва жаннати наъийм ва райёнлардан абадий жой ато қилади.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазони шарифнинг тарбиясига мустаҳиқ бўлишимизга насиб этсин!
МУАЛЛИФ: NASAFZIYO.UZ жамоаси