МУҚАДДАС ОИЛА
(9-ҚИСМ)
ОДОБ – БОЛАНИНГ КЎРКИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Болалик чоғимизда катталар сўзлаб берган эртакларнинг қаҳрамонлари дев, ялмоғиз ёки алвасти каби қўрқинчли махлуқлар олдига кирганда салом беришар, бунга ўша махлуқлар: «Агар саломинг бўлмаганида, икки ямлаб, бир ютар эдим», деб жавоб қайтаришарди. Ўша эртакларда бир жойга албатта салом билан кириш зарурлигига нега бунчалик урғу берилганининг сабабларини улғайгачгина тушундик. Шунинг учун бола эсини таниши билан учраган таниш-нотанишга салом беришини талаб қилинг. Чунки саломлашиш инсонлар одобининг боши, танишув муқаддимаси, мусулмон киши ахлоқининг асосий шартларидан биридир. Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатсин. Чунки салом бериш Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) суннатларидандир, унга алик олиш эса вожибдир. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Доно халқимиз бежиз: «Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом», демаган. Чунки бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифингиз ҳузурига «Ассалому алайкум» (Сизга тинчликомонлик бўлсин) деб кирсангиз, унинг жаҳли тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасидан ҳам юксак. Ота-боболаримиз азалдан ўғил-қизларнинг чиройли хулқли, одобли бўлишига катта аҳамият беришган. Чунки Ислом дини ахлоқни имон қаторида қўяди. Ҳамма замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олижаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айниқса, Шарқ олами бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлган. Олий хулқ соҳиби бўлмиш Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) эргашган инсонлар Яратганнинг ҳукмларига бўйсуниб, хулқларини тузатишган, яхши фазилатлар соҳиби бўлишган. Оилада, яқинлар даврасида, одамлар билан муносабатларда комил одобларини намойиш қилишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) умматни ҳусни хулқ, одобли бўлишга тинмай чақирганлар. Бу мавзуда жуда кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган: «Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин! Кичикни ҳурмат қилмаган, кексанинг қадрига етмаган биздан эмас». «Одамларга таом беринглар ва ширинсўз бўлинглар». «Яхшиликни чеҳралари очиқ, хушрўй одамлардан кутинглар». «Дин чиройли хулқ ва ғазаб қилмасликдир». «Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқ-атвори яхши бўлгани ва хотинларига яхши муомала қилганидир». «Дўст-биродарларига қовоғини солиб қарайдиган кишиларни Аллоҳ ёқтирмайди, У ҳар ишда мулойимликни яхши кўради». «Яхши инсонлар гўзал хулқлари билан кечаси ибодат қилганлар ва кундузи рўзадор бўлганлар даражасига эришишади». «Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига севимли бўлган икки хислат бор: булар мулойимлик ва вазминликдир». «Одамлар билан хуш муомалада бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб, беҳаё сўзламанглар». «Ўзини камтарин олиб юрувчи, ҳалол касб қилувчи, қалби пок, кўриниши ёқимли, одамларга зарар етказмайдиган, хайр-эҳсон қиладиган, беҳуда гапдан ўзини тиядиганлар инсонларнинг энг яхшиларидир».
Ҳар бир ота-она ана шу кўрсатмаларга биноан боласини чиройли хулқ эгаси қилиб тарбияласин, унга одоб ўргатсин. Чунки яхши хулқ инсонларни бир-бирига улфат қилади, ёмон хулқ уларни ажратиб ташлайди. Яхши хулқ муҳаббатни, ҳамкорлик ва муросани тақозо этса, ёмон хулқ нафрат, ҳасад ва келишмовчиликларга сабаб бўлади. Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: «Ёмон хулқнинг мисоли худди синган сопол идишга ўхшайди, уни ямаб ҳам, лойга қайтариб ҳам бўлмайди». Фузайл ибн Иёз эса: «Чиройли хулқли фожир (ярамас) кимсанинг менга ҳамсуҳбат бўлиши ёмон хулқли обид (ибодатли) киши суҳбатидан яхшироқдир», деган. Умар ибн Хаттоб: «Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар», деб айтганлар. Али ибн Абу Толиб: «Ҳусни хулқ уч хислатда бўлади: ҳаромлардан сақланишда, ҳалолни исташда ва оилани фаровон қилиб қўйишда», деганлар. Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: «Ҳусни хулқ очиқ юзли бўлиш, молни сарфлаш ва азият беришдан ўзини тийишдир». Саҳл Тустарий айтадики: «Ҳусни хулқнинг энг ози азиятларни кўтариш, товон (пули)ни тарк этиш, золимга ҳам раҳм қилиш ва унга истиғфор айтишдир».
Ёшлар тарбияси ҳақида сўз борар экан, уларга тегишли умумий одоб-ахлоқлар ҳақида Имом Ғаззолий айтган сўзларни нақл этишни лозим топдик: «Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари керак («Иҳё...» китоби, 3-жуз, 70-бет). Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзади: «Гўзал феъл-атвор, яхши хулқ нишонаси ўнтадир: яхшилик қилиш, инсофли бўлиш, бошқа одамдан айб қидирмаслик, ножўя ҳаракат қилаётганни тўғри йўлга бошлаш, айбига иқрор бўлганнинг узрини қабул қилиш, ўзгалар машаққатини зиммага олиш, фақат ўз манфаатини кўзламаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш, муҳтожлар ҳожатини чиқариш, мулойим ва тавозели бўлиш». Подшоҳ Анушервон доно вазири Бузургмеҳрдан: «Мулойим кишининг белгилари қайсилар?» деб сўраганида, вазири: «Мулойим кишида учта нишона бўлади: биринчиси – юзсиз, бадфеъл кишилар қўпол сўзласа ҳам, у яхшилик қилаверади; иккинчиси – қаҳр-ғазаби алангаланганида ҳам, тишини тишига босади; учинчиси – бир кишидан зиён етса-ю, жазо беришга қодир бўлса ҳам, аччиғини ютади», деб жавоб қилди. Луқмони ҳакимдан: «Сен ўзинг кўрган иллатлар ва айблардан қай бирига даво топа олмадинг?» деб сўрашибди. У: «Мен барча иллатларга ҳикмат юзасидан даво топдим, аммо даволай олмаганим бадфеъллик бўлди», дея жавоб қайтарган экан. Суқрот ҳакимнинг бундай сўзлари бор: «Ҳалол меҳнат, муҳтожларга ёрдам, ғазаб вақтида ёмон сўзлардан тилни ва бировга озор беришдан қўлни тийиш, камчиликни битириб ҳамда ёмон хулқ-атворни тузатиб, гўзал ахлоқ соҳиби бўлиш энг яхши фазилатлардир». «Тўғри йўлдан оғишмаслик, инсофли-адолатли бўлиш, нафс орзусига қарши бориш, олим-фозиллар билан суҳбат қуриш, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқат қилиш, самимий дўстлар маслаҳати билан иш тутиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш эзгуликнинг маъданидир», деган улуғ ҳакимимиз Абу Али ибн Сино. Юсуф ибн Асботнинг айтишича, «Ҳусни хулқнинг аломати ўн хислатдадир: ўзгалар билан ихтилофга бормаслик, чиройли инсоф, бировларнинг тойилиб кетишини истамаслик, бошқаларнинг билинган камчилигини яхшиликка йўйиш, узр сўрай олиш, азиятларга чидаш, нафсини тергов қилиб туриш, ўзганинг эмас, ўз айбини билиш, каттаю кичикка бирдай очиқ юзли бўлиш, ўзидан юқори ёки паст кишига ҳам мулойим сўзлаш».
Ҳикоя қилишларича, Ардашер Бобак юртини адолат зийнати билан безаган эди. Бир куни у ўғлининг ғоятда қимматбаҳо кийимлар кийиб олганини кўрди. Уни олдига чақириб: «Ўғлим, киши шундай либос кийсинки, бундай либос ҳеч бир хазинада бўлмасин», деди. Ўғли ундан: «Эй ота, у қандай либос, нимадан тикилади?» деб сўради. Отаси унга: «У шундай либоски, матоси яхши хулқ ва яхши ишдир, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади», деб жавоб берди. Фарзандининг чиройли одобидан умид қилган ота-она уни мунтазам равишда ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг қуйидаги қирралари билан таништириб борсинлар: Фарзандингиз одамлар билан муомалада ширинсўз, мулойим, босиқ, ҳалим ва камтар бўлишга ҳаракат қилишига эътибор қаратинг. Болангизни кичикларни иззатикром, катталарни ҳурмат-эҳтиром қилишга ўргатинг. У одамлар билан яхши муносабат ўрнатсин, қўпол ва беҳаёларча сўзлаб, дилларни оғритмасин. Чунки инсонларнинг энг яхшиси муросага осон келадиган, қалби пок, ортиқча гап-сўзлардан ўзини тиядиган кишилардир. Одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир. Шунинг учун фарзандингизга болаликдан ана шу хислатларни сингдириш пайида бўлинг. Фарзандингизга ўзгалар билан муомала чоғида бошқаларни ғийбат қилиш, ҳасадгўйлик, суҳбатдошини камситиб, камчилигини юзига солиш, ўзгаларни менсимайпаст назар билан қараш, обрўйи, бойлиги ёки мансабига қараб муомала қилиш ҳам одобсизлик эканини яхшилаб тушунтиринг. Шунингдек, ёши улуғ кишилар, устозлар, илм аҳллари билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, амрларини сўзсиз бажариш, хизматларига шай туриш ҳам ёшларга ярашиқли одобдандир. Шу боис уларни болаликданоқ ана шу одобларга ўргатиб боринг.
ПОКЛИК ИМОНДАНДИР
Ислом дини поклик, тозалик динидир, поклик имондандир, деб таълим беради. Шунинг учун фарзандларимизни болаликдан покликка, озодаликка ўргатишимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло пок бандаларини яхши кўришини бир неча ўринларда зикр қилиб ўтган. Жумладан “Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар...” (Тавба, 108). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: «Пок бўлинглар, зеро, Ислом покликдир» (Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса «Поклик кишини имонга чақиради. Имон эса, ўз эгаси билан жаннатда биргадир», дейилган (Табароний ривояти).
Имом Ғаззолий (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар: «Киши зоҳирий нопокликлардан сақланиш билан бирга, ботинини ҳам пок тутиши лозим. Чунки ботиний иллатлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига олиб боради. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби касалликлар билан иллатланган қалбда фаришталар қандай қўним топсинлар!» Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади: ¨ § ¦ «Либосларингизни покланг» (Муддассир, 4). Болаларимизга кичиклигиданоқ кийимларини пок, тоза тутишни ўргатайлик. Чунки либос инсон зийнати ҳисобланади. Боланинг маънавий олами пок бўлиши унинг ташқи оламининг поклашига бевосита боғлиқдир. Демак, ота-она унинг халқумидан ўтаётган ҳар бир нарсага жиддий аҳамият бериши лозим. Болаларимизнинг соғлом ва баркамол вояга етишлари ҳам кўп жиҳатдан уларнинг ҳамиша тоза, пок юришларига, бу борадаги исломий талабларни яхши билиб олишларига асосланади. Одобимизда инсонларнинг ҳамма соҳада тоза, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Сабаби, покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, поклик яхши инсонликнинг кўзгусидир. Агар инсон кир-чиркинликлардан тозаланиб юрса, бу борадаги одобларимизга риоя қилса, гўзаллик ва саломатликнинг энг олий даражасига эришади. Кир-чир, исқирт ҳолда юрувчи, тозаликка эътибор бермайдиган боладан ҳамма ўзини олиб қочиши турган гап. Шу боис фарзандларимизни тоза, пок юришга, эрталаб уйқудан турганда ва ётаётганда юз-қўлларини ювишга, таҳорат ва ғусл олишга, бадани ва тана аъзоларини ҳамиша пок, кийимларини, ўрин-жойларини тоза тутишга гўдакликданоқ одатлантириб бориш зарур. Шарқона одоб талабларига кўра, комил инсонлар ҳаётда ҳамиша ювинган (таҳорат олган), тоза кийимлар кийган ҳолда, тирноқ, соч-мўйлабларини ўстириб юбормай, уятли жойларини яшириб юришлари лозим. Ҳар куни камида икки марта – эрталаб ва кечқурун тишларни мисвок (махсус тозалаш воситаси) ёки тиш чўткаси ёрдамида тозалаш ҳам одобнинг асосий шартларидандир. Болаларнинг ҳар ҳафтада камида бир марта, асосан жума кунлари, байрамларда, ўсмирлик пайтида уйқусида булғаниб қолганида баданларининг ҳамма ерига сув етказиб чўмилишлари (ғусл қилишлари) талаб этилади. Амалий ва тиббий тажрибалардан маълум бўлишича, бундай ювиниш одамни турли ифлосликлардан тозалабгина қолмай, куч-қувватни тиклаш ва тетиклаштиришга ҳам хизмат қилади. Болаларимизга ҳожатхонага кириб-чиқиш тартиб-қоидаларини ҳам ўргатиб қўяйлик. У жойга кираётганда шайтон ёмонликларидан паноҳ тиланади, қиблага қараб ёки орқа ўгириб ўтирилмайди, бошяланг, ялангоёқ кирилмайди, у ерда гапириш, бирор нарса ўқиш мақбул эмас. Сув ва сув ёқасига, ернинг ёриқ жойларига, жониворлар уясига, дарахт остига, ахлатхона ёки қабристонларга ҳожат ушатилмайди. Ҳожат ушатиб бўлингач, кесак ёки махсус чиқарилган қоғоз билан тозаланиш, иложи борича, чап қўл ёрдамида сув билан ювиб ташлаш лозим. Айниқса, сийдик қолдиқларининг кийим ёки баданга тегишидан эҳтиёт бўлиш керак. Турли битикли қоғозларни, яроқли мато, тоза пахта, тезак, суяк кабиларни тозаланиш мақсадида ишлатиб бўлмайди. Фарзандимиз балоғатга ета борар экан, унинг мўйлов ва соқоллари ўса бошлайди. Мўйлабнинг лаб четида ўсиб кетиши ғайридинлар одати бўлгани учун уни узайтириб юбормай, қисқартириб туришни тайинланг. Киндикости туклари деганда жинсий аъзо ва орқа йўл атрофидаги туклар назарда тутилади ва улар кетказиб (қириб ёки юлиб) тозаланади. Қўлтиқ ости тукларини ҳам ўсиши билан юлиб, бунга чидамаганлар эса қириб тозалашади. Тирноқни ўстириб юриш одобимизга хилоф бўлгани учун, уни ўсган заҳоти олиб турган маъқул. Тирноқларини ўстириб, унга ҳар хил бўёқ ва ишлов бериш айрим қизлар ўйлаганидай, мутлақо зийнат саналмайди. Фарзандингизнинг қулоқ бурмалари, бурун катаклари, киндик чуқурлари, кўз қовоқлари каби одатда баданнинг кир тўпланадиган барча бўғинларини ҳамиша тозалаб туришига эътибор қаратинг. Поклик ва ёқимли ҳидни йўқотмаслик учун ана шу жойларни мунтазам ювиб туриш лозим. Одобимизда оғиз ва тишларни тозалашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирги замонавий тиш тозалаш чўткалари 1806 йилдан бошлаб урфга кирган бўлса, аждодларимиз минг йиллардан буён арок деган дарахтнинг шохларидан махсус ясалган восита (мисвок) ёрдамида оғиз-тишларини тозалаб юришган. Мисвок оғиз-тишни тозалабгина қолмай, уни хушбўй қилади, кайфиятни яхшилайди, милк ва тиш касалликлари олдини олади, кўзни равшан қилади, овқат ҳазмини яхшилайди, турли микробларни ўлдиради. Фарзандингизга мисвок ёки тиш тозалаш чўткасидан фойдаланишни ўргатинг, эрталаб ва кечқурунлари бу ишини назорат қилиб боринг. Киши сочини парваришлаши, ўз вақтида ювиб-тозалаши, тараб-ўриши лозим. Болаларингизга тозалик ва поклликка доир ушбу қоидаларни сингдирсангиз, фойдадан холи бўлмайди: уйқудан турган бола уч марта ювмагунича ҳеч нарсага қўлини урмасин. Ичимлик ичаётганида идиш ичига нафасни туширмаслик, синиқ, дарз кетган ёки лаби учган идишларда емаслик ва ичмаслик лозим, чунки бунда унинг ичига микроблар тушиши ва касаллик қўзғаши мумкин. Шунингдек, уй, ҳовли ва ишхоналарни ҳамда уларнинг атрофини тоза тутиш, ахлатларни кўчага, одамлар юрадиган жойларга ташламаслик, умуман, ахлатни тўпламаслик ҳам одобга киради. Уй ичини, идиш-товоқларни, жиҳозларни тоза сақлаш ҳақида фарзандларингизга тушунча беринг. Уст-бош, соч-соқолнинг, хусусан, кўйлаклар ёқасининг покиза бўлишига алоҳида эътибор бериш, одамлар орасида озода-тартибли юриш талаб этилади.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Шайх Усмонхон Алимов нинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан