РЎЗАГА ОИД НОЗИК САВОЛ ВА ЖАВОБЛАР
(6-қисм)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
САВОЛ: Рўзани каффороти қандай амалга оширилади?
ЖАВОБ:
1. Бир қул озод қилиш;
2. Қулга имконияти бўлмаса кетма-кет икки ой рўза тутиш (бир кун қазоси алоҳида);
3. Бунга ҳам имконияти бўлмаса, олтмиш кишини эрталаб ва кечқурун таомлантириш;
Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
“Ҳалок бўлдим, эй Аллоҳнинг Расули!” – деди.
“Сени нима ҳалок қилди?” – дедилар.
“Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим” – деди.
“Қул озод қилишга нарса топа оласанми?” – дедилар.
“Йўқ” – деди.
“Икки ой кетма-кет рўза тута олсанми?” – дедилар.
“Йўқ” – деди.
“Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?” – дедилар.
“Йўқ” – деди.
Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир занбил хурмо келтирилди. У зот (ҳалиги одамга):
“Мана буни садақа қилиб юбор” – дедилар.
“Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасамки, у (Мадийна)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ аҳли байт йўқ” – деди.
Бас Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра:
“Бор! Уни аҳлинга таом қилиб бер” – дедилар. Муслим ривояти
САВОЛ: Қайси вақтда ният қилиш афзал?
ЖАВОБ: ният қилишнинг энг афзал вақти ифтор қилиш чоғида эртанги куннинг рўзасини ният қилишликдур. Инша Аллоҳ эртага рўза тутаман, дейишлик билан ҳам рўзаси рўза бўлаверади. Зеро рўзада бу калималар Аллоҳ таолодан тавфиқ, мадад умидини ифода қилади.
Гарчи талоқда “инша Аллоҳ” ни қўшиши билан талоқ воқеъ бўлмасада. Рамазон ойида рўза кунлари эканлигини билса-да, рўза тутишни ҳам тутмасликни ҳам ният қилмасдан тонг оттирса, рўзадор бўлиб қолмайди. Зеро рўза кунлари эканини билишнинг ўзи билан рўзадор бўлиб қолмайди.
Умдатул-Фиқҳ
Бир киши “Инша Аллоҳ эртага рўза тутаман”, деб ният қилса, нияти дуруст бўлади. Чунки ният тилнинг эмас қалбнинг ишидир. Бунда “истисно” қоидаси ишламайди.
САВОЛ: Жума намози ўқилмайдиган масжидда ҳам эътикоф ўтирса бўладими?
ЖАВОБ: Бўлади. Жума намозини ўқиш учун жума намози ўқиладиган масжидга бориши мумкин.
Эътикоф ўтирувчи жума намозини ўқиш учун бормоқчи бўлган масжидига қуёш тиккадан оққандан сўнг йўлга чиқадиган бўлса хутба ва жума намозига кеч қолмайдиган даражада яқин бўлса, қуёш тиккадан оққандан сўнг йўлга чиқади. Агар борадиган масжиди кеч қоларли масофада узоқ жойлашган бўлса, қуёшнинг тиккадан оғишини кутиб турмайди. Лекин йўлга иккинчи азондан олдин, тўрт ракъат суннатни ўқий оладиган миқдор вақтни тахминлаб туриб чиқиши керак. Масжидда фарздан кейин (фарздан кейинги суннатни тўрт ракъат, деганларнинг фикрига кўра) тўрт ёки (фарздан кейинги суннатни олти ракъат, деганларнинг фикрига кўра) олти ракъат намоз ўқиш миқдорича қолиши мумкин. “Кофий” да ҳам шундай келтирилган. (Фатавои Ҳиндия)
САВОЛ: Қасддан қусса рўза очиладими?
ЖАВОБ: Қасддан қусса ва оғиз тўлдирадиган миқдорда бўлса рўза очилади ва қазо вожиб бўлади. Ундан кам миқдорда бўлса рўза очилмайди.
Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Ким рўзадор бўла туриб қусса, унга қазо лозим бўлмайди. Агар қасддан қусса рўзасини қазосини тутсин”, дедилар.
Агар рўзадорлиги эсида бўлиб, қасддан, оғиз тўлалигича қусса рўза очилишига уламолар иттифоқ қилишган. Дуррул Мухтор.
Агар беихтиёр қусиб юборса оғиз тўла бўлса ҳам рўза очилмайди.
САВОЛ: Баъзилар қуёш ботди, деса, бошқалар ботмади, деса. Қуёш ботди, деган сўзни инобатга олиб рўзасини очиб юборган рўзадор қуёш ботмаганлигини билиб қолса каффорот лозим бўладими?
ЖАВОБ: Зиммасига қазо лозим бўлади, каффорот эмас.
Икки киши қуёш ботди, деб гувоҳлик берса, бошқа икки киши ботмади, деса сўнгра қуёш ботмагани маълум бўлса, иттифоқий равишда у рўзадорга қазо лозим бўлади, каффорот эмас. Фатавои Ҳиндия.
САВОЛ: Қўли билан шаҳватини қондирса рўза очиладими?
ЖАВОБ: Бу иш ҳар ҳолатда ҳам гуноҳ ҳисобланади. Қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди.
Қўли билан шаҳватини қондирса маънан яқинлик ҳолати топилиб суратан топилмагани учун рўза очилади ва қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Ихтиёр.
САВОЛ: Қулоқ ёки киндикка сув киргизилса рўза очиладими?
ЖАВОБ: Кинидикка сув киргизиш билан рўза очилмайди. Қулоққа ғусл чоғида сув кириб кетса очилмайди. Қасддан киргизилса ва мия тарафга етиб борса рўза очилиш ва очилмаслигида ихтилоф қилинган.
Хулоса шуки, қулоққа дори томизилса рўза очилишига, сув кирса очилмаслигига иттифоқ қилинди. Қулоқнинг ичига қасддан сув киргизилса очилиш-очилмаслигига ихтилоф қилинди. Ҳидоя соҳиблари очилмаслигини айтганлар.
Агар рўзадор қулоғига сув томизса рўзаси очилмайди. Ҳидояда шундай келтирилган. Бу саҳиҳ қавлдир. Фатавои Ҳиндия.
САВОЛ: Мазь ва шу каби воситаларни баданга суртиш билан рўза очиладими?
ЖАВОБ: Рўза очилмайди.
Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. “Шарҳул Мажмаъ”да ҳам шундай келтирилган. Фатавои Ҳиндия.Манба: fiqh.uz