1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

РЎЗАГА ОИД НОЗИК САВОЛ ВА ЖАВОБЛАР (7-қисм)

13-05-2020, 14:08 745 Ўқиш режими + -



РЎЗАГА ОИД НОЗИК САВОЛ ВА ЖАВОБЛАР 
(7-қисм)


САВОЛ: Масжидда ифторлик қилса бўладими?

ЖАВОБ: Масжид ибодат ва зикр қилинадиган жойдир. Умумий ҳолатда масжидда еб-ичиш, ухлаш макруҳдир. Рамазон ойларида жамоатга шерик бўлиб, масжидда шом намозини ўқувчилар ифторликни масжид ичида қилсалар бўлади. Лекин икки нарсани риоясини қилиш керак.

1.    Киришдан аввал Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳнинг “масжидга бироз муддат эътикоф ниятида киришлик ҳам эътикоф ўрнига ўтади”, деган сўзларига биноан “масжиддан чиққунимча нафл эътикофни ният қилдим”, деб  ният қилиши, зеро эътикофдаги киши учун масжидда еб-ичишга барча уламолар ижозат берганлар. (Масжид ичида сув ичмоқчи бўлганлар аввал нафл эътикофни ният қилсалар ибодат жойида макруҳ ишни қилишдан сақланган бўладилар, қолаверса, нафл эътикофнинг савобига эга бўладилар); 

2.    Масжидни покиза сақлашлик;

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний роҳматуллоҳи алайҳ Мулла Алий Қорийнинг “Мирқотул Мафотиҳ” китобидан “Масжидда еб-ичиш макруҳ, лекин ифторлик бундан мустаснодир”, деган сўзларини масжидда ифторлик қилиш мумкинлигига далил қилиб келтирганлар.

 (Аммо бу йил пандемия сабабли масжидда ифторлик қилиш тўхтатиб турилибди.)

САВОЛ: Беморликдан тузалгач ёки иши юришгач нафл рўза тутишни назр қилган киши мақсади ҳосил бўлгач рўзани қай тартибда тутиб беради?

ЖАВОБ: Назр рўзани тутишлик вожибдир. Уни тарк қилиш гуноҳдир. Агар назр рўзани муъайян кунларда, масалан: пайшанба, душанба тутишни ният қилган бўлса, ундан кечиктириш гуноҳ бўлиб, кечиктирган билан зиммасидан соқит бўлмайди. Бошқа кунларда бўлса ҳам тутиб бериши лозим. Агар кунларини таъйин қилмаган бўлса, қачонки рўза тутса зиммасидан адо бўлаверади. Тезроқ адо қилиш эса афзалдир.

 Қурбат ҳосил қиладиган ибодатлардан бирортасини назр қилган кишига назрига вафо қилиши лозим бўлади. Аллоҳ таолонинг “Назрларига вафо қилсинлар” ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳга итоат қилишга назр қилган киши аллоҳга итоат қилсин. Гуноҳ қилишга назр қилган эса гуноҳ қилмасин”, (Бухорий ривояти) деган сўзларига биноан.

 Мусанниф роҳматуллоҳи алайҳнинг "кетма-кет деган" сўзлари агар бир киши кетма-кетликни ошкора айтган бўлса, кетма-кет бажариши лозимлигини ифода қилади. Шунингдек ошкора айтмай дилида ният қилган бўлса ҳам. Аммо зикр ҳам ният ҳам қилмаган бўлса, хоҳласа кетма-кет, хоҳласа бўлиб-бўлиб тутади. Бу кўринишлар мутлоқ назр қилинган суратдадир.   Лекин бир неча ойни, бир неча кунларни ният қилган бўлса кетма-кет тутиши лозим бўлади. Гарчи кетма-кетлини зикр қилмаган бўлса ҳам. Роддул Муҳтор.

Агар ўзига кетма-кет рўза тутишни вожиб қилиб олган бўлса ва уни бўлиб-бўлиб тутган бўлса, жоиз бўлмайди. Акси, яъни бўлиб-бўлиб тутишни ният қилиб, кетма-кет тутса жоиздир.  Баҳрур Роиқ.

 САВОЛ: Бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган кишининг ҳукми нима?

ЖАВОБ: Неча кун ўтиришни ният қилган бўлса шунча кун эътикоф ўтириши, рўзадор бўлиши, кунлари билан бирга тунлари ҳам ўтириши вожиб саналади.

 Ким ўз зиммасига бир неча кун эътикоф ўтиришни вожиб қилса, масалан: тили билан ўн кун эътикоф ўтиришни ният қилдим, каби, кетма-кет тарзда кунлари билан биргаликда кечалари ҳам эътикоф ўтириши вожиб бўлади. (Фатҳул Қодир)

Бизнинг мазҳабда рўзадор бўлиш эътикофнинг шартларидан биридир. (Фатҳул Қодир)

 

САВОЛ: Нафл эътикофнинг энг оз миқдори қанча?

ЖАВОБ: Нафл эътикофнинг энг ози кечаси бўлсин ёки кундузи, масжидда бироз муддат ўтириш.

Имом Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳнинг наздида эътикофнинг энг оз миқдори кеча ва кундуздан бироз вақтдир. Бу абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳдан ҳам ривоят қилингандир. (Фатавои Ҳиндия)

 САВОЛ: Ният қилишнинг охирги вақти қачон?

 ЖАВОБ: Бу борада уламолар турли хил фикрлар айтганлар. Ҳанафий уламолар наздида рўза икки қисмга бўлинади. Биринчисига кечасидан ният қилиш шарт эмас. Ният қилиб олса афзал. Рамазон рўзаси, таъйин қилинган назрларни, нафл рўзаларни адо қилиш каби. Иккинчисига кечасидан ният қилиш шарт. Юқоридаги рўзаларнинг қазоси ва бошқа барча рўзалар каби. Шунинг учун Рамазон рўзасини тутаётган киши куннинг ярми бўлишидан аввал (шаръий нисфун-наҳоргача)ният қилиб олса, бу орада еб-ичиб қўймаган бўлса, рўзаси рўза бўлаверади.

“Шаръий нисфун-наҳор”ни билиш учун субҳи содиқдан қуёш боткунга қадар бўлган вақтларни иккига бўлинади. Агар куннинг тенг ярмидан кўпроғида ният топилса, рўза рўза бўлади. Тенг ярмида ёки тенг ярмидан озроғида ният топилса рўза дуруст бўлмайди.  Умдатул-Фиқҳ

Ниятни шаръий нисфун-наҳордан олдин қилиб олса, модомики бу орада рўзани бузадиган амалларни қилмаса рўза рўза бўлади.  Жавҳаротун-Наййироҳ.

 

САВОЛ: Рамазон ойи фидясини ҳам фитр садақаси каби муҳлатидан аввал адо қилса бўладими?

ЖАВОБ: Рамазон ойи фидясини Рамазон ойи кирмасидан аввал беришлик жоиз эмас. Рамазон ойи киргач эса бўлаверади, яъни Рамазоннинг биринчи кунида қолган кунлар фидясини берса жоиз.  Аҳсанул Фатаво

 САВОЛ: Рамазон ойида ҳайз ва нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши вожибми?

ЖАВОБ: Рамазон кунларида субҳи содиқдан кейин хайз ва нифоси тўхтаган аёл куннинг қолган қисмида ўзини еб-ичишдан тўхтатиб, рўзадорга ўхшаб туриши мустаҳаб саналади.

Субҳи содиқ кирганидан кейин ҳайз ва нифосдан пок бўлган аёлга саҳиҳ қавлда (куннинг қолганида) еб-ичишдан тўхтаб туришлиги вожиб саналади. Бир қавлда мустаҳаб саналади, дейилган. Мароқил Фалоҳ.

 

САВОЛ: Аёл киши қомати баробарича сувни кечиб ўтиши натижасида рўзаси очиладими?

ЖАВОБ: Одатий йўллардан ичкарига сув киргани аниқ бўлмаса рўзаси очилмайди.

 САВОЛ: субҳи содиқдан кейин ҳайз қони тўхташ эҳтимоли бор бўлган аёл саҳарлик қилиб рўзани ният қилса бўладими?

ЖАВОБ: йўқ мумкин бўлмайди. Аёл кишининг рўзаси рўза бўлиши учун субҳи содиқдан аввал ҳайздан пок бўлган бўлиши лозимдир.

 Рўзанинг адо бўлишининг шартларидан: ҳайз ва нифосдан пок бўлишдир. Зеро улардан пок бўлиш саҳобий киромларнинг ижмоси билан рўзани адоси тўғри бўлиши учун шартдир. Бадойиъус Санойиъ

 САВОЛ: Рўзадор аёл лабига бўёқ суртса бўладими?

ЖАВОБ: Рўза ҳолатида лаб ташқи аъзо ҳисобланади. Шундай экан унга лаб бўёқ суртиш билан рўза очилмайди.  Китабул Фатава (Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний)

 

САВОЛ: Аёл киши рўзадор ҳолатида гениколог текширувидан ўтса бўладими?

ЖАВОБ: Аёл кишининг жинсий аъзосига намланган ҳолдаги бирор нарсани кириши билан рўзаси очилади.

Рўзадор аёл олд ёки орт жинсий аъзосига бармоғини киргизиши билан рўзаси очилмайди, ҳўл бармоғини киргизиши билан эса рўзаси очилади. Шунингдек қуруқ бармоғини ҳаммасини ёки баъзи қисмини киргизиб, ташқарига чиқариб сўнг яна қайта киргизиши билан ҳам рўза очилади. Агар олд жинсий аъзосига қуруқ пахта ёки шу каби воситаларни киргизса ва унинг бир учи ташқарида қолса рўзаси очилмайди. Бутунлай ичкарига киргизиб юборса, рўзаси очилади.  (Роддул Муҳтор)

 

САВОЛ: Субҳи содиқдан аввал ҳайз қони тўхтаган аёл ғусл қилмасдан ҳам рўза тутса бўладими?

ЖАВОБ: Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса бўладиган миқдор вақтда тўхтаса, гарчи ғусл қилмасада рўза тутиши лозим бўлади.  Ҳайз қони субҳи содиққача ғусл қилса улгурмайдиган миқдор вақтда тўхтаса, рўза тутиши лозим бўлмайди.

Рамазон ойида субҳи содиқача ғуслгина қилиб олса бўладиган вақтда аёлнинг  ҳайз қони тўхтаса ўша куннинг рўзасини тутиши лозим бўлади. 

 

Роддул Муҳтор.

Манба: fiqh.uz