1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУХТАСАРУЛ ВИҚОЯ МАТНИ (10-ҚИСМ)

14-05-2020, 12:05 871 Ўқиш режими + -

  


МУХТАСАРУЛ ВИҚОЯ МАТНИ 

(10-ҚИСМ)

 

УМРА ҲУКМЛАРИ

 

Умра суннатдир. У: тавоф ва саъйдир.  

У йил давомида жоиздир. Арафа куни ва ундан кейинги тўрт кун ичида умра қилиш макруҳдир.  

 

ЭҲРОМ БОҒЛАШ МИЙҚОТЛАРИ

Мадийналикнинг мийқоти Зул-ҳулайфа, ироқликники Зоту-ирқ, шомликники Жуҳфа, наждликники Қарн ва яманликники Яламламдир.  

Маккага киришни қасд қилганлар учун эҳромни мазкур мийқотлардан ўтказиб боғлаш ҳаромдир, улардан олдин эҳромга кириш ҳаром эмас. Мийқотнинг ичидаги ерлар аҳолисига Маккага эҳромсиз кириш - ҳалолдир. Ўша ерлик аҳоли учун мийқот - Ҳилдир. (Ҳил – Ҳарам ва мийқотлар орасидаги ерлар) Маккадаги кишилар учун ҳажнинг мийқоти Ҳарам, умраники - Ҳилдир. 

 

ҲАЖНИНГ ОДОБ ВА СУННАТЛАРИ

 Ким ҳажга эҳром боғлашни ирода қилса, тоҳарат қилади. Fусл қилиш маҳбуброқдир. 

Ва покиза ридо ва изор кияди, хушбўйланади ва икки ракъат намоз ўқийди. 

 

ИФРОД ҲАЖИНИНГ ҲУКМЛАРИ 

Ифрод ҳаж қилувчи: “Aллoҳyммa инний ypийдyл ҳaжжa фa йaccирҳу лий вa тaқoббaлҳy минний” дейди.  (Маъноси: Аллоҳим мен ҳажни ирода қилдим. Бас, уни менга енгил қил ва мендан қабул эт!). 

Сўнгpa талбия айтиш ила ҳажни ният қилиб тaлбияни айтади: “Лaббaйкaллoҳyммa лaббaйк, лaббaйкa лaа шapийка лaкa лaббaйк. Иннaл-ҳамда вaн-нeъмaтa лaкa вaл-мyлк, лaа шapийкa лaк”. (Маъноси: “Лaббaй ё Aллoҳим, лaббaй. Лaббaй Сeнгa - шepигинг йўқдир - лaббaй. Aлбaттa ҳамд, нeъмaт вa мулк Сeнгaгина тегишли. Ceнинг шepигинг йўқ”). Бундан кам қилмайди, агар зиёда қилса жоиз вашу ила муҳримга айланади. (Эҳромга кирган ҳисобланади).  

 

ЭҲРОМ МAНЪ ҚИЛАДИГАН НАРСАЛАР  

Бас, шaҳвoний иш, фиcқ вa жaнжaлдан сақланади.

Шунингдек, қуруқлик ов ҳайвонларини ўлдиришдан, уларнинг овига ишора ва далолат  қилишдан сақланади.   

Шунингдек ҳушбўйланишдан, тирноқ олишдан, юз ва бошни тўсишдан, боши ва соқолини “хитмий” ила ювишдан, соқолни қисқартиришдан, соч олдиришдан, баданидаги тукни олишдан, тикилган нарса, салла кийишдан ва хушбўй нарса ила бўялган кийим кийишдан – ҳушбўйлиги зоил бўлгач кийса бўлади  - сақланиши шарт.  

 

ЭҲРОМДА ЖОИЗ НАРСАЛАР  

Ҳаммомга тушиш, уй ёки соябон ила сояланиш ва белига ҳамён боғлашдан сақланмаса бўлади. 

Намоз ўқиганида, баландликка кўтарилганида, пастликка тушганида, уловликларга йўлиққанида ва саҳар пайтида талбияни кўпайтиради.  

ҲАЖ АМАЛЛАРИ

Маккага кирганида Масжиддан бошлайди. Байтуллоҳни кўриши билан такбир, таҳлил айтади ва дуо қилади. 

Сўнгра Ҳaжapyл Аcвaд қараб туриб тaкбиp, тaҳлил aйтaди нaмoздaги кaби икки қўлини кўтapади. Қодир бўлса, бировга озор бермаган ҳолда Ҳaжapyл Аcвaдни истилом қилади. 

Бўлмаса, қўлидаги бирор нарса ила Ҳaжapyл Аcвaдга тегиб ўша нарсани ўпади. Бундан ҳам ожиз бўлса, унга тўғри қараб туради, такбир, таҳлил айтади ва Аллоҳга ҳамд, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтади.  

Сўнгра “тавофи қудум” қилади. Бу тавоф бошқа ўлкалардан келганлар учун суннатдир. 

Эшик тарафни ўнг тарафига олиб “Ҳатийм”ни орқасидан етти маротаба айланади. Аввалги учта айланишида “идтибоъ” ҳолатида “рамл” қилади. (Ўнг eлкaни oчиб ридони ўнг қўлининг тагидан ўтказиб олишни “идтибоъ” дейилади.  Қисқа ва шаҳдам қадамлар ила зўр юришни “рамл” дейилади).  Ҳар сафар Ҳажарнинг олдидан ўтишда аввал зикр қилинган нарсаларни бажаради. Рукни Ямонийни истилом қилмоқ яхшидир. 

Тавофни ҳажарни истилом қилиш ила якунлайди. Сўнгра ҳар бир тавофдан кейин вожиб бўлувчи икки ракатли намозни мақомда ёки масжиднинг бошқа ерида ўқийди.  Сўнгра қайтиб бориб Ҳажарни истилом қилади. 

Сўнгра Сафога чиқади, қиблага юзланиб такбир, таҳлил, абий алайҳисалоту вассаломга саловот айтади ва икки қўлини кўтариб истаганича дуо қилади. 

Сўнгра Марва томон юради ва икки яшил устун орасида тезлаб юради. Марвага чиқади ва Сафода нима қилган бўлса, ўшани қилади. 

Кейин Сафо томон саъй қилади. Шу билан саъйи иккита бўлади. Шу йўсинда етти бор саъй қилади. 

Сўнгра Маккани эҳромдалик ҳолида маскан тутади ва истаганича нафл тавоф қилади. Зулҳижжанинг еттинчи куни имом бир хутба қилади ва Ҳаж амалларини таълим беради. Сўнгра тўққизинчи куни Арафотда ва ўн биринчи куни Минода хутба қилиб таълим беради. 

Тарвия куни Минога чиқади ва у ерда арафа кунининг фажригача туради.  

Сўнгра у ердан Арафотга чиқади. Арафотнинг “Ботни урна”дан бошқа барча ери мавқифдир. Қуёш заволга кетгач имом жумъа хутбаси каби хутба қилади ва Пешин билан Асрни жамъ қилиб бир азон ва икки иқома ила ўқийди.   

Иккала намозни қўшиб ўқиш учун икковида жамоат ва эҳром бўлиши шарт қилингандир. Иккисидан бири бўлмаган одам учун Асрни пешинга қўшиш жоиз эмас. Сўнгра суннат бўлган ғуслни қилиб мавқифга боради. 

Арафот кунининг заволидан бошлаб то ҳайит кунининг тонгигача бирор вақт турса, кифоя қилади. Агар ухлаган, ҳушидан кетган, унинг номидан рафиқи эҳром боғлаган ёки Арафотлигини билмаган бўлса ҳам. 

Қуёш ботганда Муздалифага боради. Унинг “Водий Муҳссир”дан бошқа ҳамма ери мавқифдир. У ерда Шом ва Хуфтонни Ҳуфтон намози вақтида бир азон ва бир иқома билан ўқийди. 

Агар Шомни олдин ўқиб олган бўлса, то тонг отмас экан қайта ўқиб олади. Сўнгра Бомдодни тонг қоронғусида ўқийди. Кейин туради ва дуо қилади. Тонг ёришганида Минога келади. Сўнг “жамратул ақаба”ни водийнинг ичида туриб бармоқ учлари ила етти марта отади. 

Ҳар бир тош отишда такбир айтади ва талбиясини биринчи отиш ила тўхтатади. Кейин  ҳоҳласа қурбонлик сўяди. 

Сўнгра, сочини қисқартиради. Сочни олдириш афзалроқдир. Ва унга аёллардан бошқа нарсалар ҳалол бўлади. 

Сўнгра, қурбонлик кунларининг бирида зиёрат тавофини етти марта айланиб бажаради. Тавофда рамл қилмайди ва аввал саъй қилган бўлса, қайта қилмайди. 

Ушбу тавофнинг аввалги вақти қурбонлик кунининг фажридан сўнгдир. Ва ўша куни қилмоқ афзалроқдир. Шундан сўнг унга аёллар ҳам ҳалол бўлади. Агар бу тавофни қурбонлик кунларидан кечиктирса, макруҳ (макруҳи таҳримий) бўлади ва қон чиқариш вожиб бўлади. 

Иккинчи қурбонлик кунининг заволидан сўнг уч ўринда тош отади.  

Масжид тарафдан бошлайди, сўнгра кейингиси, сўнгра “Ақаба”да тугатади. Ҳар бирида еттитадан тош отади. Ҳар бир тошни отганида такбир айтади ва дуо қилади.  Сўнгра эртасига ҳам шундай қилади. Сўнгра унинг эртасига ҳам – ўша ерда қолса – шундай қилади. Ўша ерда қолиб кейинги куннинг тошини отиши уни отмай аввалроқ  кетишидан яхшироқдир. 

Тўртинчи куни Бомдоддан аввал кетиши ила ўша кунги тош отиш соқит бўлади.   Макка тарафга юрганида “Муҳассоб”га тушади. Сўнгра етти марта айланиб рамл ва саъйсиз “тавофи садр” қилади.  

Сўнгра Замзамдан ичади. Остонани ўпади. Юзини ва кўкрагини “Мултазам”га қўяди. Пўшга осилади, тиришқоқлик ила дуо қилади ва йиғлаб ҳасрат чекади. Ниҳоят, масжиддан чиқиб кетгунича Байтга қараб орқаси ила юриб кетади.  

 

 Давоми келгуси саҳифаларда..