МИНГ ОЙДАН АФЗАЛ КЕЧА
Муборак рамазон ойининг бизларга раҳмат ва мағфират ойи қилган буюк роббимизга беҳад ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтганларидек, рамазон жаннат эшиклари очиладиган, дўзахнинг азоби уқубатлари тўхтайдиган улуғ ойдир. Бу ойда чин ихлос ва эътиқод билан қилинган дуолар мустажоб бўлади, қалблар таскин топади иншаа Аллоҳ.
Уч қисмдан иборат муборак рамазон ойининг энг муҳими дўзах оташидан сақловчи учунчи ўн кунликдир. Бу охирги ўн кунлик ичида Аллоҳ таоло “Қадр кечасини “ беркитди ва бандаларига мана шу кунда яъни Қадр кечасида қилинган ибодатларнинг савоби минг ойда қилган ибодатдан афзал, деб хабар қилди. Ушбу улуғ кеча Қуръони каримда шундай баён қилинган: “Албатта Биз у (Қуроъон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини сизга не ҳам англатур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинидиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушурлар.У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир.“ (Қадр сураси 1-5 оятлар).
Яна бир ояти каримада: “ Рамазон ойи-одамлар учун ҳидоят (манбаи) ватўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир....” (Бақара 185- оят).
Бу ердаги “ажрим этувчи” сўзини ҳақиқат билан ботил ,ҳалол билан ҳаром ,савоб билан гуноҳ иш ўртасидаги фарқни белгилаб берувчи деб англаш лозим.
Духон сурасининг 4- оятида ва Қадр сурасининг 4- оятида берилган илоҳий башоратларга қараганда , Қадр кечасида келгуси йилнинг шу кечасига қадар юз берадилан барча ишлар ўлчаб, ҳисобланиб қўйилар экан. Мана шу ояти карималарнинг далолат қилишича, Қуръони карим рамазон ойининг “ Лайлатул Қадр “ кечасида Лавҳул маҳфуздан биринчи осмонга тўла тўкис 114 сураси билан туширилган. Лекин жанобимиз Расулуллоҳ (с.ав) га 23 йил мабойнида муқтазо ҳолга қараб бўлиб турган ҳодисаларга мувофиқ сура сура оят оят шаклида Жаброил (а.с) восилалари билан нозил қилиб турилган.
Имом Қуртубий (раҳ.алайҳ) ҳазратларининг айтишларича: “Таврот” Мусо (а.с) га рамазоннинг олтинчи куни нозил этилган. Исо (а.с) га “Инжил” ва Иброҳим (а.с) га “саҳифалар” ҳам муборк рамазон ойида нозил қилинган.
Пайғамбаримиз (с.а.в) Қадр кечасини бедорликда ибодат билан ўтқазар эдилар. Бу кечада нафл номозлар, тасбеҳ, таҳлил, Қуръони тиловати ва саловат айтишлик билан машғул бўлиш мақсадга мувофиқ бўлади. Қадр кечасининг рамазон ойининг қайси вақтига тўгри келиши хусусида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар :” Қадр кечасини рамазон ойининг охирги ўн кунлигидан қидиринг”.
Шундай экан бу улуғ ойнинг улуғ кечасидан бебаҳра қолмайлик. Бу муборак кечани топишлигимизни Аллоҳ таоло ҳаммамизга насиб айласин!
Р. Райҳонов.
Қарши шаҳар “Қиличбек Қўрғонча”
жомеъ масжиди имом хатиби