1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

“ЛАЙЛАТУЛ-ҚАДР” НИМА?

18-05-2020, 10:17 1 542 Ўқиш режими + -



 “ЛАЙЛАТУЛ-ҚАДР” НИМА?


Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм                                                                  

Маълумки, муборак Рамазон ойида фазилатли бир кеча бор.У кеча “Лайлатул-қадр” деб аталади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Рамазон ойи кириб келганлиги ва бу ойда фазилатли кеча борлиги ҳақида шундай дейдилар:“Рамазон ойи, муборак ой келди. Аллоҳ азза ва жалла сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким унинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, (барча яхшиликлардан) маҳрум бўлибди”( Имом Аҳмад ва Насоийлар ривояти). Пайғамбаримиз (с.а.в.) ушбу муборак ҳадис орқали биз мўмин-мусулмонларни келаётган Рамазон ойида “Лайлатул-қадр” кечаси борлигидан огоҳлантирганлар. “Лайлатул-қадр” нима деган саволга жавоб беришдан олдин “лайлатул-қадр” атамасига эътиборимизни қаратсак. 

“Лайлатул-қадр”атамаси нима маънони беради?

“Лайлатул-қадр” атамаси арабча икки сўздан таркиб топгандир. Атаманинг биринчи сўзи арабча “Лайлатун” сўзи бўлиб, у ўзбек тилида “кеча” деган маънони беради. Бу ҳақда “Аннаъимул-кабир” ( арабча-ўзбекча луғат) да: “ليلة القدر- -(бир) кеча, тун; оқшом[1]”дейилади. Атаманинг иккинчи сўзи эса “Қадрун” сўзи бўлиб, у ўзбек тилида “қадр”, миқдор, деган маъноларни ифодалайди. “Аннаъимул-кабир” ( арабча-ўзбекча луғат)да:“ قدر-миқдор, ҳажм, меъёр; даража; қадр-қиймат; ҳад[2]” дейилади.  “Лайлатун” ва “қадрун” сўзларини изофа (қўшиш) қилиш натижасида  “Лайлатул-қадр” сўз бирикмаси ҳосил қилинган. “Лайлатул-қадр” атамаси ўзбек тилида “қадр кечаси” “миқдор кечаси” деган маъноларни англатади.  Бу ҳақда “ Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да: “ليلة القدر ( Лайлатул қадр)- қадр кечаси. Рамазон ойининг муқаддас саналувчи йигирма еттинчи туни[3]” ” деб изоҳ берилади. 

Биз юқоридаги “Лайлатул-қадр” атамасининг маъноси ҳақида сўз юритдик. Аммо “Лайтул-қадр” нима деб, сўралса, биз Аллоҳ таоло китоби “Қуръони карим”нинг 97-сураси бўлган “Қадр” сурасига мурожаат қиламиз. Аллоҳ таола бу сурада “Лайтул-қадр” нима эканлигига Ўзининг жавобини беради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта Биз у (Қуроъон)ни Қадр кечаси (Лайлатул-қадр)да нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинидиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушурлар.У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир“ (Қадр сураси 1-5 оятлар). Ушбу сура тафсири ҳақида “Тафсири ирфон”да:““Қадр кечаси нимани билдиради?” Эй Пайғамбарим, Қадр кечаси ҳақида сиз қандай маълумотга эгасиз. Бу ҳақда нима биласиз? Аллоҳ таоло бирор нарса ёки ҳолатнинг шаъни улуғ, қадри баланд-юксак, шарафи чегарасиз эканини баён этмоқчи бўлганида Ўз Пайғамбарига шу тарзда хитоб қилади. Қадр кечаси шарофатли, ҳукмлар чиқариш ва ўлчаш-белгилаш, Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада ўзи хоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиш ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарига топшириш кечаси бўлгани учун Парвардигор Ўз элчиси эътиборини шу фазилатли кечага қаратмоқда. Абулқосим Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аллоҳ таоло Қуръонни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган; иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган; учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган”. Қадр кечаси нимани билдиради, деган савол ушбу кечанинг шаънии кўтариш, қадрини улуғлаш, шарафини баён этиш учундир. “Лайлатул-қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”. Яъни Рамазон ойидаги Қадр кечаси фазилат бобида минг ойдан ҳам яхши ва мўътабардир. Бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир.Оятдаги “минг ой” жумласи маълум вақт ҳажмини кўрсатиш учун эмас, мисол тарзида келган бўлиши мумкин.  Яъни, Қадр кечаси минг ой ва ундан ҳам кўпроқ муддатдан яхшидир, деган маънони ҳам билдиради. Чунки бирор миқдор айнан ўша ададни баён қилиш учун гоҳо у боғланган нарсаинг шарафи ва улуғлигини баён қилиш учун келтирилади[4]” дейилади. 

“Лайлатул-қадр” нима эканлигига Аллоҳ таолонинг Ўзи илоҳий таъриф берган бўлса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) эса уни қачон келиши ва қандай ўтказиш ҳақида Ўзларининг тавсияларини берганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Лайлатул-қадр”ни қачон келиши тўғрисида деганлар:“Лайлатул-қадр” кечасини Рамазон ойининг охирги ўн (кечаси)нинг тоқ (кеча)ларидан изланглар” (Имом Бухорий, Муслим,Термизий ривояти). Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Лайлатул-қадр”ни қандай ўтказиш ҳақида эсад шундай марҳамат қиладилар:“Ким “Лайлатул-қадр”ни иймон билан, савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”( Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).

Хулоса қилиб шуни айтамизки, “Лайлатул-қадр” кечаси Рамазон ойидаги фазилатли кечадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу кечанинг фазилатидан баҳраманд бўлишга муваффақ айласин.

                                     Фойдаланилган адабиёт ва манбалар:

 

  1. Қуръони Карим. “ Ҳилол –нашр”. Тошкент. 2018  
  2. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. “ Тафсири Ирфон ”. Тошкент. “ Шарқ” нашриёти. 2019.
  3. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири.             “ Тошкент Ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. Тошкент. 2018.
  4.  
  5. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт.  “Шарқ “ нашриёти.  2004.
  6. Ан-наъимул-кабир (Арабча-ўзбекча луғат) .  “Наманган нашриёти. Намаган-2014.
  7. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. “Ўзбекистон МЭ” Давлат илмий нашриёти. Т. 2006.

 

 

 Руҳиддин Акбаров,


Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг 

Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими

 


[1] Ан-наъимул-кабир (Арабча-ўзбекча луғат) .  “Наманган нашриёти. Намаган-2014. 639-бет. 

[2] Ан-наъимул-кабир (Арабча-ўзбекча луғат) .  “Наманган нашриёти. Намаган-2014. 542-бет.

[3]Ўзбек тилининг изоҳли луғати. “Ўзбекистон МЭ” Давлат илмий нашриёти. Т. 2006. .2-жилд. 485-бет.

[4] Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тафсири ирфон. “Шарқ” НМАК. 2019. 6-ЖИЛД. 658-659-бетлар.