1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (14-ҚИСМ)

20-05-2020, 12:49 529 Ўқиш режими + -




МУҚАДДАС ОИЛА (14-ҚИСМ)

 

ҲАҚЛАРГА РИОЯ ҚИЛИШ 
 (4-қисм) 

 

Уни озод қилди­лар. Йигит чиққач, Абу Ҳа­нифа секин қулоғига деди: “Эй йигит! Сени зое қилдикми?” “Йўқ. Яхшилик ва ҳурмат қилдингиз. Аллоҳ сизга ях­ши мукофот берсин!” деди ва: “Мен кўп зарар бердим азиз қўшнимга, Ваҳоланки, кўпларнинг қўшниси пасткашдир”, деб қўшиқ айтди. Қўшнини ҳимоя қилиш, ундан зулмни кўтариш ва уни хорламаслик ҳақида қуйидаги ҳадисда баён қилинади: Икки Шайх Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Му­сул­мон мусулмоннинг биродари, унга зулм қил­май­ди ва уни хорламайди. Ким биродарининг ҳожа­тини раво қил­са, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмон­дан бир ғамни кеткизса, қиёмат куни Аллоҳ унинг ғамларидан бирини кеткизади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни беркитади”, дедилар. Қўшнига яхши муомалада бўлиш. Яхши қўшни бў­лиш учун киши яхши муносабатни йўлга қўйиши керак. Масалан, мусибат етганида таъзия билдириш, хурсандчилик куни муборакбод қилиш, касал бўл­ганида бориб кўриш, учрашганида салом бериш, динига ва дунёсига фойда берадиган йўлга бошлаш, қурби етганча эҳтиром кўрсатиш кабилар. Хароитий, Табароний Амр ибн Шуайбдан ривоят қи­лади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Қўшни ҳақи нима эканини биласанми? Агар ёрдам сўраса, ёрдам бериш, қарз сўраса, қарз бериш, фақир (муҳтож) бўлиб қолса, егулик бериш, касал бўлса, бориб кўриш, унга яхшилик етса, қутлаш, мусибат етса, таскин бериш, вафот этса, жанозасида иштирок этиш, унинг изнисиз ўз уйини баланд қилиб қурмаслик, қо­зонда қовурилаётган гўшт ҳиди билан озор бермаслик (гўштдан унга ҳам бериш)” деб мар­ҳамат қилдилар. Абу Довуд агар қўшнисининг туяси ёки қўйи ўлса, ўрнига ўзиникини олиб чиқиб берарди. Хоразмийнинг “Муфидул улум” китобида кел­ти­рилишича, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг яҳудий қўшниси бор эди. Бир куни у уйини сотмоқчи бўлди. Унга: “Қанчага сотасан?” дедилар. У: “Икки мингга”, деди. Унга “Уйингнинг нар­хи минг”, дедилар. Яҳудий: “Тўғри, лекин қўшним Абдуллоҳ ибн Му­борак учун ҳам яна минг қўшасизлар”, деди. Бу хабар Абдуллоҳ ибн Муборакка етказилганида, у киши яҳудийни чақириб, ҳовлининг пулини берди ва: “Уйни сотма”, деди. Агар яҳудийга Ибн Муборакдек чиройли хулқли инсон йўлиқмаганида, у уйни со­тиш­дан қайтмасди. Қўшнининг озори (азияти)ни кўтариш. Инсон қўш­нисидан етажак озорларга сабр қилиши, унга эъти­бор­ли ва кечиримли бўлмоғи, иложи борича меҳри­бонлик қилиши ҳам фазилатдир. Ҳаририй айтадилар: “Қўшнини ҳурмат қил, гарчи зулм қилса ҳам”. Шубҳасиз, нодонлик қилганга меҳ­рибонлик, ёмон­лик қилганга яхшилик қилган ва зулм ўтказганни кечирган киши қиёмат кунида олий мар­табада бўлади. Баззоз ва Табароний Уббода ибн Сомитдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сиз­лар­га Аллоҳ унинг сабаби билан юксак даражаларга кўтара­диган нарсанинг хабарини берайми?” – дедилар. “Ҳа, Аллоҳнинг расули”, дедилар. Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сенга нодонлик қилганга меҳрибон бўл, сенга зулм қилганни кечир, сени маҳ­рум қилганга (сен­га бермаганга) бергин ва сендан узилганга (сендан қариндошлик алоқасини узганга) боғлан”, дедилар. Гуноҳкорни кечириш ва хатокорни афв этиш кўпинча уни тўғри йўлга солади. Шундан жафо – ха­лимликка, тўсқинлик – равонликка, ғазаб – муҳаббатга айланади. Қуръони каримда: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур» (Фуссилат, 34), деб марҳамат қилинган. Шундай экан, болаларни ёшлигиданоқ чиройли қўш­ничилик руҳида тарбиялаш муҳимдир. Токи бола уйла­ниш ёшига етиб, мустақил оила қурганида ҳам қўшни­чилик муомала ва одобларига амал қилсин. Бировга озор беришдан тийилсин, аксинча, кучсиз­ларни озор берувчилардан ҳимоя қилсин. Уларга меҳрибонлик ва ҳалимлик билан боғланишга ҳаракат қилсин. Бу орзу ва ниятларимиз икки йўл билан, яъни, болага қўшничилик одобларини тушунтириш ва қўшни болаларни бир-би­ри билан дўстлаштириш, ўзаро ҳамжиҳатликни пайдо қилиш орқали амалга ошади. Шубҳасиз, бола ёшлигидан мана шу яхши хислат­лар билан хулқланса, жамият учун энг керакли инсонлардан бўлиб етишади. Қаерда бўлса ҳам, фазлини зоҳир қилиб туради. Устоз ҳақи Устоз жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, бир йўлчи юлдуздир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган, аксинча, инқирозга юз тутган. Шунинг учун ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ, ”Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган чиройли иборалар бор. Шундоқ экан, устознинг ҳам ота-онадек ҳақлари бор. Болаларни устозни ҳурмат қилишга, уларнинг ҳақини адо этишга ўргатиш лозим. Шунда улар билим ўргатган, тўғри йўлга солган, ёмон йўллардан қайтарган кишининг қадр-қимматига етадилар. Пайғамба-римиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мураббийларга олимларни ҳурматлаш, муаллим ва устозларни улуғлаш борасида кўпгина қимматли кўрсатмалар берганлар. Имом Аҳмад, Табароний ва Ҳоким Убода ибн Со-митдан розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Кексаларимизни улуғламаган, кичикларимизга меҳрибон бўлмаган ва олимларимизни ҳақини билмаган менинг умматимдан эмас,” дедилар. Табароний “Авсат” деб номланган китобида Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Илм ўрга-нинглар ва билинглар, илмда хотиржамлик ва салобат бор, ўргатувчига тавозеда бўлинглар,” дедилар. Табароний “Кабир” деб номланган китобида Абу Умомадан розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Мунофиқлар уч тоифа кишини Исломда сочи оқарган кишини, илмли кишини ва одил имом раҳбарни қадрламайди,” дедилар. Имом Аҳмад Саҳл ибн Саъд Соидийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ё Аллоҳ, олимнинг орқасидан юрилмайдиган, ҳалим беозор, ювош (кишилар тирик қолдирилмайдиган, қалблари ажамларники ва тиллари араб бўладиган замон келмасин,” дедилар. Имом Бухорий Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жангида шаҳид бўлганларни қабрга қўйишда жамлаб “Буларнинг қайси бири Қуръонни ёд олган ”!? деб сўрадилар. Қайси бирига ишора қилинса, ўшани олдин лаҳад қабрга қўярдилар. Юқоридагилардан қуйидагиларни хулоса қилса бўлади шогирд устозига тавозели бўлиши, унинг кўрсатмасидан чиқмаслиги, ҳар бир ишда ундан маслаҳат олиши лозим. Яна устози олдида ўзини хокисор тутади, мағрурланмайди, кибрдан узоқ бўлади. Устоз хизматини қилишга ҳамиша шай туради. Шофиъий раҳимаҳуллоҳ олимларга тавозели бўлгани учун шарафландилар. У киши “Уларга нафсимни хорлайман, шунда улар нафсимни икром этадилар, хорланмаган нафс ҳеч вақт икром этилмас,” дер эди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу мартабаси баланд ва қадри улуғ бўлатуриб, Зайд ибн Собит ансорийнинг уловларини ушлаб етаклади ва “Бу бизларнинг олимларимизга қиладиган икромимиз,” деди. Яъни, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит минган уловни етаклаб олимга эҳтиром кўрсатди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Халаф Аҳмарга “Фақат рўпарангизда ўтираман сизга юзланиб, устозга тавозе қилишга буюрилганмиз,” деди. Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ “Моликнинг ҳузурида у кишини ҳурматлаб, қоғознинг шитирлашини эшитмасин деб, китобни секин нафис варақлардим,” деди.  Робеъ “Аллоҳга қасам, Шофиъий менга боқиб турганларида, у кишининг салобатидан сув ичишга журъат қила олмадим,” деди. Халифалардан бирининг ўғли Шурайкнинг ҳузурига келди ва деворга суяниб турганча ҳадис айтиб беришини сўради. Шурайк унга қайрилиб ҳам қарамади. Шунда у яна сўради. Шурайк аввалгидек қайрилиб қарамади. Шунда у “Халифаларнинг ўғлини паст санаш менсимаслик эмасми?” деди. Шурайк “Йўқ, илм Аллоҳ ҳузурида буюкдир, мен уни зое қилишдан қўрқдим,” деди. Шогирд устозига “ё устоз, ё муаллим, жаноб муаллим, жаноб домла, деб мурожаат қилсин. Устозининг исмини устоз борлигида ҳам, йўқлигида ҳам айтмасин. Агарда айтиш жудаям керак бўлса “фазилатли устозим бундай дедилар” ёки “устозим фалончи бундай дедилар” ёки “йўлбошчим фалоний бундай дедилар,” деб айтсин. Шўъба “Агар биронтадан бир ҳадис эшитсам, унга қул бўлардим ва унинг ҳузурига тез-тез бориб турардим,” деди. Таълим олувчи бола устози тирик вақтида ҳақига дуо қилиши, устоз вафот этганидан сўнг авлодлари, қариндошлари ва дўстларидан хабар олиши, қабрини зиёрат қилиши, устозга истиғфор айтиши, унинг номидан эҳсон қилиши, динда , илмда, хулқда унинг ўргатганларига риоя қилиши, илмига эргашиши иқтидо қилиши, одоби билан одобланиши лозимдир. Шогирд устозидан етаётган баъзи азиятларга сабр қилмоғи, бу ҳол устоздан илм олишига монелик қил-маслиги керак. Албатта, устоз шогирдини бекорданбекор койимайди. Шогирд бундай пайтда ўзини тафтиш қилсин, устозидан узр сўрасин. Шундай қилса, устоз ва шогирд узоқлашмайди, қайтага яқинлашади. Шогирд хато қилса, устоз уни йўлга солади. Улуғ салафларимиз айтадилар “Ким илм олишда сабр қилмаса, нодонлигича қолади. Сабр қилса, дунё ва охират саодатига эришади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу “Толиб бўлиб хорландим ва матлуб бўлиб азиз бўлдим,” деди. Шофиъий раҳмаҳуллоҳ айтади: Суфён ибн Уяйнага “Сизга одамлар ернинг турли бурчагидан таълим олгани келадилар, сиз уларга қаттиқ гапирасиз. Улар сиздан кетиб қолишлари ва сизни тарк этишларидан қўрқмайсизми?” дейилганида, у киши: “Шунинг учун улар мени тарк этсалар, улар аҳмоқдир,” дедилар.  Яна у киши дейдилар: Устоз ва табиб ҳар иккиси Агар ҳурматланмаса, насиҳат қилмас. Дардингга чидар агар табибга жафо қилсанг, Нодонлигингга чидар агар устозга жафо қилсанг. Шогирд устози ҳузурида одоб, тавозе билан ўтириши, чалғимаслиги, бутун эътиборини у кишига қаратиши лозим. Ўтирганида бармоқларни қирcилла-тиш, ҳудабе-ҳуда йўталиш, томоқ қириш, бурин тортиш, пишиллаб нафас олиш, у ербу ерини қашиш, ёнидаги билан гаплашиш кабилар устозга ҳурматсизлик саналади. Чунки устоз рўпарасида қанча толиби илм ўтирса , барини кўриб, нима билан машғуллигини билиб туради. Шогирднинг битта ноўрин ҳаракати уни ранжитиши, фикридан чалғитиши мумкин. Натижада дарс маромига етмай қолади. Олимнинг шогирд устидаги ҳақларини баён қи-лишда ҳазрат Али розияллоҳу анҳу бундай дедилар: Олим устознинг сендаги ҳақи ҳаммага умумий салом берсанг, устозга саломни хос қил, унинг ҳу-зурида қўлинг ва кўзинг билан ишоралар қилма, фалончи бу сўзнинг аксини айтди” дема, бировни ғийбат қилма, унинг хатосини қидирма, агар адашса , узрини қабул қил, уни Аллоҳ учун улуғла, агар иши ҳожати бўлса, уни қилишга шошил, ҳузурида бирон киши билан шивирлаб гаплашма, кийимидан ушлама, агар дарс беришни кечиктирадиган бўлса, ундан талаб қилма, суҳбатидан тўйиб қолма, чунки у хурмо дарахтига ўхшайди, ундан қачон бир нарса тушади деб кутгин интизор бўл. Шогирд устози ўтирган синфга ёки хос жойга киришда изн сўрайди, устоз бир ўзи бўладими ёки бошқалар билан бўладими, барибир. Агар рухсат бермаса, қайта сўрамаслик керак. Устоз ҳузурида чиройли кийинмоқ, ўзига қарамоқ, хушбўйликлар сурмоқ керак. Илм ўрганишга, масжидга шундай борадилар. Чунки илм ўрганиш ҳам ибодатдир. Овқатланаётган идишингиз қанча чиройли, покиза бўлса, иштаҳа ҳам шунча яхши, нонушта кўнгилли бўлади. Устоз ҳузурида ҳам шогирднинг қалби чиройли, покиза бўлиши керак. Бундай қалбга илм ўтиради, самараси кутилганидек бўлади. Шогирд устозидан бир ҳукмни ёки қимматли фикрни, ёки бир ҳикоя, шеърни эшитса, уни ёд олсин ёки эсда сақлаб қолсин. Тинглаётганида ҳайрати юз-кўзларидан сезилиб турсин. Ато “Мен ҳадисни бир кишидан эшитаман, ваҳоланки, мен бу ҳадисни ундан яхшироқ биламан, шундай бўлса ҳам, ўзимни билмагандек тутаман,” деган. Яна у “Мен бир ҳадисни бирон бир ёш йигитдан аввал эшитмаганимдек эшитаман, ваҳоланки, мен у туғилмасидан олдин ҳадисни эшитганман ,” деган. Шогирд дарс пайтида ҳафсаласизлик қилмасин, балки зеҳнини ўткирласин, саволларга жавоб бериш билан машғул бўлсин. Устоз айтган дарсни албатта тайёрласин. Агар устознинг сўзини англамай қолса, узр айтиб, сўраб билиб олсин. Бундай ҳолатдан устоз ранжимайди, балки шогирдининг талабчанлигидан, лоқайд эмаслигидан хурсанд бўлади. Сўраб ўрганган олим, орланиб сўраман ўзига золим,” дейдилар ҳазрат Навоий. Албатта, биз айтаётган талаблар бола мактабга ёки мадрасага борганида ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. У ўқув даргоҳига боргунча, устозга рўпара бўлгунча, оила даврасида бу ҳақда тушунча шаклланиши керак. Бу ишга хусусан ота-она, бобо ва бувилар, амма-холалар масъулдирлар. Токи бола мактаб, устоз ҳақидаги тушунчаларга олдинроқ эга бўлсин, бирданига нотаниш оламга тушиб қолгандек бўлмасин.


Давоми бор...

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан