
РАМАЗОН-ҚУРЪОН ОЙИДИР
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таоло ушбу улуғ ва шарафли рамазон ойини барчаларимизга муборак ва барокатли қилсин.
“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур”
Алҳамдуллаҳ, биз ушбу китобга эргашган бахтли умматмиз. Пайғамбаримиз алайҳис-солату вассалам ўз ҳадису муборакларида:
“Сизларнинг яҳшиларингиз Қуръонни таълим олиб, уни таълим берганларингиздир” дедилар.
Биз роббимизнинг китоби бўлмиш Қуръонни маҳкам ушлаб, уни тафаккур қилиб тиловатида бардавом бўлиб, унга амал қиладиган бўлсак, демак биз тўғри йўлдамиз.
Аллоҳ бандаларига шундай хитоб қилади:
“Қуръонни тадаббур ила ўйлаб кўрмайсизларми? Ёки қалбларида қулф борми?”(Муҳаммад сураси 24-оят)
Яъни, ҳар бир оятни,ҳар бир сўзни чуқур тушунишга ҳаракат қилишлик бу – Қуръонни тадаббур қилишликдир.
Ўшанда инсоннинг ожиз кўзларидан парда кўтарилади. Ҳамма нарса равшанлашади, қалб ҳаловат топиб, виждон мусаффо бўлади. Агар қалбларида қулф бўлса, унда ҳамма нарса берк, уларга ҳеч нарса, жумладан Қуръон ҳам кўринмайди.
“Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми? Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, унда кўп ихтилофлар топар эдилар”. (Нисо сураси 82-оят) Роббимиз бизларга икки маротаба Қуръонни тадаббур қилмайсизларми? дея мурожат қилмоқда.
Қуръонни тадаббур қилишга қизиқтирмоқда, яъни Қуръонни тадаббур билан ақл юрутиб, тафаккур билан ўқинг демоқда.
Хўш, биз Қуръонни қандай кайфиятда ўқишимиз керак, хоссатан, рамазон ойида. Аллоҳ таоло Қуръонни ўтиб кетганлар учун ёки шунчаки ҳуда-беҳуда тиловат қилиш учунгина нозил қилмади. Балки Қуръонни мўмин бандалари учун раҳмат ва шифо ўлароқ нозил қилди.
Бирор бир олийгоҳга ўқишга топширмоқчи бўлсак, унинг имтиҳонлари асосан уч йўналиш бўйича бўлади.
Ўшандан биринчи йўналишдаги фан учун иккинчи ва учинчи йўналишдаги фанларга нисбатан кўпроқ балл берилади. Иккинчи йўналиш учун эса учинчисига нисбатан кўпроқ балл берилади. Айтайлик, биринчи йўналиш учун уч балл, иккинчи йўналиш учун икки балл, учинчи йўналиш учун эса бир балл берилади. Агар биринчи йўналишдаги фанга катта эътибор бериб, ундан кўпроқ балл олишга муваффақ бўлсак, ўқишга киришимиз ҳам осон кечади.
Биз рамазон ойини ҳам худди шундай тасаввур қиладиган бўлсак рамазонда ҳам шундай юқори баҳо бериладиган амал бор. У ҳам бўлса Қуръон хатмидир.
Дарҳақиқат рамазон Қуръон ойидир. Бу ой шундай ойки, унда Қуръон мусобоқаси бўлади. Барча мўмин ва мўминалар яхшилик йўлида ўзаро беллашадилар.
Уламолар рамазон ойи келиши биланоқ, ҳамма имлларни бир ой давомида четга суриб, фақатгина Аллоҳнинг каломи билан машғул бўлганлар.
Пайғамбаримиз (а.с) шундай марҳамат қилдилар: “Кимки Қуръонни ўқиса, уни ёд олса ва Қуръон ҳалол деган нарсани ҳалол, ҳаром деган нарсани ҳаром деса,у инсон жаннатга киради. Шунингдек қавму-қариндошларидан жаҳаннам вожиб бўлган 10 кишини шафоат қилади ”, дедилар.
Абдуллоҳ Ибн Амр (р.а) дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса Ҳабибимиз: “Рўза ва Қуръон қиёмат кунида бандани шафоат қилади.Тутган рўзаси айтадики: “Бу банда мен сабабли кундузлари шаҳват ва таомдан ўзини тийди” деб уни шафоат қилади. Доимо тиловатида машғул бўлган Қуръони эса: “Бу банда мен сабабли кечаларни бедор ўтказди” дейди. Натижада икаласи ҳам ўз соҳибини шафоат қилади”, дедилар. Ҳа, азизлар Қуръон ана шундай азиз ва улуғ китобдир. Зеро, қиёматдаги даражамиз ҳам Қуръон билан белгиланади. Чунки Аллоҳ Қуръон қорисига: “Ўқигин ва кўтарил”, дейди.
Ушбу нақлларга мувофиқ биз ҳам рамазон ойининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, Қуръон тиловатида-ю зикрларда бардавом бўлсак ин ша Аллоҳ шафоат қилинадиган бандалардан бўламиз.
Олимпиада мусобақасидаги спортчиларга бир назар соладиган бўлсак, масалан, югуриш бўйича мусобоқалашаётган спортчилар маррага оз қолганида бор имконияти ва куч-ғайратини ишга солади. Мақсади битта у ҳам бўлса зафар қозонишдир. Мана рамазон ойи тугашига ҳам саноқли кунлар қолди. Келинг азизлар бизҳам ушбу кунларни ғанимат билиб, яхши ва солиҳ амалларга шошилайлик.
Сўзимиз охирини Ибн Аббос (р.а) хушхабарлари билан хулоса қилмоқчимиз. Ибн Аббос (р.а) айтадилар:”Аллоҳ таоло Қуръонни ўқиган ва ундаги нарсага амал қилган кишини дунёда адаштирмасликка ва охиратда бадбахт қилмасликка кафолат берган”.
Алибек Тўхтаев
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси