АБУ ҲАНИФА БУЮК ИМОМ
Аҳли сунна ва жамоа мазҳабиларидан бири бўлган Ҳанафий мазҳабининг асосчиси,Ислом миллатининг фақиҳи, мазҳаббошимиз “Имоми Аъзам Абу Ҳанифа” куняси билан машҳур бўлган, Нўъмон ибн Собит ҳижрий 80 йили (699 мил.) Куфада туғилганлар. Ҳижрий 150 йили (767 мил.) Бағдодда вафот этганлар.
Имоми Аъзам бир неча саҳоба билан суҳбатдош бўлганлари, хусусан, Анас ибн Моликни (розияллоҳу анҳу) ва яна этти-саккиз нафар саҳобани кўрганлари ривоят қилинади. Имоми Аъзам улуғ чашмалардан – Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) кўрган кишилардан баҳра олган зотдирлар. Ривоятларда яна Абу Ҳанифа тобеинлардан тўрт минг кишидан дарс олганлари ва шунча саноқдаги одам у кишидан дарс олиб, олим бўлиб этишгани айтилади. Шунинг учун у зотни барча тан олади, уламою фузало “Имоми Аъзам”, яъни, “Улуғ имом” дея, ўзларидан устун ва илгари қўяди.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) юксак фазлу камол эгаси бўлганлар. Аҳли сунна вал жамоанинг бошқа мазҳаббошилари ҳам Имоми Аъзамни ўзларига устоз деб билганлар.
Буюк имомнинг ҳаёт йўллари, сермаҳсул фаолиятлари, ёзган асарларини ҳамма замон ва маконларда олимлар кенг тадқиқ этишиб, кўплаб китоблар, рисолалар ёзишган.
Замондошларидан Яҳё ибн Маъин бундай гувоҳлик беради: “Абу Ҳанифа ниҳоятда ишончли эдилар, қайси ҳадисни тўла ёд билсалар, ўша ҳадисни айтар, тўла ёд билмаган ҳадисни ривоят қилмас эдилар”.
Шофиъий мазҳаби асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деган эдилар: «Имом Моликдан “Абу Ҳанифани кўрганмисиз?” деб сўралди. У киши: “Ҳа, кўрганман. Мен шундай одамни кўрдим, агар у мана шу рўпарадаги устунни тилла экан деб айтса, албатта шунинг тилла эканига ҳужжат келтирар эди”, деб жавоб берди».
Шофиъиймазҳаб этакчиси Абу Ҳанифа қандай одам бўлганига учинчи мазҳаб эгасининг сўзларини далил келтирмоқда. Бу ҳол уларнинг эътирофлари қанчалик кўламли ва самимий эканини кўрсатади.
«Фиқҳ» сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади. Зеро, илм сўзи бир нарсани зоҳирий жиҳатдан билиш маъносини берса, фиқҳ сўзи бир нарсанинг барча сирлари, нозик жойларигача тушинишни аглатади. Дунёда фиқҳ дарсини бошлаб берган зот Имоми Аъзамдирлар. Яъни, оят ва ҳадисларнинг лафзигагина асосланиб ҳукм чиқармасдан, айтилаётган гапнинг қачон ва қай ҳолатда, нима учун айтилаётганини ўрганиб, шу гап бошқа ўринда ҳам айтилганми ёки йўқми – ҳаммасини солиштириб, барча вазиятларни ҳисобга олган ҳолда “Бундан шу маъно чиқади”, деб тушунган ва тушунтирган.
Абу Ҳанифа даврида китоб ёзиш, рисолалар битиш ҳали кенг тус олмаганди, шунинг учун у зот умрини шогирдларга таълим бериш ва фиқҳ ўргатишга сарфляган. У зотнинг дарслари давомида ривоят қилган ҳадислари асосида бир неча муснадлар тузилган. Фиқҳ борасида биронта асар ёзмаган бўлса-да, лекин фиқҳ илмини шакллантирган, уни боб ва мавзуларга ажратган илк фақиҳ сифатида тарихда қолган. У зот фиқҳни оғзаки нақл қилишдан ёзма шаклга ўтиш борасида фаол ташкилотчи фақиҳлардан бўлган.
Улуғ олимлардан Яҳё ибн Саид Қаттан: “Аллоҳни, Унинг динини ҳақ деб биламиз, Аллоҳ номи билан айтаман: биз Абу Ҳанифанинг фикридан чиройлироқ фикрни эшитган эмасмиз. Абу Ҳанифа бир масала ҳақида фикр айтса, энг тўғри, энг гўзал фикр шу кишиники бўларди. Бошқа олимлар у кишининг даражасига этолмасди. Шунинг учун биз у кишининг фикрларини олганмиз”, деган.
Али ибн Осим: “Агар Имом Абу Ҳанифанинг илмини унга замондош ҳамма олимлар илми билан тарозига солинса, Абу Ҳанифанинг илми оғир келар эди”, деган.
У кишига замондош олимлар бизнинг замонамиздаги ёки бундан беш юз йил олдинги олимлар эмас, балки саҳобаларни кўрган олимлар эдилар. Қаранг, шуларнинг ҳаммасининг билими қўшилиб, тарозининг бир палласига, Абу Ҳанифанинг илмлари иккинчи паллага қўйилса, Имоми Аъзам ҳазратларининг илмлари оғир келар экан.
Ривоят қилишларича Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ даврида бир бадавлат ва обрўли киши бор эди. Унинг эътиқоди бузуқ бўлиб, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саламнинг куёвлари Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга нисбатан нафрати кучли эди. Ҳазрати Усмонни асли яҳудий деб эътиқод қиларди.
Ўша одамни Имом Аъзам хузурига чорлади ва: “фалон маҳаллада бир бой яҳудий бор. Ўша бойвачча сенинг қизингни ўғлига сўраяпти. Рози бўлсанг, тўй қилиб икки ёшни қовуштириб қўйсак”, деди. У одамнинг рангги ўзгариб баданига титроқ кирди ва ғазабини ютолмай имомга деди: Сиз бутун бошли халқнинг имоми бўлатуриб, яҳудийга муслималарнинг турмушга чиқиши мумкин эмаслигини билмайсизми?!—деб бақирди. Шунда Имом Аъзам: ўзингни бос, ёқмадими?! Сенки ўз қизингни яҳудий билан бирга бўлишини истамаяпсан, бундай никоҳга Расулуллоҳ қандай рози бўлсин?!—деб мулзам қилди. Шундан кейин бидъатчи эътиқодидан қайтиб тавба қилди ва аҳли суннага қўшилди.
Ислом оламида тан олинган олимларнинг буюк имомимиз ҳақидаги бу эътирофларини беҳуда келтирмаяпмиз. Қандай улуғ устозга эргашаётганимизни, имомимиз, мазҳабимиз раҳбари Қуръону ҳадисни, Ислом динини бизга бу даражада мукаммал этказган инсон эканини шояд яхшироқ танисак, жоҳил бўлиб қолишдан сақлансак, озгина бўлса ҳам яхшиликлар қадрига этсак.
Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлда бардавом айлаб, уламоларни ҳурмат қилиб, уларнинг изларидан боришимизни насиб қилсин.
Ў.Маҳмудов
Холиқов Нурулло“Хожа Бухорий” ислом
билим юрти ўқитувчиси