КЕЧИРИМЛИЛИК – ХАЛҚИМИЗГА ХОС СИФАТ
Ўзига қилинган ёмонликни кечириш, айбдорни авф этиш комил мўмин сифатидир. Гарчи ошириб юбормаслик шарти билан ҳақсизликка қаршилик бериш жоиз бўлса ҳам, бундан воз кечиш, шубҳасиз, яхшироқдир. Аллоҳ таоло инсонларнинг сурат ва шаклини гўзал қилиб яратган. Агар инсон сийратини, ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у комиллик даражасига етишиши мумкин. Кишининг комиллик сифатларидан бири мулойимлик ва кечиримлилик саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай деганлар: “Аллоҳ таоло айбни кечирганнинг фақат шарафини орттиради” деганлар. (Муслим ривояти)
Муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёев томонидан муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Фармонга кўра 258 нафар жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва қатий тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар авф этилди.
Юртбошимиз томонидан Рамазон ҳайити арафасида кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик юртимиздаги барча инсонпарвар, меҳр-оқибатли кишиларни хурсанд қилди. Зеро, кечиримли бўлиш ҳамма вақт инсонлар ва жамиятга кўпдан-кўп манфаат ва муваффаққиятлар келтирган. Шу билан бирга кечиримли бўлиш ҳақиқий мусулмончилик фазилатлардандир.
Бошқаларнинг душманлиги ва озорларига сабр қилиб, қасос олмасдан, кечириб юбориш бу жуда катта нарса. Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳузурига кечаси бир одам кириб, ҳамкасби хусусида баъзи сирларни гапира бошлади. У одам шикоятини тўхтатганидан кейин, халифа унга деди “Эртага сенинг шикоятингни ўрганиб чиқамиз. Тўғри гапирган бўлсанг, уни жазога тортиш билан бирга сен ғийбатчи сифатида саксон дарра уриласан. Агар нотўғри гапирган бўлсанг, бировга туҳмат қилганинг учун саксон дарра уриласан. Агар гапингни қайтиб олсанг ва узр сўрасанг, у ҳам, сен ҳам афв этиласан”, деди.
Авф бу содир этилган гуноҳини ўз вақтида тан олган ва ундан вақт ўтказмай тавба қилган мўмин кишидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилганларидек “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”.
Албатта, Аллоҳ бандасининг тавбасини қабул этувчи зотдир. Шундан ўрнак олган ҳолда, инсонлар ҳам бир-бирларидан кечирим сўрашликка имкон беришлари, биродарларининг узрини қабул этишлари ва гуноҳини авф қилишлари лозим.
Агар ёмонлик қилувчидан ўч олмоқчи бўлсак, яхшилик билан олайлик. Чунки ёмонликка яхшилик билан жавоб бериш ёмоннинг ўзини ҳам ҳайратга солиб қўяди ва хижолат қилади. У ўз ёмонлигидан қайтиш билан бирга душманлиги ҳам дўстликка айланади.
Кўп ҳолларда инсон ўзининг қилаётган ишини тўғри деб билиб, хато ва гуноҳларга йўл қўяётганини эътироф этгиси келмайди. Шундай ҳолатларда унга ўз хатосини тан олмай адашаётганлигини эслатиб қўйиш мусулмончилик ҳақ-ҳуқуқларидан эканлиги Қуръони каримда баён этилган. Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан бўлиб, уни жиловлаб олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин қалбида тақвоси бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби бўлган Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам кечиримли бўлишга буюрган.
Халқимизда “беайб Парвардигор” деган ҳикмат бор. Инсон хатодан ҳоли эмас. Одамлар бир-бирларининг хатоларини кечириши, тузатиши-уларнинг олижаноб хулқ эгаси эканидан далолат беради. Кечириш қалбларимизни гина-кудуратлардан, хафагарчилик ва озордан сақлайди.
Робия Адавийя(р.а) вафотлари яқинлашгач, Ҳасан Басрий ҳазратлари ва шогирдларига шундай васият қилган эканлар: “Авф қилишда иккиланманг, ўзингиздан бошқа ҳаммани кечиринг, лекин ўзингизнинг нафсингизни асло кечирманг. Зеро, у асл душманингиздир! Ҳаммани кечиринг! Зеро, комил инсон бошқаларнинг дўзахда азобланишига сабабчи бўлишга асло рози бўлмайди”.
Кўриниб турибдики кечиримлиликнинг фазилати катта экан. Катталар бу масалада фарзандларимизга ибрат бўлайлик. Биз бир-биримизни авф этсак, болалар ҳам бир-бирларини кечирадилар. Шу орқали яқинлик бардавом этади.
Луқмони ҳаким бундай деганлар: “Уч киши бор, фақат уч ўринда билинади: ҳалим киши ғазаби келганида, шижоатли киши курашда, дўст эса эҳтиёж тушганда”.
Хулоса ўрнида инсонийлик нуқтаи назаридан ўзаро бўлиб турадиган баъзи гап-сўзларга хафа бўлиб аразлашиш ва кунлаб гаплашмай юриш ҳолатлари қатъий таъқиқланган. Аксинча, ўзаро меҳр-мурувватли бўлиш, кечиримли бўлиш савобли ишлар қаторига кириши айтиб ўтилган.
Ўткир Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси