РАМАЗОННИНГ НОЗИК ҲИКМАТЛАРИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ал-Ҳакийм Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, у ҳикмат сўзи билан васф қилинади. Ҳикмат – ҳар бир гапни тўғри сўзлаш ва ҳар бир ишни тўғри, ўз ўрнига бажаришга айтилади. Аллоҳ таолонинг бу исми У нимани яратган бўлса ёки нимани шариатига жорий қилган бўлса у етук ҳикмат бўлишини тақозо қилади. Буни билган билади, билмаган билмайди.
Аллоҳ таоло биз бандаларини азоб ёки машаққатларга солиш мақсадида бизларга ҳалол бўлган емоқ ва ичмоқни манъ этиб очликни фарз қилгани йўқ. Балки ортида буюк ҳикматлар ва улкан фойдалар билан тўлиб тошган Рамазон рўзасини фарз қилган.
1.Нафсни тақвога тарбиялаш
Ана шу ҳикматларнинг энг буюги ва авлоси банданинг тақвосини ҳақиқатга чиқариш ва тоат ибодат учун уни чиниқтиришдир. Рамазон ойи Аллоҳ таоло Ўзи бизларга неъмат қилиб берган хайрли ишларнинг мавсуми ҳисобланиб, иймонимиз қувватли, тақвойимиз зиёда, Роббимиз билан алоқамиз чуқурроқ бўлиши уни бизларга фарз қилган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
(Бақара 183)
Демак, рўза биргина емасдан, ичмасдан ва жинсий муносабатдан тийилишдангина иборат эмас. Рўзанинг ўзига хос ҳикматлари ва сир-асрорлари бор. Аммо, айримларга назар ташласак, қоринлари рўза тутиб, аъзолари рўза тутмагани кўриниб қолади. Шу ўринда савол туғилади. Аллоҳ мубоҳ қилган егуликлардан рўза тутсалар-у, лекин ёлғон, ғийбат, ҳақорат ёки сўкиниш каби Аллоҳ ҳаром қилган мункар ишларни “тановул” қилаверсалар, тилларини ҳаром нарсалардан, кўзларини номаҳрамларга қарашдан, қўл ва оёқларини ҳаром нарсаларга олиб боришдан тиймасалар, рўзани, нопок йўл билан топилган нарсалар билан очсалар, бу қайси мантиққа тўғри келади?
Бундан ташқари Рамазон рўзасининг фарз қилиниши ҳикматлари жуда ҳам кўп бўлиб, қуйида биз сизларга уларнинг энг муҳимларини келтириб ўтамиз:
(Рамазонда инсон нафсини Аллоҳга итоаткор қиладиган, қалбларни поклайдиган ҳамда инсон руҳининг барокат ва раҳматларидан иборат иймоний ҳаволардан баҳра оладиган ибодат ва солиҳ амаллардан жорий қилиб қўйган.)
1.Нафсни тавба ва истиғфорга тарбия қилиш
Ўн бир ой давомида банда турли ҳолатларга йўлиқиб, гуноҳлар содир қилади. Гуноҳлар эса қалбни ўлдиради, унинг ғубори эса бурунларга уради. Банда гуноҳ қилишга одатланса, гуноҳ қилиш унга осонлашади, унинг гирдобига шўнғиб кетади. Бу билан оқ қалбини қорага айлантириб, унга зулм қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Агар банда хато(гуноҳ) қилса қалбида битта қора доғ пайдо бўлади. Агар (гуноҳдан) ўзини тортса ва истиғфор қилиб тавба қилса қалби пок бўлади. Агар гуноҳга қайтса ўша қора доғ зиёда бўлавериб, ҳатто бора-бора қалби (қора доғга) тўлади. Бу Аллоҳ таоло Қуръонда айтган :”Йўқ, Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир” ўша моғордир”. (Имом Термизий ривояти)
Аллоҳ асрасин, қалбнинг қорага айланиши бошқа аъзоларга акс этиб, инсон феълини ёмонлаштиради ва натижада разил ишларга қўл ура бошлайди.
Шайх Мустафо Адавий айтадилар:”Қалб қорага айланса иймонни ҳамда қалбдан иймон нурининг инсон бағрига чиқишини тўсади. Ана шунда инсон бағрини қора зулмат қоплайди. Қўл зулмат қоронғусида ҳаракатланади, оёқ зулмат қоронғусида қадам босади, кўз зулмат қоронғусида кўролмай қолади. Инсонннинг ҳатти ҳаракати кўр бўлиб қолган ҳайвон ҳаракатига ўхшаб қолади.”
Демак, банда қанчалик тавба қилиб, кўп истиғфор айтса унинг қалби покланаверар экан. Рамазон эса тавба ва истиғфор ойи бўлгани учун мўминни ана шу жиҳатдан ҳам уни тавба ва истиғфор айтишга тарбия қилади.
3. Нафсни кечиримли бўлишга тарбиялаш
Мўмин банда Рамазондан чиққанида одамларга озор беришдек бадхулқ хулқдан қутилиб чиқиши, одамлар эса унинг тили ва қўлидан омон бўлишлари керак. Банда Рамазонда рўза тутиб ғийбат, чақимчилик, сўкиш, ёлғон каби гуноҳлардан ўзини олиб қочиб, бунақа гуноҳлардан ҳазар қилиши лозим. Чунки, бунақа гуноҳлар рўзага жароҳат етказади ва рўза савобларини камайтириб ташлайди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар: “Кимки ёлғон гувоҳлик беришни ва унга амал қилишни ҳамда жаҳолатни тарк этмас экан, уни емай ва ичмай рўза тутиб юрганига Аллоҳнинг хожати йўқдир” –деб (Имом Бухорий ривояти)
Рўзадор банда Аллоҳ уни афв этишини истар экан, шу ўринда банда ҳам ўзгаларни афв этиши, уларга мулойим ва ҳокисор муносабатда бўлиши керак бўлади. Оиша онамиздан ривоят қилинга ҳадисда шундай деганлар: “ Эй Расулуллоҳ, агар қадр кечасига мувофиқ келиб қолсам, нима деб дуо қилайин?” деган эканлар. Узот айтдилар: “Эй Аллоҳим, албатта Сен афв этувчисан, афв этишни яхши кўрасан, мени афв эт” деб айтасан” – дедилар. (Имом Термизий ривояти)
Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Афуввун” – “афв этувчи” Аллоҳ таолонинг исмларидан бўлиб, у билан бандаларининг ёмон қилмишларидан ўтиб, уларни ўчириб юборади. Аллоҳ банларини афв этишни яхши кўрар экан, банларини ҳам ўзаро бир-бирларини афв этишларини яхши кўради. Бандалар бир-бирларини кечирсалар, Аллоҳ ҳам уларни кечиради.
4. Умматнинг бирлигини хис қилиш
Рамазоннинг тарбиялардан бири Ислом уммати бирлигини ва тоат –ибодатларнинг жамоавийлигини хис этишдир. Фараз қилайлик, борди-ю Аллоҳ таоло 30 кун рўзани ҳаммага баробарига эсмас, балки, ҳар бир кишига алоҳида, алоҳида ойлар-у, алоҳида кунларда буюрганида эди, таровеҳ намозларини ҳам якка ҳолатда адо этишга чақирилганида эди, (бугунги пандемия кунларидан ташқари) шубҳасиз, бундай амалларда банда учун улкан машаққат туғулган бўлар эди. Аллоҳга шукрлар бўлсин, У Зот бу умматнинг ибодатларини жамоавий қилиши билан ўз раҳматига олди. Рамазонда рўзадорлар рўза билан биргаликда жамиятдаги бошқа кишилар учун ҳам яхшиликлар қилишга иштиёқли бўлиб турадилар. Эҳсон ва садақалар қилишга бир-бирларидан ўзишга, гўзал хулқларни ўзларига мужассам этишга, Қуръон ўқишга, илм ўрганишга астойдил киришадилар. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг мана шу ойга берган барокотидан, мўмин бандаларга савоб ишлар қилиш йўлларини осонлаштириб қўйганидан далолат қилади.
Ҳурматли биродарим, ватандошим, сиз тинчлик ва осудалик ҳукм сураётган Ўзбекистонимизда яшаган ҳолда бу йил рўза тутиб, бу серунум тупроқларда Аллоҳ берган фазлу марҳаматидан турли ноз неъматлардан еб оғиз очмоқдасиз. Лекин шундай дамларда диёримизда маълум талофатлар сабабли уй жойидан айрилиб қолган, дунённиг турли бурчакларида турли қирғинбаротлар ёки коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган очаричиликлар балосига мубтало бўлган биродарларимизнинг ҳолини ҳам унутманг. Рўзангиз сабабли уларни хис этинг. Молингиздан имкон қадар уларга ҳам баҳам кўринг. Молиявий шароитгиз бўлмаса ҳақларига дуойингиздан баҳам кўринг. Сизга офият бўлиб тургани учун Аллоҳга кўпдан кўп ҳамду-санолар айтинг.
5. Бадан учун парҳез
Аллоҳнинг бандарларига раҳматларидан бири рўзани бадан учун турли захар ва турли дардлардан ҳимоя ва тозалаш воситаси қилиб қўйганидан кўпчилигимиз хабардормиз. Емоқ, ичмоқ ва ноўрин жойларга қараш билан зиёдалашиб борадиган шаҳвоний ҳирслар рўза тутганда табиий заифлашиб боради. Рамазон рўзаси ана шу шаҳватларни синдириш ва тананинг бошқа аъзоларини ҳаромлардан ҳимоя қилиш учун фарз қилинган.
Инсон танаси йил бўйи иш билан машғул бўлиши натижасида чарчайди. Бунинг оқибатида айрим тана аъзолари турли дард ва оғриқларга йўлиқади. Тана аъзолари бир маромда қуввватли ишлаши учун айрим дамларда уларга дам бериб туриш керак. Айниқса, таомни биринчилардан қабул қилиб оладиган инсон меъдасига. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бизга бу ишда Рамазон рўзаси беқиёс кўмакчи бўлиб келади.
Эътибор беринг-а, инсон шаръий рўза тутиши натижасида унинг руҳи шунчалар юксаладики, емайдиган, ичмайдиган ва жинсий муносабатлардан холи бўлган фаришталарга яқинлашиб қолади. Рамазон рўзасининг руҳий юксалиш ва шаҳватларнинг тиғини синдириши киши учун ҳалокатларга етаклайдиган офатлардан халос бўлишига муҳим омил бўлади.
6. Иссиқ ҳавода рўза тутиш
Иссиқ ҳавода, айниқса кун узоқ бўлган ёз ойларида рўза тутишда сабр учун юксак мадраса мавжуд. Аллоҳ таоло қамарий йилнинг Рамазон ойини рўза тутишнинг ўрни қилиб белгилаган. Рамазон ойининг кенг коинотга доир аломатлари бор. Бу вақтдаги ой ўз жараёнида бошида ҳам ниҳоясида ҳам ёруғлик ва саботликни касб этиб туради. Шунинг учун ҳеч бир куч ё гуруҳлар мусулмонлардан ойни беркита олмайдилар. Аллоҳ таоло мусулмон бандаларини турли ҳолатлардан ҳимоя қилиб, Рамазон рўзасини қийналмай аниқлашда ойни мўлжал қилиб берган. Расулуллоҳ саллоллоҳа алайҳи васалллам марҳамат қилганлар: “(Рамазоннинг) ойини кўриб рўза тутинглар, (Шаввол) ойини кўриб рўзани тугатинглар. Агар (Рамазон киришида) булутли ҳаво бўлиб қолса Шаъбон ойини тўлиқ ўттиз кун қилиб (кейин Рамазон рўзасини тутинглар) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Рўзани фарз қилинишида айни қамарий йилни танланишида буюк ҳикматлар мавжуд. Қамарий йил шамсий йилга қараганда 10 кун камдир. Шунинг ҳисобига қамарий йилда Рамазон ойи ҳар йили 10 кунга сурилиб бораверади. Ана шунга биноан 36 йилда мусулмон киши йилнинг ҳамма кунига рўза тутиб ўтган бўлади.
Қисқа кун, узун кун, иссиқ кун, совуқ кун – ана шулар билан дунёнинг барча бурчакларидаги мусулмонлар рўзанинг миқдори ва шиддатда тенг бўлиб қоладилар. Агар ана шундай тенглик қилинмаганида эди иссиқ минтақаларда рўза тутадиганлар совуқ минтақаларда рўза тутадиганларга нисбатан кун узунлиги сабаб рўза тутиш оғир ботарди. Ёки совуқ минтақаларда қаттиқ совуқ бўлганлиги сабаб рўза оғир ботарди. Шунинг учун куни узун минтақаларда ҳаво иссиқ ёки мўтадил, ҳавоси совуқ минтақаларда куни қисқа қилинди.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, албатта Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзасини фарз қилишида, 12 ой ичида Рамазонни танлашида юқорида келтирилган ҳикматлардан бошқа ҳикматлар ҳам борки, биз уни мамнуният билан қабул қилиб, бу ойни ғанимат билишимиз керак.
Рустам Қиличев
ЎМИ Қашқадарё вилоят
вакиллиги ходими