
Кимнинг рўзаси қабул бўлди?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Куни кеча барокот ва яхшилик ойи бўлган – Рамазони шариф билан видолашдик. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бир ой давомида фарз намозларни, рўзани, таровеҳ намозларини ўқидик, хатми Қуръонлар ва кўпдан-кўп дуолар қилдик, закот ва фитр ва бошқа хайрли амалларни бажардик.
Салафи солиҳларимиз Рамазон ойи тугаганидан кейин уларни бир ғам қаттиқ ташвишга соларкан. У ҳам бўлса “Амалларимиз қабул бўлдими?” деган. Бизни ҳам шу ғам босаяпдими?. Савдогар ҳам тижоратидан кейин фойда-зарарини бир сарҳисоб қилиб олади. Бир оз дунё ишларимиздан тўхтаб ўйлаб кўрайликчи, Рамазондан қандай фойда билан чиқдик, у бизга ва тутган йўлимизга қандай таъсир кўрсата олди? Шу саволни биз ўзимизга ҳам бериб кўрайликчи.
Оиша онамиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўраган эканлар: “Эй Расулуллоҳ, “Ва берадиган нарсаларини, албатта, Роббиларига қайтгувчи эканликларидан қалблари титраган ҳолда берадиганлар. Ана ўшалар яхшиликларга шошилурлар ва улар ўша (яхшилик)лар учун мусобақа қилурлар...”(Мўминун сураси, 60-61 оятлар) оятидаги кишилар - Аллоҳдан қўрқадиган- лекин (шу билан бирга) ўғирлик, зино ва ароқ ичадиганларми?” деб. Шунда Расулуллоҳ: “Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи, улар- намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, садақа қиладиган ва бу амаллари қабул бўлмаслигидан қўрқадиганлардир.” дедилар. (Имом Аҳмад ва термизий ривоятлари)
Рамазон тугаганидан кейин айрим инсонлар тоат-ибодатларда, хайрли ишларда бардавом бўлганларини кўрамиз. Улар чин мўминлар бўлиб, Рамазонда ёки бошқа ойларда бўлсин ғайрат билан ибодат қилаверадилар. Айримлар каби ибодат қилишда биргина Рамазон ойини мавсум қилиб олмайдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Сенга ўлим келгунига қадар Роббингга ибодат қилгин” (Ҳижр сураси, 99 оят)- деб марҳамат қилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳ наздида амалларнинг энг яхшиси оз бўлсада бардавом бўлганидир” (Имом Бухорий ривояти) Бошқа ҳадисларда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам мўмин кишини қишин-ёзин ранги ўзгармайдиган арча дарахтига ўхшатганлар. Бишрул Ҳофийга: “Фақат Рамазон ойидагина ибодат қиладиган ва ибодатларида серғайрат бўладиганлар бор” – деб айтилди. Шунда у киши: “Аллоҳнинг ҳақини фақат Рамазон ойидагина танийдиган қавм ёмон қавмдир. Солиҳ инсон йилнинг ҳар кунида ибодат ва серғайратда бўлади” –деб айтдилар. Булардан келиб чиқадики, мўмин одам сўнгги кунига қадар ибодатда бардавом бўлади.
Энди, “Кимнинг рўзаси қабул бўлди?” деган саволга Қуръон карим қуйидагича жавоб беради:
“Аллоҳ таоло фақат тақводорлардангина қабул қилади” (Моида, 27-оят)
Nasafziyo.uz жамоаси