Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳнинг инсонларга берган неъматларининг энг улуғи инсоннинг гапириши ва мақсад-ниятларини тушунтириб беришидир. Инсонларнинг бошқа махлуқлардан фарқи ҳам шу жиҳатдандир
1. Роҳман.
2. Қурьони ўргатди.
3. Инсонни яратди
4. Унга баённи ўргатди. (Рахмон: 1-4).
Ҳар қандай неъматга кўрнамак бўлмасдан, унга шукр қилиниб хаққини адо этмоқлик вожибдир.
Инсонлар гапириш неъматидан кандай фойдаланишларини ҳамда ҳар доим яхши гапларнигина гапиришларини Ислом инсонга яхшилаб тушунтириб қўйган. Чунки ҳаётда тиллари ҳаракатга келмайдиган қанчадан қанча тилсиз-соқовлар бор.
Эътибор берсангиз одамлар беҳуда ва фойдасиз гаплар билан машғул. Аллоҳ аслида у тилни ўша мақсадда яратмадику!
Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуь ажр берурмиз. (Нисо: 114).
Ислом ҳар қандай гапнинг мавзусига жиддий эътибор беради. Чунки инсоннинг ҳар бир гапи унинг ақлига ва ахлоқига далолат килиб туради.
Гапиришдан олдин гапга қулоқ солгувчилар борми ёки йўқми, шунга эътиборни қаратиш лозим. Агар улар бўлмаса гапирмай жим турган афзал. Чунки ўринсиз гапдан тўхтаб ундан юз ўгириш ҳам ибодат хисобланади.
Бу борада Расулуллоҳ, алайхис салом қуйидаги ҳадисларини айтганлар: « Аллоҳга касамки, ер юзида тилдан ўзга нарсага чуқур зиндон керак эмас» ( Имом табароний ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос айтади: «Беш ҳолат сенга ҳамма нарсадан яхшидир: 1.Ноўрин гапирмайсан, чунки бу фазилат. 2. Ўрнини топиб гапирасан. Кўпчилик ноўрин гапирадилар, бу эса айб. 3. Ҳалим-юмшоқ одам билан гап талашма. У мулойим гапириб, сени ёғда қовуриб қўяди. 4. Қўпол одам билан ҳам гап талашма. У сенинг дилингга озор беради. 5. Биродарингни доим эслаб юр, яхшилик билан мукофотланаман, ёмонлик билан жазоланаман»—дейдиган одам мисоли иш тут».
Бу фазилатларга тилига молик бўлиб, тилининг жилови қўлида бўлган мусулмонгина муяссар бўла олади.