1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУҚАДДАС ОИЛА (19-ҚИСМ) ЯХШИЛИККА ЧОРЛАШ

1-06-2020, 11:42 414 Ўқиш режими + -



МУҚАДДАС ОИЛА (19-ҚИСМ)

 

ЯХШИЛИККА ЧОРЛАШ 

(4-қисм)

 

 Имом Муслим Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тушимда мисвок ишлатаётган эдим. Икки ки­ши келди, бирининг ёши катта эди. Мен мисвокни кичигига узатдим, шунда менга: “Каттага бер”, дейилди. Мен ёши каттасига бердим”, дедилар. Юқоридаги ҳадиси шарифдан ёши улуғларни ҳур­мат­лаш кераклиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Ёши улуғларнинг ҳурматини жойига қўйиш дейил­га­ни­да, ҳар ишда улардан маслаҳат сўраш, йиғинларда юқо­рироқ жойга ўтқазиш, таомга улардан кейин қўл уза­тиш кабилар тушунилади. Ушбу фазилатлар Расули ак­рамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ин­сон­ларни ўз ўрнига ўтқизинглар”, деган ҳадисларига му­вофиқдир. Маймун ибн Абу Шабиб (розияллоҳу анҳу) ри­воят қи­лади: «Ойшанинг (розияллоҳу анҳо) ён­лари­дан бир тиламчи ўтди. Шунда ҳазрат Ойша унга бир бўлак нон бердилар. Бир оздан сўнг чиройли кийинган бир киши ўтиб қолди. Ойша онамиз уни ўтқизиб, нон едир­ди­лар. Шунда Ойшадан (розияллоҳу анҳо) “Нега бун­дай қилдингиз?” деб сўрашди. Ҳазрат Ойша Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ин­сон­ларни ўз ўрнига ўтқизинглар”, деганлар” деб жавоб бердилар» (Имом Абу Довуд ривояти). Ушбу ҳадисни Шиҳоб ибн Уббод элчилардан эшитган қуйидаги воқеа ҳам қувватлайди: “Биз Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келганимизда, жуда хурсанд бўлдилар. Биз­га кенг жой қилдилар ва у ерга ўтирдик. Ул зот биз­га қараб: “Сизларнинг бошлиқ­ларингиз ва улуғ­ла­рингиз ким?” дедилар. Биз Мунзир бин Оизга ишора қилдик. Мун­зир яқин келганида кишилар унга жой бер­ди. Мун­зир Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алай­ҳи ва сал­лам) олдиларига келди. Ул зот уни ўнг то­мон­ларига ўтқиздилар ва унга ҳурмат кўрсатдилар”. Ушбу ўринда жамоа улуғларини ҳурматлаш ва алоҳи­да эҳтиром кўрсатиш лозимлиги баён қилин­моқда. Хал­қимизда “Минг қўшчига бир бошчи” деган ҳикматли нақл бор. Азал-азалдан аждодларимиз ҳам ораларидан ҳар­ томонлама билимдон, оқил, фаҳму фа­ро­сати теран ва одил кишини ўзларига бошлиқ этиб, унга бўйсунган­лар. Аждодларимиз ушбу фазилат­лар­ни фарзандларига ҳам сингдиришган. Азиз устоз ва мураб­бийлар ҳам ўғил-қизларга таълим-тарбия бериш­да ушбу сифатлар­ни шакллантиришга алоҳида эъти­бор қаратсалар, мақсад­га мувофиқ бўлади. Ёши улуғлардан кейин... Саҳобаи киромлар овқат ейишни Муҳаммад пай­ғам­баримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кейин бош­лардилар. Аввал у зотга ўнг томондан яқин ўтир­ган киши таомга қўл узатар эди. Бу одат Набий (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмаларига биноан сун­нат ҳисобланади. Улуғларни ҳурматлаш ва ҳар бир ях­ши ишни ўнгдан бошлаш инсон хулқини гўзал­лаштириб, унга зийнат беради. Жамоат намозида кексаларни олдинги сафга ўт­ка­зиш, суҳбатда аввал улуғларни тинглаш, фикр-муло­ҳаза­ла­рини эътиборга олиш лозим. Абу Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­линган қу­йидаги ҳадиси шарифда бундай дейилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз олдидан елкаларимизни силаб: “Тўғри бўлинглар, ҳар хил (қийшиқ) бўл­манглар, агар турли хил бўлсанглар, қалбларингиз турлича бўлади. Менга сизлардан ба­лоғатга етган ва оқил­ларингиз яқин бўлишса, сўнг улар­га яқинлар, сўнгра уларга яқинлар...”, дедилар (Имом Мус­лим ривояти). Аллоҳга шукр, мустақиллик шарофатидан юрти­миз­да кўплаб масжидларда намозхонлар тоату ибо­датларини эмин-эркин адо этмоқдалар. Аммо бундай улуғ неъматлар қадрини тўла англамаган баъзи ғўр ёшлар ҳам учраб туради. Бир мўйсафид бундай ҳикоя қилади: «Кексаликнинг ўзига яраша гашти, ҳузур-ҳа­ло­вати бор, албатта. Фарзанду набиралар қўлларини кўк­сига қўйиб “Лаббай, бобожон” дея хизматга шай ту­риш­ла­ри, келин-қизларнинг тансиқ таомлари, ҳов­ли-жойлар­ни озода тутишлари, ёшларнинг ҳурмат-эътибори ва эъзозлашларини кўриб, шундай фаровон кунларда кексалик неъмати­ни берган Яратганга чексиз шук­роналар айтаман. Қалбим сурурга тўлиб, ёшла­римиз ҳақига дуолар, Парвардигорга ибодат қилиш мақ­са­дида доим масжидга қатнайман. Лекин баъзи ҳолатлар мени ранжитади. Қариялар жисмонан заиф ва қалби нозик бўлади. Айрим ёшлар эса уларнинг ҳолатини ҳис қилмай, ўтирганингизда орқадан туртиб ўтса, хафа бўласан киши. Имом-домла неча бор: “Қария­ларни олдинги сафга ўтқизайлик”, дея таъ­кидласа ҳам, кексаларга эътибор бермайдиган айрим ёшларни кў­риб ачинаман. Аммо кўплар ёши улуғларга эҳти­ром кўрсатиб, юксак одоб билан: “Ҳо­жи ота, ҳақимизга бир дуо қилинг, биз ҳам юртимиз ва халқимизга хиз­мат қилиб, элнинг ҳурматига му­шар­раф бўлиб, сиздек нуроний бўлиб юрайлик”, де­ган­ларида кўзларимда ёш қалқийди». Ҳурмат кўрсатиш Ёшлар кексаларга нисбатан юксак одоб, чексиз ҳур­мат ва ширинсўз ила муносабатда бўлишлари ло­зим. Абу Умомадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай де­йилади: “Уч тоифа кишиларни: мусулмон қария, олим ва одил подшоҳни фақат муно­фиқ инсон ҳур­мат қилмайди”, дедилар (Имом Табароний ри­вояти). Ушбу ҳадиси шарифдан ёши катталарни ҳурмат­лаш, эҳтиром қилиш фазилат экани тушунилади. Му­раб­бийлар ёшлар қалбида яхши хулқларга му­ҳаб­бат уйғо­тишлари ва уларни шундай фазилатлар соҳиби бўлишга ундашлари лозим. Қуйида чиройли одобнинг кўри­нишлари ҳақида баён қиламиз. Кутиб олиш Меҳмон ёки катта ёшли киши келганида бошқа­ларнинг ўрнидан туриб кутиб олиши одобдандир. Бу фа­зилат ҳақида фарзандларга таълим бериш ва шунга одат­лантириш лозим. Ойша (розияллоҳу анҳо): “Йўл кўрсатиш, бош­қа­риш ва йўналтириш бўйича Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўхшайдиган бирор кишини кўр­мадим. Расули Акрам қизлари Фотимага (розияллоҳу анҳо) туриш ва ўтиришда ҳам ўрнак эдилар. Агар Фотима Пайғамбар (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кирса, у зот ўринларидан туриб, пешо­наларидан ўпиб, ўринларига ўтқизардилар. Пайғамбар (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам Фотима (розияллоҳу анҳо) олдига кирсалар, у ҳам ўрнидан туриб, ўринларига ўтқизар эди”, дедилар (Имом Бухорий, Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти). Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­линган ҳа­дисда бундай дейилган: “Пайғамбар (сол­лал­лоҳу алай­ҳи ва саллам) биз билан суҳбатлашардилар. Агар ўринлари­дан тур­салар, биз ҳам турар эдик” (Насоий ва Абу Довуд ривояти). Умар ибн Соиб ривоят қилади: “Расулуллоҳ (сол­лал­ло­ҳу алайҳи ва саллам) ўтирганларида оталари (эми­­зиш жи­ҳатдан) келди, кийимларининг бир қис­мини тў­ша­дилар, у киши унга ўтирди. Сўнгра оналари (эмиз­ган) келди, кийим­ларининг бошқа томонидан бир қис­мини қўйди­лар, оналари унга ўтирди. Сўнгра эмик­дош укалари келди. 

Давоми бор...

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Усмонхон Алимов нинг
 “Оилада фарзанд тарбияси” китобидан