1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЛБАТТА АЛЛОҲ САБРЛИЛАР БИЛАН БИРГАДИР

1-06-2020, 15:43 1 560 Ўқиш режими + -


АЛБАТТА АЛЛОҲ САБРЛИЛАР БИЛАН БИРГАДИР

 

      Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли синов ва балолар билан имтиҳон қилиб туради. Ҳеч ким Аллоҳнинг синовларидан омонда қола олмайди. Шундай бўлгач, мусулмонлар Парвардигорнинг синовларига учраганда сабр қилишлари, буларнинг барини Яратгандан деб иқрор бўлишлари зарур бўлади. 

Қуръони Каримда сабрга даъват кўп такрорланади. Чунки Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни енгиш учун ҳам, заифлик келиб қолганда ҳам, ҳавойи нафсни жиловлаш учун ҳам сабр керак бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда сабр қилгучилар ҳақида зикр этиб, бундай деган:

“Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила ёрдам сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир”. Бақара 153-оят. 

Аллоҳ таоло бошқа бир оятида шундай марҳамат қилади:

“(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз. Дарҳақиқат, у (намоз) оғиришдир.    Илло,итоатли (хокисор) кишиларга (оғир) эмас” Бақара, 45-оят. Чунки барча фазилатларга сабр билан эришилади. Намоз барча ёмонликлардан қайтаради. Гуноҳлар ва ҳаром ишлардан тийилиш ҳам Алллоҳ таолонинг тоати ва ибодатида бардавом бўлиш ҳам сабр билан бўлади. 

Расулуллоҳ айтадилар: “Балонинг биринчи зарбаси пайтидаги сабргина чин сабрдир” (Имом Бухорий ривояти). 

Инсон ожиз мавжудот, бошига сал ғам, ташвиш ё бирор мусибат келса, дарров “оҳ-вой”га тушиб, шикоят қила бошлайди, тоқатсизланади. Ваҳоланки, бошга машаққат ё мусибат келганида сабр қилиш яхшиларнинг сифатларидандир.Мусибат ёки бир бало-офат етганида мўмин киши сабрли бўлиб, Жаноби Ҳақ Ўзи ўргатган истиржоъ дуосини (“Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиҳун”)оятини айтиши лозим. Агар бу дуодан сўнг “Аллоҳумма ажирний фи мусибатий вахлуфлий хайромминҳа” (яъни: “Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бер ва унинг ўрнига яхшироғини бергин”) дуосини қўшса, Пайғамбар (алайҳиссалом) суннатларига амал қилган бўлади. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Бирортангизнинг оёқ кийими ипи узилса ҳам, истиржоъ айтсин”, деганлар. Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак экан.

Имом Муслим, Термизий, Насаий ва Абу Довуд Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилишади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Қайси бир бандага мусибат етганда “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деса ва сўнгра “Аллаҳумма ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойром минҳа” (Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин) деса, албатта, Аллоҳ унга ажр беради ва унга бунинг ўрнига яхшироғини беради”, деганларини эшитдим. Абу Салама вафот этганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга амр қилганидек айтдим. Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳни берди”.

Сабр энг олий фазилатлардан, сабр туфайли зафарга эришилади, унинг меваси ниҳоятда ширин бўлади. Сабр – нафснинг юксак хулқларидан бири. Пайғамбар (алайҳиссалом) сабрни уч турга бўлиб, ибодатда чидам, гуноҳдан сақланишда чидам ва мусибат-машаққатларга чидамга буюрганлар.

Сир эмас, бугунги кунда дунёнинг диярли барча ерларида Аллоҳ таолонинг синови содир бўлиб турибди. Бугун Президентимиз ва вилоят, шаҳар ва туманлар раҳбарларининг, мутасадди идоралар вакилларининг фикри-зикри пандемияга қарши кураш чоралари ва унинг оқибатларини бартараф этиш йўлларига қаратилган. Беҳаловат ва тиниб-тинчимаётган ҳамюртларимиз, ширин жонини таҳликага қўйиб, ўзгалар ҳаёти учун курашаётган шифокорларимиз, тиббиётнинг бошқа қатор йўналишлари ходимлари, ҳуқуқ-тартибот соҳаси ходимлари – барча-барчаси кунни тунга, тунни тонгга улаб хизмат қилмоқдалар. Биздан сўралаётгани ва кутилаётгани – фақатгина карантин қоидаларига риоя этиш ва сабрли бўлиб, ҳар биримиз намуна кўрсатиб уйда қолиш холос.  

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг собир, яъни сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида фақат

Ўзидан ёрдам кутувчи тақволи бандалари сафидан жой берсин, Ўзи ваъда қилганидай сабрларимиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин! 



Қамаши тумани “Қоратепа” жоме масжиди имом хатиби 


Муродуллохон Нуриддинов